Савицкий музейининг феномени, унинг афзалликлари ва муаммолари тўғрисида Тигран Мкртичев билан катта интервью

Тигран Мкртичев И.В. Савицкий номидаги Давлат санъат музейига директор лавозимига тайинланиши билан, буюк тарихдан ташқари, тушунарли бугунга ва муносиб келажакка умид пайдо бўлди. У иш бошлаганидан буён бир ярим ой давомида Қорақалпоғистоннинг турли шаҳарларидан рассомларни учрашув учун йиғишга, таниқли қорақалпоғистонлик дизайнер Айзада Нурумбетова томонидан музей ашёларидан қайта тикланган аёлларнинг миллий кийимлари кўргазмасини ўтказишга муваффақ бўлди. Парда ортида Тигран Константинович ошкора қилмасликка ҳаракат қиладиган машақққатлар ва режалар қолмоқда – у ҳақиқатга ҳақиқий муносабат тарафдори. Anhor.uz учун катта интервьюда шу ҳақида ва Савицкий музейининг катта феномени ҳақида сўз боради.
 
– Савицкий музейида биринчи иш ҳафтаси тугаганлиги ҳақида январь ойида Фейсбукда ёзган хабарингизни эсламоқчиман. Иқтибос келтираман: “… Мен келажакнинг янгиланишларда эканлиги борасидаги ишончимни (яхши ўтмиш ва анъаналар биз билан қолади), А.Н. Волков суратининг бир фрагменти билан тасвирламоқчиман". Сиз нимани назарда тутгандингиз?
 

– Бу қайси картина эканлигини эслайсизми? "Талаба қизлар". Бу 1935 йилда чизилган. Суратнинг марказида юзлари қувноқ учта қиз, уларнинг олдида иккита пионер қиз бор. Улар деразалари катта-катта янги бино фонида тасвирланган. Уларнинг орқасидаги лой уй ёнида эса, чачвонни (паранжи остидаги от ёлидан қилинган юзни ёпадиган тўр – таҳр.) ечиб ташлаётган икки ёш аёл. Янгиланишлар бўлаётганини кўрсатиш учун ушбу фрагментни олдим. Муваффақиятнинг ҳар хил даражаси, турлича натижалар билан, аммо барибир юз беради. Ва ёшлар янги нарсаларга интилишади.
 
– Сиз устозларингизнинг кўрсатмаларини бажариш – анъаналарни асраб-авайлаш учун Нукусга қайтаётганингизни бир неча бор айтгансиз. Сўз қайси анъаналар ҳақида кетмоқда?
 

– Юксак маданият анъаналари ҳақида, ва бу ёлғон сўзлар эмас. Нима дейишларидан қатъий назар, совет даврида Ўзбекистонда турли хил шароитлар тасодифийлиги туфайли жуда юксак маданият шаклланди.
 
Биринчидан, инқилоб маълум даражада маҳаллий миллий маданиятнинг ривожланиш учун қўшимча туртки беришга омил бўлди, маҳаллий зиёлилар ўртасида янги дунёқарашни шакллантиришга имкон яратилди ва жадидларнинг маърифат ва таълим ғоялари амалга ошириш учун асос пайдо бўлди.
 
Иккинчидан, агар Чор Россияси даврида маъмурият маҳаллий аҳолини ўзидан узоқроқ ушлаб, Эски шаҳар яъни "маҳаллий аҳоли" ишларига камдан-кам аралашган бўлса, Совет ҳукумати эса янги маданиятни шакллантиришни истади. Бу охир-оқибат совет маданиятининг буюк ҳодисасини келтириб чиқарди, масалан, бу ерда бўлмаган опера санъатини ўз ичига олган маданият. Бу ерга шарқшунослик мактабларини ташкил этиш учун Москвадан, Ленинграддан республикага кўплаб профессорлар келишди; геология, этнография, ботаника каби фанлар ривожланди.
 
