Истанбулдаги тарихий бозор ва кўчалар ҳақида қизиқарли фактлар

Ноябр ойида дунё бўйлаб дўконлар чегирмаларни таклиф қилаётган қизғин бир паллада дунёдаги энг яхши савдо шаҳарларидан бирида “харид терапия”сини амалга оширишга нима дейсиз?! Унда, кўп маданиятли ва ўзига хослигини акс эттирувчи энг яхши ҳунармандлар ҳамда маҳсулотларга бой Истанбул, айнан харидбоп маскандир! Истанбул замонавий бутиклар билан тўла кўчалардан тортиб жонли бозорларгача ва турли йўналишдаги савдо марказлари билан “харид терапеяси” учун нақ хазинанинг ўзгинаси. Қолаверса, Истанбул ҳашаматли маҳсулотлари, дизайнерлик кийимлари ёки анъанавий эсдалик совғалари, ноёб тарихий буюмлари билан ҳар бир қалбни забт этиши турган гап.

Тарихий бозорларда анъанавий харидлар

Истанбулда тенги йўқ шаҳар тажрибаларидан бири бу унинг тарихий бозорларини кашф қилишдир. Улардан энг машҳурлари Катта бозор ва Миср бозори бўлиб, улар гўзал манзараларни ўхшаши йўқ товушлар ва ранглар билан мукаммал даражада уйғунлаштиради. Улкан лабиринтга ўхшаган Катта бозор дунёдаги энг қадимги ва энг йирик савдо марказларидан биридир. Катта бозор бой ҳунармандчилик анъаналари, Онадўли гиламлари, чарм буюмлари, қўлда ишланган қандиллар ва ипак кийимлар каби юқори сифатли маҳсулотлари билан ҳар йили миллионлаб сайёҳларни жалб қилиб келмоқда. Айниқса, дўкон эгалари билан суҳбатлашаётганда лола шаклидаги стаканлардан турк чойини татиб кўришнинг гашти бўлак. Бозорнинг орқа кўчаларида жойлашган “савдогарлар ресторанлари” деб номланган ўнлаб йиллик анъанавий турк ресторанлари ўзининг таъми оғизда қоладиган ноёб лаззатлари билан донғи кетган. Миср (Зираворлар) бозорида турли хил антиқа зираворлар ва турк локумларига лиқ тўла дўконлар ва кўзни қамаштирувчи ранг-баранг маҳсулотларнинг бетакрор ифори кишини беихтиёр ўзига мафтун қилади.

Истанбул савдо марказлари

Истанбулнинг замонавий савдо марказларига келсак, шаҳардаги савдо марказлари кондиционер, автотураргоҳ ва ногиронлар учун махсус жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, улар эрталаб соат 10:00 дан 22:00 гача ишлайди, бу эса ташриф буюрувчиларга ҳар доим қулай харид қилиш имкониятини тақдим этади. Савдо марказлари сон-саноқсиз маҳсулотлари, жумладан, машҳур брендлари, таомланиш имкониятлари, кафе ва кинотеатрлари билан ажралиб туради, ҳатто бутун кунни оила ёки дўстлар билан ўтказиш учун мукаммал танловга айланди. Бундан ташқари, кўнгилочар имкониятлар, жумладан, ўйин майдончалари ва истироҳат боғлари болаларнинг қувончига қувонч қўшади.

Савдо кўчалари

Истанбул шунингдек, кичик бутиклари ва бренд дўконлари билан бебаҳо харид завқини улашувчи жонли савдо кўчаларига ҳам эга. Замонавий Нишанташи маҳаллий дизайнерларнинг маркази бўлса-да, асосий савдо кўчаси Абди Ипекчидаги халқаро ҳашаматли бренд бутиклар, қолаверса, юқори даражадаги ресторанлар, кафе ва санъат галереялари ҳар куни маҳаллий ва халқаро сайёҳлар билан гавжумдир. Онадўли томонидаги Бағдат кўчаси энг чиройли савдо булварларидан биридир. Яна бир севимли савдо кўчаси Таксим майдонидан Беёғлудаги Тунелгача чўзилган Истиқлол кўчаси бўлиб, кийим-кечакдан заргарлик буюмларигача ноёб маҳсулотларни сотадиган кўплаб дўконлари билан машҳур.

Винтаге харид қилиш жойлари

Истанбул антиквар ва иккинчи қўл буюмлари излаганлар учун ҳам айни муддаодир. Галатасарой ва Жиҳангир маҳаллалари ўртасида жойлашган Чукуржума барқарор харидларни қадрлайдиганлар ёки ҳақиқий саёҳатчиларнинг масканидир. Бу ерда, кўчалар бўйлаб ҳақиқий гиламлардан тортиб 20 асрнинг замонавий мебелларигача яширин хазиналарга бой дўконлар мавжуд. Энг яхши антиқа сотувчилар ва иккинчи қўл дўконлари жойлашган яна бир жой – Балат. Ҳалич соҳилидаги бу кўп маданиятли ҳудуд Усмонлилар давридан бери антиқа буюмлар сотиладиган жой бўлиб келган. Аммо бу ердаги аукцион маданияти бугунги кунда шаҳардаги энг ҳаяжонли тажрибалардан биридир. Шишлидаги Ферикўй маҳалласи асл коллекциялар учун идеал манзил. Ферикўй антиқа бозорида тангалар коллекциялари, эски заргарлик буюмлари ва винтаге кийимлари каби ажойиб нарсаларни сотадиган 200 дан ортиқ сотувчилар бор.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.