Иктисодиётни соядан олиб чиқиш ҳақида ўйлар

Иктисодиётни соядан олиб чиқиш ҳақида ўйлар

Норасмий иқтисод, ёхуд русчадан тўғридан-тўғри таржима қилган ҳолда «соядаги иқтисодиёт», «хуфиёна иқтисодиёт» ҳақида фикр юритмаган инсон деярли йўқ. Аксарият масалага юзаки баҳо бериб, у-бу, юлиқ, бир-бири билан мантиқан боғлиқ бўлмаган иқтисодий, сиёсий омиллар амалга оширилса, норасмий иқтисод ўз-ўзидан йўқ бўлади деган фикр юритади.

Аввалам бор, тушунчаларда келишиб олсак: нимани ва қайси ҳолларда «соядаги/хуфиёна иқтисодиёт» деб аташ мумкин? Нима, қайси холат мезон бўла олади? Бизнинг фикримиз бўйича, норасмий иқтисодиётнинг асл мақсади, муддаоси – олинган даромадларни умуман, ёки қисман яшириш бўлиб, қуйидаги ҳолатларда юзага келади:

  • Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатилган хизматлардан олинган даромадни тўла ёки қисман яшириш (income lowering) ва натижада солиқ хажмини камайтириш;
  • Ишлаб чиқариш ёки сотилиши таъқиқланган ашё ва буюмларни сотиш, ёки ишлаб чиқариш ёки сотилиши учун маҳсус рухсатнома ва лицензиялар талаб қилинган ҳолларда, уларга эга бўлмаслик, савдо талабларини инкор қилиш (violation of trаde rules);
  • Умуман Қонун доирасида, лекин ўз амали ва таъсиридан фойдаланиб, бошқалардан устунроқ ҳолатга эришиш (power abusing);
  • Ноқонуний ҳолда божхона ва солиқлар соҳасида турли имтиёзларни қўллаш ва улардан фойдаланиш, ёки айланма, даромад ва ресурс солиқлари миқдорини камайтириш мақсадида уларнинг асл хажмини кам кўрсатиш (tax evasion);
  • Ўзаро боғлиқ бўлган корхоналар ўртасида солиқдан қочиш мақсадида турли нарх (масалан, нархларни бўрттириб) трансакцияларини (transfer pricing) яратиб, қонунда белгиланган солиқлардан қочиш, ёки амалда кўрсатилмаган, етказиб берилмаган хизмат, маҳсулотлар учун пул утказиш, жамғарилган капитал ёки унинг қисмини чет элга чиқариш (capital outfly).

Хуфиёна иқтисодиётнинг асосий иштирокчилари ким?

Россияда бюджет ташкилотлари билан ишлайдиган хусусий корхоналар билан мулоқотлар мазмуни шуни кўрсатади-ки, улар томонидан амалга оширилаётган бевосита давлат буюртмалари асосидаги контрактлар камида 5-8% коррупцион хажмга эга. Яъни бу контрактлар қандай тизимлар орқали амалга оширилмасин, бевосита молиялаштириш, ўзлаштириш жараёнида контракт хажмининг 5-8% миқдори бюджет эгаларига турли шаклларда «чин кўнгилдан миннатдорчилик» сифатида қайтарилади. Албатта, ҳеч ким сизга ташкилотлар номи ёки мутасадди ходимлар исмини айтмайди, лекин «тизимни қандай ишлашини» тўғри тушунтиришади. Шу мантиқдан келиб чиқиб, агар 2019 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда давлат бюджети ҳаражатларининг умумий миқдори 55 266,3 млрд сумни ташкил этганини инобатга олсак, шу сумманинг 30 фоизи бевосита ҳаридлар учун (жиҳозлар, траспорт воситалари, дори-дармонлар, кийим-кечак ва ҳоказо) йўнатилган деб тахмин қилсак, ана шу сумманинг 0.8-0.9 трлн сўмдаги хажми «чин кўнгилдан миннатдорчилик» учун ишлатилган, деб тахмин қилиш мумкин.

