Ёшлар иттифоқи – ундан нималарни кутамиз?

Ёшлар иттифоқи – ундан нималарни кутамиз?

“Ёшлар – келажагимиз” ибораси сийқаси чиққан бўлиб кўриниши мумкин, бироқ бу ҳақиқат. «Камолот» ЁИҲнинг VI қурултойи ушбу ҳаракат фаолиятига нуқта қўйди. Энди Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан Ёшлар иттифоқи ташкил этилади. Буни қандай тушуниш мумкин – бу шунчаки номнинг ўзгаришими ёки ёшлар билан ишлашга янгича ёндашувми?

Қурултой одамларда катта таассурот қолдирди. Айтиш жоизки, “Камолот”нинг оддий аъзолари одатда қурултой ҳақида билишмайди, у ҳақда эшитишмаган ҳам, сайланган делегатлар ҳақида эса гапирмасаям бўлади.

Қурултойда охирги йилларда юз берган энг шов-шувли воқеалар, шу жумладан Жасурбек Ибрагимовнинг ўлими тилга олинмади. “Камолот” ЁИҲ ва қурултойда нутқ сўзлаган унинг делегатлари бирортаям муҳим масала бўйича ўз позициясини билдирмади.

Умуман олганда, қурултойдан ушбу ҳаракатнинг ишлари жуда ёмонлиги, ёшлар блан муаммолар жуда кўплиги сабабли Президент ўзи ташаббус кўрсатиб, ёшлар тарбияси билан боғлиқ масалани тубдан ҳал этишга қарор қилгандай таассурот қолди.

Бугун “Камолот”нинг барча бўлинмаларига қарашли деярли барча сайтларда бир вақтнинг ўзида техник ишлар бошланган. Демак, бирортаям журналист сайтларнинг контент-таҳлилини ўтказолмайди ва ташкилот ҳақида ўз фикрини жамлай олмайди.

Ўз тажрибасига кўра ёшлар ташкилотларининг муаммоларини яхши тушунадиган Президент янги ташкилот ўз фаолиятини бошлаши учун максимал даражада қулай шароитларни яратишга ҳаракат қилди.   

Биринчидан, Ёшлар иттифоқининг раҳбарига Давлат Маслаҳатчиси мақоми берилди, бу жуда муҳим ҳолат. Шунингдек у Олий Мажлис Сенатининг аъзоси этиб ҳам тайинланади. Демак, вилоят, шаҳар ва туман даражаларидаги ёшлар ташкилотлари ҳам анча юқори мақомга эга бўлади ва давлат бошқаруви органларига иложи борича яқинлаштирилади.

Иккинчидан, Президент ҳам моддий-техника, ҳам молия борасида нормал иш шароитларини яратиш борасида ҳам ғамхўрлик қилиб қўйган.

Учинчидан, ва бу жуда муҳим, Президент барча раҳбарларнинг эътиборини ёшлар ташкилотларининг муаммоларига устувор тарзда қаратилишини талаб қилди. У барча даражадаги раҳбарларга мурожаат қилар экан, шундай сўзларни айтди: “Доим эсингизда бўлсин, энди биз ишларингизни пахта ёки ғаллага қараб эмас, балки ёшлар муаммоларига, ёшлар сиёсати тўғрисидаги қонунга қандай муносабатда эканлигингизга қараб баҳолаймиз”.

Демак, энди барча тармоқ ва даражадаги раҳбарлар нафақат ишлаб чиқариш кўрсаткичлари учун, балки ёшлар билан ишлаш учун ҳам жавобгар бўлади.
Шундай қилиб, фаолиятни муваффақиятли бошлаш учун барча ташкилий, молиявий шароитлар яратилди. Президентнинг фикр-мулоҳазаларидан кейин эса Ёшлар иттифоқининг барча бўлинмалари ўз биноларига эга бўлади ва молиявий, моддий-техникавий муаммолар деярли қолмайди.

Бироқ бекаму-кўст шароитларнинг яратилиши янги ташкилот давлат раҳбари тасаввур қилган ташкилотдай бўлишини кафолатлай олмайди. Ёшлар иттифоқини яратиш бўйича илк қадамлар у қандай бўлишини кўрсатади. У ёшларнинг ўзи бошқарадиган ташкилот бўладими ёки у орқали катта авлод ёшларни тарбиялайдиган иттифоққа айланадими, буни вақт кўрсатади.  

Бир пайтлар ўзи комсомол ташкилотига раҳбарлик қилган Президент, ёшлар, айниқса талабалар билан ишлаш нималигини жуда яхши тасаввур қилади, албатта.
Аммо ҳозир мутлақо бошқа давр. Ёшлар – бу жуда мураккаб тушунча, улар қизиқишлари, сиёсий ва маданий қарашлари бўйича хилма-хил одамлардир.

Ўзбекистондаги бутун ёшларни ягона Иттифоққа бирлаштириш истаги кишини бироз чўчитмоқда. Бирор-бир тоғли қишлоқдан чиққан ишсиз ёш йигит ва нуфузли олий ўқув юртининг талабаси, оиласида муаммолари бор мўйноқлик ёш аёл ва Халқаро танловларда қатнашувчи консерваторияни тугатган ёш мутахассис, вилоят марказида бадавлат оилада яшовчи ёш йигит ва диндорларнинг қармоғига илинган йигит – уларни қандай қилиб битта Иттифоққа бирлаштириш мумкин?
У ўзига аъзо бўлган ёшларни тарбиялайдими ёки унинг аъзолари ёшлар билан кўнгиллилар сифатида ишлаб, уларга ҳаётда ўз ўринларини топишга ёрдам берадими?

