Авж олаётган қурилишлар ва айрим афсоналар
Сўнгги 2,5 йил ичида тадбиркорликка Мустақилликнинг барча йилларига қараганда кўпроқ кредит ажратилди, бироқ бу маблағларнинг 60 фоизи иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсата олмади – 2 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти йиғилишида ана шундай рақамлар тилга олинди.
2019 йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистон иқтисодиёти ва ижтимоий соҳани ривожлантириш лойиҳалари доирасида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан асосий капиталга 29885,1 млрд.сўм инвестиция (доллар эквивалентида 3,6 млрд.АҚШ доллари) ёки 2018 йилнинг тегишли даврига нисбатан 129,9 фоиз инвестиция ўзлаштирилди. Бошқача қилиб айтганда янги қурилиш ва ишлаб чиқариш воситаларини харид қилиш мақсадларида 3 ой ичида 3,6 млрд.АҚШ доллари йўналтирилган.
Нега инвестициялар унчалик самарали бўлмаяпти?
Энг аввало, инвестицияларнинг ўсиш жадаллиги марказлаштирилган (бюджет) манбалар ҳисобидан ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан уч баравар юқори. Марказлаштирилган манбаларнинг улуши умумий ҳажмнинг 41,8 фоизини ташкил қилади, агар бу ерга йирик давлат корхоналарининг инвестицияларини қўшадиган бўлсак, унда давлат инвестициялари умумий инвестициялар ҳажмининг 62,6 фоизини ташкил қилади.
Қуйидаги соҳалардаги лойиҳалар марказлаштирилган ресурслар ҳисобидан молиялаштириладиган йирик давлат дастурлари ҳисобланади:
– энергия ишлаб чиқарилишини кенгайтириш (Навоий ИЭСда қуввати 450 МВт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмасини барпо этиш; Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмаси таркибида умумий қуввати 900 МВт бўлган янги иссиқлик электр станциясини қуриш; Тахиаташ ИЭСда ҳар бирининг қуввати 230-280 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмасини барпо этиш);
– углеводородлар қазиб чиқариладиган янги конларни ўзлаштириш (газни қайта ишловчи замонавий завод қуриладиган Қандим гуруҳи, Бухоро вилоятидаги Хаузак ва Шоди конлари; Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор инвестицион блоки ва Устюрт ҳудудларида конларни ишлаш ва углеводородларни қазиб чиқариш);
– углеводородларни қайта ишлаш бўйича қувватларни барпо этиш (“Навоийазот” АЖда аммиак ва карбамид заводларини қуриш, тозаланган метан базасида синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқарувчи Шўртан ГКМни барпо этиш).
Ушбу лойиҳаларга умумий инвестициялар ҳажмининг 25,3 фоизи йўналтирилган.
Бироқ қолган инвестицияларнинг қарийб 75 фоизи инфратузилмавий ва истеъмолчилик инвестициялари ҳисобланади, чунки улар аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга йўналтирилган (“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, шаҳарлар инфратузилмасини реконструкция қилиш, замонавий уй-жой ва мавзелар (“ситилар”)ни қуриш).
Агар инвестицияларнинг биринчи гуруҳи 3-5 йиллик истиқболда ўзини оқлай бошласа, унда иккинчи гуруҳга кирувчи инвестициялар, ҳукумат ғояси бўйича, халқ хўжалигининг барча ёндош тармоқларини (қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, бандлик, ўрта машинасозлик ва металлургия, шиша саноати) ўз ортидан тортган ҳолда, ривожланиш “локомотиви” ролини ўйнаши керак. Бироқ мамлакат ичида асосий маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш мувозанатлаштирилмаган шароитларда қурилишлар авжи туфайли юзага келган талабнинг катта қисми импорт ҳажмини, шу жумладан қурилиш материалларини ҳамда материаллар ва ускуналар ҳажмини оширишга қаратилди.
Хулоса: давлат томонидан инвестицион фаолликнинг рағбатлантирилиши ва қурилишга катта маблағларнинг йўналтирилиши бюджет дестабилизациясини чуқурлаштиради, тармоқлар орасида маблағларнинг жадал қайта тақсимланишини тезлаштиради, бу маблағлардан самарасиз фойдаланишга, шу жумладан коррупция элементлари ҳисобидан ҳам фойдаланишга олиб келади.