Бу эрда шаклланган маданий анъана мен айтаётган миллийга қараганда бирмунча кенгроқ ва шунчаки Совет анъанасидан ҳам бошқа нарса. Бу биз “маданият” деб атайдиган сўз. Унда миллий элементлар мавжуд, аммо умуман бу ҳодиса Ўзбекистон ҳудудига қараганда кенгроқ маконни эгаллаган. Масалан, Совет Ўзбекистонининг рассоми Макс Пенсоннинг фотосуратлари бугунги кунда дунё фотографиясининг классикаси ҳисобланади.
 
Археолог сифатида ўқиш учун Тошкентга келган каминанинг ғайриоддий омади келганди: ўқишимнинг биринчи йилларида таниқли санъатшунос Лазар Израилевич Ремпелнинг ёрдамчиси бўлдим. У репрессия “шарофати” билан Ўрта Осиёга келиб қолганди. 1937 йилда унинг "халқ душмани" бўлиб чиққан хотини отиб ташланди, ўзини эса марҳамат кўрсатишиб, Бухорога сургун қилишганди. Ушбу шаҳарда Лазар Израилевич нафақат ўзини топди, балки уни илмий томонлама тан олишди. Ўзининг ақл бовар қилмайдиган матонати туфайли, у сургуннинг барча қийинчиликларидан омон қолди. Кейинчалик у Галина Анатольевна Пугаченкова билан биргаликда "Ўзбекистон санъати тарихини" ёзган шахсга айланди. Мен эса унинг аспиранти эдим, унинг раҳбарлигида диссертация ёздим.
 
Менинг Ремпель, Пугаченкова, Булатов, Визго, Маньковская каби афсонавий одамлар қуршовида яшашим ва ишлашимга тўғри келди, улар Фанлар академиясининг Санъат тарихи институтида ишлардилар. Мен уларни устозларим деб аташим мумкин ва бу мураббийлар юқори маданиятни намойиш этишган.

Ҳақиқатан ҳам ноёб коллекциянинг намунаси бўлган Савицкий музейи мен учун ўзига ҳос чақириқ. Сўнгги беш йил ичида унинг фаолияти юқори даражада бўлмаган – собиқ директор Мариника Маратовна Бобаназарованинг ишдан олиниши турғунликнинг ибтидоси бўлди. Энди мен устозларим фахрланадиган иш билан шуғулланиш имкониятига эгаман: таназзулни тўхтатиш, унинг асосчиси тамал тошини қўйган музей анъаналарини сақлаб қолиш. Нима учун йўқ? 

– Сиз Савицкий музейини "орзулар музейи" деб ҳам атагандингиз. У қачон бунга айланди?
 
– Бу мажозий маънодо, лекин келинг, шундай атаб қўя қолайлик. Тошкентда музейлар учун махсус қурилган бир қанча бинолар мавжуд. Мен учун, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган музей ходими сифатида (35 йил ва мен ишлашда давом этаман), бинонинг махсус мослаштирилиши ёки махсус қурилиши жуда муҳимдир. Савицкий музейи буюк меъмор Серго Михайлович Сутягин лойиҳаси томонидан ишлаб чиқилган махсус қурилган бинога эга, ва бу катта ютуқ. Бунинг устига музейда шу қадар фантастик коллекция мавжуд. Бундай ноёб комбинацияни "орзу музейи" деб айтиш мумкин.
 
– Савицкий музейида биринчи марта бўлганингиз эсингиздами?
 
– Игор Витальеевич ҳали ҳаёт эди. 1982-1983 йил. Ўша пайтда бу орзу музейи эмас эди – бу орзу коллекцияси эди. Мени гиламларда Совет Иттифоқи залларида ҳеч қачон кўриш мумкин бўлмаган суратлар осилган осиб қўйилган, мутлақо мослаштирилмаган залларга олиб боришганида, маданият шокини бошдан кечиргандим.
 

