Ўзбекистон банклари МБнинг тўлов тизимларига нисбатан ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди

Фото: kun.uz

Ўзбекистон тижорат банклари Марказий банкнинг 5 сентябрдан бошлаб тўлов ташкилотлари томонидан трансчегаравий халқаро транзит амалиётларини амалга оширишни тақиқлаш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлади.

Банкларнинг қайд этишича, ушбу қарор Ўзбекистон молия тизими ва хусусан финтех бозорини халқаро савдо ва молия тизимидаги хатарлардан ҳимоя қилишга қаратилган. Шунингдек, улар трансчегаравий амалиётларни амалга оширишда амалдаги қонунчилик ва Марказий банкнинг меъёрий талабларига риоя қилиш зарурлигини таъкидлайди.

 «Хусусан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бўйича чет давлат бенефициарларини тўлиқ идентификациядан ўтказа олмаслик тўлов ташкилотлари ва умуман банк-молия тизими учун хатарларни келтириб чиқаради», — дея таъкидланади хабарда.

Хабарда айтилишича, халқаро миқёсдаги йирик молиявий ташкилотлар томонидан шакллантирилган санкциявий рўйхатлар ва улардаги ўзгаришларни доимий мониторинг қилиб бориш, санкция қўлланган юридик ва жисмоний шахсларнинг молиявий амалиётларини чеклашга оид талабларни бажариш кенг миқёсдаги молиявий, технологик ва кадрлар билан боғлиқ ресурсларни талаб қилади ва тўлов ташкилотлари томонидан ушбу талабларни бажара олмаслик умумий Ўзбекистон банк-молия тизимига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаради.

Аввалроқ Oson сервиси Марказий банкдан жарима санкциялари ҳақидаги иш бўйича барча сўровларни чақириб олишини маълум қилганди. Бир кун аввал трансчегаравий тўлов хизматларини ўчириб қўйган тўлов сервиси Марказий банк томонидан белгиланган жаримани тўламоқчи. Компания «тартибга солувчи органнинг қарори транзакциялар хавфсизлигини таъминлашини” қайд этади. Компания Oson сервисига қўйилган жарима сабабини изоҳлашдан бош тортди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.