Ўзбекистоннинг ички валюта бозори ҳақида
Импорт сифати, валюта тушумларининг манбалари ва барқарорлиги, чет эл валютасига бўлган талабнинг сезиларли ошиш сабаблари ҳақида. Ушбу мақола билан Anhor.uz нашри Марказий Банк материаллари асосида Ўзбекистондаги пул-кредит сиёсатининг асосий кўрсаткичлари ҳақидаги материаллар рукнини бошлайди.
Марказий банк томонидан чоп этилган “2019 йил якунлари бўйича пул-кредит сиёсатининг дастлабки кўрсаткичлари ҳақидаги ахборот” чет эл валютасига бўлган талаб таклиф устидан 3,8 млрд АҚШ долларига ошганини намойиш этмоқда. Бунда аҳоли миллий валюта барқарорлигига ишонмайди ёки ташқи савдо айланмасида сезиларли дисбаланс мавжуд деган таассурот туғилиши мумкин.
Аслида, ташқи савдо айланмасининг кўрсаткичларини, валюта бозори динамикасини ҳамда миллий валютанинг айирбошлаш курсини баҳолаш учун айрим фундаментал ҳолатларга кенгроқ назар ташлаш талаб қилинади.
Соғлом сифатли импорт
Импорт тузилмасида аввалгидай ишлаб чиқариш мақсадидаги ускуналар, товарлар ва хизматлар сезиларли даражада устунлик қилмоқда. Уларнинг улушига биржа ва биржадан ташқари бозорлардаги барча чет эл валютаси сотувларининг 72% дан кўпроғи тўғри келмоқда. Бошқача қилиб айтганда, тадбиркорлар чет эл валютасини машиналар ва ускуналар харид қилишга сарфлашни (барча валюта сотувларининг 45% дан ортиғи) афзал кўрар экан. Буларнинг барчаси яқин келажакда меҳнат унумдорлигининг жиддий ўсишига ва ЯИМ ўсишининг юқори суръатларига олиб келади. Импортнинг қолган 27% – бу хомашё ва материалларни харид қилиш, ишлаб чиқариш характеридаги хизматларни тўлаш харажатларидир. Умумий импорт ҳажмининг 15% – бу озиқ-овқат ва дори-дармонлар импорти. Айтиш жоизки, 2018 йил якунлари бўйича ушбу кўрсаткич умумий импорт ҳажмининг 10% ни ташкил қилган. 2019 йил давомида ушбу кўрсаткич абсолют қийматларда икки бараварга ўсди, яъни 1,04 млрд АҚШ долларидан 2,055 млрд АҚШ долларигача, аммо унинг умумий импорт ҳажмидаги солиштирма улуши бор-йўғи 5% га ўсган холос. Қуйида ушбу ҳолат сабабларини кўриб чиқамиз.
Валюта тушумларининг манбалари ва барқарорлиги
Ўзбекистон иқтисодиёти шароитларида чет эл валютасини сотиш ва харид қилиш орасидаги манфий сальдо кутилганидай бўлиб чиқди. Унинг энг муҳим таркибий қисмларини қайд этамиз:
· Ўзбекистонда инвестицияларга ва ишлаб чиқариш фондларини янгилашга бўлган ортга сурилган улкан талаб мавжуд эди. Марказий банк айнан шу нарсага адолатли тарзда ишора қилади. Бироқ, ушбу машиналар ва ускуналар импорти асосан қурилиш ва қишлоқ хўжалик секторлари учун мўлжалланган бўлиб, уларнинг маҳсулотларига бўлган талаб мавсумийлиги, беқарорлиги ва нархлар борасида катта ўзгарувчанлиги билан фарқ қилади;
· Жисмоний шахслар томонидан валюта сотилиши бўлимида келтирилган рақамларда мамлакатга хориждаги ўзбекистонликлардан келадиган маблағлар фақат қисман ҳисобга олинган. Бунда жисмоний шахслар томонидан умумий чет эл валютасини сотиш ҳажми 3,8 млрд АҚШ долларига баҳоланган, юртдошларимиздан фақат расмий каналлар орқали келадиган маблағлар ҳажми эса, айрим ҳисоб-китобларга кўра, камида 6 млрд АҚШ долларини ташкил қилади. Бу ерда хорижда банклар томонидан чиқарилган, аммо ўзбек фуқаролари томонидан фойдаланиладиган тўлов карталарига юборилган нақд ўтказмалар ҳисобга олинмаган. Хўш, унда фарқи нимада? Афтидан, қисман чет эл валютаси ва маҳаллий валютадаги омонатларнинг ўсишида бўлса керак. МБ киритган аниқликка кўра, 2019 йилда юридик ва жисмоний шахсларнинг банк депозитларидаги қолдиқлари суммаси 91 304 млрд сўм абсолют миқдорни ташкил қилган ва 32,08% ўсишни берган ҳолда 22 176 млрд сўмга ошган. Бунда аҳоли депозитлари 20 600 млрд сўмни ташкил қилган;
· Банклар ва аҳоли орасидаги чет эл валютаси билан амалиётларнинг умумий мусбат баланси 2,0 млрд АҚШ долларини ташкил қилган, яъни аҳоли харид қилишдан кўра кўпроқ сотган. Бунинг устига “фақат чет эл валютасида жамғариш” бўйича кучли тенденция ҳали йўқ. Бу ерда сўз фақат валютани юридик шахсларга сотиш ҳақида бормоқда, уларнинг кўпчилиги турли мулкчилик шаклидаги корхоналар, аммо улар давлат инвестиция дастурларини амалга оширишда қатнашмоқда, шунингдек бу йирик тузилма ҳосил қилувчи давлат корхоналаридир. Ушбу талаб ва у келтириб чиқарган танқислик монетар олтинни сотиш ҳисобидан хотиржам қопланиши мумкин, МБ ҳам айнан шундай қиляпти;
· Монетар олтин захиралари қиймат ифодасида 14 640,74 млн АҚШ долларидан 15 838,05 млн АҚШ долларигача ўсди. Аммо олтин-валюта захиралари (ОВЗ) таркибидаги монетар олтин миқдори жисмоний ҳажмда 11,42 млн дан 10,88 млн троя унциясигача қисқарди. Қийматнинг ошиши фақат монетар олтин нархининг сезиларли ўсиши ҳисобидан юз берди;
· Экспорт драйверлари бўлган асосий тармоқлар маҳсулотлари – олтин, мис, табиий газ, уран, рух, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, тўқимачилик, фармацевтика нархлари яқин вақт ичида жиддий ўзгармайди. Алоҳида позициялар бўйича нархларнинг кутилаётган ўзгариши/пасайиши бошқа позициялардаги нархлар динамикаси/ошиши билан ёпилиб кетади. Бу иқтисодиёт учун муҳим барқарорлик омили ҳисобланади.