 
– Бундай таассуротга нима сабаб бўлди: суратларнинг ҳолатими ёки уларнинг мазмуни?
 
– Ўша йилларда мени суратларнинг сақланганлиги ёки уларни намойиш қилиш принципи жуда кам қизиқтирарди. Ҳиссий идрок этиш нуқтаи назаридан кўрган нарсаларим шокка олиб келди.
 
Гап шундаки, рассомлар у ёки бу тарзда ўзларининг жуда хилма-хил ҳиссиётларини холстга кўчирадилар. Биз биламизки, портретни жуда аниқ тасвирлаш мумкин, бу томошабинда "Қандай ўхшаш!" деган ҳайратдан бошқа нарсани келтириб чиқармайди. Бироқ, уни ҳатто фотосурат билан таққослаш мумкин эмас, чунки фотосурат ҳам қандайдир тирик туйғуларни англатади. Нукус коллекцияси эса … Мен уни қандай аташни билмайман. Мен бу ерда кўрган нарсаларни бошқа жойда кўрмадим. Мен илгари расмга, замонавий санъатга қизиққаним сабабли, Савицкийнинг тўплами мен учун жиддий кашфиёт бўлди.
 
"Менинг музейга келишим – бу ҳақиқий тасодиф"
 
– Қизиқишингиз сизни музейда ишлашга олиб келди ва 35 йилга ушлаб қолдими?
 
– Мен Шарқ Музейида мамнуният билан ишладим. Аммо менинг музейга келишим – бу ҳақиқий тасодиф. Мен бу ҳақда тез-тез гапиришимга тўғри келган. Диссертациямни ҳимоя қилиб, Москвага қайтиб келганимда, Шарқшунослик институтига ўқишга кириш имконига эга бўлдим – таниқли археолог, шарқшунос Борис Анатольевич Литвинский мени ўз бўлимига олиб борди. Шу билан бирга, мени таниқли Александр Михайлович Лесков ишга таклиф қилди. Шарқ музейида у ҳозирги кунгача мавжуд бўлган Моддий маданият ва қадимий санъат тарихи бўлимини бошқарган. масала музей фойдасига ниҳоятда оддий тарзда ҳал қилинди: улар мени Шарқшунослик институтига лаборант сифатида, музейга эса катта илмий ходим сифатида ва бошқа маош билан дарҳол олишди.
 
– Бу болалигидан археология ҳақида орзу қилган сиз учун далада ишлашдан ва бошқа романтикадан воз кечиш учун етаарли бўлганми?
 
– Мен далада ишлашни давом эттирдим. Музейда биз иккита дала мавсумини ўтказардик: баҳор ва куз. Биз Ўзбекистонда ишладик, мен камида тўрт ойни қазиш ишларида ўтказдим. Мен Самарқанд яқинидаги илк ўрта аср ёдгорлиги бўлган Дўрмонтепа шаҳрида, Бухоро яқинида машҳур Варахша қалъасида, Эски Термизда – буддистларнинг Қоратепа диний марказида қазишлар олиб бордим.
 
Дарҳақиқат, археологияда романтика фақат болалик даврида, шунингдек фильмларда бўлади. Шундай қилиб, иш қизиқарли, аммо жуда қийин. Бундан ташқари, айтишим мумкинки, мен вақт ўтиши билан хорижий давлатнинг мутахассиси бўлиб чиқишим етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди. Иттифоқнинг қулаши мен учун жуда оғриқли бўлди, чунки агар мен 1985 йилдан бошлаб СССР бир қисми сифатида Ўрта Осиёга саёҳат қилган бўлсам, демак, 1991 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон мустақил давлатга айланди.
 
– Қачондан кабинетда муқим жойлашиб, маъмурий масалалар билан шуғулланишни бошладингиз?

