«Mening Yurtim» телеканали дастурларини шакллантиришда телетомошабинлар ҳам иштирок этиши мумкин
2014 йил 12 декабр куни “Dedeman Silk Road Tashkent” меҳмонхонасида VI Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими ва ёшларга мўлжалланган янги «Mening Yurtim»-«MY5» телеканали дастурлар жадвали лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Даракчи” нашри хабар беради.
Фестиваль доирасида 2014 йилнинг 12 ноябрида техник синов эфирини бошлаган “Mening Yurtim” – “MY5″ телеканалининг кейинги 90 кун давомида эфирга узатилиши режалаштирилаётган дастурлар жадвали лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтади.
Синов эфирининг иккинчи босқичида телетомошабинларнинг медиа-контент ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари ўрганилиши мўжалланган бўлиб, шу асосида телеканал дастурлар жадвали шакллантирилади.
Пойтахтимиз ҳамда Тошкент вилоятининг 5 миллионлик аҳолиси эътиборига сутка давомида ўзбек ва бошқа тилларда ёшлар ижодий гуруҳлари, бошқа ижодий студиялар ҳамда “Бунёдкор” ёшлар телеклуби томонидан тайёрланган 20 соатлик қизиқ ва креатив медиа-маҳсулотлар таклиф қилинади.
“Mening Yurtim” телеканалининг дастлабки контенти – бу “MY5-NEWS”, “Сирдошлар”, “5+5”, “Топ-дизайнер”, “Бешинчи фасл”, “Кинолайф” кўрсатувларидир.
Телетомошабинлар ушбу канал ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ва таклифларини “MY5”нинг фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси, 230-59-88 телефон рақами ҳамда яқин кунларда иш бошлаши кутилаётган my5.uz сайти орқали билдиришлари мумкин.
Шарҳлар