21-27 май кунлари дунё бўйлаб Турк ошхонаси ҳафталиги ўтказилади
Унумдор географиянинг лаззатлари ва қадимий анъаналарини ўз ичига олган Онадўлининг бой гастрономия маданиятининг кенг кўламли Турк ошхонаси ҳафталиги 2024 йилнинг 21-27 май кунлари бутун дунё бўйлаб нишонланади. Учинчи йил ўтказилаётган бу ҳафталик доирасида Туркияда ва Туркия Республикасининг хориждаги ваколатхоналарида турли тадбирлар ва ижтимоий медиа кампаниялари ўтказилади. Турк ошхонаси ҳафталиги давомида барқарор турк ошхонасининг мазали, соғлом, анъанавий ва чиқиндисиз рецептлари билан батафсил танишиб чиқилади. Бу йилги халқаро тадбирларда мамлакат тарихи, маданияти ва табиатининг жонли уйғунлигини акс эттирадиган турк гастрономиясининг Эгей услубидаги таомномаси тақдим этилади.
Тарих, маданият ва табиатни бирлаштирувчи Эгей лаззатлари
Туркиянинг яшил ва мовий рангли Эгей денгизи соҳиллари ўзининг муҳташам манзараси, чуқур илдиз отган тарихи ва соғлом овқатланиш маданияти билан эътиборни тортади. 2010 йилда ЮНEСКО Ўрта ер денгизи парҳезини инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида тан олди. Ушбу қирғоқ ҳудудлари артишок, қовоқ гуллари, маҳаллий ўтлар ва денгиз маҳсулотларига бойдир. Эгей минтақаси узоқ умр сири бўлган асрлик зайтун дарахтлари ва соғлом зайтун мойлари билан ҳам машҳур. Зайтун боғлари шу қадар кўпки, Чаноққалъадан Муғлага борадиган йўл каби чўзилган бўлиб, зайтун етиштириш билан кенгайиб бораётган минтақанинг маданий меросини очиб беради. Минтақада Европа Кенгаши томонидан рўйхатга олинган Измир ва Милас «Зайтун дарахти манзиллари» нинг иккита бекати сифатида ажралиб туради. Онадўлининг энг қадимги зайтун мойи устахонаси жойлашган Урладаги қадимий Клазоменаидаги топилмалар бугунги кунда ҳам қўлланилаётган зайтунни қайта ишлаш усулларининг 2600 йиллик тарихга эгалигидан далолат беради.
Туркиянинг Эгей минтақаси мазали зайтун мойи маҳсулотлари ва унинг атрофидаги узумзорлари, унумдорлиги билан ажралиб туради. Сўнгги йилларда минтақада очилган ресторанларда ошпазлик мўъжизаларини яратиб, яқин атрофдаги далаларда етиштирилган маҳсулотларни барқарор ишлаб чиқариш усуллари билан тўғридан-тўғри дастурхонга тортадиган инновацион ошпазлар фаолият юритмоқда.
Турк ошхонаси ҳафталиги доирасидаги халқаро тадбирларда тақдим этилaдиган Эгей таомномаси соғлом, барқарор, Ўрта ер денгизи услубига эътибор қаратилаётган минтақанинг мўл-кўллигини ифодаловчи рецептлардан иборат. Таомнома орасида Эгей зайтунлари ва пишлоқлари, тарҳана шўрва, ловия бўтқаси, мужвер, зайтун мойли янги ловия, булғор қалампирли дўлма, юпқа ва бошқа хамирли таомлар, каридес гувеч, Измир усулубидаги қиймали катлет, сутли ва қуритилган анжир ширинлиги, аччиқ бодом шарбати, қовун уруғи шарбати ўрин олган.
Географик кўрсаткичли турк ошхонаси
Минтақа ва вилоятга хос ноёб маҳсулотлар ва таомлар комбинациясидан ташкил топган Туркиянинг барқарор меросининг асосини 81 вилоятнинг географик кўрсаткичли, маҳаллий ва сифатли таомлари ташкил этади. Шу нуқтаи назардан, Турк ошхонаси ҳафталиги доирасида маҳаллий тадбирларда Туркиянинг географик кўрсаткичли маҳсулотларини ўз ичига олган таомномалар ҳам тақдим этилади.
Туркияда Турк Патент Институти томонидан рўйхатга олинган жами 2218 та маҳсулот мавжуд бўлиб, улардан 1637 таси келиб чиқиш белгисига эга, 565 таси географик кўрсаткичга эга ва 16 таси анъанавий махсус кафолатланган маҳсулотлардир. Мамлакатда, шунингдек, Европа Иттифоқи томонидан рўйхатдан ўтган 21 та маҳсулот мавжуд, улар орасида Газиантеп пахлаваси, Айдин каштани ва Айдин анжири, Байрамич беязи (нектарнинг тури), Малатя ўриги, Милас зайтун мойи, Тош кўприк саримсоғи, Гиресун ёғли фундуги, Антакя кунефеси, Суруч анори, Чағлаянжерит ёнғоғи, Гемлик зайтуни, Эдремит зайтун мойи ва Эдремит Кўрфази яшил зайтуни, Милас зайтун мойи, Аяш помидори, Мараш тарҳанаси, Эзине пишлоғи, Сафранболу заъфарону, Айдин Мемежик зайтун мойи ва Арабан саримсоғи бор.
Турли хил сақлаш ва пишириш техникаси билан юқори сифатли, табиий ингредиентларни ўз ичига олган ажойиб гастрономик анъана бўлган турк ошхонаси вегетариан ва веган парҳезлари учун кўплаб вариантларни таклиф этади.
Шарҳлар