– Агар жараёнга раҳбарлик қилмасангиз, унда бу ҳақда ҳеч нарсани тушунмайдиган одамлар сизни бошқаришини англаган пайтдан бошлаб. Аммо мен далага чиқишда давом этдим, ҳатто директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари сифатида ҳам. Шарқ Музейи кўп йиллар давомида Кампиртепада (Сурхондарё вилоятидаги кўҳна шаҳар – муаллифнинг эслатмаси) Эдвард Васильевич Ртвеладзе билан анча муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

Музей директори лавозимига танлов, янги ривожланиш концепцияси ва Савицкийнинг музей ғояси тўғрисида
 

Сурат: Guardian
 
– И.В. Савицкий номидаги Давлат санъат музейи директори лавозимига танлов танлови тўғрисида билган кунни, ҳолатларни эслайсизми?

– Тошкентдан аёл дўстларимдан бири ёзган мактуб эди. Аниқ эсимда йўқ, лекин менинг биринчи реакциям, рад жавоби эди назаримда – Москвада ҳаммаси ҳамма ишларим ҳақиқатан ҳам яхши эди. Кейин эса мен Москвада ўз эришадиган чўққимга етдим деб ўйладим. Шу билан бирга, мен ҳали ҳам бирон бир мартаба томонлама ўсишига умид боғлайдиган етарлича ёш йигит эдим. 

Мана яна нима учун ҳам рози бўлдим: мен нафақат минтақани, балки тасвирий санъатни ҳам озми-кўпми тасаввур қиламан. Шундай бўлдики, мен ўзим махсус шуғулланган археологиядан ташқари сўнгги 10-15 йил давомида Ўзбекистон тасвирий санъати ҳақида ёзиб келмоқдаман. Хусусан, менга жуда ёқадиган Павел Петрович Беньковнинг ишидан бошладим,
 
– Танлов учун номзодлар музейни ривожлантириш бўйича ўз қарашлари ва унинг концепцияси тақдимотини тайёрлашлари керак эди. Сизнинг тақдимотингиз билан танишишнинг иложи йўқ – у омма учун очиқ эмас.
 
– Очиқ бўлмайди ҳам.
 
– Нима учун?
 
– Ҳаёт шуни кўрсатдики, бу кўнгилдагидек ишламайди. Соф назариялаш "биз сайёрани марсликлар билан тўлдирамиз ва улар биз учун ишлай бошлайди" сирасидан бўлиб чиқади.
 
– Шунга қарамай, сиз директор сифатида И.В. Савицкий музейи коллекциясини ўрганиш бўйича Халқаро кенгашни, шунингдек музейнинг халқаро васийлик кенгаши ташкил этиш ташаббуси билан чиқаётганингиз маълум.
 
– Бу тўғри ва бу шарт.
 
– Улар нима учун керак?
 
– Гап шундаки, мен рус авангардининг мутахассиси эмасман.

Нукус коллекциясини ўрганишим учун битта ҳам ҳаётим етарли эмас. Менинг, директор сифатида,  олдимдаги вазифа бошқача – коллекцияни барча соҳалар яъни этнография, археология, тасвирий санъат мутахассислари учун очиқ қилиш.
 
Халқаро кенгашга кўп сонли одамларни жалб қилмоқчиман, улар Нукусда ишлашни ва коллекцияни ўрганишни истаганлар учун профессионал фильтрга айланади. Истовчилар кўп бўлади деб ўйлайман.
 
– Коллекция атрофида йиллар давомида  сирлилик аураси яратилган. Музейнинг ўзи ҳам сирларга тўла. Мен у ҳақида рус ва чет эл нашрларида бир нечта мақолаларни ўқидим ва Савицкийнинг қандай музей яратганини камдан-кам одам тушуниши борасида таассурот туғилди. Бу саволга жавобингиз борми?
 
