Тангликни қандай енгиб ўтиш мумкин
18 март куни ўтказилган видеоселекторли йиғилишда Шавкат Мирзиёев коронавирус тарқалиши муаммосига катта эътибор қаратди ва коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилиш оқибатларини камайтириш бўйича ҳукуматга қатор топшириқлар берди.
Ўзбекистондаги вазият ҳақида
2020 йил февраль ойи якунида бош вазир бошчилигида махсус республика комиссияси ташкил қилиниб, касаллик Ўзбекистонда илк бор аниқланган ҳолатдан кейин Ўзбекистонда қатор қатъий чоралар кўрилди:
· 6 мингга яқин киши карантинга жойлаштирилди. Оммавий тадбирларни ўтказиш чекланди;
· 16 мартдан бошлаб мактабгача таълим муассасалари, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари карантинга ёпилди. 80 мингта талаба ўзининг доимий яшаш жойига марказлаштирилган тартибда жўнатилди;
· Ҳар бир ҳудудда эпидемиологик вазият ҳар соатлик ва кунлик маълумотлар асосида таҳлил қилиниб, тезкор чоралар қабул қилинмоқда;
· Тиббиёт муассасалари алоҳида иш режимига ўтказилган. Санаторийлар ва болалар соғломлаштириш оромгоҳлари карантин муассасалари сифатида ишлашга мослаштирилмоқда.
· Чет элга чиққан юртдошларимиз ватанига чартер рейслари билан қайтмоқда. Чегарада ҳаракатланиш чекланган, аммо транспорт юк ташувлари тўхтатилмаган. Ҳар куни мамлакатга кўплаб хорижий ва маҳаллий юк ташувчилар кириб келади ва чиқиб кетади.
· Бу касаллик тарқалишини назорат остида ушлаб туриш имконини бермоқда: Ўзбекистонга келишдан олдин касалланганлар ҳозир касал ҳолатда (2020 йил 18 март ҳолатига кўра мамлакатда 15 киши коронавирусга чалинган).
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа истеъмол моллари нархининг ўсишига йўл қўймаслик мақсадида қатор маъмурий ва иқтисодий характердаги чоралар кўрилди.
Эҳтимолий иқтисодий оқибатлар қандай бўлиши мумкин
Президент ўз нутқида энергия ташувчиларига бўлган нарх тушиб кетиши натижасида газ экспортидан тушадиган даромад қисқариши мумкин. Асосий хорижий шерикларимизнинг миллий валюталари девальвацияси бизнинг тўқимачилик, мева-сабзавот маҳсулотларимизга бўлган тўлов қобилиятли талабни камайтиради, бу эса экспорт нархлари даражасига ҳам таъсир кўрсатади.
Биринчи навбатда туризм, умумий овқатланиш, халқаро йўловчи ва юк ташувлари, кўнгилочар индустрия билан боғлиқ тармоқлар жабр кўради.
Умуман олганда, истеъмол ва инвестициялаш устуворликларидаги ўзгаришлар туфайли иқтисодиётда мувозанатнинг бузилиши ошиши мумкин, бу муқаррар равишда қатор тармоқлар билан боғлиқ шундай ҳам мураккаб вазиятни янада ёмонлаштиради.
Жаҳон иқтисодиётидаги шок вазият сабабли Ўзбекистон иқтисодиётига етадиган зарар миқдори ва конкрет оқибатлар қандай бўлишини ҳозирги босқичда аниқ баҳолашнинг имкони йўқ. Ҳаммаси Хитой, АҚШ, ЕИ, Россия ва бошқа асосий иқтисодий шериклар ушбу танглик оқибатларини қай даражада тез бартараф этишига ва ушбу мамлакатларда қабул қилинган иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар ўз самарасини қай даражада тез беришига боғлиқ.
Президент қандай топшириқ берди ва бу нима учун муҳим
Президентнинг топшириғи билан махсус ишчи гуруҳ туризм, транспорт, фармацевтика ва енгил саноат каби соҳаларда солиқ танаффусларини тақдим этиш;
кредитларни қайтариш муддатларини узайтириш, муддати ўтган ташқи қарздорлик учун жарималар қўлламаслик тартибини жорий қилиш;
мураккаб вазиятда қолиши мумкин бўлган соҳалар ва тармоқлар, йирик корхоналарни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни тайёрламоқда.
Шунингдек мамлакатдаги санитария-эпидемиологик хизматни тубдан ислоҳ қилиш ва унинг фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича ҳужжат лойиҳаси тайёрланмоқда.
