МАГАТЭ: Ўзбекистонда АЭС учун майдон ҳали йўқ
Ўзбекистонда АЭС қурилишига старт (муҳандислик тадқиқотларини бошлаш) мамлакатимиз ва Россия президентлари томонидан 2018 йил 19 октябридаёқ берилганига қарамасдан, бугунги кунга қадар АЭС учун ҳамон майдон йўқ – бу ҳақда журналистларга 19 октябрь куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик – МАГАТЭ (International Atomic Energy Agency – IAEA) бош директорининг ўринбосари Михаил Чудаков маълум қилди. У бошчилик қилаётган миссия душанбадан бошлаб Ядро физикаси институтида, ММФИнинг Тошкент филиалида (у ерда очилишга тайёргарлик кўришмоқда) ва ЎзАтом агентлигида расмий учрашувларни олиб бормоқда. Шунингдек жаноб Чудаков талабаларга маърузалар ўқиш ниятида. Ташрифнинг илк кунида эса шундай маърузани мактаб ўқувчиларига ўқиди. Бу таълим соҳамизда ҳали ҳаммаси йўқотилмаганини исботлаган жуда таъсирли воқеага айланди. Бу ҳақда ахборот агентликларининг хабарларида ўқишингиз мумкин, anhor.uz эса олий миссиянинг кадр ортидаги воқеалари ҳақида сўз юритади.
Энергетика вазирлигимизнинг фикри: АЭСсиз илож йўқ
Жаноб Чудаковнинг АЭС қурилиши учун майдон йўқлиги ҳақидаги мулоҳазасига Энергетика вазирлигининг ходимлари дарров жавоб беришди: “Тадқиқ қилинган учинчи, Тускан кўли ёнидаги майдон “тақиқловчи” омилларга эга эмас. Фақат ҳужжатлар расмийлаштирилса бас”. Ишонтиришди. Бир ой олдин энергетика соҳасидаги ислоҳотлар бўйича Халқаро форумда энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев яқин келажакда атом электр станциясисиз Ўзбекистон халқ хўжалиги фаолият кўрсата олмаслигидан яққол далолат берувчи рақамларни эълон қилганди. Ушбу рақамлар бугун ҳам жаноб Чудаков билан суҳбатда яна бир бор янгради, у эса ўз томонидан МАГАТЭ статистикаси билан тасдиқлади.
Жаноб Хўжаевнинг сўзларига кўра, бу йил кутилаётган электр энергиясини етказиб бериш ишлари қарийб 60 млрд кВт⋅соатни ташкил қилади. Мамлакат бўйича электр энергияси истеъмолининг ҳар йиллик ўсиш прогнози қарийб 6-7% ни ташкил қилади. Яъни 2030 йилга келиб эҳтиёж 112 млрд кВт⋅соатдан ошади, буни қондириш учун эса Ўзбекистон кафолатли тарзда 121 млрд кВт⋅соат электр энергиясини ишлаб чиқариши лозим (нега халқ хўжалигининг режали эҳтиёжларини қоплаш учун бу режадан анча кўпроқ ишлаб чиқариш кераклиги ҳақида сал кейинроқ гапирамиз. Бу энергетика хўжалигимиздаги ғаройиб нарсаларнинг ҳали ҳаммаси эмас…)
Қуйида барча маълумотларни мегаваттлар (МВт)да берамиз – унда ноллар кўп, лекин улар аниқлик учун керак. Гап шундаки, камчиликлар яширилиши керак бўлган шонли совет анъанасига кўра, амалдорлар маълумотларни гигаваттлар (ГВт)да беришади. Мақтанадиган пайтда эса – МВт ларда, чунки бу рақамлар 1000 баравар кўп бўлиб, раҳбариятда ижобийроқ таассурот қолдиради.
Бугунги кунда мамлакат энерготизими эга бўлган қувват – 12400 МВт ни (бу мамлакатдаги 48 та электр станциясининг умумий қуввати ) ташкил қилади. 2030 йилга келиб иқтисодиётни тиклаш ва ривожлантириш бўйича режаларни таъминлаш учун 31000 МВт ишлаб чиқарувчи қувватлар керак, шу жумладан авж нуқтадаги юкламаларни қоплаш учун 5000 МВт дан ортиқ тартибга солувчи қувватлар ҳам. Деярли бажариб бўлмайдиган вазифа: яқин беш йил ичида умумий қуввати 6700 МВт бўлган иссиқлик станцияларидаги эскирган энергоблокларни чиқариш кўзда тутилган. Буни компенсациялаш учун янги энергоблокларни киритиш зарур бўлади, иссиқлик станциялари ҳолатида эса бу $ 35 млрд туради. Ёки “буюк келажак” бўйича барча режаларимиз ҳақида унутиш керак бўлади.
