Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг мақоламизга жавоби ҳақида
2020 йил 7 апрель куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижрочи директори Шуҳрат Вафоев ҳозир ташқи қарзимиз қанча экани ва юзага келган вазиятда нега Ўзбекистон учун давлат ғазначилик облигацияларини чиқариш каби ички ресурслардан фойдаланиш эмас, балки хорижий кредиторлардан пул қарз олиш манфаатлироқ эканини батафсил тушунтириб берди.
Биз Ш.Вафоевга миннатдорчилик билдирамиз ва, ўз навбатида, муаллифларнинг ҳис-ҳаяжонга берилиши баъзида мулоқотнинг ва қабул қилинаётган қарорларда мантиқни тушуниш имкониятлари йўқлиги сабабли юзага келишини қайд этишни истардик. Ҳозирги ҳолатда мулоқотни қўллаб-қувватлаймиз ва расмий манбаларда ва вазир ўринбосарининг чиқишида баён этилган фактларга асосланган ўз далилларимизни яна бир бор тақдим этишга тайёрмиз.
Ш.Вафоевнинг жавобида биз қўшилишимиз қийин бўлган бир нечта тезис бор:
· «…республика қонунчилигида Ҳукумат номидан ташқи ўзлаштирмаларни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқи Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этилган». Маълумки, бу ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида”ги қонуни асос бўлиб хизмат қилувчи ҳужжат ҳисобланади, унинг 4-моддасида қуйидагилар белгиланган: “Давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси номидан шартномалар тузиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки улар томонидан ваколат берилган орган эгадир”. Ундан кейин Қонуннинг 5-моддасида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат кафолатларини расмийлаштириш бўйича ваколатли органдир”. Аммо Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига хориждан маблағ жалб қилиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган на қонун ва на қонун моддалари бор. Бу қандай юз беради: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисидаги шартномаларни имзолайди, кафолатларни эса Молия вазирлиги берадими? Бу тарзда ажратиш нега керак? Давлат бюджети тўғрисидаги қонун бор, унда хориждан маблағ жалб қилиш лимитлари ўрнатилган бўлиб, эълон қилинган 3,1 млрд АҚШ долларининг ўзи – бу Қонун томонидан ўрнатилган лимитнинг 77,5%ни ташкил қилади.
· Ўйлаймизки, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ҳукуматнинг тадбиркорликка бераётган барча ёрдами айрим солиқлар ва мажбурий тўловларни ҳамда молиявий муассасалар талабларини бажариш муддатларини кечиктиришга бориб тақалиши маълум бўлса керак. Тадбиркорлик тузилмаларига жонли пулларнинг деярли ҳеч қандай йўналтирилиши юз бермади. Аммо, кўпгина бизнес тузилмалар аслида банкротга учради ва энди уларга айланма маблағларни тиклаш учун пул керак, камида кўпгина тармоқлардаги корхоналар фаолиятини қайта ишга тушириш учун пул зарур. Бироқ ҳозирча, Марказий банкнинг инфляцияни таргетлаш ҳақидаги, корхоналарнинг ҳисобрақамларига ўтказилган пуллар ҳақидаги гап-сўзларидан бошқа нарсани билмаймиз.
· Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш заруратини ҳеч ким ва ҳеч қачон шубҳа остига қўймаган, шу билан бирга харажатларни тўхтатишга ҳам чақирмаган. Барча келишмовчиликлар харажатларни қоплаш манбаларини танлашга бориб тақалади. Шу боис биз асосли савол берамиз: нима яхши – бегона марказий банклар томонидан босиб чиқарилган пулларни қарз олиш яхшими ёки ўзимизнинг пулларми?
· Биз Ш.Вафоевнинг молиявий ресурсларни давлат ғазначилик облигациялари (ДҒО) орқали мобилизация қилиш ишларини фақат ривожланган иқтисодиётга эга мамлакатларгина амалга ошириши мумкин деган фикрига мутлақо қўшилмаймиз. Бу ерда мантиқ йўқ, чунки қарз берувчи Марказий банк ва қарз олувчи Молия вазирлиги битта мамлакат идораларидир. Ш.Вафоевга матнимизга қайтишни таклиф этамиз: биз ДҒО хорижий инвесторлар орасида жойлаштиришни таклиф қилмаймиз – биз ички маблағларни жалб этишни таклиф этамиз. “Экспертлар томонидан таклиф этилганидай, банклар ДҒОни харид қилишга мажбурлаган тақдирда, банклар чекланган бўш маблағлардан хўжалик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун эмас, балки ДҒО харид қилиш учун фойдаланишга мажбур бўлади”. Бу ерда сиз ноҳақсиз, чунки муаллиф ДҒОни тижорат банклари орасида жойлаштиришни таклиф қилмаяпти. Муаллиф Молия вазирлиги томонидан эмиссия қилинган ДҒО Марказий банк томонидан харид қилиниши кераклигига конкрет ишора қилади. Бундан ташқари, Молия вазирлиги МБ билан ҳамкорликда қиймати 100 млрд сўмлик ДҒОни тижорат банклари орасида жойлаштиришни режалаштираётганини биласиз. Аммо бу энди бизнинг ғоямиз эмас…
Инсон ресурсларига ва инсон капитали жамғармаларига инвестиция қилиш муҳимлиги, шунингдек давлат бюджетини бажаришни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги борасида ҳеч ким баҳслашмаяпти. Баҳс фақат ушбу олижаноб мақсад учун хорижий кредиторлардан қиммат пулларни қарз олиш керакми ёки уларни ўзимизнинг Марказий банкдан юқори фоизларсиз ва айирбошлаш курси ўзгариши таваккалисиз, олган маъқулми? – шу ҳақда бормоқда.
Айнан қуйидаги иккита асосий саволга ишонарли жавоб йўқ:
· 1) нега ўзимизнинг Марказий банкдан эмас, балки хорижликлардан қарз олиш керак?
· 2) нега биз ривожланишни рағбатлантириш ва юзага келган инқироз оқибатларини енгиб ўтиш бўйича чоралар ўрнига ҳамон инфляцияни таргетлаш бўйича чоралар ҳақида гапиряпмиз?
Буларнинг барчаси миқдорий рағбатлантириш ва юмшатиш воситалари билан ҳал этилади, булар иқтисодиёт соҳасида фаолият кўрсатувчи барча расмий шахсларга яхши таниш деб ўйлайман.
Хулоса ўрнида барчамиз шу мамлакат фуқаролари эканимизни қайд этишни истардик. Агар мамлакатда кимдир амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатнинг самарадорлиги борасида ўз шубҳа-гумонларини айтишга журъат этса, уни оғзини ёпишга ва ҳокимият обрўси билан босим ўтказишга ҳаракат қилмасдан, балки бундан хурсанд бўлиш керак. Чунки биз буни бошқалардан ажралиб туриш учун эмас, балки ўз фикримизга эга бўлганимиз ҳамда соҳани тушунганимиз учун айтяпмиз ва саволлар беряпмиз.
Ҳурмат билан,
Абдулла Абдуқодиров
Иқтисодий шарҳловчи.
фотосурат: Азиятерра
Шарҳлар