Бугун «Совпластитал». Кейингиси ким?
Мана йигирма беш йилдан ошибди-ки, Ўзбекистон бозор иқтисодиётини ривожлантириш йўлидан бормоқда. Давлат эса бозор ривожининг ташаббускори бўлгани ҳолда тадбиркорлар ва бизнес манфаатларининг ишончли ҳамкори ва ҳимоячиси экани таъкидланяпти. Президент томонидан қабул қилинаётган қарорлар ҳукуматнинг бизнесни ривожлантириш учун шароитларни яхшилаш ниятини намойиш этаётир. Бироқ “Совпластитал” Акциядорлик жамияти билан боғлиқ вазият ҳозирги ривожланиш мантиғига яққол зиддир.
Ҳа, «Совпластитал» аввалги эмас. Ўзбекистон саноати етакчисининг шуҳрати ўтмишда қолиб кетди. Бугун корхона қувватининг 5% гина ишламоқда. Сўнгги 7 йил давомида корхона хомашё ва материал сотиб олиш учун айланма маблағларни тўлдиришга бирортаям кредит олмади. Корхонани санация қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда қабул қилинган 66-сонли баённомаси бажарилмади. Албатта, агар белгиланган тадбирларнинг барчаси бажарилганида, “Совпластитал” хомашё ва материал харид қилган, ускуналарни модернизациялаган ва ишлаб чиқаришнинг олдинги даражасига тезда чиқиб олган бўлармиди. Аммо, афсуски, бу юз бермади.
Ҳозир бозор маҳсулотга, шу жумладан импорт маҳсулотга тўла. Бу маҳсулот нарх-сифат нисбати, дизайн даражаси ва бошқа кўрсаткичлари бўйича олдинги етакчини бозор четига чиқариб қўйишга уринмоқда. Шунга қарамасдан, “Совпластитал” бугунги кунда ҳам 8 500 дан ортиқ номдаги маҳсулотни чиқармоқда. Маҳсулот намуналарининг айримлари Астанадаги халқаро кўргазмада ам тақдим этилди.
Бугун “Совпластитал” Очиқ турдаги акциядорлик жамиятини банкрот деб тан олиш ёки ташқи бошқарувчини белгилаган ҳолда уни санация қилишда давом эттириш керак. Асосийси буни қонуний қилиш, бунда қонунни давлат ёки бизнесга қулай томонга бурмасдан бажариш лозим.
2017 йил 11 май куни Тошкент шаҳар хўжалик суди Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси кўриб чиқиш учун даъво аризасини қабул қилди.
2017 йил 31 майда судья Б.Шомақсудов раислигидаги суд мажлиси давомида даъво талабларини қисман қондириш тўғрисида қарор чиқарилади. Ушбу қарор билан давлатнинг “Совпластитал” ҚК Устав фондидаги 96,67% улушга бўлган ҳуқуқи тан олинади.
Даъво аризасида 12.12.1991 йил ҳолатига Ўзбекистон Республикасининг мулкига ўтган ва “Совпластитал” ҚКга берилган СССР кимё саноати вазирлиги ҳузуридаги “Союзбитхим” Бутуниттифоқ бирлашмасининг улуши 25 млн.рублни ташкил этгани таъкидланади. Даъвогарнинг қайд этишича, кейин ушбу маблағлар «Интерприватизация» Чет эл инвестициялари ва хусусийлаштиришга кўмаклашиш фондининг ҳисобига ўтказилган ва меҳнат жамоаси орасида тақсимланган. Айтиш жоизки, судда бошқа ташкилотнинг бирор-бир маблағини қандай қилиб бошқасига ўтказиш ва уни меҳнат жамоаси орасида тақсимлаш мумкинлиги ҳақида ҳатто савол ҳам туғилмаган.
