Ўзбекистонга таҳлилчилар керакми?

Ўзбекистонга таҳлилчилар керакми?

Ўзбекистонда давлат хизмати жозибалими? Агар жавобингиз ҳа бўлса, унда нимаси билан? Агар йўқ бўлса, унда нега? Давлат тузилмалари ва умуман, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини ишлаб чиқиш учун таҳлилчиларнинг иши қай даражада талабга эга? Давлат хизмати ва таҳлил ҳақидаги саволлар бежиз биргаликда берилгани йўқ: улар нафақат ўзаро  боғланган, балки ўзаро шартланган ҳам.

Давлат хизмати – бу бошқа профессионал соҳалардан, аввало, алоҳида (эҳтимол, бўрттириб кўрсатилган) обрўси, тузилмасининг ва жамият билан алоқаларнинг (эҳтимол, ҳаддан ташқари) иерархияга асослангани, давлат хизматчиларининг юқорироқ ижтимоий мақоми (бу ҳам бўрттирилган бўлиши мумкин) билан фарқ қиладиган фаолият соҳасидир. 

Таҳлилчи – давлат ва жамиятнинг у ёки бу ҳаёт фаолиятидаги муаммоларни ўз ваколати доирасида таҳлил қилиш билан шуғулланувчи профессионалнинг бир тури. Саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, санъат, адабиёт ва ҳоказо соҳаларнинг ўз таҳлилчилари бор. Ўз маҳсулотини давлат тузилмалари учун ишлаб чиқарадиган таҳлилчи эса юқорида давлат хизматига нисбатан белгиланган деярли шу хусусиятлари билан (эҳтимол, шу даражада) фарқ қилади.

Ҳа, давлат хизматида бўлиш – бу обрў. Аркадий Райкин айтганидай, давлат амалдорлари “ҳурматли кишилар”. Улар муҳим лавозимларни эгаллайди, уларнинг иши барча давлат бўғинларининг фаолиятини таъминлайди.

Ҳа, давлат хизмати амалдорни махсус тиббий хизматдан тортиб, амал тақдим этадиган имкониятларгача ёзилган ва ёзилмаган имтиёзлар билан таъминлаган ҳолда, унга юқорироқ ижтимоий мақомни беради. Ҳозир ҳам сақланиб қолган “телефон ҳуқуқи” ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади.

Ҳа, давлат хизмати иерархияга асосланган. Давлат тузилмалари иерархия алоқалари орқали ижтимоий алоқалардан ажратилган ўзига хос организмга бир бутун бўлиб боғланган. Унинг ушбу хусусияти кўп ҳолларда, давлат амалдорлари ва оддий фуқароларни жамият-давлат тизимида ўзаро жойлаштириш ҳақида сўз борган пайтда, давлат тузилмаларидан ташқарида ҳам “юқоридан-пастга” (ёки “пастдан-юқорига”) формуласида ифодаланган маънони касб этади. 

Таҳлилчиларнинг давлат тузилмаларига хизмат қилиши ҳам обрў ҳисобланади, улар худди шундай муайян ижтимоий мақом билан “мукофотланади”, худди шундай таҳлилчиларни “юқорига” ва иерархия поғонасига боғлаб қўйиши мумкин. Бироқ бу соҳада катта тажрибага ҳамда давлатга хизмат қилиш борасида озмунча билимга эга таҳлилчи сифатида шуни айтишим мумкинки, кадрларни жалб этиш тизими ва маъмурий тизим, шунингдек давлатимизда сиёсатни ишлаб чиқиш жараёнини таҳлилий олиб бориш ишлари мукаммалликдан ҳали йироқ. Давлат ва фуқаролик жамиятининг ўзаро муносабати ҳақида сўз борганида, назаримда, бизда ҳамон патерналистик қарашлар устундай туюлади. “Тепадагилар яхшироқ билади” деган тамойил жамият онгида ҳозирга қадар устунлик қилмоқда. Бу тамойилга аксарият давлат хизматчилари ҳам ишониб қолган, улар ҳамма нарсани биламиз, деб ўйлайди. Натижада, сиёсатчилар ва фуқаролар орасидаги бевосита ва тескари алоқаларнинг сезиларли даражада сусайганини, баъзида эса узилиб қолганини кўрамиз.

