Трамп Ўзбекистонга ўз партиясини ўйнашга ёрдам бермоқда

Трамп Ўзбекистонга ўз партиясини ўйнашга ёрдам бермоқда

Ўтган якшанба куни президент Дональд Трамп кутилмаганда ўз “Твиттери”да на Афғонистон президенти Ашраф Ғанини, на толибларнинг вакилларини Кэмп Дэвидда қабул қилмаслигини билдирди. «Толиблар билан музокаралар ўлди», – унинг бу гапи бутун жаҳон бўйлаб тарқалди. Янги воқелик яққол бўлиб қолди, ҳозирнинг ўзидаёқ кўплаб кучлар ундан ўз манфаатларида фойдаланмоқда. Юзага келган бу чалкашликда Ўзбекистон дипломатларининг ҳам жараённи эҳтимолий барқарорлаштиришда қатнашиш имконияти ошди.
 
Вашингтонда нима бўлганди

Толиблар ташрифининг бекор қилиниш сабаби – икки нафар НАТО аскари, шу жумладан америкалик сержант Барретонинг ҳалок бўлишида. Ўша куни эрталаб ҳозиргина Довер яқинидаги авиабазада жойлашган армия бош моргидан қайтиб келган давлат котиби Майк Помпео бир ярим соат CBS студиясидан ABC га, ундан Fox News ва NBC га ўтиб-қайтиб юрди. У ҳамма ерда: таклифнома августда юборилган эди, бу йил 16 нафар америка аскари ҳалок бўлди, аммо охирги 10 кун ичида америкаликлар мингдан зиёд толибларни йўқ қилди, буларнинг ҳаммаси учун солиқ тўловчилар йилига $30 млрд сарфламоқда, деган гапларни айтди. Фақат NBC студиясидаги суҳбат бундан мустасно, бу ерда жаноб Помпео бошловчи журналистдан “Шерман” номини тилга олганида у кимни назарда тутганини – генерал Шерманними ёки давлат котибининг худди шу номли итиними?” деб сўраганида, омма бундан мамнун ҳолга тушди…    
 
Трампнинг Афғонистон бўйича махсус элчиси Залмай Халилзод бу вақтда Конгресс комиссиясига нега музокаралар барбод бўлганини тушунтиришга уринарди. Ўтган жума куни унинг “енгил қўли” билан жаноб Помпео бир неча кундан сўнг Дохада (Қатар), яна толибларнинг шартларида, қўшинларни олиб чиқиш ва тинчлик жараёнини бошлаш тўғрисида толиблар билан келишув имзоланишини билдирганди.
 
Дохада нима бўлганди

Бу орада сешанба куни Дохадаги толиблар қароргоҳининг пресс-атташеси Сухайл Шахин ўз сайтида толиблар “Келишув қатор мамлакатлар, шу жумладан Россия ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида имзоланиши ва гувоҳлик қилиниши”ни хоҳлаётганини, шунингдек “айни дамда толиблар ҳеч бўлмаганда кейин нима қилиш кераклигини тушуниш учун америкалик вакиллар билан мулоқот қилаётганини” маълум қилди.
  
Буни жаноб Трампнинг ўзидан бошқа ҳеч ким тушунолмаяпти. У ҳозирнинг ўзидаёқ қўшинлар чиқарилмаслигини ва ҳатто, аксинча, жанговар ғалаба мақсадларида уларнинг сони оширилишини билдирди ва иттифоқчиларни ўзидан ўрнак олишга чақирди. Бунга Эстония дарҳол ўз жавоб реакциясини билдирди, у афғон фронтига ўзининг 15 нафар энг яхши аскаридан иборат зарба берувчи армия гуруҳини ташлаш учун америка транспортини (ўзиники йўқ) сўради.

Москвада нима бўлганди, эҳтимол Тошкентда ҳам

Жаҳон ҳамжамияти бироз эсанкираб қолган бир пайтда, толиблар “дарҳол жавоб реакциясини билдириш” тактикасини ишга солди. БМТ толибларнинг ҳаракатланишига тақиқларни олиб ташлаганидан фойдаланиб, бир йил ичида Индонезиядан тортиб, Эронгача ўнлаб мамлакатларда бўлишди. Германия ҳисобидан бир тўда бўлиб самолётларда парвоз қилишди, Washington Post журналистлари уларга ҳатто “парвоз қилувчи толиблар” лақабини беришга ҳам улгурди. Мана ҳозир ҳам, дипломатлар янги вазиятни баҳолаётган бир пайтда, ушбу “табассум ва ваъдалар” тактикаси яна ишга тушди: ўтган жума куни Москвага Шер Муҳаммад Станикзай бошчилигидаги толиблар гуруҳи етиб келди. Москвадаги ҳамкасбларимизнинг сўзларига кўра (расмий изоҳ йўқ), учрашув чоғида толиблар “АҚШ ва толиблар ўртасидаги музокаралар тикланишига кўмак беришларини, улар Вашингтон билан мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлашини” билдирган. Бунинг устига толиблар август ойида Ўзбекистонда улар учун ташкил қилинган дабдабали қабулни, яъни қучоқ очиб кўришишлар, мамлакат бўйлаб саёҳат ва бошқа дилхушликларни яхши эслашади. Шу боис худди шу мақсадда Тошкентга ташрифни ҳам канда қилишмади.
 
