Ўзбекистонда ислоҳотларнинг дастлабки якунлари

Ўзбекистонда ислоҳотларнинг дастлабки якунлари

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси” тасдиқланган пайтдан бошлаб 2,5 йил вақт ўтди. Айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиётида нималар юз бераётганини таҳлил қилиш вақти етди, деб ўйлаймиз.
 
Иқтисодий сиёсатнинг асосий иштирокчилари ўртасидаги ўзаро алоқалар ҳақида

2018 йилда Солиқ сиёсатини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси эълон қилинганида, кўзга ташланган биринчи нарса шу бўлдики, ҳукумат таклиф этилаётган ўзгаришларни қабул қилиш билан боғлиқ таваккалларни ҳисобга олмаган. Хусусан, бюдлжетда сезиларли дисбаланснинг юзага келиши, кичик ва ўрта бизнесни солиққа тортиш тизимининг кескин ўзгариши ва бунинг натижасида солиқ тўловчиларнинг катта қисмини йўқотиш кузатилди. Бу орада кўпгина экспертларда қатор саволлар туғилди:

·         Нега иқтисодий сиёсатнинг муҳим қисми бўлган солиқлар ҳукумат 2021 йилгача эришмоқчи бўлаётган макроиқтисодий индикаторлардан узилган ҳолда кўриб чиқилмоқда? Иқтисодий сиёсатнинг асосий “ўйинчилари” бўлган Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк ўз олдига қандай мақсадларни қўйган?

·         Нега солиқ масалалари аҳолининг турмуш даражаси, аҳолининг энг заиф қатламларини ҳимоя қилиш кўрсаткичлари билан боғланмади, ахир улар ижтимоий сиёсатнинг ушбу жиҳатларига бевосита таъсир кўрсатадику?

·         Нега энергия ташувчилари (электр энергияси, газ), коммунал хизматлар нархларининг бўлажак динамикаси ҳақида прогнозлар берилмади? Ҳолбуки уларнинг даражаси, биринчи навбатда аҳолининг фаровонлигини белгилайди.

·         Ва, ниҳоят, нега ҳукумат номидан аҳоли билан Конституцияда кўрсатилган бошқарув органлари эмас, балки Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) мулоқот қилмоқда?

Биз бу саволларга ўша пайтда ҳам, ундан кейинги йилларда ҳам тегишли жавобни олмадик. Кейинчалик билдирилган иқтисодий сиёсатни амалга ошириш жараёнида аслида юқорида санаб ўтилган органлар томонидан ҳаракатларнинг ҳеч қандай мувофиқлаштирилиши бўлмагани яққол кўриниб қолди. Бунинг устига ушбу органлар ахборотни хоҳламай беришди, натижада, солиқ ислоҳоти кичик ва ўрта бизнес учун ва умуман, иқтисодиёт учун даҳшатга айланди.
Марказий банк аҳолига батафсил ва ишончга лойиқ бирор маълумотни етказишга уринган ягона органга айланди. У ҳар чорак якунида ўз ҳисоботлари ва монетар сиёсати ҳақидаги маърузани чоп этиб келмоқда, улар мамлакатдаги пул муомаласи билан боғлиқ вазиятни тушуниш учун ҳамда регуляторнинг инфляция суръатини пасайтириш мақсадлари учун батафсил ва муҳим ҳужжат ҳисобланади. Молия вазирлиги томонидан чоп этилган давлат бюджети эса нега ва нима учун деган саволларга умуман жавоб бермайди.

МБ ҳужжатларининг таҳлили халқ хўжалигидаги муаммолар, шу муносабат билан яқин келажакда Марказий банк ўз олдига қандай вазифаларни қўйиши ва уларни қандай ҳал этмоқчи экани ҳақида тасаввур беради.

