60-йиллар кинохити замонавий қиёфада қайтади
Бундан 50 йил олдин таниқли режиссёр Али Ҳамроев ўзбек кино санъати дурдонасига айланган “Ёр-ёр” мусиқий кинокомедиясини суратга олганди. Фильмни ҳозир ҳам кўпчилик севиб томоша қилади, ундаги айрим мавзу йўналишлари ҳамон долзарб. Таниқли режиссёр “Даракчи“ газетасига эксклюзив интервью берди.
Ёзувчи Раҳмат Файзий, ёш Оделша Агишев билан ҳамкорликда ёзилган яхши сценарий, афсонавий ўзбек актёрлари Сойиб Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев, Ҳамза Умаров, Шукур Бурҳонов, Турсуной Жаъфарова, Ғани Аъзамов, Олим Хўжаев, Раҳим Пирмуҳаммедовлардан иборат ажойиб таркиб, бош ролга жуда мос тушган актёр Бахтиёр Ихтиёров фильмнинг муваффақиятини белгилаб берди.
Бугун Али Ҳамроев Москвада яшайди, аммо унинг қалби Ўзбекистон билан абадий боғланган. Таниқли режиссёр шу йил октябрь ойида Тошкентда ушбу мусиқий комедиянинг юбилейини ташкил этишни орзу қилмоқда.
«Бу сафар саҳнага ҳаётда қолган актёрларимиз чиқишади. Минг афсуски, уларнинг сони жуда ҳам кам. Бу фильм ижодий фаолиятимда алоҳида ўрин эгаллаган. “Ёр-ёр” неча-неча авлод томошабинларининг севимли комедиясига айланиб қолганидан бахтиёрман!», – дейди режиссёр.
“50 йилдан бери фильмнинг давомини олиш истагида бўлганман. Лекин бу истагим амалга ошмади. Мана энди Сойиб ака, Шукур ака йўқ. Бахтиёр худди Сойиб акага ўхшаб мўйсафид бўлди, ҳозир бетоб экан. Ўйлаб қарасам, фильмнинг давомини эмас, янгича талқинини суратга олиш мақсадга мувофиқ бўлади. “Ёр-ёр”нинг давомида Сойиб ака талқин этган қариянинг набиралари ҳаётини кўрсатамизми? “Ёр-ёр”нинг янги талқинида тўй можаролари бугунги кунимизда бўлиб ўтади. Айнан ўша сюжет, ўша қаҳрамонлар, ўша-ўша воқеликлар. Фақат 50 йилдан кейинги муҳитда. “XXI асрнинг “Ёр-ёр”и, мана янги фильмнинг номи. Тўй мавзуси бугун ҳам долзарб. Ота-бола можаролари, ўғил уйлантириш муаммоси бугун ҳам бор. Дўстим Оделша Агишев билан бу лойиҳа устида ишлаяпмиз”, – дейди Али Ҳамроев.
Шарҳлар