Давлат хизматининг ички муаммолари алоҳида бир мавзу. Масалан, ақл бовар қилмас даражада нормага солинмаган (ва тўланмайдиган) иш куни. Бунинг натижасида амалдор ҳолдан тойгунча ишлайди, нормал дам олиш имконига эга бўлмайди. Ривожланган демократик мамлакатларда нормага солинмаган иш куни камдан-кам учрайдиган истисно ҳисобланади, бизда эса бу деярли қоидага айланган. Шунингдек давлат хизматчисининг иш фаолияти ҳам ҳаддан ташқари регламентга солинган, у на хорижга сафар қила олади, на омма ва матбуотда очиқ чиқа олади. Бунга амалдор оладиган иш ҳақининг камлигини ҳам қўшсангиз, бу соҳадаги коррупция сабабини ҳам илғаб оласиз.    

Аммо бу ерда асосий муаммо барибир давлат хизматчиларининг малака даражасида ҳамда уларнинг инновациялар, танқид ва таҳлилий ташаббусларга нисбатан эътиборсизлигидадир. Биз, нодавлат танқидчилар ўз ғояларимиз, таклифларимиз, ишланмаларимизни давлат тузилмаларига етказиш, уларнинг эшигини қандай қоқиш муаммосига жуда тез-тез дуч келамиз. Масалан, мустақил таҳлилчиларни давлат таҳлил муассасалари томонидан ўтказиладиган илмий анжуманларга, форумларга (бу тадбирларнинг ҳаммаси аксарият ҳолларда ёпиқ характерга эга бўлади), телевидениега таклиф қилиш ҳамда уларга ижтимоий буюртма тамойили бўйича (бу ҳақда қуйида қаранг) тўғридан-тўғри мурожаат қилиш мумкин. Қизиғи шундаки, нодавлат таҳлилчиларга интервью олиш учун тез-тез чет эл ОАВ мурожаат қилади, халқаро илмий грантлар ҳам уларга берилади; шундай экан, улар ўтказадиган экспертиза даражаси ва малакаси давлат таҳлилчилариникидан мутлақо паст эмас, аксинча юқори бўлиши мумкин. Давлатнинг мавжуд “мия” марказлари фаолиятига тўхталадиган бўлсак, биринчидан, уларнинг таҳлил маҳсулоти асосан ёпиқ, шу боис, иккинчидан, бу маҳсулотнинг сифати ҳақида фикр юритиш қийин, учинчидан эса, улар ижод қилиш, кўриб чиқилаётган муаммоларни илмий ва таҳлилий қамраб олиш борасида жуда чекланган. Шунга қарамасдан, улар таҳлилий ишланмалар бозорида монополист бўлиб кўринади.    

Бу соҳа учун эса монополизм ҳалокатли, чунки ҳозирги замонда на тадқиқ ва таҳлил қилиниши керак бўлган ахборотни, на экспертлар ва таҳлилчиларни бир ёки иккита “мия” маркази доирасига солиб бўлмайди. У фақат плюрализм ва танқид муҳитида гуллаб-яшнаши ва сифатли маҳсулот бериши мумкин бўлган алоҳида соҳа. Ушбу тезиснинг ҳақиқийлигини, масалан, турли (давлат ва нодавлат) экспертлар иштирокида долзарб мавзулар бўйича баҳс-мунозаралар, семинарлар, давра суҳбатларини ташкил этган ҳолда текшириб кўриш мумкин.

