АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида
Февраль ойи бошида АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро муносабатларда бирданига иккита муҳим воқеа юз берди: АҚШ давлат котиби Майкл Помпеонинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифи амалга ошди, унинг ташрифидан кейин эса Вашингтонда АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси эълон қилинди.
Айтиш жоизки, стратегия матни, бир қарашда, олдинги шунга ўхшаш ҳужжатлардан тубдан фарқ қилмайди. Аммо, аҳамиятга эга муҳим деталлар мавжуд. Масалан, авваллари АҚШ минтақага Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан қарарди. Энди расмий Вашингтон назарида минтақа ўз қийматига эга.
АҚШнинг стратегияси, масалан, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясидан фарқли ўлароқ батафсил баён этилмаган, унда фақат АҚШнинг минтақадаги ташқи сиёсатининг асосий векторлари кўрсатилган холос. Ушбу стратегияда тафсилотлар йўқлиги боис мазкур ҳужжатни изоҳлаш зарурати юзага келмоқда. Хўш, расмий Вашингтон Марказий Осиёни қай тарзда кўрмоқда, минтақанинг ўзида нима ўзгарди ва ўзгармоқда ?
Минтақада ўзгарган биринчи ва энг асосий нарса – бу Ўзбекистонда ҳокимият янгиланди. Америкалик марҳум геостратег Збигнев Бжезинскийнинг концепциясига кўра Ўзбекистон МО минтақасидаги муҳим давлат ҳисобланади, у Москвадан мустақил равишда ўзининг геосиёсий курсини амалга ошириш салоҳиятига эга. Бироқ 2016 йилгача, яъни Ўзбекистон анча ёпиқ бўлиб, очиқ ва фаол ташқи сиёсатни юритмаётган пайтга қадар, АҚШ минтақавий геосиёсий стратегияси самарали амалга ошиш имконига эга эмасди.
Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти Ғарб билан стратегик ҳамкорлик учун қулай ҳамкорга айланди. Ўзбекистон ислоҳотлар курсини эълон қилди, ўз муаммоларини тан олишдан воз кечмаяпти, уларни ҳал этиш устида бор кучини бериб ишлаяпти. Охирги уч йил ичида Ўзбекистон расмий Тошкентни инсон ҳуқуқларини қўпол ва мунтазам равишда бузишда, репрессияларда айблаш учун реал баҳона бергани йўқ. Сўнгги уч йил давомида Президент Мирзиёев мажбурлаш ҳокимият шакли сифатида истисно этиладиган ҳокимият тизимини самимий яратишни истаётган ҳақиқий ислоҳотчи сифатида танилди. Ҳозир Ўзбекистонни ғарбда “яхши янгиликлар мамлакати” деб аташмоқда.
Таъкидлаш керакки, Вашингтон МО минтақасида Тошкент ва Нурсултан ўртасидаги рақобатни рағбатлантиришдан қочишга уриняпти. Шу боис Помпео аввал Қозоғистонда бўлди, фақат шундан кейингина Ўзбекистонга ташриф буюрди, минтақадаги бешта республика ТИВ раҳбарларини С5+1 форматида тўплади. Агар Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақадаги етакчилик мақоми учун ўзаро қатъий рақобат қилишда давом этса, бу биринчи навбатда, Москва ва Пекин томонидан минтақадаги турли манипуляциялар учун фойдаланилиши мумкинлигини Вашингтон яхши тушунади.
Охирги йилларда минтақага кучли таъсир кўрсатаётган иккинчи нарса – бу Пекиннинг жуда тез ўсиб бораётган иштироки. Бжезинский ўзининг Марказий Осиё бўйича стратегиясини тузаётганда, Москванинг геосиёсий гегемониясига қандай йўл қўймаслик ҳақида ўйларди. Аммо сўнгги йилларда ХХР минтақа мамлакатларида асосий инвестор, кредитор ва савдо-иқтисодий шерикка айланди. Расмий статистикага кўра охирги тўрт йил ичида расмий Пекин Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий шериги ҳисобланади. Ўзбекистоннинг илк мустақиллик кунларидан бошлаб 2015 йилгача Тошкентнинг биринчи савдо-иқтисодий шериги бўлган Россия эса “иккинчи” мақомига кўнишга мажбур бўлди.
