Франциялик Матьё Боогарц консерваторияда яккахон концертини тақдим этади
21 июнь куни Ўзбекистон Давлат консерваториясида француз композитори ва қўшиқчиси Матьё Боогарцнинг яккахон концерти бўлиб ўтади.
Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси берган маълумотга кўра, ушбу концерт замонавий француз мусиқасининг энг ёрқин вакилларидан бири билан танишиш имконини беради.
1970 йилда туғилган, бир пайтнинг ўзида ҳам муаллиф, ҳам бастакор, ҳам қўшиқчи ва мусиқачи бўлган Матьё Боогарц ўз дастурларида поп-мусиқа ва регги элементларига эга оригинал мусиқий муҳитни яратади.
У ўз қўшиқларида фақат ўзига хос бўлган ҳазил ва енгиллик билан кундалик турмуш, одамлар орасидаги муносабатлар мавзусига мурожаат қилади.
Давлат консерваториясининг Орган зали саҳнасида қўшиқчи гитара ва роялда ўзига жўр бўлган ҳолда, 10 та альбомидан олинган композицияларни ижро этади.
Этьен Дао, Алэн Сушондан тортиб, то Майкл Жексон ёки Боб Марлигача бўлган турли мусиқий йўналишлардан илҳом олувчи Матьё Боогарц ўзида француз қўшиқчиларининг янги авлодини ифодалаган. У ўз фаолияти давомида Матьё Шедид, Ванесса Паради, Вэнсан Дэлэрм ва Алэн Сушон каби қўшиқчилар билан ҳамкорлик қилди. Тошкентликлар унинг қўшиқлари ва мусиқаси орқали шеърият, ҳазил ва ҳис-туйғуларга тўла “à la française” кайфияти билан яқиндан танишади, дея қайд этишади элчихонада.
Шарҳлар