Қобулда нима бўлганди

Мана бу ташаббус энди Қобулни хушёр торттирди. Таниқли афғон журналисти ва сиёсатшуноси Набижулла Ацакзай anhor.uz нашрига шундай дейди: “Мулла Абдулғани Барадарнинг Тошкентда тантанали кутиб олиниши афғон раҳбарияти томонидан оғриқли қабул қилинди. Қобулда ҳеч бўлмаса маслаҳатлашиш керак эди, деб ҳисоблашмоқда. Ашраф Ғанини четлаб ўтиб қабул қилинган ҳар қандай қарор Афғонистондаги вазиятни яхшиламайди. Шу боис Дональд Трамп ўзининг толиблар билан учрашувини бекор қилганида, биз буни тўғри йўналишдаги қадам деб ҳисобладик. Мана жаноб Ғанининг сўзлари: “Оллоҳга шукурлар бўлсинким, учрашув бўлмайди!” Афтидан америкаликлар, толибларнинг тинчлик жараёни тарафдори эмаслигини ниҳоят тушунган кўринади. Умуман олганда тинчлик толибларга керак ҳам эмас. Мамлакатимизда тинчлик бўлиши Покистоннинг ISI идорадан ташқари разведкасига ҳам керакмас, у урушдан имиж капиталини ишлаб олади. Нафақат имиж капиталини. Шу боис толибларни фаол қўллаб-қувватлайди. Музокараларнинг асл мақсади эса ягона Афғонистонни бир нечта ҳудудга бўлиб юборишдир. Федерал тизим – бу эскидан қолган “бўлиб, ҳокимлик қил” тамойилини билдиради. Афғонистон шароитларида бу фақат бир нарсани англатади – фуқаролик урушининг давом этишини. Бу Ўзбекистонга ва бошқа қўшниларимизга керакми?”
 
Шу фикрни давом эттираман. Афғонистон ҳукумати ўз мамлакатининг тақдири ҳал қилинадиган музокаралардан анчагина четга суриб қўйилган – бу дипломатияда мисли кўрилмаган ҳолат. Бунинг устига АҚШ ва толиблар ўртасида тузиладиган ҳар қандай битим шу ой охирига режалаштирилган президентлик сайловларини кечиктирарди. Энди номзодлар ўз дастурларида ва ҳаракатларида инобатга олиши керак бўлган янги воқелик юзага келганди. Агар сайловлар кечиктирилса, унда парламент билан келишув бўйича муваққат “миллий бирлик ҳукумати” шакллантирилади – унда президент ўз ҳокимиятини узил-кесил йўқотади. Қобулдаги ҳамкасбларимиз бу ҳолат жаноб Ғанини мамлакатни тарк этишга мажбур қилган бўларди, деб ишонч билан айтмоқда. Бу эса ҳаммаси тамом дегани. Демак, Америка президенти ўзининг афғон ҳамкасбини қутқариб қолган.
 
Қобулда енгил нафас олишди. Ўтган шанба куни Афғонистон президентининг матбуот котиби Седиқ Седқий Қобулда матбуот анжуманини ташкил қилди. Унинг айтишича, “Толиблар билан тинчлик келишувининг тузилиши эмас, балки шу ой охирида миллий сайловларнинг ўтказилиши” ҳукумат учун устувор вазифа ҳисобланади.
 
Афғонистон шимолида нима бўлганди

Толиблар билан алоқалардан воз кечган америкаликлар, бирданига уларнинг ҳарбий куч сифатидаги обрўсини тушириб юборди. Бу йил ёзда толиблар Тожикистон билан чегарадаги ва Ўзбекистон билан чегара яқинидаги ҳудудларни бир неча бор тўлиқ назорат остига олганди. Энди ундай бўлмайди… Биринчи бош вазир генерал Абдулрашид Дўстум пайшанба куни, агар афғон ҳукумати ва АҚШ эътироз билдирмаса, мамлакат шимолидаги толиблар устидан ярим йил ичида ғалаба қозонишини билдирди:  «Мен президентдан, Миллий хавфсизлик кенгашидан, АҚШ, НАТО ва халқаро дўстларимиздан режамни тинглашларини ва уни амалга оширишга халақит бермасликларини сўрадим. Бунинг учун на сизларнинг пиёда қўшинларингизга, на бошқа ресурсларга зарурат йўқ”. Жаноб Дўстумнинг сўзларига кўра “у ўзининг толибларни тор-мор қилиш бўйича жанговар режасини тақдим этган”. Асосийси, унинг аскарларига инсон ҳуқуқлари, Гаага конвенцияси бўйича ҳар хил инспекторлар халақит бермаса бўлгани.
 
Буни қаранг, ўзининг битта “твит”и билан жаноб Трамп қанча жараёнларни ишга тушириб юборди…

Қисқа хулоса: эҳтимол, жаноб Ғани кимгадир ёқмас, лекин у кўп миллатли халқ бирлигининг рамзидир. Афтидан, Тошкентда бу нуқтаи назарни ҳамма ҳам қўллаб-қувватламаётган кўринади…
 
Шу ерда учрашгунча,
Юрий Черногаев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.