– Буларнинг барчаси фантазия. биз тикланиш макони деб аталадиган нарсага тушиб қоламиз. Ушбу тикланиш жуда турли-туман: баъзида улар сиёсийлаштирилган, баъзида улар фитна назариясининг тусларига эга. Мен бу саволга жавобни билмайман. Агар архив ҳужжатлари сақланмаганда эди, биз уни ҳеч қачон билмаслигимиз мумкин бўларди. Аммо, назаримда, музей пайдо бўлишида Игор Витальевичнинг ўта иштиёқлилиги жуда муҳим рол ўйнаган.
 
– Иштиёқ қандай намоён бўлган? Қаровсиз ётган ҳамма нарсани тўплаш, ноқулай пайтда пайдо бўлган  ва шунинг учун кераксиз деб ҳисобланган нарсаларни сақлаш истагидами?
 
– Игор Витальевич ҳамма нарсани йиққан эмас. Унинг диди ва маълумоти жуда яхши эди. Бу коллекция йиғадиган киши учун жуда муҳимдир. Ҳеч қандай дидга эга бўлмаган одамлар ўлик оғирлик сифатида ётадиган нарсаларни тўплашлари мумкин, Савицкий коллекциясидаги барча нарсалар эса қизиқиш ва қадр-қимматга эга.
 
– Савицкий рассом эди ва хотираларга кўра, унинг устози Роберт Фальк Игор Витальевични қаттиқ танқид қилган. Савицкий тан олинмаган санъаткорларни тўплашида хафагарчилик роль ўйнаган деб тахмин қилиш мумкинми?
 
– Қўйсангизчи. Фальк фақат эвакуация пайтида унинг устози бўлганди, бу эса қисқа муддат. Игор Витальевич танқидлардан сўнг ёмон чизганлиги туфайли жароҳат қолган деб тахмин қилиш мумкинми? Менимча, бундай эмас. Уни бошқа нарса ҳаракатлантирган. Эҳтимол, ушбу рассомларнинг аҳамиятини тушуниш етганидир. Бу тушунчани эса Савицкийнинг билими ва бадиий диди тақдим этган.
 
Фалькнинг танқидига келсак, менинг фикримча, бу муҳим эмас, чунки Савицкий тан олинган рассомларни ҳам йиққан эди. шунчаки улар турли даражаларда тан олингандилар.
 
– Ҳамда турли вақтларда.
 
– Тўғри. Масалан, бизнинг Нукусда Павел Кузнецовнинг бир нечта асарлари бор. Музей коллекциясини шакллантириш пайтида Кузнецов аллақачон афсонавий шахс бўлганлиги аниқ, аммо Совет даврида Павел Варфоломеевич кўнгилдагидек яшаб, ишлаган, профессор бўлган. Музейда унинг натюрмортлари мавжуд. Менимча, бу ерда айнан бошқа тарих – Савицкий уларни Кузнецов бўлганлиги сабабли сотиб олган.
 
"Музейлар – бу ҳаддан ташқари харажатли нарса" 
 

Михаил Курзин томонидан суратга олинган қисм. Манба: Артгид
 
– Сиз музей мураккаб тузилма деб кўп марта ёзгансиз. У нимадан иборат?
 
– Мен энг муҳимидан бошлайман: музейлар ҳаддан ташқари харажатли нарса.
 
Музей бу бино. Музей буюмлари жойлашган жой. Бу нарсаларнинг барчаси қиммат. Ҳар бир музей ашёлари, хоҳ тасвирий санъат, мато ёки металл буюмлар бўлсин, сақлаш учун маълум шароитларни яратишни талаб қилади: ҳарорат ва намлик шароитлари, ёнғин сигнализацияси, қўриқлаш. Буларнинг барчаси пул туради, шароитларни сақлашга қаратилган ҳаракатлар ҳам катта молиявий сармояларни талаб қилади.
 
