Чегараларимиз яқинида иккита янги радиостанция иш бошлайди

Чегараларимиз яқинида иккита янги радиостанция иш бошлайди

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош туманларида иккита янги радиостанция ўз фаолиятини бошламоқда.

Душанбедан 60 км ғарбда Ўзбекистон чегараси яқинидаги Турсунзода шаҳрида жойлашган «Садои Осиё» («Осиё овози») радиостанцияси ўз эшиттиришларини тест режимида бошлаб юборди.

 «Мамлакатнинг чегарага яқин туманларида маҳаллий ОАВ ривожланаётгани ва аҳоли ўз шаҳри, ҳудуди ва мамлакатида юз бераётган воқеалар ҳақида муқобил янгиликлардан хабардор бўлиши қувонарли ҳол. «Регар» телерадиокомпанияси муассислигида ташкил этилган янги радио 106.8 FM диапазонида тожик ва рус тилларида туну-кун фаолият кўрсатади», – дея қайд этади “Хома” жамоат бирлашмасининг вакиллари.
 
Радио контенти маҳаллий ва республика янгиликларидан, иқтисодий ва маданий воқеаларни ёритишдан ҳамда тўғридан-тўғри эфирлар, радио-шоу, викториналар ва танловлардан иборат бўлади.
 
Тожикистон шимолида Ўзбекистон билан чегарадош Сўғд вилоятининг Истарафшон шаҳрида ҳам янги «Дунё FM» радиостанцияси очилмоқда.

Адабий-маданий мавзуларда туну-кун фаолият кўрсатувчи ушбу радио «Дунё-плюс» студияси томонидан таъсис этилган. Бу Истарафшон шаҳридаги иккинчи мустақил радиостанция ҳисобланади. 2009 йилдан буён бу ерда «Авис-плюс» радиостанцияси фаолият кўрсатмоқда.

Айни пайтда Тожикисон ҳудудларида 33 та мустақил телерадиостанция фаолият кўрсатиб келяпти, дея хабар беради “Onair.ru” сайти.
Бу борада Ўзбекистон расмий органларининг изоҳи ҳозирча йўқ.

Қайд этиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг “Водий садоси” радиостанцияси дастурларини Қоғозистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва ҳатто Афғонистоннинг чегарадош туманларида ҳам тинглаш мумкин. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.