Унитар корхоналар ва давдат тизимидаги ва мустақил молиялаштиришда бўлган корхоналарда амалга оширилган ҳаридлардан (маҳаллий ёки импорт) бу соҳада қолишмайди ва улардаги «ставка» умумий ҳарид суммасининг 10 фоизидан кам эмаслиги эҳтимоли мавжуд.

Давлат тасарруфида бўлган ёки хусусий мулкка асосланган корхонада ишлаб чиқариш хажми қанча катта бўлиб, у қанча кўп миқдорда турли маҳсулотлар ишлаб чиқарса ва хизматлар кўрсатса, унинг бағрида хуфия иқтисодиёт учун барча шароитлар бор. Ва бу ҳолат ишлаб чиқариш тизими, ёки мулк эгалигига ҳам боғлиқ эмас, бу ҳол ҳамма ерда бўлиши мумкин.

Масалан, тоғ-кон саноатини олсак. Қазиб олинган маъдандан қанча миқдорда фойдали модда (олтин, кумуш ва ҳоказо) ишлаб чиқарилиши ўртача нормативлар ва лаборатория анализлари асосида аниқланади. Аслида эса, маъдандан олинган фойдали маҳсулот хажми анча кўп бўлиши мумкин. Ҳеч қайси кузатувчи 24/7 асносида ишлаб чиқаришнинг ҳамма ижрочиларини кузата олмайди. Айнан шунинг учун ҳам, бу шароитларда энг катта хуфия иқтисодиёт асослари туғилиш имкони мавжуд.

Бу фикримиз жуда муҳим бир хулосага олиб келади: қайси бир мамлакатда ишлаб чиқариш хажми нисбий марказлашган бўлса, давлат назорати (мулкчилиги) ана шу корхоналарда аксарият бўлса, бу мамлакатда хуфия иқтисодиёт хажми шунча катта бўлади.

Кичик ва ўрта бизнес ва хуфиёна иқтисодиёт
Кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) ҳам айнан юқорида кўрсатилган асноларда хуфия иқтисодиётни амалга оширади, лекин унинг хажми давлат ташкилотлари, йирик давлат корхоналари, унитар корхоналар қилаётган айланмаларидан анча кам, ва демак-ки, аслида, давлат миқёсида умуман катта аҳамиятга эга эмас.

Аслида эса, катта трансчегара халқаро корпорациялар шундай умумдунёвий дунёқараш ўрнатишга эришди-ки, унга асосан, худди-ки, айнан кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) хуфия иқтисодиётнинг энг катта ини эмиш. Бугунги кунда либерал иқтисодиёт айнан ана шу фикрни олдинга суради, ва бир қарашда тўғри кўринган, лекин аслида мутлақо тескари ва зарарли ғояларни ўртага ташлайди: «КЎБ ни хуфия иқтисодиётдан олиб чиқиш керак, у йирик корхоналар билан баробар солиқлар оғирлигини кўтариши керак, унда бизнес шаффофлигини оширишимиз керак, КЎБ да корпоратив бошқарув асосларини кучайтиришимиз керак» ва ҳоказо… Нега шу гаплар йирик корхоналар ҳақила юритилмайди? Ахир бир тоғ-кон комбинатининг йиллик даромади мамлакатдаги барча КЎБ вакилларининг даромадлари билан тенг бўлиши мумкин?! Нега асосий ўйинчилар четда қолиб, майдалар ишлари ўртага ташланаяпти?

КЎБ орасида қуйидаги тоифадаги даромад эгалари ҳам бор:

  • даромади жуда паст ва кундалик минимал эҳтиёжларни қондиришга аранг етказувчи тадбиркорлар (яъни том маънода «тирикчилик учун» зўрға етарли бўлган даромад эгалари);
  • ўз маҳорати ва жисмоний кучини ишга солиб, давлатдан ҳеч нарса сўрамай (на нафақа, на пенсия), қонунларни бузмай, лекин давлатга ҳисобот бермай меҳнат қилаётганлар;
  • олган даромади оз, лекин бутун айланма маблағларлан солиқ тўлашга мажбур қилинган тоифадаги тадбиркорлар;
  • топган-тутгани ишлаб чиқаришни давом эттиришга кетаётган, лекин солиқ шартлари бўйича ана шу сармоя пуллардан ҳам солиқ тўлаётган гуруҳлар.