Музей – бу коллекция. Музей ашёларининг ўзи тирик организмлардир. Ҳар бирининг ўзига хос тарихи, "касалликлари" бор, чунки баъзида улар музей ҳаётига турли хил мушкулликлар орқали етиб келадилар. Агар улар ҳозирги кўринишда қолдирилса, унда бир мунча вақт ўтгач, ушбу музей буюмлари шунчаки ўлади. Шунинг учун, бу нарсаларни кузатадиган, уларга қандай ва нима юз беришини тушунадиган одамлар бўлиши керак. Музей ашёларини парвариш қиладиган реставратор-шифокорлар синфи мавжуд.

Профессионал реставрация – бу қимматбаҳо нарса, яна харажатлар. 

Музей –бу одамлардир. Барчамиз бир хилмиз, аммо профессионаллар ва профессионал бўлмаганлар бор. Муаммо шундаки, кўпинча катта қадриятлар профессионал бўлмаганларнинг қўлида бўлади. Бу уларнинг айби эмас, балки уларнинг бахтсизликлари.

Ҳеч ким ўз ихтиёри билан қоғоз қайчи билан қоғозни яхши қирқадиган жарроҳнинг пичоғи остида ётмайди. Музейлар билан ҳам худди шундай. Шунчаки, музейлардаги нопрофессионалликка оддий нарса сифатида қаралади. 

Шундай қилиб, биз яхши бино, ажойиб коллекция, ажойиб музей руҳи, нима қилаётгани ҳақида ҳеч нарсани тушунмайдиган ва шу билан бирга барчасини керакли шаклда сақлаш учун пули бўлмаган яхши одамларга эга бўлишимиз мумкин. Натижада катта моддий қадриятлар, хавф остида бўлган маданий мерос қатлами шунчаки йўқ бўлиб кетиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун музей мутахассисларга ва молиявий ёрдамга муҳтож.
 
– Баъзи музейлар молиявий муаммоларини жуда оддий ҳал қилишади: улар музей ашёларини кимошди савдосига қўйишади.
 
– Муаммоларни бу каби ҳал қиладиган музейлар асосан хусусий музейлардир. Уларда йиғилишиб, муҳокама қиладиган директорлар кенгаши, васийлик кенгаши бор: “Бизнинг томимиздан сув ўтмоқда. Тъмирлаш учун пул топа олмаймиз, аммо Рембрандтнинг қўшимча бир асари бор. Келинг, уни сотамиз ва томни тузатамиз, қолган барча рембрандтлар билан ҳаммаси жойида бўлади".  Россия Федерациясида бундай музейлар мавжуд эмас. Ўзбекистонда ҳам.
 
– Демак, бюджет дотацияларига ишониши мумкин бўлган давлат музейлари қайсидир маънода ҳалокатга учраши тайинми?
 
– Нима учун? Бу нотўғри позиция. Ҳаммаси музей раҳбариятига боғлиқ: ўзини қандай кўрсатиш, тарғиб қилиш, бюджет учун курашиш. Ҳозир мен Ўзбекистоннинг "Ҳомийлик тўғрисида" ги қонуни билан батафсил танишяпман. 

Кейинчалик катта бизнесни жалб қилиш учун кафолатланган солиқ имтиёзлари ёрдамида унинг қандай ишлашини тушунишни истардим. Нима учун? Ўзбекистонда санъатнинг ўз мамлакати учун муҳимлигини тушунадиган бадавлат кишилар синфи ва йирик компаниялар аллақачон пайдо бўлган ёки пайдо бўлиш арафасида. 

Нукус музейида ўз ҳомийларини танлашда потенциал рақобатчиларидан битта катта устунлик бор – бу унинг коллекцияси. Ном бор, бизнинг вазифамиз эса давлатни, ҳам бизнесни музейга жалб қилишдир.
 
– "Нукус музейининг дўстлари клуби" ни тиклайсизми?
 
