Бизнинг танловимиз: одамлар манфаати, музокаралар ва барқарорлик

Бизнинг танловимиз: одамлар манфаати

Парламент марафони ўз якунига етди. Сайловлар амалга ошди деб тан олинди, душанба куни соат 14.00 да (якшанба соат 23.00 да ваъда қилишганди) Марказий сайлов комиссияси эълон қиладиган рақамлар, афтидан ҳаммани қониқтирадиган кўринади. 

Кутилмаган воқеалар бўлмади, буни сиёсий барқарорлик аломати деса ҳам бўлади. Бу бизнинг пайтимизда оз бўлса-да, ютуқ. Ортга, аввалги Парламент йилларига назар ташлар эканман, яхши ишладик деб ўйлайман. “Биз” дейишимга сабаб, Парламент аъзоларини барибир ўзимизнинг вакилларимиз деб ҳисоблайман. Уларнинг фаолияти фақат қабул қилинган қонунлар сони билан ўлчанмайди. Сифати билан эса ўлчаниши мумкин. Ҳисобот маълумотларига кўра, янги иқтисодиётимиз умуман олганда муваффақиятли, ким нима дейишидан қатъи назар, у Парламент томонидан маъқулланган давлат ҳужжатларига таянади.
 
Дебатлар жараёнида Парламент анъанаси яна бир марта эълон қилинди: биз, ўзбекистонликлар ўз тамойилларимизга мувофиқ яшаймиз. Гўёки “халқаро” деб тан олинганлари билан эмас, балки ўзимизники билан. Ўз тамойилларимиз бизга катта ва кичик  авлодлар олдида, тарих олдида ўз мажбуриятларимиз борлигини билдиради. Биз ушбу мураккаб асрда жамиятнинг ортиқча сиёсийлашишини истамаймиз, аммо жамият қурилишидаги ва халқаро сиёсатдаги янгиликларни таҳлил қилиб борамиз. Биз мустақил бошқарув институтларини қурамиз, аммо уларни реал таъсир кўрсатиш салоҳияти билан таъминлашимиз керак. Акс ҳолда биз кеча шакллантирган давлат воситаси фойдаланилмасдан қолади. Унинг салоҳиятидан фойдаланишнинг ягона усули – 2021 йилгача Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи устувор йўналишига мувофиқ бўлиш, яъни “Парламент ва партиялар ролини кучайтириш”дир. Парламентда бу мақсадга эришиш учун имконият бор… Бунга умид қиламиз…
 
Мухолифот ҳақида
 
Сайловолди кампанияси фуқароларга бўлғуси Қонунчилик палатасида партияларнинг реал имкониятларини баҳолаш имконини берди. Айниқса, телевизион дебатлар. Тўғрисини айтақоламиз – дебатларда ёрқин шахсларни кўрмадик. Эҳтимол, партиялар, яхши футбол мураббийи каби  ўз “юлдузлари”ни ҳал қилувчи мусобақаларга, узр, энди Парламентда бўладиган баҳс-мунозараларига тайёрлаётгандир? 
 
«Жамиятдаги фикрлар хилма-хиллигига мухолифот партияларсиз эришиб бўлмайди» – дея эслатди ўтган куни Марказий сайлов комиссиясининг раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов ҳамкасбларимизга. Бир пайтлар ЎХДП ўзини “мухолифот партия” сифатида эълон қилганди. Нима ҳам дердик, Буюк Британияда ҳам “Жаноби Олиялари мухолифоти” мавжуд – овози ўткир ва таъсир ўтказа оладиган мухолифот. Аммо бу қироличага “муқаддас” нарсаларга дахл қилмасликка халақит бермаяпти. Келинг, очиқчасига айтамиз: бизда ҳозирча ҳатто шундай мухолифот ҳам йўқ. Чунки партиялар ўртасидаги умумдавлат вазифалари бўйича барча “жанглар”  “маҳалла даражасида”ги сабабларга кўра ўтади.
 
Партияларнинг ўзаро кураши
 
Ёки яна бир вариант – партиялар бир-бирини, уларнинг фикрича, бирор ёмон нарсада айблайди. Мисол сифатида яна ЎХДП. Anhor.uz нашрининг ходимлари энг яхши сайловолди плакати блиц-танловини ўтказди: «Миллий Тикланиш» рассомлари томонидан чизилган мана бу плакат ўзининг соддалиги билан биринчи ўринни олди.

