Ўзбекистонда нақд пуллар айланмаси ҳақида
Ўзбекистон Марказий банки ўз сайтида, ўтган икки йиллик кўрсаткичлар билан солиштирган ҳолда, “2019 йилнинг 9 ойи учун нақд пул айланмасининг ҳолати тўғрисида қисқача обзор”ни чоп этди.
«2019 йилнинг январь-сентябрь ойлари учун банк кассалари орқали нақд пул маблағларининг айланмаси 195,1 трлн сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 1,7 бараварга ошди». Марказий банк томонидан келтирилган рақамлар бу яхшими ёки ёмон деган саволга жавоб бермайди. Нега шундай бўлди? Ушбу обзорда бунга ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.
Марказий банк таҳлили қизиқарли бўлиб, у инфляция ва нархлар кўтарилишини пасайтириш учун ўзи қабул қилаётган қарорларга ҳайрон бўлмасдан, аҳоли ҳақиқий пул айланмасининг ҳолатини билиши кераклигини намойиш этади. Шунинг ўзи – ажойиб янгилик.
Айланмадаги нақд пуллар ҳажми иқтисодиёт ўсишига мутаносиб тарзда ошмоқда
Охирги уч йилнинг тўққиз ойи учун иқтисодиётдаги нақд пулларнинг абсолют ҳажми мунтазам равишда ўсиб борди. Агар 2017 йилнинг 9 ойи давомида у 346,7 трлн сўмни ташкил қилган бўлса, 2018 йилнинг худди шу даври учун 392 трлн сўмни ва 2019 йилда эса 452 трлн сўмни ташкил этди. Яъни ўтган йилга нисбатан йиллик ўсиш 2018 йилда 45,3 трлн сўмни, 2019 йилда 60 трлн сўмни ташкил қилди. Бошқача қилиб айтганда, нақд пуллар эмиссиясининг ҳажми иқтисодиёт миқдорининг ўсишига мутаносиб тарзда ошмоқда, бу эса жуда яхши янгилик. Ниҳоят, Марказий банк нақд пуллар ҳажми ва айланмасини чеклашдан “барча дардга даво” воситасини қилмаяпти.
Натурал айирбошлаш ҳисобга олинмаган
Аммо, бошқа томондан, агар аҳоли боши сонига ҳисоблаб чиқилса, кўрсатилган даврларда нақд пул массаси аҳоли сони бошига мос равишда 10.8 млн сўм, 12 млн.сўм ва 13,6 млн сўмдан тўғри келган. Бу аҳоли боши сонига ЯИМ миқдорини, ўртача иш ҳақини, истеъмол саватининг ўлчами ва тузилмасини ҳамда нақд пулларни сарфлаш одатларимизни ҳисобга олган ҳолда мутлақо минимал кўрсаткичлар бўлиб кўринади.
Нега шундай? Чунки ҳатто ҳозир ҳам вилоят аҳамиятидаги шаҳарларда (қўрғон ва қишлоқлар ҳақида гапирмасаям бўлади) одамлар ҳануз озиқ-овқат маҳсулотларининг кўпини қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи қариндошларидан олишади, масалан, картошка, пиёз, сабзавотларнинг бошқа турлари, полиз экинлари ва айрим мева турлари (узум, олма, ёнғоқ), сут маҳсулотлари ана шулар жумласидандир. Бу натурал транзакциялар на ЯИМни ҳисоблашда, на ҳақиқий истеъмол саватини ҳисоблашда ва на пул маблағларининг айланмасини ҳисоблашда инобатга олинади.
Кўплаб шаҳарларда, вилоят марказлари, қўрғонлар ва қишлоқ жойларида бўламан… Ҳамма жойда бир хил манзара: ота уйлари ҳамон қишлоқда бўлган ёш авлод шаҳарларга кўчиб кетган, бироқ қариндошлик алоқалари қолган ва улар ҳам моддий ифодага эга.