Коронавирус тарқалишининг бевосита ва билвосита таъсиридан жабрланган мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тармоқлар ва корхоналар учун солиқ имтиёзлари пакетини жорий этиш – бу давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдамнинг муҳим шаклидир, чунки у корхоналарга ишлаб чиқариш фаолиятини давом эттириш, иш ҳақини тўлаган ҳолда ўз ишчиларини қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Бироқ анъанага кўра даромади қиш мавсумида паст бўлган ва айланма маблағларни “еб бўлган” корхоналар нима қилиши керак? Бу қурилиш секторида бевосита ёки билвосита қатнашувчи кўплаб корхоналарга хос ҳолат. Қурувчилардан ташқари, бу қурилиш материаллари саноати корхоналарига, қурилиш техникасини сотиш, ижарага бериш билан шуғулланувчи корхоналарга, қурилиш инфратузилмаси корхоналарига ҳам тегишли.
Тижорат банкларининг минимал ставкалар бўйича махсус ссудалар кўринишидаги молиявий ёрдамисиз иложи йўқ деб ўйламиз. Албатта, кредитларни қайтариш муддатларини узайтириш ҳам муҳим омиллардан бири, аммо ҳар бир кредитни принципиал реструктуризация қилиш муҳим аҳамият касб этади (бу ерда нафақат тўловни кейинга қолдириш, балки фоиз ставкаларини қайта кўриб чиқиш ҳам назарда тутилган).
Албатта, тижорат банклари, секторнинг паст маржиналлиги туфайли ҳамда акциядорларнинг босими остида ўз-ўзидан бундай йўл тутмайди. Бу ерда тармоқ бўйича бутун бир стратегия керак бўлади, унда тижорат банклари ўз таваккалларини қатъий хежирлаши ва Марказий банкнинг бевосита молиявий қуйилмалари ҳисобидан даромадлардаги йўқотишларни компенсациялаши мумкин. Марказий банк эса ҳар бир банкнинг, биринчи навбатда, давлат банкларининг кредит портфелини реструктуризация қилиш бўйича асосий томон сифатида чиқиши мумкин ва керак.
Шунингдек айланма маблағларни ва иш ҳақи бўйича тўловларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий мажбуриятларни бажариш учун марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан тўғридан-тўғри молиявий қуйилмалар ҳам ижобий самара бериши мумкин.
Яна бир чора – корхоналарнинг энергетика ва бошқа ресурслардан фойдаланганлик учун тўловларини 3-6 ойга кечиктириш ва инфратузилма корхоналарининг жорий йўқотишларини марказлаштирилган ресурслар ҳисобидан компенсация қилиш.
Аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
· даромади муайян даражадан паст бўлган оилаларга ҳамда даромад даражасидан қатъи назар болалари бор оилаларга компенсация маблағларини тўлаш (чунки танглик шароитларида тангликкача бўлган даромад манбалари йўқолиши мумкин);
· аҳолининг заиф қатламларини (қариялар, ногиронлар, кўп болали оилалар ва ҳ.к.) озиқ-овқат ва тиббий хизматлар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
Барибир, тижорат банклари, молия институтлари ва, умуман олганда, иш берувчиларнинг кўмаги асосий бўлиб қолади, улар танглик оқибатларини енгиб ўтиш борасида давлатнинг асосий кўмакчилари сифатида чиқиши мумкин.
Сафарбарлик учун инсон ресурслари
Энг аввало, янги ташкил қилинган Оила ва маҳалла ишлари бўйича вазирлик ҳар бир оиланинг ҳақиқий молиявий аҳволини ўрганиш, бир тизимга солиш ва у бўйича хулосалар шаффофлигини таъминлаш учун барча имкониятларга эга. Кечаги муваффақиятли тадбиркорлар танглик шароитларида ўз оиласига давлат томонидан кўмак кўрсатилишига эҳтиёжи бўлиши мумкин.
Иккинчиси – банкнинг ҳар бир мижози билан боғлиқ молиявий вазиятни тўплаши, бир тизимга солиши ва таҳлил қилиши ҳамда умумлаштирилган натижаларни Марказий банкка тақдим этиши мумкин бўлган тижорат банклари.
Ва, албатта, ҳудудлардаги ҳокимият органлари давлат ва хусусий институтлар фаолиятини ҳудудий мувофиқлаштиришлари, шунингдек аҳолини қўллаб-қувватлашнинг маҳаллий ресурслари ва методларини сафарбар этиши мумкин. Улар ким ва нима билан ёрдам беришини аниқ билишларига шубҳамиз йўқ.
Келгусида биз ўқувчиларимизни коронавирус тарқалишининг оқибатларини ва шу билан боғлиқ тоборо кучаяётган иқтисодий тангликни енгиб ўтиш учун бошқа мамлакатларда қандай чоралар кўрилаётгани билан таништирамиз.
Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси
Шарҳлар