Бизнинг мўмингина-қобилгина ОАВларимиз
27 июнь куни Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни йигирма биринчи бор нишонланади. Эътибор беринг, мамлакат мустақилликка эришишидан олдинги пайтдагидай Матбуот куни ҳам эмас, мустақил бўлганидан кейин аталиши мумкин бўлган Эркин журналистика куни ҳам эмас, айнан Ходимлар куни. “Ходим” сўзининг ўзи, назаримда, фикр-мулоҳазалар мустақиллиги ва эркинлиги намоён бўлишини мустасно этади. Ўз таърифига кўра ҳам “ходим” иш берувчининг кўрсатмаларини бажариши шарт бўлган шахсдир.
Натижа ҳам, яққол кўзга ташланяпти. Газета киоскалари олдида навбатлар йўқ, ҳолбуки йигирма беш йил аввал навбатларни ҳар куни кўрардик. Газетхонлар маҳаллий нашрларда чоп этилаётган мақолаларни муҳокама қилмай қўйди, чунки муҳокама қиладиган мавзунинг ўзи йўқ-да. Бир пайтлар бу ҳам бор эди. Ўқувчилар, тингловчилар ва томошабинлар журналистларга ишонмай қўйди. Бу қанчалик ачинарли бўлмасин, лекин улар ўзларининг аввалги ижтимоий мақоми ва жамиятдаги обрўсини йўқотиб бўлган.
Расмий газеталар ўтган минг йилликнинг учинчи чорагига хос бўлган саҳифалаш усулида, қолоқ полиграфияда ишламоқда, матнлар ҳам худди эгизак ака-укалар каби бир-бирига ўхшайди. Тезкорлик ва маҳорат эталони бўлиб хизмат қилиши керак бўлган Миллий ахборот агентлигининг материаллари совет даврининг ташвиқотини эслатади. Асл маънодаги мустақил оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда ҳамон йўқ. Хусусий, тижорат ОАВ бор, лекин мустақиллари йўқ.
Тўғри, уларнинг ўрнини расмий ўзбек ОАВ ўзини олиб қочадиган мавзуларни ҳадеб “чайнайдиган” интернет-нашрлар қисман қоплашга ҳаракат қиляпти. Одатда, бундай нашрларнинг қароргоҳлари юртимиздан ташқарида жойлашган, бироқ мақолаларни келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган журналистлар ёзади, буюртма беради ва таҳрир қилади. Бу Хитойдаги Маданий инқилоб даврининг дацзибаосига ўхшаб кетади. Бир тизимга солинмаган, шакли ва мазмуни бўйича чекланган ушбу нашрлар мамлакат ичида бошқа мақбулроқлари йўқлиги сабабли ҳам талабга эга.
Йигирма йилдан сал кўпроқ вақт ўтиб шуни ишонч билан айтиш мумкинки, юртимиз журналистлари учун эркинлик ўз бурчини бажарганлик учун қониқиш ҳиссидан кўра, кўпроқ ташвиш келтирувчи оғир юк бўлиб қолди. Ҳақиқатни ва фақат ҳақиқатни айтишга, ҳақиқат учун ўзининг моддий фаровонлиги, ижтимоий нуфузи, баъзида эса жисмоний эркинлигини қурбон қилишга тайёр бўлган “исёнчи”лар кўринмай қолди. Бунинг учун одамларни айблаш аҳмоқлик бўларди. Шу билан бирга, журналистлар демократик жараёнларнинг катализатори бўлишга қодир, охир-оқибатда эса халқ ва давлатнинг гуллаб-яшнашига кўмаклашувчи фуқароларнинг қандайдир алоҳида бир гуруҳи, қандайдир бир прогрессив ижтимоий бўлак, деб ўйлаш ҳам соддаликдир.
Журналистлар ҳам ўзининг ахлоқий ва профессионал сифатлари бўйича бошқа касб вакилларидан яхши ҳам, ёмон ҳам эмас. Уларнинг орасида ҳам чаласаводлари, турмуш муаммоларидан ортмайдиганлари бор, уларнинг бошини ҳам тирикчилик учун қаердандир пул ишлаб топиш масаласи оғритади. Бошқалар каби улар ҳам фақат дўстлари доирасида ўзлари ўйлаган нарсаларни оғзаки тилга олишга тайёр, аммо буни газета саҳифалари ва эфирга олиб чиқишга тайёр эмас. Евтушенконинг сатрларини бир эсланг (Евтушенков билан адаштирманг, бу ёшларга тааллуқли): “Галилейнинг тенгдоши бўлмиш олим, Галилейдан аҳмоқ эмасди. У ҳам Ернинг айланишини биларди, аммо унинг оиласи бор эди”.
Хўш, улар давлатнинг матбуот саҳифаларида мухолифотни кўриш нияти самимий эканига ишонадими (фақат қаршилик кўрсата оладиган нарсагагина таяниш мумкин)? Улар “коррупция, қоғозбозлик, маҳаллийчилик, одамларнинг муаммоларига лоқайдлик каби иллатларга қарши муросасиз курашишга” қаратилган чақириқларга ишонадими? Йўқ, деб қўрқаман, чунки улар бу чақириқларнинг ичкарига эмас, ташқари учун мўлжалланганини яхши тушунади.
Кўп йиллар олдин Олий Мажлис “Халқ сўзи” газетасининг бош муҳаррири, марҳум Анвар Жўрабоевни танқидий материаллар йўқлиги борасида тез-тез айбларди. У эса таҳририятга қайтганидан кейин, ўзининг эътирозларини худди шу сўзлар билан журналистларга етказарди. Ўз навбатида, журналистлар танқидий материал тайёрлаганида, тажрибали раҳбар (айтгандай, буюк Михаил Шолоховдан интервью олган ягона ўзбек журналисти) мақолаларни пайсалга соларди, чунки ҳаммаси анча мураккаброқ эканини ва ҳар бир талабга лаққа тушмаслик кераклигини яхши тушунарди. Бироқ уни яна чақиришар ва яна газета саҳифаларида танқид йўқлигини эслатишарди. Бир куни бош муҳаррир ўзига хос бўлган хушёрликни йўқотиб қўяди ва газетанинг бош саҳифасида узоқ бир қишлоқ аҳлининг жамоа бўлиб ёзган хатини чоп этади. Унда одамлар қишлоқда на иш, на электр энергияси, на газ, на кўмир борлигидан шикоят қилганди.
Газета эрта тонгда чиқди. Шу куни тушлик пайтида эса бош муҳаррир ўзининг хизмат кабинетидан шахсий буюмларини олиб чиқиб кетди. Эртаси куни газета жамоасига янги раҳбар таништирилди. Мана сизга ўн етти йил олдин юз берган ибратли воқеа.
… Ушбу кичкина, байрамолди қайдларимни якунлар эканман, қуйидагиларни яна такрорлашни жоиз деб биламан: Ўзбекистон журналистлари – бу бор-йўғи ОАВ ходимларидир, буни касб байрамининг номи ҳам исботлаб турибди. Мен яна ювош ОАВ, деб қўшимча қилган бўлардим, чунки ҳозирча бизда бошқачаси йўқ.
Мансур Ибрагимов,
Anhor.uz учун махсус
Шарҳлар