Ҳўш, буларни ҳам асли шакл юзасидан хуфиёна иқтисод ташкилотчилари деб атаймиз-ми? Бундай категориядаги солиқ тўловчиларнинг барча даромадлари битта йирик корхонанинг хуфия даромадидан кам бўлган тақдирда ҳам-ми?

Бизнинг фикримизча, юқорида кўрсатилган турли тадбиркорлар гуруҳларини аниқ бир меъёр асосида аниқлаб, улардан умуман солиқ олмаслик, ёки минимал тарзда, рўйхат ва тартиб учун патент тўловигина олиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ёки бошқа холни олайлик: мансабдор шахс ўз амалидан фойдаланиб, ўзига тегишли, яқин бўлган корхоналарга устунлик яратиб, бошқа рақобатчиларга тўсиқлик қилишга эришди. Кўринишидан – ҳаммаси қонуний. Лекин таъқидланган савдо тури, буюм ёки ашёни таъқидланиши кайсидир гуруҳ ва кишилар манфаати учун қилинган бўла туриб, бу манфаатлар ахолининг муайан манфаатларига зид келса-чи? Шу холатда кимни хуфия иқтисодиёт ташкилотчиси деб талқин қилишимиз керак?

Албатта, агар расмий жиҳатдан қаралса, хуфиёна даромад бу, бир сўз билан айтганда, ноқонуний олинган, еки олинган, лекин солиқдан беркитилган даромад. Лекин бизда кўп таъқиқлар, чекланмалар ўзи ноқонуний белгиланган, қонун асосида эмас. Вазирлар Махкамасининг, хокимнинг, бошқа амалдорнинг қарори асосида минглаб тадбиркорлар сарсонма-сарсон бўлиб юрибди-ку?

Хамма гап хозирги холатда давлат органлари ва идораларининг иктисоий ва ижтимоий хаётга алокадорлигининг кучлилигида.
Шунинг учун хам 2018 йил 30 ноябрида эълон қилинган ID 1334 рақамли «Иқтисодиётда давлат таъсирини камайтиришнинг асосий йўналишлари» Президент Қарори лойиҳасида (лойиҳалигича қолиб кетди)  хусусийлаштириш ва давлат таъсирини камайтиришга алоҳида эътибор берилган.

  • Давлат Унитар корхоналари сонини кескин қисқартириш ва уларни хусусийлаштириш;
  • Инфраструктура объектларини (вокзаллар, вазирликлар қошидаги мехмонхоналар, юк ташиш терминаллари) хусусийлаштириш;
  • Хусусий қўриқлаш ва экспертиза, жумладан, суд экспертизаси хуқуқларини хусусий корхоналарга бериш;
  • Банклар ва суғурта ташкилотларини хусусийлаштириш;
  • Давлат бошқарув органлари фаолиятини улар таркибидаги давлат корхоналарини операцион бошқаришдан ажратиш;
  • Муҳим қишлоқ хўжалиги ва қишлок хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини хусусийлаштириш. Гап асосан Пахтасаноат, Ёғ-мой саноати, Узум-богдорчилик ва шароб ишлаб чиқариш саноати ҳақида кетаяпти.

Имтиёзлар берилиши керак, бусиз давлат тараккиётидаги энг долзарб масалаларни ечиб булмайди. Аммо имтиёзлар адреслик, вақтинча, аниқ ва жамият мухимлигини тан олган мақсадга каратилган, улардан зарар кўрувчи гурухларга фойда олувчилар томонидан компенсация билан боғланган бўлиши керак.

Мен атайлаб, бу мақолада хуфия иқтисодиёт хажмини камайтириш йўллари хақида батафсил тўхтаб ўтмадим. Чунки иқтисодиётга давлат аралашувини камайтириш ўзигина ана шу масалани ҳал қилишга салмоқли ҳисса қўшади.

Абдулла Абдуқодиров
Колумнист
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.