Биз учун қандай «Буюк Келажак» режалаштирилган
Ўтган ҳафтада истиқболли экспертлар тарк этган “Буюк Келажак” халқаро ташкилотида юз берган воқеаларни ҳис-туйғуларга берилмасдан муҳокама қиламиз.
Иқтисодиётимизга триллион доллар
Бир неча кун аввал Anhor.uz нашри “Буюк Келажак” ташкилотининг фаолиятига ва қатор экспертларнинг уни тарк этишига олиб келган вазиятга баҳо берган эди (https://anhor.uz/columnists/19533). Бир неча кун ичида таҳририятга кўплаб фикрлар келди, шу боис биз мавзуга қайтишни зарур деб ҳисобладик.
Мамлакат раҳбарияти ва жамоатчилик ушбу ташкилотдан кўп нарсани кутганди. У ўз сафларига энг яхшиларни таклиф қилди. Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган турли соҳа мутахассисларидан иборат Экспертлар кенгаши ташкилотнинг асосий интеллектуал активига айланди. Ташкилотнинг дастурий ҳужжатларига назар ташласак, “давлатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва кўмаклашиш ва бу мақсадларда 2035 йилгача Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг узоқ муддатли моделини тайёрлаш ва бунда турмуш даражасини оширишга, узоқ муддатли инвестициялар бозорини ривожлантиришга урғу бериш…” эканини кўриш мумкин.
Шундай қилиб, “Ўзбекистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси концепцияси” устида ҳақиқатдан ҳам юқори даражадаги профессионаллар ишлади. Ташкилотнинг “Ўзбекистон 2035” иккинчи форуми иштирокчиларидан бири айтганидай, агар бу ҳужжат мусиқага солинса, унга ҳатто Вагнер ҳам ҳавас қилган бўларди.
Ташкилотнинг иккинчи форуми жамоатчиликка ўз ишини тақдим этишга тайёр эди (биринчи форум ташкилий жиҳатларга бағишланди). Унда нафақат Ўзбекистон иқтисодиётини, балки бошқа мамлакатлар иқтисодиётини ҳам белгилайдиган инсонлар тўпланди. Уларнинг ҳаммаси Концепция билан танишиш имконига эга эди. Бироқ кўпчиликни қуйидаги нарсалар дарҳол хушёр торттирди. Ҳужжат преамбуласида унинг муаллифлари ўзларини ҳимоя қилишга урингани кўриниб қолди: “Ишчи гуруҳ учинчи шахслардан ҳамда очиқ манбалардан олинган маълумотларнинг тўлиқ эмаслиги, ҳаққоний эмаслиги, ноаниқлигига сабабчи бўлган ҳужжатдаги у ёки бу хатоликлар ва/ёки ноаниқликлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмайди. Ишчи гуруҳ ҳужжатда келтирилган ахборотга асосланган у ёки бу ҳаракатлар, қарорлар, фикр-мулоҳазалар учун жавобгар эмас. Мазкур ҳужжатдаги ахборотга асосланган бирор-бир қарорни қабул қилишдан олдин барча томонларга ўз таҳлилини ўтказиш ва тегишли текширув ишларини бажариш тавсия этилади”.
Бундай ҳимояланиш ўзбекистонликлар учун тушунарли, чунки биз статистикамизни яхши биламиз. Бугун у халқаро стандартлар бўйича олиб бориляпти, аммо ундаги маълумотлар – ҳаммамиз учун маълум бўлган “тасдиқланган рақамлар”дир.
Мана энди ташкилотни ўн нафар эксперт тарк этиши билан боғлиқ вазиятга яқинлашдик. Уларнинг ҳаммаси яхши маълумотга эга ва ҳатто муваффақиятли карьера қилган инсонлардир.
«Buyuk Kelajak» раиси Алишер Каланов форумдан кейин тележурналистлар билан мулоқот чоғида ҳужжатни тайёрлаш ишларида “менталитетимиз ҳисобга олингани” ҳақида гапирди. Яъни америкаликлар, японлар ва немисларнинг қизиқарли ишланмалари олинган, лекин улар бизнинг амалдорларга “ёқиши керак”.