Агар мамлакатнинг қолган иқтисодий блоклари – Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳам шундай илғор мутахассисларни жалб этганида, ислоҳотларимиз анча каттароқ муваффақиятларга эришган бўларди. Аммо бу вазирликларда ёндашув бошқача: чет эл тажрибасининг энг ёмон томонларини ўзлаштириш. Шу ҳақда батафсилроқ сўз юритамиз.

Бошқа мамлакатларда молиявий инқироздан кейинги ислоҳотлар қандай олиб борилган?

Датсаввал тарихга кичикроқ саёҳат. 2008 йилги Жаҳон молиявий инқирози, экспертларнинг тан олишича, урушдан кейинги даврдаги энг чуқур ва ҳалокатли инқироз бўлди. Обама АҚШ Президенти этиб сайланганидан кейин аҳоли иқтисодиётни кўтаришда янгича ёндашувларни, турмуш даражасининг ортишини кутганди. Президент Сенатга 2009 йилда АҚШ иқтисодиётини ва инвестицияларни тиклаш актини (American Recovery and Reinvestment Act of 2009 – ARRA 2009) таклиф қилди. Ушбу ҳужжат учта асосий йўналиш бўйича 787 млрд доллар ажратилишини кўзда тутарди:

·         Ижтимоий ҳимояланмаган фуқароларни қўллаб-қувватлаш;
·         Давлат инвестиция дастурлари ҳисобидан истеъмолчилик ўсишини рағбатлантириш;
·         Иқтисодиётни инқироздан кейин тиклаш учун захира яратиш.

Ажратилган маблағларнинг 45,7% (360 млрд. АҚШ доллари) инқироздан кўпроқ жабрланган аҳолининг энг заиф қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Бунда 20 млрд доллар маблағ озиқ-овқат учун талонлар тарқатишга ажратилди.  Жисмоний ва юридик шахслар харажатларининг (яъни таълим бўйича харажатлар, ишлаб чиқариш воситаларини харид қилиш харажатлари, турли ҳодисаларни суғурталаш харажатлари) солиққа тортиладиган қисмидан ушлаб қолишнинг янги қоидалари пойдеворга айланди. Бу имтиёзлардан солиқ тўловчиларнинг 95% фойдаланди. Маблағларнинг катта қисми саломатлик дастурларини молиялаштириш, таълим соҳасини, мактаблар ва ўқитувчиларнинг моддий аҳволини яхшилаш учун штатлар бюджетларига йўналтирилди. Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш тизимининг ислоҳ қилиниши даромади паст миллионлаб америкаликларга улар ҳатто орзу қилмаган тиббий ёрдамни олиш имконини берди. Бу умуман ижтимоий дастурларни молиялаштириш учун маҳаллий солиқларнинг ошишига имкон бермади. 
Давлат инвестиция дастурлари, энг аввало, инфратузилмавий лойиҳаларни (йўллар, кўприклар, узоқ ҳудудларда сув таъминоти, электр таъминоти, газ таъминоти) қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга, тикланадиган энергия манбаларини, шу жумладан қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантиришга, энергетика ресурсларини ташқаридан импорт қилишни камайтиришга, энергетика ресурсларини ишлаб чиқариш ва тақсимлашнинг федерал тизимини такомиллаштиришга (жами 27 млрд АҚШ доллари) ва бошқа кўплаб ишларга йўналтирилди.

Ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар шу даражада муваффақиятли бўлдики, улар Обамани иккинчи муддатга қайта сайлаш учун мустаҳкам асосни яратди. Америка иқтисодиёти ва Европа Марказий Банки эришган муваффақиятларга назар ташлар экан, кейинги йилларда Россия Банки ҳам 2014 йилдан бошлаб ўзининг миқдорий юмшатиш дастурларини амалга ошира бошлади. Бу дастурлар регулятор томонидан фоиз ставкаларини пасайтириш, бозорни пул маблағлари билан тўйинтириш, пул массасини ошириш ва кредитлардан фойдаланиш имкониятини енгиллаштиришдан иборат эди.