ОАВда, сиёсатчилар ва амалдорларнинг оғзидан, шунингдек айрим таҳлилчилардан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати мамлакатнинг миллий манфаатларига асосланган, деган сўзларни эшитиш мумкин. Бу тўғри. Аммо бу миллий манфаатлар ўзи нимадан иборат ва уларни қандай белгилаш мумкинлигини кўрсатиш учун жуда камчилик бу сўзлардан нарига ўтган. Фикримча, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий концепциясини, икки томонлама муносабатлар тамойилининг устуворлигини мустаҳкамлашга доир қисмида мамлакатнинг миллий манфаатларига жавоб бермайдиган сифатида ўзгартириш керак. Бироқ бу масалани кенг экспертлар доирасида муҳокама қилиш зарур.
Ёки масалан, биз тез-тез тахминан қуйидагича янграйдиган мафкуравий кўрсатмани эшитамиз: «Биз ўзимизга хос, ўзимизга мос бўлган йўлдан борамиз». Аммо бу йўл амалда ва концептуал нуқтаи назардан қандай бўлиши кераклиги ҳозирча унчалик тушунарли эмас.

Яна бир мисол. Ҳозирча таҳлилчиларимиз ва экспертларимиз орасида мамлакат хавфсизлигига таҳдидларни баҳолаш ва таҳлил қилиш, уларни таснифлашнинг қатъий бир методикаси мавжуд эмас.

Секьюритологик таҳлил концептуал инновацион ишларнинг танқислигини ҳис қилмоқда. Биз миллий хавфсизликка “таҳдидлар” борлиги ҳақида туз-тез эшитамиз, бунинг устига бу сўз халқаро террорчилик ёки диний экстремизсга нисбатан ҳам, экологик ҳалокатлар ёки “рангли инқилоблар”га нисбатан ҳам қўлланади. Бироқ бу бир қаторда турадиган тушунчалар эмас, улар жиддий таснифни талаб этади.

Умуман олганда, ҳозирги кунда давлат қарорларини сифатли таҳлил билан бирга юритиш учун давлат таҳлиллари билан бир қаторда нодавлат таҳлилларининг долзарблик механизмини яратиш муҳим. Экспертларнинг турли “мия” марказларига қўшаётган ҳиссаси давлат сиёсатини ишлаб чиқиш жараёнини бойитади, холос.

Америкалик таниқли олим Роберт Райт (Robert Wright) бестселлерга айланган ўзининг “Nonzero. The Logic of Human Destiny” асарида, ҳатто овчилар ва йиғувчиларнинг ибтидоий жамиятларида ҳам ов ва йиғимчилик учун энг яхши жойлар ҳақидаги маълумотга эга бўлган ва уни тарқатган ноформал йўлбошчилар ҳар доим бўлгани ҳақида ёзади. Яхши ташкиллаштирилган жамиятларда ахборот катта роль ўйнайди. Йўлбошчилар ва етакчилар одамлардаги куч-қувватни бутхоналар барпо этишга йўналтирган. Улар жангда душманга қарата нечта найза отиш кераклигини ҳам белгилаб берган. Буларни улар ҳар доим атрофдаги олам ҳолати ҳақида ўзлари оладиган сигналлар асосида қилган. Райт бозор иқтисодиётига асосланган ҳозирги дунёда ҳам ҳаммаси худди шундай эканини, яъни [бозорнинг] «кўзга кўринмас қўли» ҳаддан ташқари «кўзга кўринмас мияга», маълумотга ишлов беришнинг марказлаштирилмаган тизимига боғлиқ эканини қайд этади. Ниҳоят у инсониятнинг ахборотга ишлов бериш, уни сақлаш ва таҳлил қилиш қобилиятининг аста-секин ошиб бориши маданий эволюциядаги асосий трендлардан бири деган хулосага келади.  
   
