Ашраф Ғани Тошкентга ташриф буюради…
Афғонистон президенти Ашраф Ғани яна Тошкентга ташриф буюришни режалаштирган. Бу ҳақда 21 июнь куни Тошкентдаги Халқаро матбуот-клуби сессияси пайтида Anhor.uz мухбирига Ўзбекистоннинг юқори мартабали элчиларидан бири маълум қилган. Ашраф Ғанининг ташрифи – бу “уруш қилаётган мамлакат” президентининг ташрифи бўлгани ва ҳар доим катта қизиқиш уйғотиши сабаб, биз ҳам унга қизиқиш билдирдик.
Ҳозирча Тошкент икки мамлакат раҳбарининг кун тартиби бўйича бирор маълумот билдиришга тайёр эмас (бироқ музокаралар дастури устида қизғин иш кетмоқда). Кобулда эса ҳаммаси оддий: америкалик экспертлар афғон амалдорларини очиқликка ўргатиб кетишди (уларда яширадиган нарсанинг ўзи ҳам қолмаган…). Шундай қилиб, кун тартибида тўртта муҳим масала биринчи ўринда турибди: TAPI газ қувурининг тақдири, трансафғон темир йўли, хавфсизлик, электр-энергияси ва озиқ-овқат етказиб бериш.
Бундан бир ҳафта олдин худди шу ерда, Халқаро матбуот-клуби сессиясида TAPI бўйича “Ўзбекнефтгаз” бошқарувининг раиси Алишер Султонов мазкур лойиҳада қатнашиш варианти кўриб чиқилаётгани ҳақида гапиргани боис, биз ҳам сўзни газ қувуридан бошламоқчимиз.
Айтиш жоизки, ўзбек нефть монополисти раҳбарининг сўзлари кўпчиликни ҳайрон қолдирди – лойиҳа энди керак эмас деган фикр мавжуд эди-да. Тўғрироғи, бу ҳақда жуда кўп гапирган (ва ҳатто газ қувурининг ўз участкасидан ўтадиган қисмини деярли қуриб битказган) Туркманистон президентидан бошқа ҳеч кимга керак эмасди. Энди эса лойиҳани ҳозир тўхтатиш яхши иш бўлмаслигига, кўзларни чирт юмиб, фуқароларни туркман газини Покистонда (TAPI – бу Туркманистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон йўналиши бўйича ўтадиган қувур) жуда кутишаётганига ишонтириш керак бўляпти.
Аниқроғи, TAPI Кобулга жуда-жуда зарур. Афғонистон ўз ҳудудидан ўтадиган 1 минг кубометр газдан $ 20-30 даромад олган бўларди, газ қувурининг ўтказиш қуввати эса йилига қарийб 33 млрд. кубометрни ташкил этиши кўзда тутилганди. Бу вайронагарчиликлардан боши чиқмаётган мамлакат учун кўз кўриб қулоқ эшитмаган пул…
Бироқ ишлар юришмади… Покистон ва Ҳиндистонда эса газ тақчиллиги мавжуд. Шу ўринда Туркманистоннинг газ етказиб бериш ҳақидаги таклифи қизиқиш билан кутиб олинганини айтиш лозим. Бироқ туркманлар нарх борасида савдолаша бошлади ва бу борадаги тортишувлар ишни тўхтатиб қўйди. Бу орада эса санкциялар билан сиқиб ташланган Эрон янги бозорларни излаб топишга уринган ҳолда, Покистонга “Жанубий Парс” конидан (жаҳондаги энг йирик конлардан бири) қазиб чиқариладиган ўз газини таклиф қилди. Покистонликлар ҳам рози бўлишди: бош вазир ёрдамчиси Тариқ Фотемий “Эрон гази жуда керак! У бизни деярли халос этади… Бу камида 5 тераватт янги қувватни яратиш имконини беради…” деди.
Мана шу ерда саҳнага Осиёдаги асосий инвестор Хитой чиқиб, агар Эрондан келадиган газ қувури Хитойнинг йирик ҳарбий базаси (минтақадаги энг йирик деса ҳам бўлади) жойлашган Покистоннинг Гвадар портига “кириб ўтса”, у ҳам улушга киришини билдиради. Бунинг устига, бу пайтга келиб Хитойнинг CNPC компанияси “Жанубий Парс” лойиҳасини таг-туги билан сотиб олганди ва эндиликда Эроннинг газ қувури орқали Покистонга Хитой гази етказиб берилади.