Унда нима сергак тортишга мажбур қилмоқда?
Энг аввало, чет эл валютасига бўлган талабнинг жиддий ўсишининг асосий сабабчиси – пул массаси ҳажмининг ошиши кишини хушёр торттиряпти. МБ хабарига кўра, “2019 йилда умумий пул массаси 13,8% га ошиб, 91,3 трлн сўмни ташкил қилган, миллий валютадаги пул массаси эса 14,4% га ошган (62,8 трлн сўм)”.
Иккинчиси, ишлаб чиқариш мақсадлари учун ускуна ва хомашё хариди харажатларига зарар етказган ҳолда дори-дармон ва озиқ-овқат харид қилиш харажатларининг сезиларли ўсиши. Бунинг сабаблари қуйидагича:
· Тижорат кредитлари ажратилишининг чекланиши ва кредит ставкаларининг ошиши асосий воситалар харидини, айниқса хусусий секторда, деярли имконсиз қилди. Фақат давлат инвестиция дастурлари ва давлат ижтимоий дастурлари доирасида фаолият кўрсатадиган импортчилар асосий воситаларни харид қилиш имконига эга эди;
· 2019 йилги солиқ ислоҳоти корхоналарнинг айланма маблағлари ҳажмини сезиларли даражада қисқартирди, фаолиятнинг маржиналлигини пасайтирди, бу, энг аввало, КЎБ субъектлари томонидан инвестицион дастурларнинг кейинга қолдирилишига олиб келди;
· Мавжуд шароитларда миллий озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон ишлаб чиқарувчилар импорт озиқ-овқат ва дори-дармонлар нархи ва уларни сотиш шартлари билан рақобатга бардош беролмади. Юзага келган нарх дисбаланси кўплаб рақобатчи позициялар импортини ички ишлаб чиқариш билан солиштирганда кўпроқ даромадлироқ қилди.
· Ва, ниҳоят, бу маълум ҳолат – фуқаролар инвестиция қила олмайдиган вазият юзага келди, улар бўш маблағларни, энг аввало, истеъмолга ва соғлиқни мустаҳкамлашга йўналтира бошлади.
ИНВЕСТИЦИЯ ҚИЛИШ ИМКОНИЯТИ МАВЖУД БЎЛМАГАНИДА, БЎШ МАБЛАҒЛАР ИСТЕЪМОЛГА ВА СОҒЛИҚНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ
Учинчи. Ҳукумат ҳаммасини қамраб оладиган ҳисобга олиш ва ташқи қарзга хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўймасдан, қарз олишга берилиб кетганлигининг аломатлари пайдо бўлди. Бу энг ноқулай пайтда ёқимсиз “сюрприз”га айланиши мумкин.
Бу мантиққа зид бўлса-да, биз Молия вазирлиги “ташқи қарз” тушунчаси остида айнан нимани назарда тутаётганини ҳали билмаймиз. Унга давлат томонидан берилган кафолатлар, барча давлат корхоналарининг қарзлари, резервлар ва барча давлат қарзларига хизмат кўрсатиш бўйича тўловлар ва давлат корхоналари ва муассасаларининг қарзлари кирадими ёки йўқми? Бу таҳлилчиларга номаълум, чунки айни пайтга қадар юқорида тилга олинган тушунчанинг аниқ тавсифи йўқ;
Тўртинчи. Банклар ликвидлигининг тоборо ўсиб бораётган танқислиги ҳамда давлат банкларининг устав капиталида, олдин берилган кредитларни “кечириш” ёки тўғридан-тўғри маблағлар киритиш йўли билан, давлат улушининг ошиши тенденцияси кузатилмоқда. Буни “Қишлоқ қурилиш банк” мисолида ҳам кўриш мумкин. Банкнинг давлат бюджети олдидаги 780,5 млрд сўм миқдоридаги қарздорлиги ҳисобидан банк устав капиталидаги давлат улуши оширилди. Бу банклар аҳволининг беқарорлигига, кейин эса чет эл валютаси бозоридаги ўзгаришларга олиб келиши мумкин.
Юқорида кўрсатилган айнан шу йўналишларда энг катта “сюрпризлар” яширинган, улар ёқимсиз бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Аммо Марказий банк бу таваккалларни кўряпти ва уларни баҳолаяпти деган ишончимиз бор. Лекин ҳукуматнинг иқтисодиётга маблағлар йўналтириш ҳажмларини чеклаш борасидаги реал ёрдамисиз Марказий Банк биз кутган натижаларга эриша олмайди.
Абдулла Абдукадиров,
Колумнист
Шарҳлар