Ушбу мулоҳазалар ҳозирги ахборот асрида дунёнинг исталган мамлакати учун алоҳида долзарблик касб этади.  Мамлакатимизнинг давлат хизматчиларига ким, нима ва қай тарзда атрофимизни ўраб турган олам ҳақида маълумот бериши ҳақидаги савол, ўтиш даври якунланганидан кейин бошланган ислоҳотларнинг янги босқичи фонида нафақат илмий, балки улкан амалий аҳамиятга ҳам эга. Сиёсатни таҳлил билан бирга олиб бориш учун янги шароитларни яратишнинг ўзи ҳам шу ислоҳотларнинг бир қисми ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев давлат амалдорларини ўз кабинетларидан тез-тез чиқиб, халқ билан мулоқот қилишга чақирди. Бунда давлат тузилмалари янги ғоялар учун очиқ бўлишига, таҳлилчилар ва таҳлилнинг (шу жумладан мустақил таҳлилнинг) “тепада” ҳам талабга эга бўлишига эришиш зарур, деб ҳисоблайман. Парламент қўмиталарида депутатлар томонидан кўриб чиқилаётган муаммоларга бўлган у ёки бу ёндашувларга нисбатан ўзининг малакали баҳосини бера оладиган экспертларни тинглаш амалиётини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан, АҚШ Конгрессининг Халқаро ишлар бўйича қўмитасида вақти-вақти билан Марказий Осиёга бағишланган тингловлар ўтказилади, унда бизнинг минтақамиз бўйича таниқли мутахассислар чиқади.

Шу ўринда АҚШ, Европа, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда Марказий Осиёни ўрганиш бўйича кўплаб илмий марказлар фаолият кўрсатишини тилга олиш жоиз. Хусусан, Ҳиндистоннинг ўзида бизнинг минтақамизни Деҳли, Калькутта, Мумбай, Кашмир университетлари ва “мия” марказларининг олимлари тадқиқ қилади. АҚШда Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар Гарвард, Стенфорд, Колумбия, Ж.Вашингтон, Ж.Хопкинс, Индиана ва бошқа университетларда тақдим этилган, RAND, Jamestown Foundation, Freedom House, «Евросиё» фонди ва бошқа машҳур таҳлил марказлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Шу йилнинг февраль ойида қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да “илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш” кўзда тутилган. Шу маънода Ўзбекистонда кўп турдаги илм ва таълим марказларини ташкил этиш ва ривожлантириш стратегик вазифага айланади.

Ушбу муаммо ҳал этишнинг тегишли норматив, ташкилий ва бошқа механизмларига эҳтиёж сезади. Хусусан, янги кадрларни тайёрлаш, замонавий билимларни тарқатиш, мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ишида ҳеч муболағасиз тўсиққа айланган НТМ – нодавлат таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш нормасини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бу ҳақда ўзимнинг НТМни ташкил этиш борасидаги тажрибам асосида фикр юритяпман. Ўшанда менга лицензия олишимга асоссиз равишда рад жавоби берилганди.  

Бизнинг «Билим карвони» деб номланувчи нодавлат нотижорат илмий муассасамиз (ННИМ) Ўзбекистондаги кучли “мия” марказларидан бири бўлишга интилмоқда. «Билим карвони» ННИМ гуманитар фанларни (фалсафа, тарих, социология, сиёсатшунослик, ҳуқуқ, халқаро муносабатлар, психология, экология ва бошқалар) ривожлантиришга, гуманитар фанлар ва олимлар, таҳлилчилар, экспертлар ҳамда давлат хизматчиларининг янги авлодини тайёрлаш бўйича “тошкент мактабини” ташкил этишга; жаҳонда Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳақидаги янги билимларни ишлаб чиқиш ва тарқатишга, шунингдек минтақани тадқиқ этиш ишларига дунё фани ютуқларини жалб этишга; фуқаролик жамиятини демократик ривожлантириш, уни мустаҳкамлаш, ислоҳотларни ўтказиш ва тинчликни мустаҳкамлашга ўзининг профессионал ҳиссасини қўшишга кўмаклашиш мақсадларида ташкил этилган.  

«Билим карвони» ННИМ  ўз фаолиятида таълим ва илмий тадқиқотларни олиб боришнинг инновацион методларидан фойдаланади, назарий ва эмпирик тадқиқотларни биргаликда қўллайди. У давлат тузилмалари ҳамда бошқа манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик қилишга, улар учун махсус таҳлилий материалларни (policy briefs) ишлаб чиқишга интилади.

Экспертлар муҳитини кенгайтириш ҳамда таҳлилчилар ва уларнинг  маҳсулотини “истеъмол қилувчилар” ўртасида ўзаро алоқани йўлга қўйиш вақти етиб келди.

Фарход Толипов,
сиёсатшунос

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.