Президент кадрлар билан ишлаш тизимини ўзгартирмоқда ёки вилоят ҳокимларига нега “тегилмапти”

Президент кадрлар билан ишлаш тизимини ўзгартирмоқда ёки вилоят ҳокимларига нега “тегилмапти”

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида вилоят ҳокимлари жамоатчилик танқид қиладиган асосий шахсларга айланди. Бу борадаги рейтингда Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев биринчи ўринда бормоқда. У Сенатнинг ахлоқ бўйича қўмитасида ҳамманинг олдида хайфсан олган ҳамда Бош прокуратура томонидан гаплари ҳуқуқбузарлик предметига ўрганилган ягона вилоят ҳокими бўлиб қолмоқда.
 
Аммо президент Ғаниевни ишдан бўшатмаяпти, шунингдек бошқа вилоят ҳокимларини ҳам, Тошкент шаҳар ҳокими ҳам ўз лавозимини сақлаб қолди. Айтиш жоизки, турли даражадаги ва конкрет мана шу ҳокимларнинг ўзини тутиши янги администрация обрўсига доғ туширмоқда. Бунинг устига Президент гуноҳкор амалдорларни кескин танқид қилишдан ўзини четга олмоқда. Бу ерда, “нега?” деган савол туғилади.
 
Бу борада бир нечта фикр бор, деб ўйлаймиз, улар барча даражадаги амалдорларнинг фикрлаш шакли ва хатти-ҳаракатларини ҳамда мамлакатдаги ҳокимит тизимини ўзгартириши керак.
 
Биринчидан, Каримов даврида мажбурлаш асосий бошқарув шакли эди. Давлат тизимида мажбурлаш қатъий пирамидал характерга эга эди. Агар амалдор халқ олдида гуноҳкор бўлса, у жазоланиши лозим эди. Каримовнинг мантиғи ва позицисига кўра, агар жамоатчиликка амалдорларни, уларнинг мавқеидан қатъи назар,  муҳокама ва танқид қилиш имкони берилса, унда эртага жамоатчилик танқиди прездентгача ҳам етиб бориши мумкин эди. Шундай экан, амалдорларни халқ олдида танқид қилиш ҳуқуқи мамлакат президентида қолиши керак.
Кармов даврида ҳокимият қатъий ёпиқ эди. Ўзбекистонда фақат битта омма танийдиган сиёсатчи бор эди. Унинг юзи ва овозини ҳамма биларди – Бу Каримовнинг ўзи. Шу боис ўзбекистонликларнинг ижтимоий онги фақат битта масъул шахсни ёки мамлакатдаги – барча секторлар ва республиканинг ҳудудларидаги вазият учун битта айбдорни биларди. Мавжуд тизим амалдорларнинг шахсий ва менежерлик сифатларини одамлар билишига, уларнинг бошқарувчилик сифатлари ривожланшига йўл қўймасди. 
 
Мирзиёевнинг ҳаракатларига қараганда, у давлат бошқаруви шаклини ўзгартиришга интилмоқда. Бугун Ўзбекистон ҳукумати мажбурлаш тизимидан воз кечишга ҳамда ундаш ва ишонириш тизимини жорий этишга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, Мирзиёев ҳокимият масъулиятининг бир қисмини амалдорларнинг зиммасига юклаган ҳолда, уни диверсификацияламоқчи ва буни Ўзбекистон жамоатчилиги олдида расмийлаштирмоқчи. Бу Ўзбекистон сиёсий тизимини ислоҳ қилиш вазифаларидан келиб чиқиб, президент олдида юқори даражадаги  давлат амалдорларининг фикрлаши ва хатти-ҳаракатларини ўзгартириш вазифаси турганини билдиради. Вазифа эса ҳокимиятнинг янги тизимини, миллий бойликни мажбурлашларсиз яратиш имконини берадиган тизимни, Ўзбекистонга жаҳон ҳамжамияти олдида муносиб обрўга эга бўлиш имконини берадиган тизимни яратишдан иборат.
 
