Кино бўлган ва қолади…

Кино бўлган ва қолади…

Дарҳақиқат, барча санъатлар ичида кино «биз учун муҳим» бўлган ва шундай бўлиб қолаётир, чунки у одамларнинг шуури ва қалбига йўл топа оладиган энг таъсирчан восита ҳисобланади. Жуда тез ва тубдан ўзгараётган ҳозирги оламда қарийб 100 йил олдин таърифи келтирилган ушбу ишчи тезис алоҳида исбот-далилни талаб этмайдиган ва мутлақо ўз аҳамиятини йўқотмаган постулатга айланди. Афтидан, шу аксимомани ҳисога олган ҳолда Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда уч марта – 1996, 2004 ва 2013 йилларда кинематографияни ривожлантириш муаммоларига бағишланган муҳим қарорлар қабул қилинган бўлса керак.    
 
Шу боис ўзбек кино санъатининг бугунги аҳволига охирги йиллардаги ҳукумат тадбирлари ҳамда ташкилий-кадрлар масаласи нуқтаи назаридан, шунингдек фильмларнинг молиявий-техникавий таъминоти ҳамда муаллифларнинг ғоявий-ахлоқий позициялари мамлакат раҳбариятининг талаб ва истаклари нуқтаи назаридан таърифланишига тўхтаб ўтишни истардим.   
 
Хўш, амалда улар қандай бажариляпти? Киностудияларнинг 2013 йилги фаолияти якунлари бўйича ўтазилган ижодий анжуман қоридаги саволларга муайян даражада жавоб бера олди. Мазкур анжуман апрель ойининг охирларида ўтказилиб, ундан олдин республика кино маҳсулотлари кенг оммага тақдим этилди.
 
Хусусан, томошабинлар ҳукмига 19 та бадиий фильм (шундан 10 таси хусусий студияларда яратилган), 5 та мультипликацион фильм ҳамда 38 та ҳужжатли ва илмий-оммабоп лента ҳавола қилинди. Бу мамлакатимизда кино соҳасида амалга оширилаётган узоқ муддатли ўзгаришларнинг дастлабки натижалари ҳақида сўз юритиш имконини берди. Кўрганларимни умумлаштирган ҳолда  бир нечта мулоҳазани билдиришни истардим.
 
Биринчидан: давлат студияларида, энг аввало, долзарб мавзуларга бағишланган фильмларни яратишга урғу берилган. Бу асосан «маҳалла»нинг одамлар ҳаётидаги роли, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиздаги мавжуд ҳокимият душманларининг кирдикорларини фош этиш мавзуларидир.
 
Мен бу фильмларнинг тўлиқ мазмунига тўхталиб ўтирмайман. Одатда уларга қаҳрамонларнинг образларини талқин қилишда дангаллик, бўрттирма ҳаяжон ва насиҳатомузлик, можароли вазиятларнинг енгиллаштирилган ечими хослигини қайд этиб ўтишнинг ўзи етарли.
 
Масалан, Ҳилол Насимовнинг «Одноклассники.ру» деб номланувчи қизиқарли фильмида қаҳрамонлар «Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши» деган мазмундаги сўзларни бир неча бор такрорлайди. Гўёки, юртдошларимиз бегона юртларга пул ишлаб топиш илинжида бормаётгандай ёки амалдорларимизга фарзандларини ўқиш, ишлаш учун айнан хорижга юборишга ватанпарварлик ҳисси халақит бермайдиган бошқа мисоллар йўқдай. Турмуш бир хил қолипдаги вазиятлардан иборат эмас, у фильмлардагидан кўра анча бойроқ ва хилма-хил, шу боис мураккаб ва нозик масалаларни маҳоратлироқ ва янада нозикроқ қилиб бериш керак.  
 
