Ҳайратлар ва мўъжизалар шаҳри – Истанбул

Ҳайратларга кўмилган Истанбул нафақат тарихи ва маданияти билан, балки дунёнинг ҳеч бир минтақасида учрамайдиган бетакрор табиати ва тенги йўқ гўзаллиги билан дунёни лол қолдирмоқда. Бу муаззам шаҳар ҳақида қанча ёзса ҳам шунча оздай туюлаверади. Чунки Босфор бўғози бўйлаб саёҳат, сокин Шаҳзода оролларига қочиш, Мишлен юлдузли ресторанларда романтик кечки таом, шаҳарнинг тарихий минораларидаги унутилмас лаҳзалар, тун-у кун ҳаёт қайнаб туриши, ҳар бир нуқтасида тарих мужассамлиги шаҳарнинг ўзига хос жозибасини ҳар томонлама намоён этади.

Ҳақиқий шаҳар саргузаштлари

Истанбулда Янги йил саёҳатини оби-тобида дамланган чой ва “куннинг олтин таоми” бўлмиш турк нонуштаси билан бошлаш кўтаринки кайфият бағишлайди. Истанбул меъморий мўъжизалари, жонли кўчалари ва дурдона музейлари ҳамда чексиз кашфиётлар ҳисси билан сайёҳларни оҳанрабодек тортаверади. Шаҳарнинг энг романтик жойлари бўлган Галата ва Қиз миноралари ҳар доим маҳаллий ва халқаро сайёҳлар билан тўлиб тошган. Миш-мишларга қараганда, ташриф буюрувчи биринчи марта ким билан Галата минорасига чиқса, ўша эркак ёки аёл билан турмуш қурармиш. Ёдгорлик ва музей сифатида қайта очилган Қиз минораси Истанбулнинг беназир гўзаллигини намойиш этувчи “сулув” каби Босфор бўғозининг ўртасида жойлашган.

Круиз байрамлари

Янги йил саёҳатини Босфор бўғозини турли нуқтаи назардан кашф қилиш ва том маънода у мислсиз ажойиботларни ҳис қилишга бағишлаш мумкин. Албатта Онадўли ва Европа томонларини боғлайдиган бу бўғозда сузиб ўтиш Истанбулга ташриф буюрган ҳар бир меҳмоннинг орзусидир. Худди шу орзуларни ҳақиқатга айлантириш ва шаҳарнинг барча диққатга сазовор жойларини кўриш учун маҳаллий аҳоли билан Босфор бўйлаб қайиқ ёки паром саёҳатига чиқиш мумкин. Саёҳат чоғида гала-гала учаётган чайкаларга “симит” беришнинг гашти бўлак. Энг қизиғи, Босфор бўғозида байдарка ва каноэда эшкак эшиш ёки сув велосипеди саёҳатига чиқиш унутилмас тажриба ҳадя этади. Шунингдек, малакали мутахассислар раҳбарлигидаги ушбу спорт саёҳати давомида шаффоф сувларга шўнғиш, тарих нафаси уриб турган муҳташам қасрларни кўриш ва Истанбулнинг ҳақиқий мутлақ манзарасини, киноларга, қўшиқ-у куйларга сиғмаган гўзаллигини ўз нигоҳингиз билан кўриш бахтига муяссар бўласиз! Оқшом яхтада милтираган юлдузлар остида яна Босфор бўғози бўйлаб сузиш куннинг барча ёқимли чарчоқларини олади. Энг ҳайратланарлиси, Янги йилни Босфорда жонли ижролар билан қарши олиш ҳар бир қалбда бир умрга ўчмас хотиралар муҳрлайди.

Сокин саёҳат

Янги йил арафасида вақтини ёлғиз ўтказишни афзал кўрганлар учун Истанбул яқинидаги Шаҳзода ороллари айни муддаодир. Ороллар романтика ва сокинлик рамзидир. Муҳташам орол манзарасидаги бутик меҳмонхонада турар жойни олдиндан банд қилиш имконияти мавжуд. Вақтни мароқли ўтказиш учун oролнинг хушманзара табиати қўйнида ва тарихий харобалар қад кўтарган кўчаларида сайр қилиш ёки велосипед саёҳатига чиқиш мумкин. Сокин қирғоқлардаги балиқ ресторанида янги йилни кутиб олиш бебаҳо онлар бахш этади. Дастурхонга тортилган мавсумий янги балиқ, хилма-хил газаклардан тортиб турфа хил салатлар ва янги тайёрланган мева шарбатлари байрам кўркига кўрк қўшади.

Ҳақиқий романтика

Янги йил арафасида ноёб тажриба излаганлар учун Истанбулдаги ҳаммомлар идеал имкониятдир. Турли хил тетиклаштирувчи массажлар танани тинчлантиради. Шаҳарнинг Мишлен юлдузли ресторанларида романтик лаҳзаларга бой Янги йил оқшоми оташин қалбларни ёрқин хотираларга тўлдиришига шак-шубҳа йўқ! Босфор бўғози бўйлаб отиладиган мушаклар осмонни турли ёғдуларга тўлдириб, Янги йилни ўзига хос мўъжизага айлантиради.

Байрамона ўйин-кулги

Байрам арафасида Истанбулдаги Истиқлол, Нишанташи ва Кадикўй каби жонли ва ҳамиша ҳаёт қайнаб турадиган кўчалари ранг-баранг чироқлар билан байрамона шукуҳга тўлади. Ст. Антони черкови меҳмонларни улкан Рождество дарахти, гулчамбарлар ва шамлар билан кутиб олади. Бироқ, энг замонавий арчани Нишанташининг ҳашаматли ҳудудида кўриш мумкин. Қолаверса, Кадикўйда янги йилга аталган мафтункор қандолат дўконлари, хилма-хил шоколадлар, Санта кружкалари ва буғу конфетлари кўзни қамаштиради. Ушбу кўчалар ва байрамона муҳитда инсон ўзини ҳудди эртакка тушиб қолгандай ҳис қилиши шубҳасиздир!

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.