Аҳоли сони кўп бўлган ва одамлар 2-3 авлод олдин кўчиб ўтган йирик шаҳарларнинг ўзида бошқача манзарага гувоҳ бўламиз – бу ерда пул айланмаси устунроқ. Қолган жойларнинг ҳаммаси натурал айирбошлаш кўпроқ бўлиб, у ҳеч қандай тарзда ҳеч қаерда ҳисобга олинмаган.
Халқ кўпроқ саёҳат қила бошлади
МБ ўз ҳисоботида шундай деб ёзади: “Банк кассаларидан олинадиган нақд пуллар сарфи тузилмасида жиддий ўзгаришлар юз берди. Хусусан, чет эл валютасини харид қилишга банк кассаларидан берилган нақд пуллар улуши 2019 йилнинг 9 ойида 2017 йилнинг шу даври билан солиштирганда 9,1 фоиздан 21,9 фоизгача кўпайди, банк карталаридан нақд пулларни ечиб олиш эса 6,1 фоиздан 25,5 фоизгача ошди”. Бу тенденция, фуқароларимиз (ниҳоят) саёҳатларга ва чет элда ўзи учун товарлар харид қилишга кўпроқ пул сарфлай бошлаганидан далолат беради. Айнан шу нарса божсиз олиб кириш нормасини чеклашга уринаётган бизнинг электр техникаси, пойабзал ва тикувчилик саноатимизга ёқмаяпти.
Аммо ҳаммамиз импортни ҳар қандай тархда сунъий чеклаш, одамларнинг табиий эҳтиёжларига тўсқинлик қилиш, коррупция, криминал импорт ҳажмининг ошишига ва жамиятда ижтимоий кескинлик пайдо бўлишига бевосита йўл очган ҳолда, ҳар доим қайғули оқибатларга олиб келишини тушунамиз.
Одамлар борган сари нақд пулларни афзал кўрмоқда
2019 йилда шошилинч солиқ ислоҳоти ўтказилди. Янги нормаларнинг муаллифлари жорий этилаётган чоралар тадбиркорликни “соя”дан чиқариш, нақд ҳисоб-китоблар ҳажмини қисқартириш имконини беришини ҳар қандай йўл билан таъкидлашди. 2 йил ичидаги натижалар мутлақо бошқача манзарани кўрсатмоқда: “Савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасининг (бошқа йўналишларда ҳам) тушумлар тузилмасида банк карталари орқали амалга ошириладиган тўловлар улушининг пасайиши кузатилмоқда. Хусусан, агар 2017 йилнинг январь-сентябрь ойларида тўлов терминаллари орқали тушумлар улуши умумий тушумнинг 63,9 фоизини ташкил қилган бўлса, 2018 йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 44,8 фоизни, жорий йилда эса 34,9 фоизни ташкил қилган». Ушбу тенденция қуйидагилардан далолат беради:
a. товар ёки хизматга нақд пул билан тўлаганда, фақат сотувчига маълум бўлган турли сабабларга кўра уларнинг нархида сезиларли фарқ бўлади (“нақди – асал” деган иборани бир эсланг);
b. товар ва хизматлар сотувчилари барибир нақд пулларни маъқул кўради ва харидорларни ҳам турли айёрликларни қўллаган ҳолда шунга мажбур қилади, чунки бу уларга солиққа тортиладиган базани, ҳисобга олинмаган маҳсулот реализациясини яшириш ва ҳ.к. имкониятларни беради;
c. карта тўловларини қабул қиладиган аппаратлар етарлича ҳамёнбоп ва қўллашда қулай эмас, сотувчилар биттасининг (UzCard, Humo) ўрнига турли «card readers»дан фойдаланишга мажбур;
d. кўпгина кекса кишилар нақд пулларга “кўпроқ ишонади”, чунки улар учун нақд пулларни санаш ва уларнинг сарфини назорат қилиш осонроқ.
Афтидан, ушбу омилларнинг барчаси, алоҳида ва биргаликда, юқорида Марказий банк томонидан келтирилган рақамларга таъсир қилмоқда.
Абдулла Абдукадиров,
иқтисодчи
Шарҳлар