Инқирозга қарши чораларни молиялаштириш манбалари ҳақида
Инқирозга қарши чора-тадбирларни молиялаштириш манбаларини муҳокама қилар экан, баъзида экспертлар бир-бирига зид хулосаларга келади, улардаги асосий далил – бу “мен шундай деб ўйлайман”. Инқироз оқибатларини камайтиришга қаратилган харажатларни молиялаштириш манбалари ва воситаларини тўғри танлаш нафақат кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини, балки харажатларнинг мамалакат ижтимоий-иқтисодий ривожига кейинги таъсирини ҳам белгилайди.
Биз нималарга қарз оляпмиз?
Инқирозга қарши жамғарма чиқимларини молиялаштиришнинг ташқи манбалари ҳақида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров батафсил гапириб берганди. Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 апрелдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон коронавирус пандемияси оқибатларини пасайтириш учун халқаро молия институтлари (ХМИ)нинг 3,1 млрд доллар миқдоридаги кредитларини жалб этиш ниятида. Конкрет лойиҳалар бўйича жалб этилган маблағлар соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга (277,5 млн доллар), тадбиркорлик ва банк тизимини қўллаб-қувватлашга (700 млн доллар), давлат бюджетини қўллаб қувватлашга (1,8 млрд доллар), коммунал ва энергетика корхоналарига ёрдамга (300 млн доллар) йўналтирилади.
Ўзбекистонга кўмаклашаётган асосий халқаро молиявий институтлар анъанага кўра – бу Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон тикланиш ва тараққиёт банки (ЖТТБ) ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки.
Куни кеча Ўзбекистон ЖТТБдан 95 млн доллар олгани ва коронавирус пандемиясига қарши курашишга ёрдам сифатида Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 375 млн доллар қарз олиш режалаштирилаётгани ҳақида эълон қилинди. Қайд этиб ўтамиз, ушбу маблағлар Президент қарорида кўрсатилган 3,1 млрд АҚШ долларига қўшимча равишда қарзга олиняпти.
Ҳаммаси барча вазирликлар ва идоралар инқирозга қарши жамғарма харажатларини қоплаш учун ташқи қарзлар кетидан қувишга тушганини кўрсатмоқда. Бу давлат қарзини жиддий оширади, аммо маблағлар самарали сарфланишини кафолатламайди.
Соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик субъектларининг қарзларини реструктуризациялаш ҳамда давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш – бу қарз маблағларини “еб қўйиш” шакли ҳисобланади, чунки кўрсатилган йўналишларнинг ҳеч бири келгусида ушбу маблағларни қайтариш учун фойдаланилиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш салоҳиятини яратмайди.
Хориждан қарз олиш миллий валютани айирбошлаш курси муқаррар тушиб кетиши муносабати билан ўз зиммасига қўшимча харажатларни олишни билдиради, чунки иқтисодиётнинг ривожланиш суръати олдингидай бўлмайди, чет эл валютасининг тушиш ҳажмлари ва каналлари сезиларли даражада қисқаради. Яқин 2-3 йил ичида вазият тубдан ўзгармайди. Шартли қилиб айтганда, агар биз АҚШ долларларини бир доллар учун 10 минг сўм айирбошлаш курсида қарз олаётган бўлсак, унда эҳтимол 3 йилдан кейин асосий суммани қайтариш вақти етиб келганида айирбошлаш курси бир доллар учун 13 минг ва ҳатто 15 минг сўмни ташкил қилиши мумкин. Шундай қилиб, қарзлар қийматидан ташқари (кредит ажратиш бўйича барча бир марталик харажатлар билан кредит учун фоизлар) миллий валюта девальвациясидан келажак даврлар харажатлари ҳам мавжуд. Бунда асосий хомашё товарлари экспортининг нархи яқин 2-3 йил давомида пасайиб боради. Айтгандай, бунда бозорнинг барча иштирокчилари ўртасида тўлиқ муроса ҳам бор.