Ўзбекистон ёки олдин унинг ҳудудида жойлашган давлатлар тарихида ХХР ёки тарихий Хитой ҳеч қачон асосий савдо-иқтисодий шерик бўлмаган. Ҳатто Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳудуди ва халқлари “Буюк Ипак йўли” марказида жойлашган ўрта асрларда ҳам кўпроқ Эрон, Туркия ёки яқин қўшнилар ўша пайтдаги Самарқанд ёки Бухоронинг биринчи савдо-иқтисодий шериги ҳисобланган. Шу боис расмий Пекиннинг Марказий Осиёга таъсирининг тўсатдан ортиши унинг Москва билан стратегик геосиёсий альянси билан биргаликда АҚШни жиддий ташвишга солиши керак.
АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси қуйидаги мақсад ва вазифаларни кўзда тутади:
– Россия Федерациясининг Марказий Осиё мамлакатлари устидан геосиёсий монополиясига йўл қўймаслик. АҚШ Москванинг минтақага таъсир кўрсатиш бўйича умумий ресурсларига тўлақонли рақобатчи бўла олмаслигини Қўшма Штатлар яхши тушунади. Бунинг устига ҳозир, яъни Оқ уйда ўз эътиқодларига кўра изоляционист бўлган Трамп ўтирган бир пайтда.
Шу билан бирга, Вашингтон Кремлнинг постсовет ҳудудида геосиёсий лойиҳаларни қуриш бўйича ўсиб бораётган ва очиқ тажовузкорлигидан ташвишда. Айнан шунинг учун АҚШ минтақадаги мамлакатларнинг давлат мустақиллиги, суверенитети ва яхлитлигини мустаҳкамлашни истаётганини билдирмоқда. Бу Грузия ва Украинадаги воқеалардан кейин Москва томонга яққол шамадир.
– ХХРнинг минтақа мамлакатлари устидан геосиёсий монополиясига йўл қўймаслик. Ўзининг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифи чоғида Помпео етарлича кескин сўзларни айтди. Хусусан у минтақа мамлакатлари “бошқа давлатларнинг вассалларига айланмасликлари керак”. Бу сўзлар аста-секин, аммо дадил ўсиб бораётган ХХРнинг Марказий Осиёдаги кредит-иқтисодий экспансиясига қарши қаратилган.
Пекин кўпгина параметрлар бўйича минтақа мамлакатлари учун қулай қарз берувчи, кредитор, савдо-иқтисодий ҳамкор бўлган ва бўлиб қолмоқда. Пекин ҳеч қачон демократия ва инсон ҳуқуқларига амал қилинишини талаб қилмаган. Аксинча, ХХРнинг норасмий стратегияси, минтақадаги республикаларда демократик жараёнлар орқали миллатчилик ёки диний омиллар кучаймаслиги учун минтақада авторитар режимларни ушлаб қолиш ва мустаҳкамлашни кўзда тутади.
ХХРнинг минтақадаги асосий стратегик мақсади – минтақа мамлакатлари уйғур сепаратизмини қўллаб-қувватлашига йўл қўймаслик. Демократияда эса республикалар аҳолиси муқаррар равишда ХХРда истиқомат қилувчи уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар, тожиклар ва бошқа камчиликларга ачинади ва ўз ҳукуматларидан камчиликларни мажбурий ассимиляциялаш чораларига қарши бирор-бир жавоб қайтаришни талаб қилади.
– Бу ердан расмий Вашингтоннинг Пекин томонидан миллий ва диний камчиликни ташкил қилувчиларни қатъий ассимиляциялашга қарши минтақавий альянсни яратишдан иборат учинчи вазифаси келиб чиқади. Қозоғистонда Помпео Хитойдан қочган этник қозоқлар ва уйғурлар билан учрашди. Таъкидлаш жоизки, Қозоғистонда “ХХРдаги уйғурлар ва қозоқлар” омили аллақачон кенг муҳокама қилинадиган ички сиёсий мавзуга айланган.