Унда ХДПнинг вакиласи совет даврининг қизил пионер галстугида Россия компартиясининг раҳбари Геннадий Зюгановга салют беряпти. У ҳам қизил галстукда ўзбекистонлик “ҳамкасби”га умид кўзлари билан қарамоқда. “Миллий тикланиш” плакатининг маъноси: Россия коммунистлари “мустақил Ўзбекистонда қардош ХДП ёрдамида уларга ҳам бирор нарса тегиб қолишини” кутишяпти. Аммо ушбу стратегик маънони сўровда қатнашган бирорта иштирокчи тушунмади. Чунки бизда деярли ҳеч ким жаноб Зюгановни билмайди, унинг партиясини билмайди, нега у билан ҳамкорлик ХДП учун хавфли эканини билмайди. Кейин ХДП дастури россиялик коммунистларнинг ғояларига ўхшаш деб ким айтяпти? У ерда коммунистлар аллақачон коммунистлигини йўқотган, уларнинг ғоялари учун эса жаноб Зюгановнинг ўзини совет даври коммунистик партиясидан шармандаларча қувган бўлишарди. Бунинг устига бундай қиёслаш Сайлов кодексининг бевосита 44-моддасини бузишдир, унга кўра: “Ҳаққоний бўлмаган ахборотни ҳамда номзодларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини бадном қилувчи маълумотларни тарқатиш тақиқланади”.  Плакатда ХПДнинг реал етакчи аъзоси (Сенат аъзоси) тасвирлангани боис судга даъво қилиш мумкин эди. Аммо ХДП учун овоз берганлар сонига қарайдиган бўлсак, улар учун бундай қарши ташқивот чивин чаққанчалик ҳам таъсир қилмаган кўринади.
 
Ҳалқаро “жиҳат”
 
Дастлабки фикрларга кўра, сайловларга тайёргарлик ҳам, овоз бериш жараёни ҳам – ҳаммаси қатъий стандартларга мувофиқ ўтган. Умуман олганда эса, стандартларнинг ўзи ҳам мавжуд эмас: масалан, АҚШда ҳеч қандай халқаро кузатувчилар кўзда тутилмаган (фақат 4 та штат бундан мустасно). Агар БМТ ёки яна аллақайси ташкилотдан қизиқувчан бирор кимса сайлов участкасига яқинлашса, бу “сайловларга аралашиш” ҳисобланади ва автомат тарзда 10 минг доллар жарима ёки 5 йил қамоқ жазоси қўлланади (қоидабузарнинг хоҳишига кўра – ахир бу ерда демократия-ку).
 
Шу ерда, бизни ким баҳолади, деб сўрашингиз мумкин. Тўғри савол, чунки ўша кузатувчиларнинг ваколати ҳам номаълум. Бугунги кунда кузатувчиларимиз 316 нафар. Таркибга бир назар ташлайлик: 45 киши ҳақиқатдан ҳам парламент тажрибасига эга обрўли одамлар – ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг аъзолари. Қолган 271 нафари – экспертлар. Уларни қандай танлаб олишини кузатдик: ЕХҲТ кузатувчиларни тўплаш ҳақида эълон қилади, “экспертлар”га қўйиладиган бошланғич талабларни айтади – агар сиз уларга тўғри келсангиз, унда Ўзбекистонга нега ҳам саёҳат қилмаслик керак экан. Олдинги сайловларда шахсан ўзим яхши бир йигит – брюсселлик новвой билан танишдим. Айнан шу пайтда унинг бизнесида “ўлик мавсум” бошланган экан. Кўп ўйлаб ўтирмай, у эксперт сифатида шартнома изолаган…

Эксперт тўқ бўлиши керак
 
Кузатувчиларни таклиф қилиш – бу яна бир “катта тўй”. Бизнинг бюджетдан сайловларга жами 230,5 млрд.сўм ($25 млн) ажратилган. “Фуқаролар учун бюджет” маълумотларига кўра, ушбу рақам салкам 170 млрд сўмни ташкил қилади. Шу жумладан Қонунчилик палатасига сайловлар учун – 96,8 млрд. Унда “товарлар ва хизматлар” деган бўлим ҳам бор – 41,7 млрд сўм. Бу маблағларнинг қаерга сарфланиши “Марказий сайлов комиссиясининг марказлаштирилган харажатлари рўйхати” деган ҳужжатда кўрсатилган. Мана “8” банд – “хорижий иштирокчилар учун нонушталар, тушликлар, кечки овқатлар, кофе-брейклар”, “11” банд – “Чет эл делегациялари учун сувенирлар”. Бундан ташқари, партияларга “ташқивот” учун 46,6 млрд сўм ажратилган, бу эса меҳмонларни қабул қилишни ҳам кўзда тутади. Эҳ, бундай пулларга…ҳоказо ва ҳоказо…
 