Ҳақиқатдан ҳам ёқди. Ишлаб чиқилган тўртта сценарийдан “динамик сценарий” маъқул деб топилди. У жалб этилган инвестициялар ҳажми 1 трлн долларни, инфляциянинг ўсиш даражаси эса узоғи билан 5% ни ташкил қилишини, валюта курсининг барқарорлиги, яъни 1 доллар 8065 сўм бўлишини кўзда тутади. Бунда номинал ЯИМнинг ўн баравар ўсиши(!), шу жумладан киши бошига саккиз баравар ўсиши таъминланади. Турли даражадаги амалдорлар жойлашиб олган залнинг у томонидан қарсаклар эшитилди: уларнинг кўнгли тўқ, чунки айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари билан шундай сакрашга эришилади.
ЯИМ номинал бўйича 2017 йилги 67% дан 2018 йилда 48% гача пасайди деб фараз қилайлик. Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлиги иқтисодиётнинг 50 фоизи хуфия деб ҳисоблайди. Унда нималар бўлаётгани номаълум. Сўм эса аллақачон муаллифлар томонидан кўрсатилган нарх сценарийсини ортда қолдирди. Хўш, 1 трлн долларни қаердан оламиз?
Савдо ва ривожланиш бўйича БМТ анжимуни (UNCTAD) яқинда 2018 йил учун кишини қувонтирмайдиган якунларни чоп этди: жаҳон иқтисодиётига йўналтирилган тўғридан-тўғри инвестициялар (ТТИ)нинг умумий ҳажми 19% га тушиб кетган ва бош-йўғи 1,2 трлн долларни ташкил қилади. Нима, буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонга келадими? Даргумон.
Ривожланган иқтисодиётга эга мамлакатларга йўналтирилган ТТИ 40 фоизга, яъни 749 млрд доллардан 451 млрд долларгача қисқарган. Шу жумладан, Европага йўналтирилган ТТИ 70% га тушиб кетган. Ҳатто АҚШда ҳам режалаштирилган инвестицияларнинг 18% етишмаган. Бироқ Осиё мамлакатларига йўналтирилган ТТИ 5% га ўсган, бироқ уларнинг ҳаммаси Хитойга кетмоқда. Айтгандай, шунга ўхшаш нарсани Россияда Егор Гайдар таклиф қилганди – 500 кун дастури катта “қарс-қурс” билан якунланди.
Ташкилотни тарк этган 10 киши ўз ватанида ҳам шундай “қарс-қурс”ни тайёрлашда иштирок этишни истамади. Бу тахминлар, холос. Яна чет элда фаолият кўрсатиш тажрибасига эга бу кишилар жамиятимизда шаклланиб бўлган айрим концепцияларга қўшилмайди. Бу уларнинг фуқаролик ҳуқуқи. Улар давлат тили ҳақидаги баҳс-мунозарани, бу мамлакатга ва мустақилликка нимаси билан зарар етказиши мумкинлигини тушунмайди. Шунингдек уларга Ғалаба куни бўйича позиция ҳам тушунарсиз – нима бизда Улуғ Ватан уруши бўлмаганми, Ғалаба куни бўлмаганми?
Кейин яна ортиқча “маъмурий бошқариш” ишлари ҳам тушунарсиз – ахир улар юқоридан бериладиган сигналларга одатланмаган…
Қуйида ташкилот аъзоси бўлган «Фергана.ру» ахборот агентлиги бош директори Даниил Кисловнинг фикрини келтирамиз. 2000 ва 2001 йилларда «Фергана.ру» сайти Ўзнет фестивалида энг яхши ахборот ресурси ва Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши хорижий сайт бўйича мукофотлар олганди. Жаноб Кислов ҳеч кимга бўйсунмайди, шу боис унинг сўзлари мақоламизга якун ясаши мумкин: “Экспертларнинг истеъфо беришининг ҳақиқий сабаблари менга номаълум. Аммо кимдир энг охирги босқичда Buyuk Kelajak фаолиятига жиддий равишда қаршилик қилаётгандай ҳиссиёт туғилмоқда”. Ҳамма гап шундамикин?
Шу ерда учрашгунча,
Юрий Черногаев.
Шарҳлар