Буларнинг барчаси – принципиал муҳим масалалар бўлиб, уларни Иттифоқ шакллантирилаётган даврдаёқ ҳал этиш зарур. Иттифоқнинг тузилмаси, унинг мақсад ва вазифалари айнан уларга берилган жавобга боғлиқ бўлади.

Тузилма тескари пирамида бўлиб қолмаслиги, яъни вилоят ва республика аппаратларида бир талай бўлимлар тузилиб, қатор ходимлар ва ҳар бир бўлим мудири, баъзида эса ходимнинг ўзи қуйига – туманлардаги бирламчи ташкилотга топшириқлар берадиган, барча топшириқлар бир жуфт йигит-қизларнинг елкасига ағдариладиган ҳолат юзага келмаслиги жуда муҳим. Вазият ривожини олдиндан башорат қилиши қийин эмас. Олдинига йигит-қизлар виждонан ҳамма ишни бажаришга, силласи қуригунча ишлашга ҳаракат қилади. Аммо бунинг иложи йўқлиги боис, улар ҳисобот беришни ўрганиб олади. Ва яна эски касаллик қайтиб келади – тепадан ташланадиган қоғоз, пастдан юқорига юбориладиган қоғоз… ҳаёт эса шундоққина ёнимиздан оқиб ўтиб кетяпти.

Боровский номидаги, Каланов номидаги коллежларда юз берган фожиаларни бир эслайлик, ўшанда “Камолот” эмас, балки ўқувчиларнинг ота-оналари бонг урганди.

Бир пайтлар ўз фаолиятини жуда яхши бошлаб, Ўзбекистоннинг деярли барча ёшларини бирлаштирган, бироқ дастлабки ошкоралик синовларига бардош бера олмаган бир ёшлар ташкилотининг тарихини эсга олишнинг ўзи кифоя.

У хоҳ мактаб, коллеж, институт ёки университет бўлишидан қатъи назар ўқув муассасаларида ишларни йўлга қўйиш унчалик қийин иш эмаслигига ишончимиз комил.

Энг қийини “ташкиллаштирилмаган” ёшлар, ишсиз юрган ёки уни излаётган, иш излаб вилоят марказларига, пойтахтга ва хорижга кетаётган ёшлар билан ишлаш.
Ҳозирги шароитларда Ёшлар иттифоқи яшаш жойи бўйича жуда ривожланган иш тузилмасига эга бўлиши лозим. Маҳалла қўмитаси, профилактика бўйича участка инспекторлари ишлайдиган милиция пунктлари, баъзида эса масжидлар ҳам Ёшлар иттифоқининг ходимлари ва фаолларининг иш жойига айланиши зарур.

Хориждан пул ишлаб қайтганлар алоҳида эътиборни талаб этади. Бу давр ичида улар қайндай яшаган, уйидан узоқда ким билан мулоқот қилган? Улар ким бўлиб қайтган, қалбларида нималар туғён уряпти, ниятлари нима – муаммо ана шунда. Гиёҳвандфурушларнинг контрабанда йўналишларида жойлашган узоқ қишлоқлардаги ёшлар – улар нима билан банд, нималарга қизиқади – бу янги ташкилот олдида турган вазифаларнинг мураккаблигини тушунишга ёрдам берадиган саволларнинг кичкина рўйхати, холос.  

Ташкилот Устави ва Дастури қандай бўлиши ҳозирча номаълум. Уларнинг лойиҳалари чоп этиладими ёки уларни тор доирада қабул қилиб, дарҳол ташкилий қурултойга олиб чиқишадими – бу ҳам савол остида. Янги Иттифоқнинг фаолияти тўла-тўкис очиқ ва шаффоф бўлишини истардик, албатта.  

Умуман олганда эса, ҳаммамиз солиқ тўловчилар, фуқаролар сифатида давлат томонидан ёшлар билан ишлашга ажратиладиган маблағлар, ҳар бир тийин қаерга кетаётганини аниқ билишимиз керак. Типографияда чиқариш учун нима ва қандай суммага, қандай нархларда буюртма берилган, семинарлардаги кофе-брейкларга қанча сарфланган, спорт мусобақалари, фестиваллар ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун қанча ва кимга тўланган – ҳаммаси аниқ кўрсатилиши лозим. Бусиз бўлмайди.

Шундай қилиб, ҳозирча жавобларга қараганда саволлар кўпроқ. Ҳаммамиз Ўзбекистон ёшларини билимли, халқаро майдонда рақобатбардош, меҳнаткаш ва виждонли бўлишини, шу билан бирга катталарга ҳурмат, заифлар ҳақида ғамхўрлик, янгича қарашлар ва янгиликларга нисбатан муросали, янги нарсаларга танқидий кўз билан қараб, унинг мағзини чақа оладиган ўзбек маданиятининг энг яхши анъаналарини сақлаб қолганини кўришни истаймиз.

Бундай ёшларни тарбиялаш бутун давлатнинг ва бутун жамиятнинг иши, буни Президент ҳам бир неча бор такрорлаган. Ёшлар тарбияси оиладан бошлаб, фуқаролик жамиятининг барча ташкилотларигача устувор вазифа ҳисобланади.

Ушбу тизимда янги Иттифоқ ўз ўрнини топа оладими, у қандай бўлади ва қандай вазифаларни реал ҳал қила олади – буни вақт кўрсатади. Нафақат вақт, балки бу энди барча шароитлар яратиб берилган бир пайтда Президентнинг ишончи тушган кадрларга ҳам боғлиқ.

Мансур Ибрагимов
 
Алла Гажева фотосурати

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.