Ўзбекистонда давлат музейларига бепул кириш кунлари белгиланди
Энди Ўзбекистонда анъанавий тарзда сентябрь ойининг биринчи ҳафтасида Музейлар ҳафталиги ўтказилади. Сешанба ва жума кунлари эса болалар музейларни бепул бориб кўришлари мумкин бўлади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 июлда қабул қилинган “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, ҳафтада икки кун барча давлат музейлари, қайси идорага қарашидан қатъи назар, 18 ёшгача бўлган болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи ота-оналарини (ёки уларнинг ўрнини босувчи бошқа шахсларни) бепул қабул қилиши керак.
Шунингдек, қарор билан Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари бўйича вазирлигининг ҳар йили 2-8 сентябрь кунлари Музейлар ҳафталигини ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Мазкур ҳафталик давомида исталган киши музейларни бепул бориб кўриши мумкин. Ҳафталик доирасида турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Қайд этиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистонда 110 та музей фаолият кўрсатмоқда, деб ёзади UZ24 нашри.
Шарҳлар