Бироқ, Россия Федерация шароитларида бозорни пул маблағлари билан тўйинтириш, пул массасини ошириш ва кредитлардан фойдаланиш имкониятини енгиллаштириш барча давлат амалдорлари қилмишларининг асосий мезонига айланди, уларни ижтимоий дастурларни амалга ошириш мутлақо қизиқтирмади, аммо инвестицияларни ўзлаштириш, “бюджет маблағларини арра қилиш” асосий мотиваторларга айланди. Охир-оқибатда, улкан давлат ва банк маблағлари беҳуда сарфлаб юборилди, табиий ресурслар ўмарилди, 2013-2018 йилларда мамлакатдан капитални олиб чиқиш барча рекордларни ортда қолдирди.

Бироқ, шундай аҳволда ҳам, кўрилган чоралар ЯИМнинг ижобий динамикасига олиб келди, Россия ўзига қарши жорий этилган иқтисодий санкцияларга муваффақиятли қарши туришни таъминлади, 2015 йилда ЯИМ -0,5% га камайганидан кейин, 2016-2018 йилларда ЯИМ ўсишига эришилди (мос равишда 0,5%, 0,3% ва 0,7%га).

Ўзбекистонда нималар қилиняпти?

Ўзбекистонда ҳам миқдорий юмшатиш бўйича маҳаллий сиёсат ишлаб чиқилди. Экспертлар Молия вазирлигини ва Иқтисодиёт ва саноат вазирлигини ушбу сиёсатнинг ташаббускорлари сифатида кўрсатмоқда. У Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармонида белгиланган иқтисодий сиёсатнинг асосий йўналишларига асосланди. Юқоридаги Фармонда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси” тасдиқланди, у қуйидагиларни ўз ичига олди:

1) давлат ва жамоат қурилиши тизимини такомиллаштириш,
2) қонун устуворлигини кучайтириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш,
3) иқтисодиётни ривожлантириш ва эркинлаштириш,
4) ижтимоий соҳани ривожлантириш,
5) хавфсизликни кучайтириш, миллатлараро тотувликка эришиш.

Икки йил ўтгач, биз ушбу дастурий йўналишларнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда нималарга эришилганини баҳолашимиз мумкин.

Барча ютуқлар орасида миллий валютанинг эркин конвертацияси тизимини жорий этиш ва уни ушлаб туриш энг инқилобий ютуққа айланди. Кейин бутун иқтисодиёт ривожинниг локомотиви ҳисобланган тармоқлар ривожини қайд этишимиз мумкин. Булар: қурилиш, транспорт-коммуникация тизимлари, энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, сув таъминоти, одамларнинг дам олиши. 2017 йил якунига келиб, МБ қуйидагиларни маълум қилди: “2017 йил кўрсаткичлари билан солиштирганда 2018 йилда иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари ошиши кутилмоқда, шу жумладан инвестиция фаоллигини кучайтириш ҳисобидан ҳам…” . “Иқтисодий ривожланишни миқдорий юмшатиш”нинг ўзбек модели асосан қуйидагиларни кўзда тутади:

·         Турли инвестиция дастурлари остида, шу жумладан йирик инфратузилмавий транспорт узелларини (аэропортлар, йўллар, янги магистрал йўллар), тураржой мажмуаларини, индустриал IT паркларни, оммавий кўнгилочар объектларни қуришни кўзда тутувчи дастурлар ёрдамида иқтисодиётга тўғридан-тўғри маблағ йўналтириш;

·         Давлат тижорат банклари томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига турли намунавий инвестиция лойиҳалари остига имтиёзли узоқ муддатли кредитлаш ставкалари бўйича молиявий маблағлар ажратиш.