Агар биз АЭСни $ 11 млрд га қурсак, бу вазифа амалга оширса бўладигандай бўлиб кўриняпти. Унда 2030 йилга келиб ишлаб чиқарувчи қувватлар тузилмаси қуйидагича бўлади: 1) табиий газдан фойдаланадиган энергоблоклар – 16300 МВт ёки умумий қувватнинг 51% (ҳозир – 33%), 2) ГЭС – 3800 МВт ёки деярли 12% (ҳозир – 16%), 3) кўмирда ишлайдиган энергоблоклар – 2600 МВт ёки 8,2% (ҳозир – 11%). Ва (дўмбиралар товуши!) АЭС қуввати 2400 МВт ни ёки зарур қувватнинг 7,5% ни ташкил қилади. Бу “атомли” фоизлар, бугун унчалик катта бўлиб кўринмаса-да, асосийси режаларимиз бажарилишига ишонч беради. Ахир келгусида, ҳозирча Энергетика вазирлиги ходимларининг норасмий сўзларига кўра, бу АЭСнинг яна 2 та блоки қурилади. Айнан улар ўсаётган иқтисодиётнинг салмоқли эҳтиёжини қоплайди (у пайтда энди “газ-кўмир-гидро”га янги умидлар қолмайди).
“Радиация” ҳақидаги қўрқинчли ҳикояларни ёқтирадиганлар учун – қисқача. МАГАТЭ статистикаси бўйича бир йилда самолётда олти марта парвоз қилган киши шунча вақт ишлаган АЭС операторига қараганда кўпроқ радиация олар экан…
Лекин барибир: балки шамол ва қуёш электр станцияларини (ЭС) қурган маъқулдир?
Манзара тўлиқ бўлиши учун шамол ва қуёш электр станциялари (бугун улар мамлакатда умуман йўқ) мамлакатдаги барча станциялар умумий қувватининг 5,3% гачасини ва 15% ни бериши мумкин. Эҳтимол эътиборни шундай ЭСни қуришга қаратган яхшироқдир? Уларга ҳозир ном ҳам топишган – “яшил энергетика”.
Аммо мана шу ерда жаноб Чудаковнинг фикри янграши керак (уни МАГАТЭнинг ҳам фикри деб ҳисоблаймиз). Албатта, унинг ташкилоти шамол ва қуёш ЭСни ишлаб чиқарувчи фирмаларга рақобатчи. Энг аввало: бу ЭС энергияни тармоққа эмас, балки аккумуляторларга беради. Жуда нуфузли бир фирма бизга таклиф қилаётган қуввати 20000 МВт бўлган шамол ЭСни қуриш учун эса 1000 та темир йўл вагонига сиғадиган миқдорда аккумулятор керак бўлади. Энг кулгулиси шундаки, бизнинг потенциал етказиб берувчиларимиз шамол ЭСнинг қийматига аккумуляторлар нархини киритмаган! Биз уларни бошқа шартнома бўйича харид қилишимиз керак экан, нархи эса ЭСнинг ўзиникидан ҳам каттароқ. Бизга таклиф қилишаётган 7 МВт лик шамол генератори ўзи нималигини биласизми? Бу эски телеминорамиз баландлигидаги, парракларининг узунлиги 160 метр бўлган улкан иншоот. Бунинг устига ушбу баҳайбат иншоот жуда ёқимсиз гувиллайди, ер вибрациялаб туради (барча қуртлар юзага чиқади). Агар сиз Шимолий денгиз соҳили бўйлаб самолётда учиб кўрган бўлсангиз, унда пастда шундай шамол генераторларининг улкан миқдорини кўргансиз. Шамол ЭС у ерда бор, лекин одамлар кетиб қолган – чидай олмаган (бу менинг шахсий таассуротларим).
