Пуллар қаерда?

Пуллар қаерда?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар куни COVID-19 га янги чалиниш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни чоп этади. Бу маълумотлар одамларда қўрқув туғдириб, айбдорлик ҳиссини қўзғатади, гўёки беморлар сони бизнинг бепарволигимиз туфайли ошиб бораётгандай, шу боис биз пул беришга ва улар қаерга ва нимага сарфлангани ҳақида сўраб ўтирмасликка мойилмиз.
 
Ҳукумат томонидан COVID-19 тарқалиши ва унинг оқибатларига қарши курашиш учун улкан маблағлар ажратилаётгани факти эса бироз четга чиқиб қолмоқда.

Ўзбекистон Молия вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, 27.05.2020 йил ҳолати бўйича Инқирозга қарши курашиш жамғармасига 7,44 трлн сўм келиб тушган, ундан 7,32 трлн сўм халқаро молия институтларининг имтиёзли узоқ муддатли кредитлари ҳисобидан шакллантирилган. Бошқача қилиб айтганда, бу маблағларни 10-15 йил ичила қайтариш керак, яна фоизлари билан. Биз қарзга олинган 3,306 млрд сўм қай даражада самарали сарфланганини тушуниш учун ўз ҳисоб-китобларимизни туздик ва уларни расмий рақамлар билан таққосладик:

·         тест тизимлари, реагентлар ва ҳимоя воситаларини харид қилишга – 277 млрд сўм;
·         мавжуд ҳудудий  даволаш ва реабилитация марказлари учун – 250 млрд сўм, плюс 9 млрд сўм эпидемияга қарши курашиш бўйича бошқа чораларга;
·         карантиндаги фуқаролар учун дори-дармон харид қилишга – 3 млрд сўм;
·         махсус касалхоналар ва ҳар бир 10 000 кишилик карантин мажмуаларини қуришга – 487 млрд сўм, улардан бор-йўғи 9 млрд сўм – дори-дармон, жиҳозлар ва дезинфекция воситаларини харид қилишга.

Бу рақамлардан бироз чалғиб, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг шу йил 23 апрелдаги интервьюсига қайтамиз. Суҳбатда у коронавирусга чалинган бир беморни даволашга кетадиган асосий харажатлар ҳақида гапиради: “Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳеч қачон молиялаштириш нуқтаи назаридан бунчалик эркин ишламаганди. Бизга 5,4 трлн сўм ажратилди, шу жумладан 3,9 трдн сўм – бюджетдан, 1,2 трлн сўм – Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан. Яна биз халқаро молиявий маблағлардан 32 млн долларни ўзлаштирдик. Бундан ташқари, ускуналар харид қилишга 150 млн долларлик шартномалар тузилган”.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Баҳромжон Эгамбердиев бу маълумотларни тасдиқлаб, карантин кузатувига олинган одамлар сонига доир айрим рақамларни ошкор этди.

Карантин чоралари билан қамраб олинган одамлар сони, давлатнинг уй карантинига олинган одамлар бўйича харажатлари ҳамда ўтказилган тестларнинг умумий сони ҳақидаги маълумотлардан келиб чиқиб, биз харажатларнинг тахминий ҳисоб-китобларини туздик. Ҳисоблаш ишларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий шахсларининг шу йил 16 июнь соат 23:00 ҳолати бўйича касаллик динамикасини ҳисобга олган ҳолда 1 киши учун маълум қилган маълуомтларидан фойдаландик.
 
Қайси харажатларни “тасдиқлашимиз” мумкин
 
Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, кўрсаткичлар бўйича умумий харажатлар қуйидагиларни ташкил қилди:

·         касалланганларнинг барчасини (5328 киши) дволаш харажатлри, оғир касалларга сарфланган харажатларни чиқариб ташлаган ҳолда 172,26 млрд сўмни ташкил қилди;
·         оғир касалларни даволаш харажатлари (53 киши) – 3,52 млрд сўм;
·         стационар карантинга жойлаштирилган одамларга сарфланган харажатлар (110 минг киши) – 264,0 млрд сўм;
·         уй карантинига жўнатилган одамларга сарфланган давлат харажатлари (320 минг киши) – 384 млрд сўм;
·         14 кунлик карантиндан кейин 4096 кишини реабилитация қилишга харажатлар – 11,5 млрд сўм;
·         аҳолини тестдан ўтказишга умумий харажатлар (820 минг киши 2 мартадан) – 367,36 млрд сўм.

Жами ушбу бандлар бўйича харажатлар 1223,25 млрд сўмни ёки қарийб 120 АҚШ долларини ташкил қилди. Биз ҳукумат тузилмалари томонидан эълон қилинган ўзимиз билган нархлардан келиб чиқиб,  барча эҳтимолий харажатларни атайлаб кўрсатдик. Ҳолбуки, аҳолини тестдан ўтказиш харажатларини қавсдан ташқарига чиқарсак ҳам бўларди, чунки кўпгина халқаро донорлар тестдан ўтказиш воситалари ва реагентларни бепул ажратган. Хусусан, БМТТДнинг ўзи Ўзбекистонга COVID-19 пандемияси оқибатларига қарши курашиш учун 1,9 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган.

