Самарқанд вилоятида қуёш электр станцияси қуриляпти

Самарқанд вилоятида қуёш электр станцияси қуриляпти

Илмий-техникавий тараққиётнинг ҳозирги даражаси кундалик турмушда Қуёш, яъни арзон ва экологик хавфсиз энергия манбаидан кенг фойдаланиш имконини беради.

Ҳозирги кунда дунёнинг кўпгина мамлакатларида қуёш электр станциялари ишлаб турибди. Республикамизнинг географик жойлашуви ҳам ушбу йўналишни ривожлантириш учун катта имкониятларни яратади. Самарқанд вилоятида бошланган қуёш электр станциясини қуриш ишлари ҳам ана шуларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда, деб ёзади “Правда Востока” газетаси.

Қуввати 100 МВт, умумий қиймати эса 310 млн долларни ташкил этувчи Марказий Осиёдаги биринчи қуёш фото электр станциясини барпо этиш лойиҳаси Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг молиявий кўмагида рўёбга чиқарилмоқда.  

Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистонда қуёш энергиясидан узоқ муддатли истиқболга фойдаланиш, республиканинг жануби-ғарбий қисмини, биринчи навбатда, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом, Нуробод, Каттақўрғон ва Нарпай туманларини  электр энергияси билан таъминлашда тежамкорлик ва ишончлиликка эришишдан иборат бўлиб, бу аҳоли турмуш даражаси, ижтимоий ва бизнес-инфратузилмасини яхшилашга, янги иш ўринларининг яратилишига олиб келади. Бу жуда муҳим масала, чунки мазкур ҳудуд аҳолисининг 70 фоизи қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Улар энергия таъминотидаги узилишлардан азият чекмоқда.

Шунингдек лойиҳа тикланадиган энергия манбалари ҳажмини ошириш ва иссиқхона газларининг атмосферага ташланишини қисқартириш имконини ҳам беради. Бундан ташқари, бир йил ичида 192 млн кубометр табиий газ тежалади. Ҳозирнинг ўзидаёқ бу борадаги ер ишлари якунига етмоқда, уларда юзга яқин махсус техника ишламоқда. Бўлғуси қуёш электр станциясини Мароқанд темир йўл бекати билан боғловчи 13 км лик йўл реконструкция қилиняпти. Қурилиш ишлари бошланганидан буён қўшимча 100 та янги иш ўрни ҳам яратилди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, қурилиш уч йилда амалга оширилади. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.