Шу билан бирга, кино саноати раҳбарларининг долзарб фильмларни яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам кўзга ташланади. Мустақил Ўзбекистон мафкурасига хизмат қилувчи картиналар сони ошиб боришига ишончим комил. Қанийди, шу билан бирга фильмлардаги ҳаёт ҳақиқати ҳам ошиб борса!
 
Кино соҳасидаги жараёнларга тўхталар эканмиз, фақат битта – тижорат мақсадини кўзлайдиган хусусий студияларда картиналар яратилиши каби ҳодисага эътибор қаратмасликнинг иложи йўқ. Айрим киношуносларнинг шарофати билан тижорат киноси «параллель кино» атамаси билан алмаштирила бошланди. Аслида бу нотўғри, чунки аввал бошидан параллель кино ультраавангард, некро-реалистик ва анъанавийликни рад этувчи жанрларни ўз ичига қамраб олган, яъни у қандайдир бир мавзуга оид ва эстетик мазмунни назарда тутган, аммо мутлақо молиявий таъминотни эмас. Бунинг устига, параллелизм давлат ва тижорат киносининг ҳеч бўлмаганда қандайдир бир тенглигини кўзда тутади, бироқ амалда киноленталар сифатидаги улкан тафовут яққол кўзга ташланмоқда. Ҳолбуки, давлатникига қараганда хусусий студияларда йилига 4-5 марта кўпроқ фильм яратилади. Хусусан, фақат ўтган йилнинг ўзидаёқ юртимизда 43 та тижорат фильми суратга олинган!        
Бундан оддий хулоса чиқариш мумкин: ўзбек томошабинларининг қизиқиши ва диди асосан айнан шу шубҳали маҳсулот ҳисобидан шаклланаётир. Мана буниси энди қўрқинчли ҳолат! «Сон сифатга айланади» деган фикрга ишониб, унга амал қилиш одамларни эстетик ва ахлоқий тарбиялаш борасидаги ҳалокатли йўлдир. 
 
Мўмай пул илинжидаги ҳомийлар ҳамда саводсиз режиссёр ва сценарийнависларга йўл очаётган «Ўзбеккино» ўзини-ўзи алдаш билан шуғулланган, яъни «ҳечқиси йўқ, маҳорат вақт ўтиши билан келади» деган мулоҳаза билан иш кўрган, деб қўрқаман. Бу вақт қачон келишини билмадим-у, аммо томошабинларни ҳозирнинг ўзидаёқ, ёппасига ва изчиллик билан «бузяпмиз». Шу ўринда 50-70 йил олдинги кино санъатимиз тарихини эслаш жоиз бўларди. У пайтда юзлаб бир пулга қиммат фильмлар чиқарилмаган ва уларнинг фонида 5-6 та дурдона яратилмаган. Йилига бор-йўғи битта-иккита картина дунё юзини кўрган, лекин қандай фильмлар! Бунга «Уятдан қизармаган бу шеърларнинг гўнгдан кўкариб чиққанини билсангиз эди… » деган сатрлари билан Ахматова ҳайратланиши мумкин, холос. Бизнинг кино «чиқиндихона»миздан эса келажак авлодлар эътиборига муносиб фильм чиқиши даргумон. 
 
Лекин биз нафақат тижорий мақсадларни кўзловчи, балки узоқ келажакда ҳам одамлар қизиқиб томоша қиладиган фильмларга умид қилишга ҳаққимиз бор, деб ўйлайман. Бахтимизга, бунга мисоллар бор – «Тоҳир ва Зуҳра», «Алишер Навоий», «Насридиннинг саргузаштлари», «Маҳаллада дув-дув гап», «Оқ лайлаклар», «Меҳрибонлик» ва бошқалар. Аммо улар нафақат катта маҳоратни, балки чуқур фалсафий самимийликни, ижодий кашфиётларни талаб этади. Ҳозирги ўзбек фильмларига айнан шу нарса етиишмаяпти.    
 
