Кока-Коланинг Ўзбекистондаги парвози ва инқирози
2 май куни Ташқи иқтсодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Coca–Cola International компаниясининг Туркия, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари бўйича президенти Галья Молинас билан учрашув ўтказилди. Музокаралар чоғида «Coca–Cola» компанияси билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди, дея хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Бу Ўзбекистонда «Coca-Cola» компанияси билан боғлиқ вазиятга оз бўлса-да, ойдинлик киритган сўнгги ярим йил ичидаги расмий янгиликлардан бири бўлди. Энди, воқеалар хронологиясини тиклашга уриниб кўрамиз.
2013 йил февраль. Пештахталардан Кока-Кола ичимлиги йўқолди. Истеъмолчилар орасида турли, хусусан завод ёпилармиш, деган миш-мишлар юрибди. Бироқ «Соса-Cola» компаниясининг Евросиё ва Африка мамлакатларидаги коммуникациялар бўйича директори Дана Болден ушбу миш-мишларга барҳам беради. У завод ёпилмаган ва ёпилиш нияти йўқ, шунчаки етказиб бериш ишлари билан боғлиқ вақтинчалик муаммолар кузатиляпти, холос, деган баёнотни билдиради. Дўконларда 1,5 литрлик ичимликнинг нархи 2500 сўм.
2013 йил апрель. Кока-Кола пештахталарга қайтди. Лекин энди 1,5 литрлик кока-кола нархи 3000 сўмгача кўтарилди.
2013 йил сентябрь. Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми давомида «Coca-Cola» компаниясининг минтақавий менежери Олег Пилецки 2014 йилда компания Ўзекистонга $50 млн.дан зиёд маблағ инвестициялашни режалаштираётгани ҳақида маълум қилади. Дўконларда эса бир шиша кока-коланинг нархи 3500 сўм.
2013 йил декабрь. Янги йил арафасида кока-кола яна дўкон пештахталаридан йўқолади. Нархлар 7000-8000 сўмгача кўтарилади.
2014 йил январь. Оммавий ахборот воситаларида «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston LTD» МЧЖнинг 12 миллион долларни ўзлаштиришда ҳамда шакар етказиб бериш бўйича ҳужжатлар ва корхонанинг молиявий ҳисоботларини қалбакилаштиришда гумон қилинаётган икки нафар топ-менежери ҳибсга олингани ҳақидаги хабар пайдо бўлади.
2014 йил февраль. Расмий сабаб маълум қилинди – заводдаги профилактика ишлари туфайли Coca-Cola, Fanta ва Sprite ичимликларини ишлаб чиқариш вақтинчалик тўхтатилади. «Айнан ишлаб чиқариш тўхтагани боис бозорлар ва дўконларда ушбу ичимликнинг нархи кескин кўтарилиб кетди. Ҳозир сотувда бўлган ичимликлар – сотувчиларнинг ўзида қолган маҳсулот. Нархларни ҳам улар белгилайди», – дея шарҳлайди ўшанда бу ҳолатни «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD» корхонасининг вакили.
2014 йил март. Кутилмаганда бозорларда юқорида тилга олинган ичимликлар, шу жумладан Burn энергетиги ҳам пайдо бўлади. Маҳсулот қиймати ҳам шубҳа туғдирадиган даражада арзон – 1,5 литрлик Coca-Cola, Fanta ва Sprite ичимликларининг нархи 2250-2550 сўм атрофида. Одамлар севимли ичимлигини хард қилиш учун навбатда туришга рози. Сабаби унинг якунига етаётган яроқлилик муддатида.
2014 йил март. Бундан буён «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston LTD» корхонасининг 57.12% миқдоридаги давлат улуши Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси ҳузуридаги «Давлат активларини бошқариш маркази» ДУКга тегишли экани ҳақидаги расмий маълумот эълон қилинади.
2014 йил апрель. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида «Coca-Cola International» компаниясининг Туркия, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари бўйича президенти Галья Молинес билан учрашув бўлиб ўтади.
Бу орада эса Pepsi ичимлигининг қиймати 1,5 литр учун 8000 минг сўмга етади, Coca-Cola 2500 дан 6000 сўмгача бўлган нархларда кичикроқ дўкончаларда қолади, холос.
Бундан буёғига нима бўлишини олдиндан айтишнинг иложи йўқ, чунки сентябрь ойида янги инвестициялар ҳақида эълон қилинган бўлса, апрель ойига келиб компаниянинг назорат улуши Давлат қўмитасига берилди.
Эҳтимол, тез орада пештахталарда ичимликнинг янги партияси пайдо бўлар, балки бу яқин орада уни кўрмасмиз, аммо шуниси аёнки – кока-кола бўлади. Чунки ноёб ускуналарга эга ушбу ноёб заводлар йўқолиб кетишига ҳеч ким йўл қўймайди. Нима бўлганда ҳам, бунга ишонгимиз келяпти.
Жавлон Хасанов,
Anhor.uz учун махсус.
Шарҳлар