Муқобил вариант ҳақида
Шу билан бирга, Ўзбекистон инқирозга қарши чора-тадбирларни молиялаштиришнинг самаралироқ ички манбаларини кўриб чиқмаётгани кишини ҳайрон қолдиради. Ривожланган иқтисодга эга мамлакатлар иқтисодиётни рағбатлантириш учун улкан ресурсларни сафарбар қилиш учун облигациялар (ДҚМО) кўринишидаги давлат қимматли қоғозларини чиқармоқда. Ўзбекистонда ДҚМО чиқариш ва жойлаштириш бўйича ижобий тажриба мавжуд, бу 1996 йилда бошлаб берилганди. Ўшанда эмитент сифатида Молия вазирлиги, андеррайтер сифатида эса Марказий банк чиққанди. МБ зарур таъсир воситаларидан фойдаланган ҳолда ДҚМОни Ўзбекистон тижорат банклари орасида жойлаштиришга ҳаракат қилди ва бунда инвесторларга резерв талаблар бўйича турли имтиёзларни тақдим этди.
Нима халақит беряпти
Ушбу оддий амалиётни рўёбга чиқаришга яқинда қабул қилинган “Марказий банк тўғрисида”ги қонун тўсқинлик қиляпти. Ушбу қонун давлат эҳтиёжларига сурбетларча муносабатда бўлишни кўзда тутиши билан фарқ қилади. Қонун моддалари бир-бирига зид, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги бундай хом қонун лойиҳасини қандай қилиб парламентга ўтказгани, депутатлар эса унга овоз бергани қизиқ.
Қонуннинг 6-моддасида шундай дейилади: “Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, бошқа давлат органларига ва ташкилотларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини молиялаштириш учун кредитлар ёки молиявий ёрдам бермайди”.
Ўзбекистон Марказий банки бу борада ноёб ташкилот десам адашмайман. Бирортаям ривожланаётган мамлакатда, айрим истисноларни инобатга олмаганда, ҳатто ривожланган мамлакатда ҳам давлат эҳтиёжлари ва муаммоларидан шу даражада узоқлашган Марказий банк йўқ. Баъзида менга бизнинг МБ – бу ўз нуқтаи назарига, деярли чекланмаган ҳокимиятга эга бўлган ҳамда жамият ва иқтисодиётнинг ҳақиқий эҳтиёжларидан узилган ҳолда ўз сиёсатини юритадиган давлат ичидаги давлатдай туюлади.
“Марказий банк тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддаси қуйидагилар айтилган: “Марказий банк … давлатнинг мутлақ мулкидир …”. Аммо шу ернинг ўзида ушбу жумлага зид бўлган сўзларни ўқиш мумкин: “Марказий банк давлатнинг мажбуриятлари юзасидан, давлат эса Марказий банкнинг мажбуриятлари юзасидан … жавобгар бўлмайди”. Бошқача қилиб айтганда, МБ ҳар қандай қарорни, хусусан, давлатнинг фуқаролар олдида юқори даражадаги мажбуриятларга олиб келиши мумкин бўлган, бевосита давлат манфаатларига таъсир қилиши мумкин бўлган қарорларни қабул қилиши мумкин, аммо бунинг учун МБ ҳеч қандай жавобгарликка эга бўлмайди.
Қонунга кўра, МБ Олий Мажлис Сенати олдида ҳисобот беради, Сенат МБ ҳисоботини аудиторлик ташкилотининг хулосаси билан бирга кўриб чиқади. Бунда ички аудит банкнинг ўзи томонидан амалга оширилади, ташқи аудитор ҳам МБнинг ўзи томонидан ёлланади. Агар барча аудиторлар Марказий банк томонидан ёлланиб, хизмат ҳақи ҳам у томонидан тўланса, Сенат қандай қилиб реал назорат воситаларига эга бўлиши мумкин?