– Мен Мариника Маратовнани қўллаб-қувватлаганларни жуда қадрлайман. Менимча, клубни ўша форматда ва ўша одамлар билан тиклашимиз керак – улар музей учун қилган ишларини унутолмаймиз. Шу билан бирга, биз масалан, бошқа клубни ташкил қиламиз, келинг, уни бошқача атаймиз. Менинг аллақачон бир мунча тажрибам бор, уларни ошкор қилмайман. Одамларни эса ўз имкониятларига қараб янги клубга йиғамиз.
 
– Агар Ўзбекистоннинг бирор-бир фуқароси музейни қўллаб-қувватламоқчи бўлса, сиз унга шундай имкониятни берасиз, тўғри тушундимми?
 
– Ҳа, биз бу имкониятни берамиз. Аммо битта муҳим жиҳат бор: ниманинг эвазига?
 
Шубҳасиз, давлат томонидан тартибга солинишдан қочиш учун музейга махсус ҳисоб керак. Унда, масалан, кўргазмани ташкил қилишни қўллаб-қувватламоқчи бўлган одамларнинг ҳиссалари тўпланади. Керакли миқдорни йиғишимиз билан пул йиғиш ёпилади ва музей: "Сизларнинг ҳиссаларингиз туфайли биз кўргазма ташкил этиш имкониятига эгамиз" деб айтади.
 
Яна бир тарих, бу музейга шартли равишда 10 миллион доллар сармоя киритадиган одамлар пайдо бўлиши. Бизнинг вазифамиз, улар келганда кутиб олиш, экспозицияни намойиш этиш, қизиқарли воқеаларни айтиб бериш. Умид қиламанки, ҳомийлик фаолияти бизнесга баъзи солиқ имтиёзларини олишга имкон беради. Агар бирон сабабга кўра бу содир бўлмаса, мен қаерда бўлмай ҳомийларимиз ҳақида гапириб бераман ва уларга миннатдорчилик билдираман.
 
Ҳомийлар билан ишлашда энг муҳим нарса шундаки, ҳар бир сўмга, фуқароларнинг музейни қўллаб-қувватлашга қўшган ҳар бир долларига мен тик туриб ҳисобот бера олишим, чек, аудиторлик хулосасини тақдим этишим. Фақат шундай.
 
Ватанпарварлик, ахлоқ ва гаджетлар ҳақида
 

Сурат: museum.kr.uz
 
Давлат музейларни одамлар онгида миллий ғурурни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш воситаси деб билади. Сизнингча, бу қанчалик оқилона ва ҳаётий? Музейлар шунинг учун мавжудми?
 
– Жумладан. Музейнинг асосий мақсади моддий, маданий қадриятларни сақлашдир. Маърифат иккинчи даражали вазифадир.
 
Ватанпарварлик нима? Бу одамлар ўз ортларида қандайдир ўтмиш, тарих ёки кимлардир мавжудлигидан фахрланишганда пайдо бўлади. Ўзбекистон халқининг ортида дунёдаги энг яхши коллекциялардан бири бўлган музей бор. Бу билан фахрлансак яхши бўлади. Шарт шуки, одамлар бу дурдоналар, рус авангарди ва ҳоказолар деб сийқаси чиққан нарсалдарни айтмаслиги керак. Ёшларнинг бирон бир минимал маълумотга эга бўлиши муҳимдир: улар тасвирий санъат нима эканлигини, қандай турлари борлигини билишлари ва камида бешта рассом номини айтиб беришлари шарт. Мен буни мактаб амалга ошириши керак деб ҳисоблайман. Шу жумладан, музейлар ҳам. Масалан, яқин келажакда биз болалар бадиий студиясини очмоқдамиз, у ерда болалар нафақат расм чизиш, ҳайкалтарошлик, аппликациялар тайёрлашни ўрганадилар, балки санъат тарихи бўйича маърузаларни тинглайдилар.
 
