Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама…
«Журналистлар ва блогерларга ҳаддан ташқари кўп эркинлик берилди, шу боис ҳокимиятнинг обрўси тушиб кетяпти» – бу Ўзбекистонни бутун ҳокимият фаолияти жамоатчилик кўзидан панада олиб борилган даврларга қайтаришни истаётганларнинг хавфли овози. Ушбу позицияда турганларнинг ҳаммаси ўтган ҳафта Ўзбекистон Президентидан керакли жавобни олди.
Яқинда юз берган, кўп шов-шувни келтириб чиқарган ҳамда амалдорнинг ҳам, энг оммабоп нашрлардан бирининг ҳам обрўсига путур етказган можаро – бу бор-йўғи хамир учидан патир эди, шу боис Шавкат Мирзиёевнинг ушбу нутқига триггер бўлди деб айтиш мумкин.
Ижтимоий тармоқларда, ОАВда кўтарилган тўлқин ҳокимиятни қонунийликни тиклаш, кўрилаётган чоралар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш учун зарур чораларни кўришга мажбур қилган ҳолатларга кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Бундай воқеалар Ўзбекистон журналистикаси ниҳоят, нафақат ўзи учун, балки ўз ҳамкасбларининг тақдири учун ҳам масъул бўлган етук ҳамжамиятга айланаётганини намойиш этади.
Ниҳоят ҳокимият ҳам, Президент айтган сўзлар билан, ОАВ жамиятда рўй бераётган жараёнларни акс эттирадиган кўзгу эканини тан олди.
«Шуни эсдан чиқармайлик, матбуотни фаолиятимизни акс эттирувчи кўзгу деб билишимиз керак. Афсуски, кўп йиллар давомида биз ана шу кўзгуга қарашни ўзимизга эп кўрмадик. Оқибатда ҳақиқий қиёфамизни кўролмай қолдик. Халқимизга очиқ-ойдин маълум бўлиб турган айбу нуқсонларимизни тан олмасдан, “мен ҳаммадан зўрман” деб ўзимизга бино қўйиб, кеккайиб юравердик. “Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама” деган доно мақолни буткул унутиб қўйдик», таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Журналистлар, блогерларнинг позицияси ноқонуний уй бузишларни тўхтатишга, дарахтларнинг кесилишига мораторий эълон қилишга ёрдам берди. Медианинг бундай аралашуви, ўзини маъмурий ресурслар билан пана қилган ҳолда, номаъқул, баъзида эса жиноий ишларини қилишга ўрганганларнинг ғазабини жиддий қўзғамоқда.
ОАВнинг ўткир қалами – бу ҳокимиятга қарши курашиш эмас, балки бор-йўғи амалдорларни мавжуд қонунлар доирасига қайтаришга уриниш эканини тушуниш пайти етиб келди. Ҳозир бунинг уддасидан яхши чиқилмаётганини тан олиш керак. Август ойида ҳукуматнинг бузилган кўчмас мулк учун жисмоний ва юридик шахсларга тўланадиган компенсация бўйича қарзи 300 млрд сўм эди, ҳозир бу рақам 1 трлн сўмдан ошди. Бу ҳокимлар пиширган “ош”, шу боис ҳокимиятнинг ўзи, аниқроғи эса унинг айрим вакиллари яратаётган муаммоларда журналистларни айблаш – бу икки юзламачиликнинг ўзи ёки бугунги кун воқеликларини мутлақо тушунмасликдир. ОАВ бу камчиликларни ёритади, холос, ва бу билан муаммолар кўпайишининг олдини олади.
Anhor.uz турли даражадаги муаммоларни тез-тез кўтариб чиқади ва ҳар доим ҳам масъул идоралар томонидан жавоб олавермайди. Бир ойча илгари биз “хуфия” ташқи реклама (бундай рекламани жойлаштиришга ким рухсат бериши ҳам номаълум) муаммосини кўтариб чиққандик. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Эҳтимол, энди наркотиклар савдоси билан шуғулланадиган сайтга олиб борувчи реклама баннери топилганидан кейин жавоб олармиз. Афсуски, кўп ҳолларда фақат Президентнниг сўзи қонунни ишга туширяпти.
Вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар, судлар кўтарилаётган муаммоларга эътибор қаратиш у ёқда турсин, чоралар кўриш ўрнига босим ўтказишга уринади. Уларнинг айримлари эса “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун асос қилиб кўрсатилганида ҳам сўровларга жавоб беришни ўзига эп кўрмайди.
Эҳтимол, Ўзбекистон жамияти навбатдаги “етуклик” нуқтасидан ўтаётгандир. Бу қадам дадил ва тўғри йўналишда бўлиши учун ушбу жараённинг барча иштирокчилари – ҳокимият ҳам, жамият ҳам, ОАВ ҳам масъул.
Устозимнинг “матнни кузат, ўй-хаёлларингни кузат” сўзлари эсимга тушади. Бу сўзлар нафақат журналистларга, балки барча даражадаги амалдорларга ҳам тааллуқли. Материаллар “қаҳрамонлари” маъмурий, фуқаролик судларига даъво аризаси билан чиқаётган, журналистлар ва ОАВнинг устидан прокуратурага шикоят қилаётган воқеалар ҳам учрамоқда. Журналистлар ҳам қонунларни бузганликлари учун амалдорларга, давлат органларига, компанияларга қарши худди шундай даъво аризалари билан чиқадиган кунлар ҳам яқинлашган кўринади. Чунки биз уларнинг қонунларни кўпроқ бузишини яхши биламиз.
Бошқача қилиб айтганда, ниҳоят, биз низолар маъмурий дастаклар, таҳдидлар ва руҳий босим билан эмас, балки судларда ҳал қилинадиган даврга қадам ташлаяпмиз. АОКА айнан шу мақсадда ташкил қилинганига ишонгимиз келяпти. Демак биз, журналистлар, бунга тайёр бўлишимиз, ҳаққоний фактларга, экспертларнинг фикрига таянишимиз, юридик жиҳатдан саводли бўлишимиз, ҳар бир айтган сўзимиз учун жавоб беришимиз даркор. Шунда вақт ва жамиятнинг ўзи ким ҳақ, ким ноҳақ эканини тушуниб олади. Anhor.uz нашри бундай келажакдан қўрқмайди.
Лола Исламова
Шарҳлар