Ушбу вазифа олдин “тегилмайдиган” раҳбарлар жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйишни ўрганишлари, ижтимоий муаммолари самарали аниқлай ва ҳал қила олишни билишлари кераклигини кўзда тутади. Бу билан Мирзиёев репрессив давлат машинасини аста-секин демонтаж қилиш, очиқлик, ошиб бораётган ижтимоий муаммоларни тўғри аниқлаш шароитларида барча даражадаги амалдорларни ре-социализациялаштиришни кўзламоқда.
Айнан шунинг учун Мирзиёев ўзига хос сиёсий тажрибани ўтказмоқда. Унинг моҳияти жамоатчилик ва амалдорларга “силлиқ тўқнашиш” имконини беришдан иборат. Куч ишлатувчи тузилмалар одамлар ўз муаммоларини ҳал қилишни ўрганишлари учун жамоатчиликнинг ижтимоий фаоллигини қаттиқ бостирмайди. Шунингдек Мирзиёев, амадорларга жамиятнинг ижтимоий муаммолари кўламини англаш имконини тақдим этган ҳолда, вазиятга аралашмасликка ҳаракат қилмоқда. Яъни бу ҳолда президент ўзига хос “пинг-понг” ҳаками ролини ўйнамоқда: бир томонда – ўз муаммолари ва уларни ҳал қилиш талаби билан жамият, бошқа томонда – одамлар билан самарали мулоқот қилиш кўникмасига эга бўлмаган, аммо ушбу жараёнлар давомида буни ўрганиши керак бўлган ҳокимлар ва бошқа амалдорлар.
 
Иккинчидан, Мирзиёев Каримовнинг кадрлар тажрибасини такрорлашни истамаяпти. Собиқ президент вилоят ҳокимларини лавозимидан олишга масъулиятни уларнинг зиммасига юклаш бўйича сиёсий технология сифатида қарарди. Ҳар сафар Каримов бирор ҳокимни тайинлашдан олдин, уни мақтарди. Лавозимидан олаётганда эса иқтисодиёт, ижтимоий тузилмадаги барча ўринли ва ўринсиз хато-камчиликларни уларнинг зиммасига юклаган ҳолда соатлаб уларни танқид қиларди.  Бундай амалиёт охир-оқибатда Каримовнинг ўзининг обрўсига путур етказди. Одамлар унинг баҳолари ва танқидига ишонмай қўйди. Жамоатчилик муаммо фақат кадрларда эмас, балки умуман сиёсий тизимда эканини тушуна бошлади.
Шунингдек, бу сиёсий тизим ичида ҳам кўплаб кескинликларни яратди. Президент томонидан халқ олдида у ёки бу амалдорнинг танқид қилиниши ва кейин унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши ҳар доим айниқса юқори даражадаги раҳбарлар орасида қўрқув туғдирарди. Бундай кадрлар сиёсати билан Ўзбекистонда авторитаризм фақат мустаҳкамланиб борди. Кераксизларни ва хатога йўл қўювчиларни қатъий жазолайдиган ҳокимият образи яратилди.
 
Айтиш жоизки, президент Мирзиёев у ёки бу амалдорнинг ишдан олиниши республикадаги вазиятни кескинлаштирадиган, қўрқитувчи характерга эга бўладиган вазиятга йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Шунингдек у кадрларни Каримов давридагидай тез-тез алмаштиришни хоҳламаяпти. Мирзиёев кадрлар масаласида ўзини консерватор сифатида тутяпти. У бир кадрни иккинчисига алмаштиришдан кўра кадрнинг ўзининг хатти-ҳаракат моделини ўзгартиришни маъқул кўрмоқда. Бундай ёндашув амалдорларнинг эркин жамиятларда зарур бўладиган менежерлик сифатлари ривожланишига кўмаклашиши керак.
Мирзиёев ўзининг Олий Мажлисга мурожаатида амалдорларни уларнинг хатолари борасида ҳокимиятнинг ҳам сабр косаси тўлиши ҳақида огоҳлантирди. Охирги уч йил ичида вилоят ҳокимларининг кўпчилиги янги ўйин қоидаларини яхши ўзлаштириб олди, яъни юқорида турувчи идоранинг топшириқларини бажаришда, жамоатчилик танқидига учрамаслик учун қайишқоқликни намоён этиш зарурлигини тушунди. Бироқ ҳозирча Шуҳрат Ғаниев бу қоидани ўзлаштиришнинг уддасидан чиқолмаяпти, лекин у ҳам қўлидан келганича ҳаракат қилмоқда.

Шуҳрат Ғаниев ва бошқа вилоят ҳокимлари республикадаги ижтимоий-сиёсий вазият янги фазага кираётганини яхши тушунадигандай кўриняпти. Янги ҳокимият образини ҳам жамият англаб етди. Парламент сайловлари бўлиб ўтди, бир йилдан сўнг – 2021 йил охирида президент сайловлари ўтказилиши керак. Бу ҳолат кейинги икки йил давомида вилоят ҳокимларининг муайян қисми ўз лавозимларини йўқотиши мумкинлигини шартлайди.  Бунда янги шароитлар ва ўйин қоидаларига мослаша олмаганлар биринчилардан бўлади. Бу борада Фарғона вилоят ҳокими Ғаниев ҳозирнинг ўзидаёқ хатар гуруҳига тушган.
 
Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.