Биз олган ҳисобий рақамларни Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан келтирилган маълумотлар билан юзаки солиштирганда ҳам қуйидаги ғаройиб фактларни сезиш мумкин:

·         Давлатнинг COVID-19 га чалинган беморларни даволаш ҳамда карантиндаги одамларга қараш учун сарфлаган харажатлари биргаликда Молия вазирлигининг Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги фаолиятини молиялаштиришга, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилган карантин мажмуалари ва махсус касалхоналарни қуришга (572 млрд сўм плюс 487 млрд сўм тенг 1059 млрд сўм) йўналтирилган умумий харажатларидан ошади; Бу Молия вазирлигининг жорий бюджети учун жуда катта юклама. У шу қадар каттаки, бюджетда кўзда тутилган бошқа барча молиялаштириш йўналишларини иккинчи планга суриб қўяди. Таққослаш учун эслатиб ўтаман, 2020 йилда бюджет томонидан соғлиқни сақлаш соҳасидаги фақат 17 та давлат мақсадли дастурини молиялаштиришга бор-йўғи 747,3 млрд сўм сарфлаш кўзда тутилган;

·         Агар давлат бюджети томонидан 2020 йилда мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасини барча йўналишлар бўйича бор-йўғи 14842,6 млрд сўмга молиялаштириш кўзда тутилганини эътиборга оладиган бўлсак, унда давлатнинг фақат COVID-19 га чалинган беморларни даволашга ва карантинда одамларни сақлашга сарфлаган харажатлари ушбу кўрсаткичдан 8,25% га ошади. Саратон, ОИВ, сил ва бошқа касалликларнинг катта хавфи ҳақида унутган ҳолда, шунча маблағни фақат битта касалликка курашишга қарши йўналтириш зарурмиди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 41 мингдан ортиқ ОИВ касалига чалинганларни даволашга давлат йилига қарийб 2 млн доллар сарфлайди – мутлақо тенглаштириб бўлмайдиган қийматлар;

·         Биз, бир томондан, донорларнинг бепул асосда юз минглаб тестлар ва реагентларни тақдим этгани, бошқа томондан эса ҳукумат фақат Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги орқали тест-тизимлар, реагентлар ва ҳимоя воситаларини харид қилишга 270 млрд сўм маблағ сарфлаганини кўриб туриб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан неча дона, тўплам тестдан ўтказиш воситалари ва реагентлар харид қилганини тушунолмаяпмиз. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, бу пуллар камида 1 млн кишини тестдан ўтказиш учун етарли бўладиган тест-тизимларни ва реагентларни харид қилишга етиши керак эди;

Салкам 6 минг кишини қамраб олган ва 19 киши ҳолатида ўлимга олиб келган битта касалликка қарши курашишга бутун соғлиқни сақлаш тизимини сафарбар қилиш мақсадга мувофиқмикан деган саволни бериш вақти келди. Айтайлик, касаллик аҳолининг 2% ни қамраган, бу жами 680 минг киши. Бу бугун 10 млн киши қашшоқлик чегарасида қолиб кетиб, тўғридан-тўғри давлат молиявий кўмагига муҳтож бўлишига арзирмиди?

Бизга қтъий карантин чоралари кўрилгани боис ҳам беморлар сони кам деб эътироз билдиришлари мумкин. Бу фикрга қўшилмасдан иложимиз йўқ, албатта. Аммо, агар аввал бошиданоқ касалликка қарши курашиш тактикаси Ўзбекистон иқтисодиёти ва соғлиқни сақлаш тизимининг ҳақиқий имкониятларидан келиб чиқилганида эди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги самаралироқ даволаш ёндашувларини топган бўларди ва бунд касаллик оғир кечаётган беморларга алоҳида эътибор қаратиларди.

Мен вирусология ва эпидемиология бўйича мутахассис бўлмаслигим мумкин, аммо кўплаб мамлакатлар амалиётини ва Германия, Италия ва Россиядаги машҳур вирусологларнинг хулосалрини таҳлил қилиш натижасида қуйидагиларни умумлаштиришим мумкин:

·         узоқ вақт давомида турли мамлакатлар грипп вирусига қарши курашиб, ўзлари хоҳламаган ҳолда коронавируслар деб номланувчи бошқа бир вируслар кичик гуруҳини кашф этишди;
·         инсоният бу вирус билан яшашга мажбур, чунки у энди ҳеч қаерга йўқолмайди ва бутун умид одамларнинг иммунитетида;
·         карантин чоралари, изоляциялаш чоралари ижтимоий онг учун салбий самара бермоқда, касаллар ва касалликни бошидан кечирганларнинг сигматизациясини келтириб чиқармоқда, жамиятни парчаламоқда ва бошқа касалликлардан ўлиш ҳолатларини оширмоқда.

Ўзбекистон бундай натижаларга эришишига сабаб, энг аввало деярли барча давлат институтлари (ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг барча хизматлари ва бошқалар) “кўнгилли равишда” изоляциялаш бўйича чораларни таъминлашга ташланди ва фуқаролар 2 ой уйларида бунга итоат қилиб ўтиришди.

Президент 2020 йил 16 июнда ўтказилган йиғилиш давомида қуйидагиларни қайд этди: “Биз аломатсиз ёки коронавируснинг енгил шаклига эга беморлар уйда даволанадиган тартибни жорий этишимиз керак”. Бундай беморлар мунтазам тиббий назорат остида бўлади, даволаш протоколи эса халқаро тавсияларни ва Буюк Британия ва Россия каби мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ўзгартирилади.

Қатъий “кўнгилли изоляция”нинг иқтисодий оқибатлари бу борада ўйланишга туртки бўлганини фақат қутлаш мумкин, холос. Аммо, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги сарфланган бюджет маблағлари, хориж кредитлари, чет эл ташкилотларининг COVID-19 га қаршиш учун тақдим этган инсонпарварлик ёрдами ҳақидаги тўлиқ ва батафсил ҳисоботини кутиб қоламиз.
 
Абдулла Абдукадиров,
иқтисодий шарҳловчи

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.