Рейтинг нархи
 
Хорижий экспертлар мамлакатимиз ҳақида тасаввур ҳосил қилишига хизмат қиладиган ҳужжатлар тўплами 1,2 кг ни ташкил қилади. Ҳужжатлардан бири – яқинда мамлакатимиз “Йил мамлакати” номини олган ўша The Economist нашрининг рейтинги.

Мутахассислар бундай рейтингларга хотиржам муносабатда бўлишади, чунки 2 йил муқаддам ўн йилдан бери очарчилик ҳукм суриб келаётган Мьянма “Йил мамлакати” сифатида эълон қилинган эди. 2018 йилда – Арманистон (Бахмал инқилобдан кейин экспорт 24% га қисқарган, иқтисодиёти инқироз ёқасида, агар ЕОИК аъзоси бўлмаганида мамлакатни коллапс кутарди), аммо бош вазир қилиб сайланган собиқ мухолифотчи Никол Пашинянни қўллаб-қувватлаш керак эди.

Мамлакатимизни лауреатга айлантирган ютуқлар рўйхати катта. Уларнинг орасида давлатимизни минтақа етакчилигига олиб чиқадиган муваффақиятлар ҳам шубҳасиз бор. Аммо ҳамкасбларимиз “мамлакат хорижий журналистларни таклиф қилди” деган ютуққа шубҳа билан қарашмоқда. Deutsche Welle’да аккредитация йўқлигини биламиз, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг яқинда бўлиб ўтган саммитига «КоммерсантЪ» нашри ва РИА агентлигининг аккредитациялари чақиртириб олинганини, кўплаб маҳаллий ОАВ саммитда қатнаша олмаганини ҳаммамиз  яхши эслаймиз…
 
Қолаверса, The Economist экспертлари йил мамлакати номзодлигига ўз тавсияларида даъвогар мамлакат нимани юборган бўлса, шуларни ёзиши ҳам яхши маълум. The Economist нашрида 13 та рейтинг бўлгани боис (The Economist Intelligence Unit дан тортиб, то Биг-мак индексигача), рейтингга аризаларни кўриб чиқиш – бу анча майда иш, аммо манфаатли:  2015 йилда Pearson ноширлик уйи ўзининг Economist Group’даги акцияларининг 50% ни Италиянинг Аньелли гуруҳига $731млн га сотганида, уларнинг бухгалтериясини чоп этишга тўғри келди. Ана шунда ушбу нашр даромадининг 12% ни рейтинглар олиб келиши маълум бўлди.
 
Имижни қандай қилиб бепул кўтариш мумкин
 
Яқинда бизда мамлакат имижини деярли бепул кўтариш имконияти бор эди, у ҳақда жаҳон ОАВнинг кўплаб вакилларига сўзлаб бериш мумкин эди. Ҳатто тўғридан-тўғри ТВ трансляцияси орқали ҳам. Парламентга сайловлар олдидан  бу имкониятдан фойдаланмадик.

Мен яқиндагина юз берган ҳодисани назарда тутяпман. Бу жорий йилда 1895 та журналистни тўплаган Владимир Путиннинг матбуот анжумани. Саволларга чеклов йўқ, сайловлар ҳақида ҳам гапирса бўларди. Амалда микрофонга етиб боришнинг иккита усули бор. Хўш, бу бизни қизиқтирмаяптими?

Anhor.uz нашри бу борада Ўзбекистон журналистларидан ҳеч ким на АОКАга, на ТИВ матбуот хизматига, на Россия элчихонасига сўров билан мурожаат қилмаганини аниқлади.

Нима ҳам дердик, сайловлар амалга ошди. Айтишади-ку, цирк кетди, майдонни супуриш вақти келди деб… 

 
Шу ерда учрашгунча,
Юрий Черногаев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.