Шунга қарамасдан бу борада оз бўлса-да уринишлар бор. Масалан, Нозим Тўлахўжаевнинг анжуман кунлари тақдим этилган «Зарба» фильмини олайлик. Авваламбор, Тўлахўжаев ўзи яратган анимацион ленталари, актёрлик ишлари, бадиий фильмлари билан ҳар доим киношуносларнинг ҳам, жамоатчиликнинг ҳам эътиборини тортиб келган кино санъати усталари сирасига киришини қайд этиш жоиз. У яратган анимацион фильмлар орасида «Ёқимли ёмғир ёғади» мультфильми халқаро эътирофга сазовор бўлган бўлса, унинг иштироки ва муаллифлигидаги бадиий ленталарнинг кўпчилиги ўзбек кинематографиясида катта воқеага айланган.  
 
Тўлахўжаевнинг охирги картинаси иқтидорли Эльмира Хасанованинг сценарийси бўйича яратилган бўлиб, ижодий жараёнга рассом Бобур Исмоилов, бастакор Дмитрий Янов-Яновский каби таниқли санъат намоёндалари, Бахтиёр Қосимов, Райҳон Уласенова, Юлдуз Ражабова каби қатор истеъдодли актёрлар таклиф этилган. Умуман олганда, ижодкорлар жамоаси ёрқин, топқирлик билан суратга олинган, драматик ифодали картинани яратишга муваффақ бўлганини тан олиш керак.  
 
Афсуски, мелодрама элементларига эга ушбу фалсафий драма ўткир гротеск, ҳазил саҳналарнинг кўплиги ҳамда қаҳрамонларнинг яққол кўзга ташланувчи ақлга тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатлари билан қўшилиб кетган. Бош қаҳрамон характерини эволюцион тарзда очиб бериш ўрнига, бизга аввал бошиданоқ умумий оқимдан чиқиб кетган, гўёки энди на филармонияга, на рафиқасига керак бўлган созанда образи таклиф этилади. Янги таниши бўлган аёл ўз жонига қасд қилаётганида ўзи ҳис қилган «катарсис»дан кейин ҳам у яна шу аёлнинг ўғлига қичқиришга журъат этади. Олдинда ёруғликни кўраётган, лекин шунга қарамасдан онгли равишда ўлим сари бораётган аёлнинг ҳам хатти-ҳаракатларида тушунарли мантиқ йўқ.  Ушбу «таъсирли» бурилиш ўзини оқлай олмаган.
 
Картинадаги бошқа эпизодларда ҳам бир-бирига тўғри келмайдиган ҳолатлар ва бўрттирма ишоралар кўп. Эр-хотин қаҳрамонларнинг оиласида олдин уйғунлик бўлганига одам ишонгиси келмайди. Постановкачилар чиройли буюмлар ва либосларга кўпроқ урғу бергани ҳам кўзга ташланади. Қўлига болта олган хотин, саҳна либосларини ёқиб юбориш ёки еб тўймас бақалоқ акс этган саҳналарда тўғридан-тўғри ечимлар мавжуд. 
 
Шу билан бирга, симга илиниб қолган варрак, телба йигитчанинг қўлида кутилмаганда жиринглайдиган бузуқ телефон, керакли манзилни излаб сарсон бўлган кампир каби рамзий топилмалар ҳам бор.  
 
Муаллифлар бу билан гўёки ўз кино тадқиқотларининг пурмаънолигини ва ноанъанавийлигини атайлаб таъкидлашга урингандай. Афсус! Ваҳоланки, улар улкан ижодий қувватга ва умумлаштирувчи кучга эга, инсонларнинг азалий энг оғриқли томонларини аниқ ифодаловчи кино асарларини яратишга қодир. 
 
Ўзбек кинематографиясини ривожлантириш муаммолари борасидаги айрим фикрларимиз ана шулардан иборат.
 
Аъло Хўжаев,
Anhor.uz учун махсус.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.