Ширин шакарнинг аччиқ таъми
Ўзбекистонда шакарнинг чакана нархи бу йилги мева пишиғига дош беролмади ва уч йиллик танаффусдан сўнг юқорига қараб “сакради”. Бир килограмм шакар учун 2800 сўмдан (Марказий банкнинг расмий курси бўйича $1,2 ва деҳқон бозорларидаги “Хоразм шакар” ОАЖнинг савдо нуқталаридаги узундан-узоқ навбатлар) 5500-6000 сўмгача ($2,5дан ортиқ ва ҳеч қандай навбатларсиз, эркин) бўлган нархлар унча-мунчани эсанкиратиб қўяди.
Катта талабга эга ушбу маҳсулотнинг чакана нархларидаги бундай тафовут унинг Республика товар-хомашё биржасидаги бозор улгуржи нархлари барқарор бўлган бир пайтда кузатилмоқда. Июнь ойининг охирида бир тонна шакарнинг биржа нархи 2 412 900 сўмни (1 кг учун 2,4 минг сўм) ташкил этганди. Айтгандай, 2011 йил июнь ойи билан таққослаганда Ўзбекистондаги шакар нархи ҳатто арзонлашган (уч йил олдин бир тонна шакар 2,5 млн сўмни ташкил этган).
Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасининг экспертлари бунинг сабабини Ўзбекистон ҳукумати томонидан шакар ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилаётган имтиёзлар ва преференцияларда кўрмоқда. Ишлаб чиқарувчилар эса иккита: биринчиси – “Хоразм шакар” ОАЖ ҚК, корхонанинг хомашёни қайта ишлаш бўйича ишлаб турган технологик линияси қуввати суткасига 1 минг тонна шакарқамишдан олинадиган шакарни ташкил этади; иккинчиси – шу йил охирида ишга тушириладиган ва худди шундай қувватга эга «Angren shakar” хорижий корхонаси.
Сингапурнинг Welton International Enterprises Pte.LTD (акцияларнинг 69% дан зиёди), KITO investments (20%) компаниялари ва Австриянинг Seid Handelsgezellshaft ( 10%) фирмаси иккала корхонанинг ҳам асосий акциядорлари ҳисобланади. Жумладан, «Angren shakar” хорижий корхонаси 7 йилга фойда солиғидан, юридик шахслар мулки солиғидан, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғидан ҳамда Республика йўл жамғармасига тўланадиган мажбурий ажратмалардан озод этилган.
Шунингдек корхонани ишга тушган санадан бошлаб 3 йил муддатгача ҚҚСдан озод этиш ҳам ширин маҳсулотнинг қийматини арзонлаштиради.
Шу боис ЎзРТХБдаги барқарор улгуржи нархлар ва маҳсулот устига сотилаётганда қўйиладиган ўртача 25 фоизни ҳисобга олган ҳолда шакар нархи 3000 сўмдан сал ортиқ бўлиши кераклигини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас. Шундай экан, 5,5 минг ва 6 минг сўм, деган нархлар қаердан олиняпти?
Демак, истеъмолчилар чўнтагидан кетаётган ортиқча устамани биржа маҳсулотини сотиб олаётган ва уни шаклланган занжир бўйича қайта сотаётган улгуржи-воситачилар ҳосил қиляпти. Нархларни эса талабга қараб истаганча оширавериш мумкин.
Маҳаллий баққолларнинг “иштаҳаси” туфайли ўзбек истеъмолчиси бир килограмм шакарни жаҳон нархларидан анча қиммат нархларда сотиб оляпти.
Халқаро нашрлардаги маълумотларга кўра, асосий экспортчи-ишлаб чиқарувчилар (Хитой, Молдова, Россия ва Беларусь) шакарнинг арзон нархларни ушлаб турар экан.
Одатда ширин маҳсулотнинг юқори қиймати шакар хомашёсини оммавий тарзда етиштириш учун ер майдонлари бўлмаган ривожланган мамлакатларда кузатилади. Бундай мамлакатларга Финляндия (бу ерда 1 кг шакар нархи $1,94), Норвегия, Германия ва Япония киради.
Турли мамлакатларда бир килограмм шакарнинг чакана нархи доллар эквивалентида тахминан бундай кўринишда:
Беларусь – $0,75
Хитой – $0,96
Молдова – $1,05
Россия – $1,25
Швейцария – $1,30
Франция – $1,38
Австралия – $1,45
Канада – $1,47
Нидерландия – $1,49
Литва – $1,50
АҚШ – $1,53
Италия – $1,68
Дания – $1,69
Ирландия – $1,70
Португалия – $1,75
Бельгия – $1,77
ЕИ бўйича ўртача – $1,79
Швеция – $1,81
Австрия – $1,82
Германия – $1,82
Норвегия – $1,89
Япония – $1,93
Финляндия – $1,94
Хўш, ширин маҳсулотни сотувчи ўта “уддабурон” сотувчиларнинг танобини тортиб қўйишнинг иложи борми? – деган риторик савол туғилади. Энг муҳим кундалик маҳсулотлардан бири саналган шакар нархларидаги бундай ўзгаришлар – бирор-бир тадбиркор ёки бошқа бир манфаатдор шахс мўмай даромад олиш мақсадида чўнтагини янада кенгроқ очиб юбориши мумкинлигига яққол ишорадир. Яшасак, кўрармиз.
Румия Анварова,
Anhor.uz учун махсус
Шарҳлар