А йиқилди, Б йўқолди
Ўзбекистонда катта талабга эга Украина ва Россияда ишлаб чиқарилган «бантик» моделидаги болалар сўрғичлари савдодан йўқолди. Пештахталарда гўдаклар оғзидан чиқариб ташлайдиган хитой сўрғичлари қолди, холос. Болалар ҳам уларнинг шубҳали сифатини сезади, шекилли. Бу хабарни тахририятимизга оналар ёзиб юборибди. Шунингдек улар дўконларда гўдаклар учун мўлжалланган NAN 2 озуқаси ҳам деярли қолмаганини маълум қилади. Кичкина дўкончаларда эса яроқлилик муддати ўтган ёки ўтишига оз қолганларини топиш мумкин. Оналар бундай озуқани харид қилишдан хавфсирамоқда, чунки дўкончаларда уларни сақлаш шароитлари ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилганларига тўғри келмайди. Хусусан, болалар озуқалари пештахталарда ҳарорат бўйича сақлаш режимига зид равишда иссиқда туради.
«Нега Ўзбекистонда вақти-вақти билан истеъмолчилар эндигина ўрганган у ёки бу маҳсулот йўқолиб қоляпти? – дейилади нашримизга йўлланган хатда. – Йўқолгандаям, сифати яхши ёки маъқул бўлган моллардан ажралиб қоляпмиз. Яхши маҳсулотлар йўқолиб, Хитойда ишлаб чиқарилганлари кўпаймоқда. Нега савдо соҳасини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлган кўп сонли давлат тузилмалари болалар озуқасининг сақланиш шароитларига, уларнинг Ўзбекистонга қандай йўллар билан олиб кирилишига панжа ортидан қарамоқда? Пул амалдорларнинг кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйишини биламиз, аммо бу даражагача бориш керакмас, ахир», – дейилади жамоа бўлиб ёзилган хатда.
Тўғрисини айтиб қўя қолайлик: ёш оналарнинг таъналарида ҳам жон бор. Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам хитой молларининг катта чиқиндихонасига айланиб бўлди, яъни биз ўзини ҳурмат қилган мамлакатларга олиб кирилмайдиган сифати энг паст хитой маҳсулотларининг истеъмолчисимиз. Биз ўзимиз хоҳлаган нарсани аллақачон харид қилмай қўйганмиз, савдода борини сотиб оляпмиз. Тошкентнинг энг зўр супермаркетидаги маҳсулотлар ассортименти Қозоғистон ёки Россиянинг туман марказларида жойлашган оддий дўконлардагидан ҳам қашшоқроқ. Европа ҳақида-ку гапирмасаям бўлади. Кундалик эҳтиёж моллари борасида ҳам аҳвол шу. Танлаш имконияти кам, сифат – паст, нархлар осмонда. Бу конкрет кимга керак? – деган савол туғилади.
Қанчалик мантиққа зид бўлмасин, аммо маҳаллий амалдорларнинг тили билан жадал ривожланаётган бозор иқтисодиётига эга давлатлар сирасига киритилган Ўзбекистон аслида ўз мустақиллигининг йигирма уч йили давомида катта тараққиёт йўлига чиқа олгани йўқ. Ўзимиз бирор-бир дуруст маҳсулот ишлаб чиқаришимиз у ёқда турсин, чет элда ишлаб чиқарилган сифати яхши молларга ҳам тўсиқ қўйяпмиз. Расмий сабаб сифатида эса маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш керак деган баҳона кўрсатилмоқда. Яъни ўзимизнинг тадбиркорларга оёққа туриб олишига имкон яратишимиз керак экан. Бу фикр борасида кўп мунозара қилиш мумкин, чунки рақобатсиз муҳитда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқарувчи аввал бошиданоқ сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотни ишлаб чиқаришдан манфаатдор бўлмайди. Жуда қимматга тушадиган акциз ва божхона божлари сифатли маҳсулотлар импортини бефойда қилишини яхши тушунган тадбиркор ҳар қандай ҳолатда ҳам бозорда ўзининг сифати паст ва қиммат моли ўтишини яхши билади.
Мамлакатни иқтисодий томондан яккалатиб қўйиш, гўёки Ўзбекистоннинг мустақиллигини исботлайдиган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришини кенгайтириш баҳонасида халқаро иқтисодий кооперацияни минимумга етказиш аслида ривожланишнинг шубҳали моделидир. Бугун бу кўпчилик учун яққол бўлиб қолди. Биз фақат яхши сифатли болалар сўрғичи ёки истеъмолга яроқли болалар озуқасини тополмаётганларни назарда тутаётганимиз йўқ.
… Яқинда таниқли хорижлик журналист сайёҳ сифатида Тошкентда бўлганди. «Назаримда, сизлар ҳамон совет воқелигидан чиқиб кетмагандайсиз. Иттифоқдан эмас, айнан «СССРда ишлаб чиқарилган» деган воқеликдан. Сизлар ҳатто бир хил GM автомобилларида юраркансиз. Олдинлари «Жигули» эди, ҳозир GM, худди инсоният бундан яхшироғини яратмагандай», – деганди у ҳайрон қолиб.
Мансур Ибрагимов,
Anhor.uz учун махсус
Шарҳлар