– Баъзан замонавий музейларга нисбатан турли хил гуруҳларнинг ҳис-туйғуларини ҳурмат қилиш талаблари янграб қолади: кимдир яланғоч бадандан хафа бўлади, кимдир бокал билан натюрмортда зарарли турмуш тарзи ташвиқотини кўриши мумкин ва ҳоказо. Музей жамоат ахлоқини ҳимоя қилиши керакми?
 
– Бу ахлоқ эмас, балки оддий иккиюзламачилик. Яланғоч эркак ёки аёлни ҳеч ким кўрмаган деб айтиш шунчаки жиддий нарса эмас.
 
Яна бир нарса шундаки, биз баъзи бир урф-одатлар, маҳаллий фикрлаш стереотипларига эътибор қаратиб, ўрта йўлни топишимиз керак. Масалан, агар баъзи бир мамлакатларда яланғочлик культи мавжуд бўлса ва бу оддий нарса деб қабул қилинса, бошқаларда у қабул қилинмайди. Ўзининг тўлиқ  яланғоч суратлари билан танилган Обри Бёрдслей деган инглиз рассоми бор, бу  айни пайтда фантастик график рассом сифатидаги унинг қадр-қимматини ҳеч қандай пасайтирмайди. Агар биз, масалан, унинг кўргазмасини Нукусда ўтказишни ўз зиммамизга олсак, унда экспозиция учун минтақамизнинг анъанавий қадриятларига зид бўлмаган нарсани танлаймиз. Бу цензура эмас, балки идрок маданияти бизни белгилаб берадиган тактик масаладир. Бундан қочиб қутула олмайсиз.
 
– Ҳозир тилга олинаётган виртуал саёҳатлар, мультимедиали қўланмалар ва бошқа инновацион ечимлар ҳақиқатан ҳам музейларга керакми?
 
– Улар оддийгина сабабларга кўра керак – замонавий авлод ушбу тизимлар орқали маълумотларни қабул қилади. Ва аслида, ҳақиқий санъат билан алоқада бўлиш учун ёшлар уни гаджетлар орқали билиб олишлари керак. Образли қилиб айтганда, агар биз дарҳол болани қовурилган гўшт билан озиқлантиришни бошласак, лекин у майдаланган гўштни истеъмол қилишга одатланган бўлса, унда бундан яхши нарса бўлмайди. Менинг дўстим, Россиядаги энг зўр компьютер музейчиларидан бири Володя Определеновнинг айтишича, ахборот технологиялари замонавий авлодни музейга жалб қилишнинг бир шакли. Биз ёшлар билан уларнинг тилида суҳбатлашишимиз керак.
 
– Агар ёшлар шунчаки музейларга қизиқиш билдирмаса ва улар музейга бормаса-чи?
 
– Бу ҳам мумкин. Агар одамлар музейга бормасалар ва бунинг учун директорни айблашса, у: "Улар келмаса-келмасин, бизнинг асосий вазифамиз коллекцияни келажак авлодлар учун сақлаб қолишдир", деб айтиши мумкин. Ва у ҳақ бўлади. Шу билан бирга, бу позицияда ўжарлик билан туриш ва эътиборсизлик билдириш ҳам нотўғри.
 
Масалан, мен директор сифатида, музейга ташриф буюрганлар сонини менга пеш қилишларини истамайман. Шу билан бирга, мен ҳозир жиддий синовлар даври эканлигини жуда яхши тушунаман. Менга ҳар томонлама муносабат билдиришларини,, нима қилаётганимни, қанча музей экспонатларини сақлаганимни, қанчасини тиклаганимни, қанча ҳомийларни жалб қилганимни, қандай ижтимоий гуруҳларни тарбиялаганимни музей ҳаётига жалб қилганимга қараб баҳо беришларини истайман. Буларнинг барчаси менинг меҳнатимнинг кўрсаткичидир.
 
Виктория Абдурахимова томонидан ёзиб олинди
 
“Anhor.uz” таҳририяти интервьюни ўтказишда ёрдам бергани учун Penson Studio'га ўз миннатдорчилигини билдиради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.