Инвестицияларни рағбатлантириш чет эл валютасига бўлган эҳтиёжни келтириб чиқаради
Давлат маблағларининг асосий сармояга қуйилиш ҳажмининг бир йилда уч бараварга ошиши ушбу маблағларнинг бир қисми қурилиш материаллари, машиналар ва ускуналар импортига йўналтирилишини билдиради, чунки мамлакатда сармоянинг дастлабки тўпланиши эндигина кузатилмоқда. Бироқ, бундан ташқари, миллий валютадаги кредитлар ставкасининг жиддий ошиши (МБ томонидан миллий валютада кредитлар берилишини деярли тақиқлаш) туфайли чет эл валютасида бериладиган кредитлар ҳажми сезиларли даражада ошяпти ва, табиийки, бу кредитлар ҳам қимматлаяпти.
Хусусан, Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2019 йилнинг 1 чораги учун жами 28,5 трлн сўмлик кредит ажратилган, уларнинг 12,45 трлн.сўми (43,6%) чет эл валютасида ажратилган. 2018 йил бошида эса чет эл валютасидаги кредитлар улуши 30,7 фоизга зўрға етарди.
Миллий валютадаги кредитлар бозорининг аниқ сегментацияси мавжуд: давлат дастурлари бўйича нисбатан арзон («Обод маҳалла», «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар уюшмаси Фонди» ва бошқалар), улар бўйича йиллик ставка 6-8 фоиз, ва жуда қиммат тижорат кредитлари, улар бўйича миллий валютадаги йиллик ставка 24-27 фоизни ташкил қилади.
Миллий лойиҳалар остига олинган деярли барча кредитлар миллий валютада фақат пасайтирилган ставкалар бўйича ажратилган. Тижорат кредитлари асосан чет эл валютасида ажратилган. Бунда, агар имтиёзли кредитлар бўйича ўлтача ўлчанган ставка 3 ойда 8,4 фоиздан 5,9 фоизгача тушган бўлса, тижорат валютасидаги кредитлар бўйича у узлуксиз ўсган (бир йилдан ортиқ давр мобайнида) ва 3 ой ичида миллий валютадаги ўртача ўлчанган кредит ставкаларининг ўсиши (барча турлари бўйича) 1,7 фоизни, чет эл валютасидаги кредитлар бўйича эса 1,2 фоизни ташкил қилган.
Инвестицион харажатларнинг ўсиш юки тадбиркорлар учун қандай?
2019 йил январь-март ойларида асосий сармояга йўналтирилган аҳоли маблағлари 3,627 трлн. сўмни ёки умумий инвестициялар ҳажмининг 12,1 фоизини ташкил қилди. Тижорат банкларининг кредитлари ва бошқа қарз маблағлари эса 4,564 трлн.сўмни ёки умумий инвестициялар ҳажмининг 15,3 фоизини ташкил этди. Бироқ аслида тижорат кредитларини олувчилар имтиёзли кредитларни Ҳукумат тазйиқи остида берган банкларнинг зарарларини компенсациялаш бўйича харажатларни ҳам ўз зиммаларига олган.
Хусусан, мамлакатдаги тижорат банкларининг кредит қолдиқлари 3 ой ичида 16,2 трлн.сўмга ошган, бу ўтган йилга қараганда тахминан 2 бараварга кўп. Ушбу сумманинг 9,2 трлн.сўми бу кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга ажратилган кредит қолдиқларидир.
Аслида ушбу кредитларнинг катта қисми «Обод маҳалла», «Ҳар бир оила – тадбиркор» ва бошқа мақсадли давлат дастурлари дорирасида ажратилган. Бу кредитлар имтиёзли ставкалар бўйича ажратилган бўлиб, МБ маълумотларига кўра ўртача йиллик 5,9 фоизни ташкил қилган (йил бошидан буён 3,3 фоизга пасайиш). Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра қуруқ қолдиқда 10,5 трлн. сўмга яқин маблағ тижорат асосида ажратилган.
Бошқа томондан, марказлаштирилган инвестицияларнинг асосий сармояга қуйилишининг уч бараварга ошиши:
а) бюджет маблағларининг инвестициялар томонга қайта тақсимланишини;
б) бюджетга тушаётган ва ўсаётган киримларнинг катта қисми марказлаштирилган инвестицияларга йўналтирилишини билдиради.
ДСҚ маълумотларига кўра, бюджетга келаётган солиқ тушумлари ўтган йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 2019 йилнинг 6 ойи ичида 1,7 бараварга ошган. Мана шу корхонага солиқ юкламаси ўсишининг асосий индикатори ҳисобланади. Бунинг натижасида, айланма маблағларни тўлдиришга йўналтириладиган кредитлар ҳажми ҳам ошади.
