Уйдан чиқмасдан музейга борамиз

Уйдан чиқмасдан музейга борамиз

“Карантин даврида нима билан шуғулланиш мумкин?” деган саволга тошкентлик тадбиркор Акмал Солиҳов ноанъанавий жавоб қайтарди. Унинг VRonica студияси шаҳар музейларини рақамлаштиришни бошлади.
 
Бугунги кунда виртуал ташриф буюрувчиларни учта музей қабул қилишга тайёр. Булар Ўзбекистон тарихи, Темурийлар тарихи ва амалий санъат музейлари. Давлат санъат, табиат, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейлари ҳамда Абдулла Қаҳҳор уй-музейларини тасвирга олиб ишлари якунланди. Яқинда ушбу музейлар бўйлаб компьютерлар ва смартфонлар ёрдамида сайтда саёҳат қилиш мумкин бўлади. 

Навбатда 21 та шаҳар музейи рақамлаштиришга турибди. Деярли кўнгилли лойиҳа ҳисобланган ушбу иш 13 апрель куни, Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси онлайн-туризмни ривожлантириш, тадбиркорлар ва стартаперларни қўллаб-қувватлаш устида иш бошлагани ҳақида хабар берганидан кейин  бошланганди. Акмал Солиҳов ўзининг шаҳар музейлари бўйлаб 360 ва VR-турларини бепул ишлаб чиқиш тайёрлиги ҳақида очиқ билдирди.   
 
– Карантин буни амалга ошириш учун ажойиб имконият деб ўйладим. Айни пайтда барча тижорат тасвирга олиш ишларимиз тўхтаган, шу боис бўш вақт топиш мумкин. Мен инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Олимжон Тўйчиевга таклиф билан чиқдим, ҳамкорим эса Ёшлар Иттифоқига хат ёзди. Бирданига ҳамма ишлар юришиб кетди. Ёшлар Иттифоқи Музаффар Акрамов шахсида ва шахсан раис Алишер Саъдуллаев шахсида инновациялар ва маданият вазирликлари билан боғланди, ҳаракатларни мувофиқлаштириб олдик. Эртаси куни бизга Тошкентдаги музейлар рўйхатини юборишди, уларнинг иккитаси билан тасвирга олиш ишлари ҳақида дарров келишиб олдик; шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш учун транспорт ажратишди. Тўғрисини айтсам ташаббусимиз бундай тез қўмак топишини кутмагандим, – дейди Акмал Солиҳов.
 
Лойиҳа устидаги ишларни бошлаган пайтимизда студиямиз портфолиосида Ўзбекистон тарихи давлат музейи бор эди. У ТАТУ “Мультимедиа технологиялари” кафедрасининг доценти Муаззам Ортиқованинг ташаббуси билан магистрлардан бирининг иши учун февраль ойида рақамлаштирилганди. Шартлар ўша – беғаразлик асосида.
 
– Бу бизнинг музейни тасвирга олиш бўйича 360 3D форматидаги биринчи  ишимиз ҳисобланади. Мен ишлов ерилган фотосуратларни виртуал қобиқда кўрганимда, худди музейда ҳақиқатдан ҳам бўлгандай тассурот қолди. Қачонлардир барча музейларни шундай суратга олиш зўр иш бўларди, деб ўшанда ўйлаб қўйгандим, – дея эслайди тадбиркор.

 «Қачонлардир»ни кутилмаганда карантин яқинлаштирди. Давлат санъат музейи VRonica ўзининг волонтёрлик лойиҳаси доирасида рақамлаштирган илк музейга айланди.

– Ҳаммадан ҳам биз учрашган музейларнинг раҳбарлари бизни ҳайратда қолдирди, улар 360-технологиялари ҳақида билишар экан ва анчадан бери ўз сайтларида шундай виртуал турларни ташкил қилишни ўйлаб юришган экан. Биз нимани ва нима учун қилаётганимизни ҳамма яхши тушунарди, шу боис бизга ҳар томонлама ёрдам беришди, самимий муносабатда бўлишди. Бу кишини илҳомлантиради ва мотивациялайди!

Кўламли суратга олиш ишларининг ҳаммаси икки киши Акмал Солиҳов ва компаниянинг техник директори Азизбек Ғафуровнинг кучи билан амалга оширилмоқда. Шунингдек ижодий жараёнда Insta360 Pro2 VR-камераси ҳам қатнашяпти, у тасвирнинг юқори сифати (12K 360 3D) туфайли дунёдаги энг яхши камералардан бири ҳисобланади. У “олти кўзли” бўлиб, ҳаммасини бирданига кўргани учун суратга олиш ишларида постановкали чироқ ва бошқа ускуналардан фойдаланилмайди – акс ҳолда у дарҳол кадрга тушади. Бунда HDR технологияси, яъни камера максимал динамик ёритиш диапазони ва деталларни қамраб олиш имконини берадиган учта суратни қилувчи технология биз учун ечимга айланди.