Ўзбекистонда вазият бироз бошқача: жамоатчилик уйғурлар ва бошқа камчиликни ташкил қилувчи миллатларнинг таъқиб қилиниши мавзуси энди муҳокама қилинмоқда. Бу борада Қозоғистон Ўзбекистонга қараганда иккита сабабга кўра олдинда: биринчидан, 2016 йилгача Қозоғистонда авторитар модель юмшоқроқ эди, шу боис жамоатчилик ҳам Ўзбекистондагшига қараганда фаолроқ бўлган. Иккинчидан, Қозоғистон жамоатчилиги ХХР этник қозоқларни таъқиб қилишдан тортинмаётганидан аллақачон шокка тушган ва кўп ҳолларда иш Пекин Хитойдан қочган қозоқларни қайтариш бўйича Нурсултанга босим ўтказишгача ҳам боряпти.
Назаримда, таъқиб қилинаётган этник ва диний камчиликларни ҳимоя қилиш бўйича АҚШ билан ҳамкорликдаги альянсни яратишга тўхталадиган бўлсак, минтақадаги бешта давлатда асосан учта позиция мавжуд. Қозоғистон ва Қирғизистон таъқиблар кўламидан ташвишда, аммо Пекинга қандайдир эътироз билдирадиган ҳолатда эмас. Ўзбекистон ва Туркманистон эса, айни пайтда иложи борича максимал даражада бетараф қолишни хоҳлаяпти. Аммо Ўзбекистоннинг ичида, ахборот ва сиёсий эркинлик фонида, Хиитойнинг иқтисодий экспансиясидан ташвиш жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. Ва, ниҳоят, Тожикистон – у расмий Пекинга этник ва диний камчиликларни таъқиб қилиш масалаларида ўзининг содиқлигини кўрсатган ҳолда, мамлакат эҳтиёжлари учун зарур бўлган кредитлар ва ёрдамни олиш мумкинлигини аллақачон билиб олган.
Нега Вашингтон ХХРда таъқиб қилинаётган этник ва диний камчиликлар масаласини кўтара бошлади? Бунинг иккита сабаби бор.
Биринчидан, бу ХХРга стратегик босим ўтказиш учун қулай омил. Вашингтон аллақачон ХХРнинг глобал таъсири ўсишини ушлаб туриш бўйича таъсирчан усулларни изламоқда. Бу ерда эса Пекин этник ва диний камчиликларни репрессив тарзда ассимиляциялаган ҳолда ўзининг энг заиф томонини бутун дунёга кўрсатмоқда. Табиийки, Вашингтон бундан стратегик босим ўтказиш учун фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Иккинчидан, Вашингтон қийналган уйғурлар ва бошқа камчиликларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, Яқин Шарқ ва Афғонистондаги ҳаракатлари туфайли ўзининг мусулмон олами олдидаги обрўсини қандайдир бир йўл билан компенсация қилишга уринмоқда.
Ҳозирча минтақа Вашингтон томонидан Пекинга қарши таклиф қилинаётган альянсни очиқ қўллаб-қувватлашга тайёр эмас. Табиийки, Пекиннинг этник сиёсати минтақа пойтахтларини ташвишлантирмоқда. Аммо ҳозирча республикалар ХХР – қулай иқтисодий шерик деб ҳисобламоқда, МО учун қардош бўлган этник гуруҳлар ассимиляцияси эса минтақа мамлакатларининг миллий манфаатларига таҳдид солмайди. Шу нуқтаи назардан на алоҳида олинган республикада, на умуман минтақада бош кўтараётган Хитойга нисбатан аниқ ва узоқни кўзловчи стратегия йўқ эканига аниқлик киритиш керак. Дунёнинг иккинчи иқтисодиёти ва сайёранинг потенциал биринчи ҳарбий-иқтисодий давлати шундоққина Марказий Осиёнинг биқинида шаклланмоқда.
Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос
Шарҳлар