Эрон газ қувури Россиянинг «Ростех» компаниясига ҳам ёқиб қолган, унинг шўъба компанияси Гвадардан Покистон ҳудуди бўйлаб мамлакатнинг шимолдаги саноат ҳудудларига, Лахорга борадиган “Шимол-Жануб” газ қувурини барпо этиш ниятида. Тўғри, лойиҳа ҳозирча тўхтаб қолган, чунки «Ростех» 1 минг кубометр газ учун $30,4 нархни сўрамоқда. Покистоннинг ISGS компанияси ҳам россияликлар томонида, аммо ҳукумат ҳозирча бунга қаршилик билдиряпти…
Шунингдек, Покистон Қатар билан Гвадарга суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича ҳамда Озарбайжоннинг SOCAP Trading компанияси билан Гвадарда суюлтирилган газни қабул қилувчи терминални қуриш бўйича битим имзолаган. Мазкур лойиҳа ушбу портни Осиёнинг газ магистраллари чорраҳасига айлантирди.
Шу тариқа, туркманларнинг TAPI бўйича савдоси пишгунга қадар, Покистонга борадиган Эрон газ қувури умумий қарсаклар остида деярли қуриб битказилди.
Қизиғи шундаки, шу йилнинг май ойида Ашхободда бўлиб ўтган TGC-2017 газ конгрессида TAPI лойиҳасининг бош ижрочи директори М.Аманов ушбу газ қувури 2020 йилда ишга туширилишини маълум қилганди. Бу сўзларга кимдир қарсак чалди, кимдир эса кулиб қўйди… Бунинг сабаби оддий: TAPI лойиҳаси бўйича ҳатто якуний инвестицион қарор ҳам имзоланмаган, ҳиндлар эса (газ қувурининг якуний пункти) ҳатто конгрессга келгани ҳам йўқ… Демак, агар 2020 йилга келиб, туркманлар газ қувурининг ўз ҳудудидан ўтадиган қисмини қуриб битказса, бу 1824 км нинг 214 километрини ташкил этади. Бу ҳали ҳаммаси эмас… Аркадаг компанияси бутун газ қувури бўйлаб электр симлари линиясини ҳам ўтказмоқчи…
Умуман олганда эса, газ нархи асосий масала эмасди. Асосий муаммо – бу Афғонистондаги фуқаролар уруши. Газ қувури ҳам, унинг ёнида қурилажак электр симлари линияси ҳам жангарилар учун осон нишонлар. Шу туфайли чипакка чиққан лойиҳалар қанча… Тожикистондан Афғонистоннинг шимолий вилоятлари орқали Туркманистонга (Ўзбекистонга кирмасдан) борадиган темир йўл ана шундай лойиҳалардан бирига айланди. Бу яқин-яқингача Тожикистонга ҳеч қандай тўсиқсиз Каспий денгизига, Форс кўрфазига, МДҲ йўллари тармоғига чиқиш имконини берарди. Аммо ҳозир, бахтимизга, қўшнилар билан муносабатларимиз тубдан ўзгарди, бир йил аввал эса тожиклар ушбу йўлдан кўп нарсани кутишганди… Даставвал Тожикистон-Туркманистон “коридори”нинг ТИА учун 9 млн.доллар беришга кўнган Осиё тараққиёт банки, Афғонистоннинг бўлажак йўл ўтадиган трассасидаги шафқатсиз жанглардан кейин ўзининг қарорини бекор қилди.
Худди шу тарзда, TAPI газ қувури ҳам, Ашхободда нима дейишларидан қатъи назар, деярли молиялаштирилишдан маҳрум бўлди.
Юқоридаги ҳолатдан кейин ҳам Алишер Султонов TAPI ҳақидаги масала кўриб чиқилаётганини айтяптими? Тўғри, у ўзининг шахсий позициясини билдиргани йўқ… Қобулда унинг сўзларини умид билан тинглашган бўлишса керак… Афғонистон президенти ҳам Тошкентга шу умидда келаётгандир…
Йўлларга тўхталадиган бўлсак, Қобул Шибирғон йўлини (Жаузжан вилояти) таъмирлашга умид боғламоқда. Дастлаб, Мозори-Шариф трассаси қурилаётган пайтда уни Шибирғонгача давом эттириш ғояси бор эди, бу шимолий вилоятларни умумий темир йўл билан қамраб олиш имконини берарди. Бироқ у пайтда қўшни давлатлардан бири Ҳиротга 1435 мм изли йўл қураётганди. Бу шу давлат учун истиқболли эди. Бизнинг 1520 мм ни ташкил этувчи темир йўлларимиз эса афғон бизнесини айнан биз учун манфаатли бўлган ҳуддудга олиб чиқарди. Лекин биз таклиф қилган лойиҳа рад этилди. Бунинг сабаби айнан Тошкентда икки президент ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинади…
Оммага ҳеч қачон очиқ айтилмайдиган мавзулар ҳақида чексиз гапириш мумкин… Бунда ҳамма ўзича ҳақ бўлиши ҳам шубҳасиз.
Юрий Черногаев
Шарҳлар