Ундан ҳам қизиғи шундаки, Қонуннинг 14-моддасига кўра, мутлақ давлат мулки ҳисобланган ушбу ташкилот давлатнинг хабарисиз давлат активларини бошқаришдан олинган фойдани мустақил равишда тасарруф қилиши мумкин. Масалан, бундай активларга давлатнинг олтин-валюта захиралари, МБ ҳисобрақамларидаги давлат бюджетининг пул маблағлари (даромадлар бўйича ҳам, харажатлар бўйича ҳам) киради. 14-моддада шундай дейилган: “Марказий банкнинг фойдаси унинг бошқаруви томонидан белгиланган тартибда, йиллик ҳисоботни тасдиқлаш билан бир вақтда тақсимланади”. Ундан кейин қонунда “Аниқ мақсадли захиралар ва фондлар белгиланган тартибда тўлдирилганидан кейин фойданинг қолган қисми Давлат бюджети даромадига йўналтирилади” деб айтилган бўлса-да, бу банд Молия вазирлиги бу фойдани ҳеч қачон кўрмаслиги каби чекловлар қўйилган.
Нега давлат қимматли қоғозларининг эмиссия қилиш афзалликларга эга
Айтиш жоизки, мураккаб даврларда юзга яқин мамлакатларнинг Молия вазирликлари қимматли қоғозларни эмиссия қилишдан фойдаланган. Бу қоғозлар иқтисодиётни қутқариш учун миллий валюта эмитенти сифатида Марказий банк томонидан харид қилинган. Ушбу фавқулодда харажатларни молиялаштириш усули ташқаридан қарз олиш билан солиштирганда бир нечта афзалликларга эга:
· ажратилган эмиссия қилинган пуллар энг давомий ва энг табиий айланмага эга бўлади: эмиссия – ишлаб чиқариш – истеъмол – истеъмол ва ишлаб чиқаришнинг бир қисми сифатида солиқлар. Яъни бюджет – бюджет ташкилотлари (иш ҳақи, пенсия, нафақалар) – устувор инвестицион ёки фавқулодда лойиҳаларга эга халқ хўжалиги тармоқлари – пулга глобал талаб яратадиган хўжалик юритувчи субъектлар – истеъмол (шу жумладан солиқлар). Ундан кейин цикл такрорланади;
· маблағлар бюджетнинг жорий харажатларини молиялаштиришга ажратилади, устуворликлар қайта кўриб чиқилади ва иккинчи даражали харажатлар кейинга қолдирилади ёки чиқариб ташланади. Яъни маблағларни сарфлаш самарадорлиги анча юқори ва маблағлар сарфини назорат қилиш тизими йўлга қўйилган, у мавжуд, уни янгидан шакллантириш ва мослаштиришга хожат йўқ;
· маблағлар миллий эмитент томонидан эмиссия қилинган ва айирбошлаш курсининг ўсиш хавфи йўқ.
Бу нархлар ошишига ва инфляциянинг сезиларли ўсишига олиб келади, деб менга эътироз билдиришлари мумкин. Ахир ташқаридан жалб этилган маблағлар ҳам инфляцияга олиб келмайдими? Ахир улар инфляциянинг асосий ва белгиловчи омили ҳисобланган умумий пул массасининг бир қисми эмасми? Агар талаб маҳаллий валютага ҳам мавжуд бўлмаганида, қарз олиш ўз-ўзидан маҳаллий бозорда глобал талабни келтириб чиқармайдими? Оппонентларимиз муғомбирлик қиляпти.
Пул эмиссиясининг ташқи қарзлардан яна бир жиддий фарқи шундаки, давлат маҳаллий валюта курсини ушлаб туриш учун ўз олтин-валюта захираларини сарфламайди. Шу билан бирга, чет эл валютасида қарз олиш бозорга давлатда валютага эҳтиёж борлиги ҳақида сигнал беради. Бунда барча иқтисодий агентлар, ўзларидаги мавжуд валюта, уларга валюта келгусида ўзларига кеоак бўлишини англаган ҳолда, барча усуллар билан ўз валютасини мамлакатдан чиқаришга ҳаракат қилади. Бу “ариқчалар” оқиб келмаса, олтин-валюта захираларини тўлдириш манбалари тезда қуриб қолиши мумкин.
Шундай қилиб,МБ ва Молия вазирлиги бугун амалга ошираётган ташқи ресурслардан қарз олиш сиёсати келгусида катта муаммоларга айланиши шубҳасиз.
Абдулла Абдукадиров
Иқтисодий шарҳловчи
Шарҳлар