 – Битта фотосуратни қилишга 10-15 дақиқа, унга ишлов беришга эса тўрт баравар вақт кетади. Тасвирларнинг ҳаммасини махсус дастур ёрдамида бир бутун қилиб “тикиб чиқамиз”, кейин ранглар коррекциясига ўтамиз. Суратлар тайёр бўлганидан кейин фототурни Rounde.me онлайн-платформасида йиғамиз, у билан сайтларга турларни ўрнатиш осон. Ҳозирча Азизбек билан уддалаяпмиз – бир кунда 50 тагача нуқтани суратга олишга кучимиз етяпти. Аммо фотосуратлар ҳажми ошмоқда ва уларга ишлов бериш ҳам қийинлашмоқда. Жамоадаги йигитларни ишга жалб этишга тўғри келишини ҳис қиляпмиз, ҳозир улар асосан тижорат лойиҳалари билан шуғлланяпти, – дейди Акмал Солиҳов.
 
VRonica – хусусий компания, унга ҳам бошқа компаниялар каби карантин режимида фаолият кўрсатиш жуда қийин бўлмоқда. Нега музейлар билан беғаразлик асосида ишлашга қарор қилингани ҳақида сўрамасдан иложим йўқ.

– Мен жамоага “Келинглар музейларни бепул суратга оламиз” деб айтганимда, албатта тушунмовчиликка дуч келдим. Бу табиий ва мантиқий ҳолат, яунки биз – стартапмиз, бизда хайрия учун молиявий “ёстиқ” йўқ. Бунинг устига бу билан келгусида олишимиз мумкин бўлган эҳтимолий буюртмани йўқ қилаётган бўлишимиз мумкин – битта катта музей бўйича буюртма прайсга кўра ўртача 15 млн сўмга яқин турган бўларди. Аммо шу билан бирга, умидларга, бой берилган манфаатга қарамасдан баҳамлашишни билиш кераклигига ишонаман. Бирор эзгу ишни қилиш имкониятини излаш ички маданиятнинг бир қисмига айланиши учун компаниямиз ушбу одатни аввал бошиданоқ ўзлаштириб олишини истайман. Бутун дунёда карантин даврида машҳур музейлар бепул виртуал турларни очган, бизда эса очиш учун ҳеч нарса йўқ. Шу боис айни дамда иккала муаммони ҳам ҳал қиляпмиз: виртуал турлар яратяпмиз ва барча хоҳловчилар учун улардан фойдаланиш имконини тақдим этяпмиз. Маълум бўлишича одамларда бунга эҳтиёж бор экан, масалан, тарих музейига 4000 дан ортиқ марта виртуал ташрифлар қайд этилди, – дейди Акмал Солиҳов.

 
Тадбиркор на интернет-фойдаланувчилардан, на ўзидан музейларга қизиқишни кутмаганди:
 
– Охирги марта музейда ўтган йил декабрь ойининг охирида бўлгандим. Вокзал ҳудудидан посилка олиб кетаётгандим, ёнимда ўғлим бор эди, у поездларни томоша қилишни истаб қолди. Шу тариқа биз Темир йўл техникаси музейига бориб қолдик, унда фақат ўзимиз эдик. Лойиҳа устидаги ишлар менинг музейларга зерикарли бир жой сифатидаги муносабатимни ўзгартирди. Абдулла Қаҳҳор уй-музейи, амалий санъат музейидан катта таассурот остидаман, улар сайёҳлар орасида жуда оммабоп экан, афсуски бу музейда ҳеч қачон бўлмаган эканман. Карантин тугаганидан кейин музейларга муносабатимни ўзгартираман, кейинги сафар пиццерия ўрнига оилам билан музейларга бораман, ўғлимга бу гўзалликни кўрсатаман.

Акмал Солиҳовнинг фикрича, VR-турларнинг пайдо бўлиши музейларга қилинадиган реал ташрифлар сонини оширади. Шунингдек виртуал экспозициялар пойтахтаг келиш имкони мавжуд бўлмаган вилоятлардаги мактаб ўқувчилари ва талабаларга ёрдам бериши мумкин.
 
Тадбиркорнинг айтишича, унга пойтахтдан ташқаридаги диққатга сазовор жойлар ва бошқа аҳамиятли объектларни суратга олиш бўйича сўровлар тушмоқда.


 
– Агар битта жамоа ёки бир хил ускунага эга 2-3 та жамоа ишласа, лойиҳа билан бутун мамлакатни қамраб олиш учун жуда кўп вақт талаб этилади. VR-камералар жуда қиммат туради, шу боис бепул масштаблаштириш имкони бўлиши даргумон. Тадбиркор сифатида ҳар доим Win-Win моделларни излайман. Эҳтимол биз лойиҳага ҳомийларни жалб этишнинг, грантлар олишнинг уддасидан чиқармиз. Эҳтимол улар бордир, аммо бу ҳақда жуда камчилик билади, – дейди Акмал Солиҳов.
 
Унинг сўзларига кўра, музейларнинг кўпчилигида реконструкция ишлари режалаштирилган. Бу пайтда улар ёпиқ бўлиши мумкин. Ана шундай пайтда виртуал турлар музейга жисмоний келишнинг ўрнини тўлиқ босиши мумкин.   
 
– Бу масалага эътибор қаратиш вақти етиб келди, – деб иҳсоблайди тадбиркор. – Музейлар ташриф буюрувчиларни қизиқарли экспозициялар, инфосабаблар, замонавий технологиялар ва контент ёрдамида фаолроқ жалб этиши керак. Дунёда оммабоп бўлган нарса, бизда ҳам шунга айланиши зарур.
 
Виктория Абдурахимова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.