Алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солишда муҳим қарор – Ҳусан Тангриев

Сўнгги йилларда республикамизда кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни тиббиёт амалиётида қўллаш, сақлаш, уларнинг ноқонуний муомаласини чеклаш, жисмоний шахслар томонидан улардан фойдаланиш ҳамда уларни йўқ қилиш тартибларини белгилаш зарурати юзага келди.

Алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни тиббиёт амалиётида қўллаш ва уларнинг муомаласини тартибга солиш, шунингдек, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит ўтказишда назоратни таъминлаш мақсадида муҳим ҳужжат қабул қилинди.

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 октябрдаги 632-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикасида алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида” Низом тасдиқланди.

Аввало, алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар нима ўзи?

Демак, нотиббий мақсадда фойдаланиш ёки дозаларни оширилиши натижасида инсон саломатлиги ва руҳиятига фаол таъсир кўрсатувчи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сон қарори билан тасдиқланган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатида “*” билан белгиланган моддалар ва/ёки улардан тайёрланган дори воситалари алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар ҳисобланади.

Рўйхатда алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар сифатида “Залеплон”, “Прегабалин”, “Тропикамид”, “Циклопентолат”, “Габапентин” киритилган.

Алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказмасдан олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат берилади:

мамлакатда бўлиш даврида, икки хафталик эҳтиёждан ортиқ бўлмаган миқдорда жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган бўлса, ҳусусан, бемор яшаган мамлакатдаги тиббиёт муассасасининг шифокори томонидан алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига кирувчи моддалар ва/ёки улардан тайёрланган дори воситаларининг тури, буюрилган қабул қилиш ва давомийлик муддати кўрсатилган ҳужжати (шифокор хулосаси)ни ёки рецепт нусхаси мавжуд бўлса;

республика ҳудудида ва унинг ҳудудидан ташқарида яшаб турган беморни даволаш-профилактика муассасаси томонидан тасдиқланган тиббий кўрсатма асосида даволаш курси доирасида даволаш учун мўлжалланган бўлса;

дипломатик ваколатхоналарнинг ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг дипломатик ҳамда маъмурий-техник ходимлари, шу жумладан, улар билан бирга яшаб турган оила аъзоларининг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган бўлса;

республика ҳудудига кириб келаётган ёки унинг ҳудудидан чиқиб кетаётган транспорт воситасининг йўловчиларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган ва тиббий дорилар қутичаси таркибига киритилган бўлса;

Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида ўтказиладиган халқаро илмий, маданий, спорт тадбирлари иштирокчиларини ҳамда халқаро экспедициялар иштирокчиларини даволаш учун мўлжалланган бўлса.

Алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни почта ва курьерлик жўнатмаларида, шу жумладан, халқаро почта жўнатмаларидан жўнатиш тақиқланади.

Мазкур моддаларни икки ҳафталик эҳтиёждан ортиқ бўлмаган миқдорда олиб кириш ва олиб чиқишда жисмоний шахслар томонидан божхона органларига бўлиш ёки яшаш мамлакатининг тиббиёт муассасасидан унинг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган дори воситасининг номини, унинг доривор шаклини ва даволаш курсига тавсия қилинган миқдорини кўрсатган ҳолда, муайян жисмоний шахсга берилган ҳужжат тақдим этилади.

Икки ҳафталик эҳтиёждан ортиқ бўлмаган миқдорда олиб киришга ва олиб чиқишга эса тиббиёт муассасасининг даволаш-маслаҳат комиссиясининг муҳри билан тасдиқланган хулосаси мавжуд бўлганда рухсат берилади.

Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали Ўзбекистон Республикасига олиб киришда алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг йўловчи божхона декларациясида қайд этилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатлар мавжудлигини ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг жисмоний шахсдаги алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг номларига ва сонига мувофиқлигини белгиланган тартибда назорат қиладилар.

Жисмоний шахсларга тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатда ва декларацияда кўрсатилган алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг номи ва миқдоридан ортиғини олиб ўтиш тақиқланади.

Жисмоний шахс алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни  шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ва олиб чиқишда тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун жавоб беради.

Мазкур моддаларни юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш психотроп моддаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартиби асосида амалга оширилади.

Алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни автомобил, темир йўл ва ҳаво транспортларида ташиш фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Мазкур моддалар ҳаво кемасининг юк-багаж бўлимлари ва темир йўл юк вагонларида (қўл юки сифатида эмас) масъул шахс кузатувида ташилади. Шунингдек, катта миқдорда ташиш жараёнлари масъул ходимларининг қўриқловида амалга оширилиши мумкин. Ташиш учун масъул шахс, қўриқлаш ходимлари, ташишни амалга оширувчи ходимлар, автотранспорт воситаларнинг ҳайдовчилари юк жўнатувчи ёки юк олувчининг буйруғи (фармойиши) билан тайинланади.

Ҳозирда Божхона қўмитаси томонидан чегара ўтказиш пунктлари ва божхона постларида алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати ва ушбу моддаларни декларациялаш мажбурияти тўғрисида тегишли маълумотларни жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, республикамиз божхоначилари жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида аниқланган 224 та контрабанда ва божхона қонунбузилиши ҳолатларида 874 минг дона таблетка ва 90 дона ампула кўринишида ҳамда 16,3 кг. оғирликдаги психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасинга чек қўйилган.

Ишонамизки, янги ҳужжат алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг муомаласини тартибга солишда самарадорликнинг ошишига хизмат қилади.

 

Ҳусан Тангриев,

Божхона қўмитаси Раисининг матбуот котиби

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.