Аслида меҳнат жамоасининг қарори бўйича “Совпластитал” АЖ Чет эл инвестициялари ва хусусийлаштиришга кўмаклашиш фондига кирган бу сумма бор-йўғи 2.5 млн.рублни ташкил этган бўлиб, бу ҳужжатлар билан тасдиқланган, уни текшириб кўриш ҳам мумкин. Даъво аризасида кўрсатилган сумма киритилганидан ўн баравар кўплигини таъкидлашни истардик. Аммо қарордаги асосий нарса бу суднинг 1996 йилда Давлат мулк қўмитаси томонидан қабул қилинган қарорларга эътибор қаратмаганидир. Уларда томонларнинг корхона Устав капиталидаги улушлари кўрсатилган.
Собиқ Давлат мулк қўмитаси юқорида тилга олинган фондга 25 млн.рубль ўтказилганини хато қайд этган ҳолда бу давлат улушининг ноқонуний сотилиши эканини таъкидлайди. Бироқ 30% ни ташкил этувчи давлат улуши бугунги кунга қадар ҳеч кимга сотилмаган бўлиб, ваколатли орган ҳисобланмиш Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг қўлида турибди.
Суд томонидан қабул қилинган қарорга кўра, давлатга “Совпластитал” акцияларининг 96,67 фоизи тегишли. Аммо бу Президентнинг 1994 йил 15 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармонини бажариш йўлидаги Давлат мулк қўмитасининг қарорига зиддир. Ушбу ҳужжат ва Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 мартдаги қарори хусусийлаштириш стратегияси, тактикаси ва тартибини белгилаб берган.
Юқорида тилга олинган Президент фармонида давлат улуши мавжуд бўлган очиқ турдаги акциядорлик жамиятларининг устав капиталини шакллантиришда фонд биржалари ва қимматли қоғозлар бозорларида, шу жумладан чет элда эркин сотиш учун давлат, меҳнат жамоаси, чет эл инвесторларининг акциялар пакети кўзда тутилиши кераклиги бевосита кўрсатилган.
Олий Мажлис томонидан тасдиқланганидан кейин қонун мақомини олган Президент фармони билан Давлат мулк қўмитаси ваколатли орган қилиб белгиланди. У давлат мулкини тасарруф қилишга тўлиқ ҳақли бўлган. Агар қўмитанинг ҳаракатлари солиштириладиган бўлса, у фармонга мувофиқ ҳаракат қилганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Шу тариқа, давлатнинг “Совпластитал” устав капиталидаги улуши 96,7% ни эмас, балки 30% ни ташкил этади.
23 йил давомида бир нечта ўзгаришларни бошидан кечирган “Совпластитал” ўзининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш бўйича ҳар бир ҳаракатини Давлат мулк қўмитасида тасдиқлатганига эътибор қаратиш муҳим.
Айнан Давлат мулк қўмитаси Президент фармонига тўлиқ мувофиқ равишда улушларни шундай тақсимлаганки, бунда уларнинг 30% давлатга, 54% меҳнат жамоасига, қолган қисми эса чет эл инвесторларига тегишли бўлган. Кейин меҳнат жамоаси акцияларнинг яна 6% ни сотиб олган. Бугунги кунда АЖнинг давлат улуши ўша 30% ни, меҳнат жамоасиники – 52,54% ни, чет эл инвесторлариники (Россия ва Украина) эса 17,46% ни ташкил этади.
23 йилдан сўнг Президент фармони ижроси йўлида Давлат мулк қўмитаси томонидан қабул қилинган қарорлар Тошкент шаҳар Хўжалик суди томонидан қонунга тўғри келмайдиган деб эълон қилинди. Бунинг устига суд давлат улуши хусусийлаштиришдан олдинги 96,67% га қайтганини билдирди.
