Турк Ривиерасида «cаретта cаретта мавсуми» бошланди
Ҳар баҳорда бетакрор Турк Ривиерасининг олтин тусли пляжлари cаретта cаретталарнинг (денгиз тошбақалари) келишини кутиб олади. Денгиз тошбақаларининг энг кўп уя қурадиган пляжлари Туркиянинг Ўрта ер денгизи соҳилларида бўлиб, 22 та пляжга юзлаб cаретта cаретталар ин қуриш учун келади. Келинг, cаретта cареттанинг Туркия қирғоқларига қилган фантастик саёҳатларини ва бу ажойиб денгиз жонзотларининг ноёб наслларини ҳимоя қилиш учун Туркия томонидан амалга оширилган қатъий ҳимоя чораларини батафсил кўриб чиқайлик.
Cаретта cаретталар май ойида пляжга келади
Cаретта cаретталар Туркиянинг жанубий қирғоғидаги Муғла, Анталия, Мерсин, Адана ва Ҳатай вилоятларидаги 22 та пляжларда уя қурадилар. Ушбу пляжлар орасида Муғладаги Далян, Экинжик, Саригерме ва Фетҳие; Анталияда Патара, Демре, Кумлужа, Чирали, Текирова, Белек, Қизилот, Демиртош ва Газипаша; Мерсиндаги Анамур, Гўксу дельтаси, Давултепе, Алата ва Қозонли; Аданадаги Акятан, Суғозу ва Юмурталик; ва Ҳатайдаги Самандағ бор. Бироқ, денгиз тошбақалари асосан Анталия ва Муғла қирғоқлари атрофида ин қурадилар.
Апрел ойининг охирларидан бошлаб cаретта cаретталар Муғланинг Ортажа туманидаги дунёга машҳур Изтузу пляжи ва Анталиянинг Патара пляжи атрофидаги денгизлардан соҳил томон чиқа бошлайди. Иккала пляж ҳам май ва август ойлари орасида бу денгиз жонзотлари учун уй-жойларни таъминлайди, кўплаб табиат ихлосмандлари денгиз тошбақаларини кузатиш учун ҳудудларга оқиб келишади. Шуни таъкидлаш керакки, cаретта cаретталар ҳимоя остида бўлиб, тухум қўйиш мавсумида кўнгиллилар тошбақа инларининг хавфсизлигини таъминлаш учун тунда пляжларни қўриқлайди.
Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) томонидан йўқолиб кетиш хавфи остидаги тошбақалар рўйхатига киритилган cаретта cареттанинг умри 70 йил ёки ундан кўпроқ бўлиши мумкин, вояга етган тошбақалар одатда 12 ёшдан 30 ёшгача, қобиғининг узунлиги 90 сантиметрдан ортиқ бўлганида жинсий етиладилар. Cаретталарнинг Ўрта ер денгизи минтақасида уя қуриш мавсуми апрель ва май ойларида бошланади.
Одатда ой нурида пляжларга етиб келган cаретта cаретталар тешик қазишади, тешикларга тухум қўяди ва кейин яна денгиз томон йўл олади. Бир урғочи тошбақа ҳар бир уяга ўртача 100 та тухум бериши мумкин бўлса-да, одатда бу тухумларнинг атиги 50 фоизи тухумдан чиқади. Инкубация даврини тугатиб тухумни ёриб чиққан полапонлар Ўрта ер денгизининг салқин сувларига йўл олишлари керак. Бироқ, денгизга етиб келган ҳар минг cаретта cареттадан фақат иккитаси балоғат ёшига қадар омон қолади.
Анталия, cаретта cаретталарнинг ажралмас уйи
Табиатни муҳофаза қилиш бош бошқармаси (DKMP) маълумотларига кўра, Туркиянинг тошбақалар уя қурадиган 22та пляжидан тўққизтаси Анталия қирғоғида экан. Туркия ва дунёнинг энг узун пляжларидан бири бўлган 18 километр узунликдаги Патара пляжи cаретта cаретталар энг кўп ин қурадиган пляжлар орасида. Шу сабабли, Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазирлиги Патарани махсус атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудуди сифатида белгилаган ва пляжда ушбу ноёб экотизимни ва денгиз тошбақаларининг яшаш жойини ҳимоя қилиш учун соат 20.00 дан 08.00 гача жамоатчиликка кириш тақиқланган. Кун давомида уялар қафас ва белгилар билан ажратилади. Сайёҳлар кундузи Патаранинг узун қирғоқ чизиғидан баҳраманд бўлишлари ва кечқурун қирғоқ бўйлаб денгиз тошбақаларининг балиқ овлашини кўришлари мумкин. Шунингдек, тақиқ вақтида соҳилларда қуёш креслолари, соябон ва сунъий чироқлардан фойдаланиш, шовқин-сурон қилиш, чодирлар ўрнатиш, ўт ёқиш, денгизга кириш тақиқланади.
Cаретта cареттанинг дўстона Изтузу пляжи
Муғланинг Cittaslow шаҳри Кўйжеғиздаги қумли Изтузу пляжи денгиз тошбақаларининг уя қуриш учун энг афзал кўрган масканидир. Далян дарёсининг Ўрта ер денгизи билан учрашадиган жойида ҳосил бўлган пляж қарағай дарахтлари билан қопланган ва ён бағирлари билан ўралган олтин қуми cаретта cаретталар учун экологик хазинадир. Изтузу пляжи Патара пляжи билан бир хил ҳимоя даражасига эга, шунингдек, яқин атрофдаги Табиатни муҳофаза қилиш ва реабилитация институти Туркиянинг бошқа қирғоқ ҳудудларида яраланган денгиз тошбақаларига хизмат кўрсатади.
Кўрмасдан кетманг: Туркияда маданий мерос объектлари қатъий ҳимоя билан ҳимояланган ва табиий ҳаётнинг давом этишини таъминлаш учун кўплаб барқарор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Антик давр Ликия Иттифоқининг пойтахти қадимий Патара шаҳри Патара соҳилида жойлашган бўлиб, парламент биноси ва дунёдаги биринчи демократик кенгаш йиғилган антик театр каби обидаларга мезбонлик қилади.
Бу ер, шунингдек, кўпчиликка «Санта Клаус» номи билан танилган Азиз Николайнинг туғилган жойидир. Муғла Кўйжеğизни зиёрат қилганингизда, Далянга ташриф буюриб, айниқса милоддан аввалги 4-асрга оид қоя қабрлари билан машҳур бўлган тарихий Каунос шаҳрини кашф қилишингиз мумкин.
Шарҳлар