Шу билан бирга, “иқтисодиётда миқдорий юмшатишнинг ўзбек модели” доирасида ижтимоий дастурлар миқдорий мезонларга эга эмасди ва амалда бюджетчиларнинг иш ҳақи ва пенсияларини индексациялаш ҳамда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида мақсадли кредитлар ажратиш бўйича одатий чоралардан иборат бўлди. Бунда кредитларни аҳоли деярли мажбурий олди. Оилалар бу пуллар билан нима қилишни билмасди, кўпчилик уларни шахсий эҳтиёжларига сарфлади. Анчагина банк хизматчилари, маҳаллий ҳокимият органларининг вакиллари туманга, вилоятга “ажратилган молиявий ресурсларни ўзлаштириш мақсадида” сон-саноқсиз коррупцион схемаларга жалб этилди.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан инфратузилмавий лойиҳаларни (энергия ишлаб чиқарувчи компанияларнинг генерация қувватларини ушлаб туриш ва ошириш, мелиорация тизимларини, сув таъминоти тизимларини ривожлантириш, транспорт коммуникация йўлларини ривожлантириш) амалга оширишга ҳамда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари бўйича қурилиш, таъмирлаш-қурилиш лойиҳаларини, инновацион-саноат ва тураржой мажмуаларини (City) қуриш лойиҳаларини амалга оширишга тўғридан-тўғри бюджет маблағлари ажратилди.

Давлат банклари кичик тадбиркорликни ривожлантиришни ва “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича микрокредитлашни рағбатлантиришга ҳамда кичик тадбиркорлик субъектларига қишлоқ хўжалик материаллари ва асосий воситаларни (ЙШМ, парранда, кичик механизациялаш воситалари) харид қилиш, иссиқхоналар, молхоналар ва ҳ.к.ларни қуриш учун намунавий тадбиркорлик “ғоялари” (бизнес-режалар) бўйича имтиёзли кредитлар беришга мажбур қилинди.

Иқтисодиётда пул маблағлари ҳажмининг юқори даражада ўсиши бутун 2018 йил давомида ва 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида кузатилди. Фақат 2018 йилнинг ўзида тижорат банклари томонидан ажратилган инвестицион кредитлар ҳажми 15,24 бараварга ошди! Фақат декабрь ойининг ўзида банклар томонидан 38’747 млрд сўмдан ортиқ (4,64 млрд АҚШ доллари!) кредит ресурслари берилган.

2018 йилнинг январь ойидан 2019 йилнинг октябрь ойигача бўлган давр ичида мамлакатдаги умумий пул массаси (агрегат М2) 22'069 млрд сўмдан (2,53 млрд АҚШ доллари) зиёдга ёки 130,1% ошди ва абсолют қийматда 95’292 млрд сўмни (10,14 млрд доллар) ташкил қилди. ЯИМ ва экспорт ҳажмларининг тегишли ўсиши бўлмасдан туриб, пул массаси ўсишининг бундай жадал суръатларида айирбошлаш курсини ушлаб туриш учун Марказий банкдан қанча куч талаб қилинганини фақат тасаввур қилиш мумкин холос.

Нимани нотўғри қиляпмиз?