Агар Тошкент шаҳар Хўжалик судининг қарори билан таклиф этилган мантиққа амал қилинадиган бўлса, унда Ўзбекистондаги барча хусусийлаштирилган корхоналарни инвентаризация қилиш керак, чунки уларнинг аксарияти “Совпластитал” қандай хусусийлаштирилган бўлса, худди шу тарзда хусусийлаштирилган. 90-йилларда барча корхоналар, шу жумладан давлат улуши 100% бўлган корхоналар ҳам шу схема бўйича хусусийлаштирилган.
Бироқ унда Президентнинг 1994 йил 15 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармонини бекор қилиш керак бўлади.
Яна бир муҳим жиҳат. Суднинг қарори юқорида кўрсатилган ҳужжатдан ташқари 2012 йилда қабул қилинган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ҳам зид ҳисобланади. Ушбу қонуннинг “Мол-мулкни хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишига йўл қўйилмаслиги” деб номланувчи 24-моддасида шундай дейилган: “Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди… Қуйидаги кўчар ва кўчмас мол-мулк хусусийлаштирилган корхоналарнинг мол-мулки деб эътироф этилади (қонунга мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган объектлар бундан мустасно): хусусийлаштирилган корхоналарда давлат мол-мулкини хусусийлаштиришни амалга ошириш пайтида аниқланмаган кўчар ва кўчмас мол-мулк; хусусийлаштиришни амалга ошириш пайтида тасарруф этиш ҳуқуқисиз фойдаланишга берилган, корхона ҳудудида жойлашган кўчар ва кўчмас мол-мулк”.
Шундай қилиб, Тошкент шаҳар Хўжалик судининг қарори мазкур қонуннинг 24-моддаси қисмида ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, 2012 йилда қабул қилинган мазкур ҳужжат тарихий қонунлар сирасига киради. Айнан шундай ҳуқуқий ҳужжатлар давлат ва жамиятнинг бир даврини якунлаб, бошқасини очиб беради. Улар ортга қайтмайдиган тарзда ўтмишга эшикни ёпади, кўприкларни ёндиради.
Агар Тошкент шаҳар Хўжалик судининг ушбу қарори ўз кучида қолса, унда давлат нафақат Президентнинг юқоридаги фармонини, балки 2012 йилда қабул қилинган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунни ҳам бекор қилгани ҳақида эълон қилишига тўғри келади. Унда 90-йиллардаги хусусийлаштириш якунлари қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билдириш қолади, холос.
Тошкент шаҳар Хўжалик судининг қарори кишини “Кейингиси ким экан?” деб ўйлашга мажбур этмоқда.
Шу билан бирга, агар суд ўз хатосини тан олса, унда бу вазият Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг мантиғини яққол намойиш этади. Бу эса, ушбу воқеадан кўриниб турганидай, мулкдорлар, акциядорлар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини етарлича жиддий ҳимоя қилинаётганини кўрсатади.
Шунингдек бу давлатнинг ҳар қандай вазиятда қонун устуворлиги тамойилларига ва ҳамманинг бозор муносабатлари қонуни олдидаги тенг ҳуқуқлилигига асосланган барқарор ривожланиш сиёсатига содиқлигини тасдиқлайди.
Ҳозирча суд муҳокамалари якунланмаган, тез орада янги суд мажлиси ўтказилади, чунки “Совпластитал” ушбу қарорга шикоят келтирган. Бунинг устига “Совпластитал” Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан “Йўл харитаси”ни тайёрлаган бўлиб, унда 14,0 млрд.сўмлик объектни бюджет олдидаги қарздорликни узиш ҳисобига беришни таклиф қилмоқда.
Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Шу боис бу иш нима билан якунланишини кузатишимиз қолади, холос.
Аммр бу иш қандай якунланишидан қатъи назар, у ҳаммадан, шу жумладан Тошкент шаҳар Хўжалик судининг судьяларидан ҳам юқори турувчи қонун олдида барчанинг тенг экани намойиш этиладиган тарзда ҳал қилиниши керак.
Мансур Ибрагимов
Шарҳлар