Бухорода сайёҳлар учун қишлоқ барпо этиляпти
Бухородан бир неча километр масофада сайёҳлар учун қишлоқ қурилмоқда. У ерда бир-икки кунга жойлашгандан сўнг қишлоқ аҳолисининг, яъни деҳқонлар ва чорвадорларнинг турмуш тарзи ва меҳнат фаолияти билан яқиндан танишиш мумкин бўлади.
“Бухоро кўплаб сайёҳлик компанияларининг йўналишларига киритилган. Агар сайёҳлар Самарқанд ва Хивада бир-икки кун меҳмон бўлишса, бизнинг шаҳримизда уч-тўрт кунга қолиш қабул қилинган, акс ҳолда барча ёдгорликларни кўролмайсиз, ҳунармандларнинг устахоналари ва эсдалик совғалари сотиладиган савдо нуқталарини айлана олмайсиз. Ҳунармандлар ва савдогарлар маҳаллий аҳолининг анъанавий ҳунарлари ҳақида соатлаб сўзлашга тайёр. Гапни бошласангиз бўлди…” – дейди Ўзбектуризм” компанияси Бухоро вилоят бўлимининг етакчи мутахассиси Бекзод Идиев “Uzbekistan Today” мухбирига.
Унинг сўзларига кўра, қишлоқда ҳаммаси ростакамига ташкил этилади, фақат ҳунарманд ва чорвадорлар ролини бу ерга кўплаб ташриф буюрувчи нотаниш кишиларнинг доимий эътиборидан уялмайдиган махсус тайёрланган актёрлар ижро этади.
Шу ўринда, сайёҳлик соҳаси вакиллари қадимий шаҳар хорижлик сайёҳлар учун янада қизиқарлироқ бўла олишига ишончи комил. “Ўзбектуризм”нинг ҳудудий бўлими ва маҳаллий тадбиркорлар қўл қовуштириб ўтиргани йўқ – инфратузилмани ривожлантирмоқда. Сайёҳлар учун қишлоқ ҳам ана шу туркумга кирувчи лойиҳалардан биридир.
“Биз Бухорога келаётган сайёҳлар оқими кўпаяётганидан жуда бахтиёрмиз, ажойиб шаҳримизни янада кўпроқ одамлар томоша қилиши учун ҳар йили дунёнинг юздан ортиқ мамлакатидан меҳмонларни қабул қиламиз, – дейди Бекзод Идиев. – Шу мақсадда меҳмонхоналар ва ресторанлар тармоғини ривожлантиряпмиз. Масалан, тез орада саёҳат қилувчи оилалар учун биринчи ихтисослашган меҳмонхона пайдо бўлади. Ҳудудимиз ҳаёти ҳақида кўпроқ кўриш ва билишни хоҳловчи сайёҳларнинг истакларини иложи борича инобатга олишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бирор бир воқеага доир, агро- ва экотуризмни ривожлантиряпмиз, янги йўналишлар устида ишламоқдамиз. Экскурсиялар оралиғидаги танаффусларда сайёҳлар ҳордик чиқариши учун турли дам олиш марказларида ҳам шароитлар яратиляпти”.
Фото: GeoScope.info
Шарҳлар