Ҳукумат томонидан ўрнатилган макроиқтисодий индикаторларнинг, иқтисодий блок идораларининг ўзаро боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштиришнинг йўқлиги, аҳоли турмуш даражасини ҳимоя қилиш бўйича асосий талабларнинг эътиборсиз қолдирилиши, нархларни, айниқса энергия ташувчилари ва истеъмол товарларининг нархларини тартибга солиш соҳасида ҳаммасини ўзибўларчиликка солиш ҳамда бошқа омиллар иқтисодиётда натурал ва пулда ифодаланган мувозанатнинг бузилишига, инфляция (2019 йилда 16,5%) ва истеъмол нархлари индекси (ИНИ – 18% дан ортиқ)нинг жиддий кўтарилишига, кичик ва ўрта бизнеснинг ҳамда микробизнеснинг деярли хонавайрон бўлишига, ишсизликнинг ўсишига (2017 йилдаги 5,8% дан 2018 йил якунлари бўйича 9,4%га) олиб келди. Иқтисодиётда мувозанатнинг бузилиши 2017 ва 2018 йилларда импорт ва экспорт тузилмаси ва таркибида сезиларли ўзгаришларга олиб келди.
Аҳолига ўйловсиз тарқатилган кредитлар давлат банкларининг ликвидлиги ёмонлашишига, уларнинг ҳақиқатдан ҳам зарур ва самарали саноат, инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштиришдан воз кечишига, имтиёзли ижтимоий кредитларни тақсимлаш ва ажратиш тизимида коррупция элементларининг ўсишига олиб келди. Ҳозир ҳам кўпгина давлат банклари хусусий тадбиркорларга берилган кредит ресурсларининг қайтарилишини таъминлаш учун унга улкан кадрлар кучини сафарбар этишга ҳамда кредит портфели сифатининг ёмонлашишидан ва имтиёзли ставкалар бўйича берилган кредит маблағларининг қайтарилмаётганидан кўрилаётган йўқотишларни компенсациялаш учун Молия вазирлигидан уларнинг капиталини оширишни сўрашга мажбур бўлаётир.

Шу билан бирга, олдинлари ўзбек жамиятига хос бўлмаган ижтимоий муаммолар ҳам пайдо бўлди. Кенг кўламли қурилиш дастури тураржойларни бузиш, уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқларини поймол қилиш, уйларининг ноқонуний бузилиши туфайли фуқароларнинг норозиликлари, етарли миқдорда ва шаклда компенсация тақдим этмаслик билан бирга кечмоқда.

Нархларнинг назоратсиз ўсиши аҳолининг турмуш даражаси пасайишига, пул муомаласида салбий тенденцияларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Хусусан, аҳоли яна нақд пулни, миллий валютадан кўра долларни афзал кўра бошлади. Натижада, хуфия иқтисодиёт кўламлари кенгайди. Ижтимоий тармоқларда ўтказилаётган ислоҳотлардан қониқмаслик ҳисси янграй бошлади. Айниқса, ёшлар ва аёллар бу борада қатъий гапира бошлашди, чунки улар ҳукуматнинг ғамхўрлигини деярли ўзларида ҳис қилмаяпти.

Шундай шароитларда 2019 йил бошида Президент бешта стратегик ташаббус ҳақида эълон қилди: 1. Ёшларнинг санъатга қизиқишини ошириш; 2. Ёшлар спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш; 3. АТни эгаллаш кўникмалари даражасини ошириш; 4. Ёшларнинг маънавиятини ошириш; 5. Аёллар учун янги иш ўринларини яратиш… Бироқ, холис айтганда, ушбу тўғри қўйилган мақсадларни миқдорий режалаштириш ва баҳолаш қийин, бундан ташқари уларни амалга ошириш механизмлари мавжуд эмас. Ҳукумат қарорларида айрим миқдорий мўлжаллар мавжуд, аммо бу масалаларнинг ечими жойлардаги ҳокимиятларнинг самарали фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонига айланмаган. Энди бу ташаббуслар конкрет ишлар ва натижаларга қандай татбиқ этилишини кутиш қолади, холос.

Нимани кутиш мумкин?

Мамлакат Президенти томонидан сўз луғатимиздан “имтиёзли кредитлаш” термини йўқолиши учун чоралар кўрилди. Имтиёзли кредитлар бўйича ставкалар қайта молиялаштириш ставкаларидан паст бўлмаслиги ҳақида қарор чиқарилди. Бу яхши янгилик. Аммо, агар бундай ставкали кредитлар олдингидай, етарлича гаровсиз ва қайтариш кафолатисиз, шубҳали лойиҳаларга ажратилса, унда банкларнинг ҳисобланган ва олинмаган даромадлари ошади, демакки, банк соҳасида келиб-кетишлар ҳажми ҳам кўпаяди, жиноий ишлар сони эса ошади. Иқтисодиётга йўналтирилган маблағлар ҳажми ошиб, улардан мақсадли фойдаланиш устидан ҳукумат ва банкларнинг назорати қатъийроқ бўлса, тўғри бўларди. Ҳатто шу ҳолатда ҳам, барибир пул массаси ўсади, у билан бирга эса инфляция суръати ва истеъмолчилик нархлари индекси ҳам кўтарилади.

