Бурса ва Усмонлилар империясига саёхат
Anhor.uz ҳам саёхат, ҳам зиёрат бўйича ўз ўқувчиларига қизиқарли манзиллар ҳақида маълумот беришни давом эттиради. Бу галги манзил Бурса. Усмонлилар империясининг илк пойтахти Бурсадаги Усмонлилар империясининг илк 6 султонининг мақбараси ва вилоят ҳокимлигига оид музейларни ўтган йилининг ўзида 2,5 миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳ зиёрат қилди.
Бурса
Асрлар давомида дунёга ҳукмронлик қилган Усмонлилар империясининг асосчиси Усмон Ғози ва унинг ўғли Ўрхан Ғози мақбаралари жойлашган Топҳане боғи, Мурод II дафн этилган Худавендигар мақбараси, Йилдирим Боязид қабри жойлашган Йилдирим мақбараси, Маҳмуд Чалабийнинг Яшил мақбараси ва Султон Мурод II ва ўз даврнинг кўплаб машҳур инсонларининг мақбаралари жойлашган Мурадие мажмуаси йилнинг ҳар даврида маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларнинг эътиборини тортиб келмоқда.
Бундан ташқари, вилоят ҳокимлигига тегишли Бурса фонди музейи, Бурса маданияти музейи, Меринос тўқимачилик саноати музейи, Аркеопарк очиқ ҳаво музейи, Зинданкапи, Мурадие қўлёзмалар музейи, Меринос энергия музейи, Ҳункар саройи музейи, Бурса Иммиграция тарихи музейи, Карагўз музейи, Бурса Шаҳар музейи ва Бурса Мавлевилар уйи ҳамда музей ички ва ташқи туризмда кўплаб ташриф буюрувчиларни жалб қилмоқда.
Бурса вилояти ҳокимлиги Маданият ва санъат бошқармаси маълумотларига кўра, султон мажмуалари, қабрлар ва музейларга 2023 йилда 2 миллион 587 минг 857 киши ташриф буюрган бўлиб, уларнинг 472 минг 134 нафари хорижликлардир. 2014 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Таълим, Фан ва Маданият Ташкилоти (YuNESCO) томонидан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Cумаликизик, Тариҳий Чарши ва Ҳанлар ҳамда ижтимоий мажмуалар ва султон қабрларини 2 миллион 3 минг 362 киши зиёрат қилди. Ижтимоий мажмуа ва мақбаралар орасида энг кўп сайёҳни жалб қилган Усмон Ғози ва Ўрхaн Гози мақбараларига 1 миллион 221 минг 150 киши ташриф буюрди.
Ўтган йили 584 минг 495 кишини қабул қилган музейлар орасида энг кўп ташриф буюрилган тарихий жой 113 минг 726 киши билан Бурса шаҳар музейи бўлди.
Хорижлик сайёҳларнинг севимли жойи Карагўз музейи
Бурса вилояти ҳокимияти Музейлар бўлими мудири, санъат тарихчиси Гонжагул Мерич, АА мухбирига берган интервюсида Музейлар бўлими мудирлиги 6 та султон мақбараси ва 12 та музейга масъул эканлигини айтди.
Айниқса, Истанбул, Эскишеҳир ва унинг атрофидаги бошқа метрополия шаҳарларига яқинлиги туфайли Бурса дам олиш кунлари маҳаллий сайёҳлар билан гавжум бўлишини таъкидлаган Мерич сўзларини қуйидагича давом эттирди:
«2023 йилда музей ва мақбараларимизни 2,5 миллион киши зиёрат қилди. Булар маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг энг кўп эътиборини тортган жойлар. Айниқса, 2023 йилда очилган Бурса Мавлевилар уйи ва музейи бизнинг энг катта лойиҳамиз эди. Биз буни амалга оширганимиздан фахрланамиз ва хурсандмиз. Бурса шаҳар музейи, Зинданкапи замонавий санъат галереяси ва кейинчалик бошқа тематик музейларимиз энг кўп сайёҳ ташриф буюрадиган жойга айланди. Булар, айниқса, мактаб гуруҳлари, чет эллик гуруҳлар ва маҳаллий сайёҳлар учун катта қизиқиш уйғотади. Сўнгги пайтларда чет эллик сайёҳларнинг энг кўп ташриф буюрадигани Карагўз музейимиздир».
Бурса Мавлевилар уйи ва музейи ўтган йилнинг октябрь ойида очилганини эслатган Мерич, бу бинони 3 ойда тахминан 11 минг киши зиёрат қилганини айтди.
Музейларнинг жамиятларнинг хотираси эканлигига диққат қаратган Мерич, «Бурсага, туризмига ва маданиятига ҳисса қўшадиган ишларни қилиш ниятидамиз. Буни аслида 12 музейимиз билан қиляпмиз. Бошқача айтганда, маданий туризмга ҳисса қўшмоқдамиз. Эътиқод туризмига қўшган ҳиссамиз мақбаралардир. 6 та султон мақбараси ҳар доим кўпчиликнинг эътиборини тортадиган ва ташриф буюрадиган ҳудудларимиздир. Айниқса, Усмон Ғози ва Ўрхaн Ғози мақбаралари энг кўп зиёратчиларни қабул қиладиган мақбаралардир. Уларнинг олдида соқчилик ташкил этилган. Бу маданиятимиздаги энг муҳим қадриятлардан бири”, деди у.
Шарҳлар