Камералар, кўлмаклар ва бузилган йўллар ҳақида
Ҳар қандай эзгу ишни унинг ёмон ижроси билан бузиш мумкин. Бунга Тошкент чорраҳаларида замонавий камераларни ўрнатиш билан боғлиқ ишлар далолатдир.
Камераларни ўрнатиш бу, албатта, зарур иш – ҳайдовчилар ҳеч бўлмаганда шу чорраҳалар ва уларнинг яқинида йўл ҳаракати қоидаларига хушёрроқ амал қиладиган бўлади. Бу яхши.
Йўл-патруль хизматининг чорарҳаларда туришдан бўшаган ходимлари мутлақо назоратсиз ёки вақти-вақти билан назорат қилинадиган кўчалар ва чорраҳаларга ўтади. Бу ҳам, шубҳасиз, яхши.
Бу ҳаракатларнинг ҳаммасини олқишлаш керак, албатта, айниқса Жаҳон ЙТҲ қурбонларини хотирлаш кунида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари доктор Асмус Хаммерих маълум қилган ахборотни эслайдиган бўлсак.
Чорраҳалардаги хандақларни дарров қазишганини, аммо йўлларни олдинги ҳолига келтириш ишлари жуда қайғули ҳолатда эканини қайд этиш жоиз.
Марказий йўллардан ташқари хандақлар сифатли кўмилган бирортаям чорраҳани кўрмайсиз. Кўп ҳолларда йўлнинг таъмирланган қисми асосий йўл тўшамасидан ё паст, ё баланд. Айрим жойларда машинада юрганда сезиладиган ботиқликлар пайдо бўлган ёки йўлнинг бутун кенглиги бўйлаб ётқизилган “полициячи”нинг деворлари шу даражада тиккаки, баллонга зарар етказиш хавфи мавжуд.
Баъзи жойлардаги хандақлар тўлиқ кўмилмаган, шу боис йўлнинг четидан ярим метрда ўралар қолиб, улар ёмғир сувига тўлиб қолмоқда. Себзор кўчасидан (“Ганга” дўкони) чиқиш жойидаги айлана ёнидаги мураккаб чорраҳада эса шундоқ йўлнинг ўртасида катта чуқурлик ҳосил бўлган. У пайдо бўлганига бир ойдан ҳам ошдики, йўл хизмати уни таъмирламаяпти. Бундай ҳолатларга ўнлаб мисолларни келтириш мумкин.
Ушбу кўз ўнгимизда турган фактлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, йўл хизмати ишчиларини ёки ушбу хандақларни қазган, кейин эса уларни кўмган одамларни ҳеч ким назорат қилмаяпти.
Шу ўринда, нега ўз ишига бўлган бундай масъулиятсизлик ва совуққонлик йўлларнинг (нафақат раҳбарият юрадиган, балки барча йўлларнинг) сифати ҳақида қайғуриши керак бўлган ҳокимиятнинг эътиборидан чет қолмоқда, деган савол туғилади. Бунинг устига айнан ҳокимият бизнинг чўнтагимиздан, яъни солиқ тўловчилар ва ҳайдовчиларнинг чўнтагидан йўл таъмирловчи шу ишчиларга иш ҳақини тўлайди.
Назаримда, хизмат вазифасини тегишли тарзда бажармаслик, аҳолига, ўз сайловчиларига бўлган ҳурматсизлик прокуратуранинг эътиборини эътиборини тортувчи ҳолатдир.
Йўл таъмиридаги камчиликлар қисқа муддат ичида бартараф этилишига, қишки совуқлар ҳайдовчилар ва пиёдалар учун жиддий синовга айланмаслигига умид қилишни хоҳлардик.
Мансур Ибрагимов
Anhor.uz учун махсус
Шарҳлар