Марказий банк аста-секин инфляцияни таргетлашга ўтиши ҳақида эълон қилди, демак пул массаси ва кредитлар устидан назорат янада қатъийлашиб боради. Бироқ МБ давлат банкларидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилган маблағларгагина таъсир кўрсатиши мумкин. Молия вазирлиги бевосита молиялаштирадиганларга эса таъсир кўрсата олмайди. Шунга мос равишда иқтисодиётдаги пуллар ҳажми ошиб боради. Бошқа томондан, тадбиркорлик субъектларини кредитлашни чеклаш бўйича қатъий чоралар нормал тижорат инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жиддий тўсиқ бўлиб қолаверади. Айланма маблағларнинг вақтинчалик етишмовчилигини молиялаштириш бўйича лойиҳалар ҳақида эса гапирмасаям бўлади.

Давлат институтлари томонидан ва давлат маблағлари ҳисобидан илгари сурилган инвестицион фаоллик давом этаверади. Шундай экан, бюджетга, солиқ тўловчиларга босим келгусида ҳам ошиб бораверади. Умуман олганда, бюджет ва солиқ сиёсатининг фискал йўналиши ошади. Давлат статистика қўмитаси фаолият кўрсатаётган кичик корхоналар ва микрофирмалар сони қарийб 310 мингтани ташкил қилгани, улардан 2019 йилнинг биринчи ярмида янгидан ташкил қилинганлари 50 мингта экани ҳақида дадиллик билан ахборот бермоқда. Афсуски, нечта кичик бизнес субъекти ва нечта микрофирма фаолият кўрсатаётгани ҳамда нечта субъект ўз фаолиятини тўхтатгани ҳақида ҳаққоний маълумотлар йўқ… Шунга қарамасдан янги солиқ сиёсатининг дастлабки якунларидан шок ҳолати аста-секин ўтиб кетмоқда ва КЎБ субъектлари (жон сақлаб қолганлари) янги шафқатсиз фаолият шароитларига мослаша бошламоқда.

Тошкентда уйлар бузилиши мавзусига чек қўйилган бўлса-да, айрим вилоятларда (Фарғона, Андижон, Хоразм) бу мавзу ҳамон долзарблигича қолмоқда. Агар маҳаллий ҳокимият уй-жойни алмаштириш, бузиладиган уй қийматини компенсация қилишга етарлича эътибор қаратмаса, бу жараён ижтимоий кескинлик ўсишининг манбаига айланиши мумкин. Шу билан бирга, агар зудлик билан режалаштириш ва назоратнинг конкрет кўрсаткичлари берилган тушунарли ижтимоий сиёсат ишлаб чиқилмаса, унда аҳолининг ислоҳотларга шубҳа билан қараши ортиб бораверади, ижтимоий кескинлик эса ўсади.

Ижтимоий сиёсат нафақат арзон кредитлар, дам олиш учун шароитлар ва юксак маърифатли бўлишга чақириқлардан иборат, бу балки аҳолининг турмуш даражасини, унинг реал даромадларини барча имконли йўллар билан ошириш бўйича конкрет чоралар ҳамдир. Ижтимоий соҳа ислоҳотларнинг зарурлиги ва самарадорлигининг ўлчовига айланмас экан, аҳоли ўзи ҳақида ғамхўрликни ҳис қилмас экан, барча ислоҳотларнинг мазмуни бузилади ва улар оёқости бўлади.
 
Абдулла Абдукадиров, 
иқтисодчи

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.