Ушбу даҳшатли манзара якунида – қуёш ЭС ҳақида, ҳозир уларни барпо этиш бўйича музокаралар авжида. Бунинг устига улар бизга ўзимиз қуёш ЭС учун панеллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф қилишмоқда. Бунда 2008 йилдан бошлаб қуёш панелларини ишлаб чиқарувчи корхоналар Европа, Япония ва Америкадан Хитой, Малайзия, Филиппин ва Тайванга кўчганини камтарлик билан айтишмаяпти.
Бугун қуёш модулларининг деярли ярми Хитойда ишлаб чиқарилади. Мана сизга бир воқеа: 2011 йил августида Jinko Solar Holding Co. компаниясига (дунёдаги энг йирик компаниялардан бири) тегишли Чжэцзян провинциясида жойлашган завод ўткир кислотани завод ёнидан оқиб ўтадиган дарёга ташлаган. Бунинг натижасида даставвал балиқлар нобуд бўлган, кейин чорва, сўнгра одамлар касал бўла бошлади. Сабаби: қуёш панелларини ишлаб чиқаришда мишяк, хром ва симоб қўлланади. Панеллар таркибида эса қўрғошин, мис, галлий ва кадмий мавжуд. Амалдорларимизнинг бу заҳарни аҳолиси кўп мамлакатга олиб ўтмасликка ақли етса, яхши. Ахир ЭСларда катта майдонларга монтаж қилинган, “сотиб олинган” панеллар ҳам табиий ҳарорат режимини бузади. Бизга қуриган Орол каммиди?
Ислом Тараққиёт банкининг фикри
Ҳозирнинг ўзидаёқ ишлаб чиқарилган электр энергиясини барқарор етказиб беришни таъминлаш учун мамлакатга 2,7 минг км юқори вольтли электр узатиш линиялари (ЭУЛ)ни бир вақтнинг ўзида 9 та янги кичик станция билан бирга қуриш зарур. Бу $ 2,4 млрд. туради. Бундан ташқари, мавжуд трансформатор кичик станцияларини ва 140 минг км дан ортиқ тақсимловчи тармоқларни реконструкция қилиш талаб этилади, бу эса яна $ 9,9 млрд. дегани.
Юқорида тилга олинган халқаро форумда ушбу инвестициялар ҳақида гапирар экан, жаноб Хўжаев қуйидаги тафсилотга рўйирост аниқлик киритди: “Табиийки, бизда бундай маблағлар йўқ. Электр энергетикаси соҳасига йўналтириладиган инвестицияларнинг ушбу ҳажми давлат компаниялари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин эмас. Биз хусусий инвестицияларни жалб этишга эътибор қаратамиз”.
Хусусий банклар ва фондлар қаерда қайтариладиган кредитни кўрса, инвестицияларни ўша ерга йўналтиради. Ҳеч ким пешана терини тўкиб топган пулини тубсиз қудуққа ташламайди. Мана шу бизнинг ҳозирги катта муаммомиз. Юқорида бу йил зарур бўладиган 60 млрд кВт⋅соат учун ЭС камида 65 млрд кВт⋅соат электр энергиясини ишлаб чиқариши кераклигини айтганимизда айнан шуни назарда тутгандик. Мана, нима учун…
Биз соҳани реконструкция қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги таклиф билан Ислом Тараққиёт банки (ИТБ)га мурожаат қилганимизда, унинг экспертлари хайрихоҳлик ва шу билан бирга диққат билан бизнинг электр энергетика хўжалигимиз ҳолатини таҳлил қилишди. Уларнинг 2018 йил якуни бўйича таҳлили қуйидагича.
Эски ЭУЛ тармоқларида узатилаётган энергия йўқотишлари – 35%. Узатишдаги узилишлардан (ўша елпиғичли ўчиришлар, улардан кейин ишчи ҳолатга эришиш учун линия ортиқча энергияни олади) кўрилаётган йўқотишлар – 15%. Истеъмол секторидаги йўқотишлар (бу биз, яъни ўз фермаси, заводи, уйини давлат ЭУЛга ноқонуний улайдиганлар) – 20%. ИТБнинг хулосаси – олдин энергетика соҳангизда тартиб ўрнатинг, кейин аризангизни кўриб чиқамиз.
Энг уятли томони: ИТБ экспертларининг фикрича, агар биз тартиб ўрнатмасак, унда атом электр станциясини ҳам қуриш шарт эмас.
Яна шу ерда учрашгунча,
Юрий Черногаев.
Шарҳлар