Ўзбекистон маданияти ва анъаналари Москвада тақдим этилди
Москванинг “Покровский” истироҳат боғида бўлиб ўтган фестиваль “Дам олиш кунлари бир стол атрофида” мавзусига бағишланди. Унда Ўзбекистоннинг бой маданияти, санъати ва анъаналари алоҳида тақдим этилди.
Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ушбу фестиваль ташаббускори бўлди, Москва шаҳри Маданият департаменти ва Москвадаги “Маяк” Маданият уйи унинг ташкилотчиларига айланди. Тадбирда ўзбек миллий либослари, рақслари, қўшиқлари тақдим этилди, турли миллий ҳунармандчилик йўналишлари бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Ўзбек миллий таомлари фестивали ҳам шулар жумласига киради.
Тадбир давомида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида минг йиллардан буён турли миллатлар ва элатлар вакиллари бирга яшаб келаётгани қайд этилди. Ҳозир ҳам республикамиз ўзининг кўп миллатлилиги ва тинчликсеварлиги билан ажралиб туради. Ўзбек маданияти Шарқдаги энг ёрқин ва ўзига хос маданиятлардан бири эканлиги таъкидланди.
Об-ҳаво салқин бўлишига қарамасдан, фестивалга жуда кўп одам ташриф буюрди, дея хабар беради “Ўзбектуризм” МК.
Шарҳлар