Корхоналарга аранг кун кўриш учун жорий тушумлар етишмаяпти. Айланма маблағларни тўлдиришга йўналтирилаётган кредитларнинг ўсиши, халқ хўжалиги тармоқларини кредитлашни эришилган ҳажмда “музлатиб қўйиш” – буларнинг ҳаммаси касса етишмовчилигининг яққол далили ва МБнинг мегаинфляция хатарига қарши курашиш кўрсаткичидир. Тижорат банкларининг барча иқтисодиёт тармоқларидаги (қишлоқ хўжалигидан ташқари) кредит қолдиқлари сезиларли даражада қисқармоқда. Бунда айланма маблағларни тўллиришга йўналтирилган кредитлар миқдори ўсиб бормоқда. 2018 йил май ойидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) жиддий кредит олувчиларга, айниқса чет эл валютасида кредит олувчиларга (Ўзбекистоннинг тадбиркорлик фаолиятида бундай ҳолат олдин умуман бўлмаган) айланди.
Агар ЯТТ 1,5 йил давомида банклардан 4,0 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган маблағни қарз олган бўлса, ҳозир улар олган кредитлар қолдиғининг ҳажми 138 млрд.сўмни (ўсиш 34 барвар) ташкил қилади. Буларнинг барчаси эълон қилинган солиқ тизими ислоҳотларининг бевосита оқибатлари ҳисобланади. Ўшанда МЧЖлар, нохушликни ҳис қилган ҳолда, ўз бизнесини оммавий тартибда камроқ солиққа тортиладиган, камроқ шаффоф бўлган соҳага ўтказа бошлаганди. Янги солиқ ислоҳотининг тарафдорлари нима дейишидан қатъи назар унинг қайғули оқибатлари яққол кўринмоқда.
Аҳолини мажбурий “тадбиркорлаштириш”нинг яққол ва тезкор натижаси – бу қайтмайдиган кредитлар ҳажмининг ўсиши бўлиб, банклар улар бўйича эҳтимолий зарарлардан резервлар яратган. Афсуски, МБ бундай маълумотларни бермайди. 2018 йил охирида банклар ичкарисида 3 трлн сўмга яқин миқдордаги рақам ҳақида гапиришганди – бу қайтмайдиган сифатида малакаланган кредитлар суммаси. Айнан шунинг учун ҳар ой якунига бир ҳафта қолганида ва ҳар ойнинг биринчи ҳафтасида, шанба ва якшанба кунлари туманларда банкларнинг кредит бўлимлари бошлиқларини кўрмайсиз. Уларнинг ҳаммаси қайтмайдиган кредитларни узиш учун қўлидан келган ишни қилиб югуриб юради.
Конвертация жорий этилишидан олдин чет эл валютасида жамғарилган кредитлар
Кўпчилигимиз конвертация жорий этилганидан хурсанд бўлгандик. Бироқ, бир ўйлаб кўрайлик: 01.01.2018 йил ҳолати бўйича банкларда чет эл валютасидаги узоқ муддатли кредитлар қолдиғи 68’168,2 млрд.сўмни ташкил қилди. Ушбу сумма 2017 йил 1 сертябргача тахминан 30’000 милрд.сўмни ташкил қиларди. Бошқача қилиб айтганда, банкларга ишониб, ўзининг узоқ муддатли лойиҳаларига чет эл валютасида кредит олганлар бугун ё банкротга учраган ёки банкротлик бўсағасида турибди. Бундай ҳолатлар жуда кўп, айниқса қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва тўқимачилик соҳаларида.
Турли ички (бюджет харажатларининг шиддатли ўсиши) ва ташқи (ўзбек экспортини саботаж қилиш) омиллар таъсири остида миллий валютанинг жиддий ва тез девальвацияси такрорланмаслигига ким кафолат беради?
Шундай қилиб, қурилишларнинг авж олиши яхши, лекин у халқ хўжалигининг барча тармоқлари ривожи билан мувофиқлаштирилишини ва молиявий оқимларнинг самарали бошқарилишини таъминланиши керак. Ахир шошқалоқлик билан қурилган турли Сити ва замонавий мавзелар, ниҳоят, ўз эгаларини топишига ва, энг муҳими, улар бозор қиймати бўйича сотилишига кафолат йўқ. Агар бунинг иложи бўлмаса-чи? Ана унда молиявий пуфак барча оқибатлари билан бирга ёрилади, уларнинг энг биринчиси бу қурилишларни молиялаштирган банкларнинг банкротлиги бўлади, демакки, бундан ўз маблағларини банкка ишониб топширган банк мижозлари зарар кўради.
Аммо энди бу нафақат молиявий, балки ижтимоий ва ушбу сиёсат муаллифлари учун, ҳатто, сиёсий йўқотишларга айланади.
Абдулла Абдуқодиров
Фотосурат: “Письма о Ташкенте”
Шарҳлар