«Ёғли» тушёнка ёки шаффоф савдолар ҳақида

"Ёғли" тушёнка ёки шаффоф савдолар ҳақида

Давлат харидлари доирасида ҳар бир иштирокчи ўз таклифини тақдим этадиган ва харидор учун нарх/сифат параметрлари мақбул бўлишига умид қиладиган шаффоф ва оммавий савдоларни ўтказиш – коррупцияга қарши курашиш шартларидан биридир.

Амалда бундай тендерларни ўтказишдаги шаффофлик шартли ҳисобланади, чунки тендер ҳужжатлари пакетини тақдим этаётганда иштирокчи унинг ичида нарх бўйича таклифни ҳам тақдим этади, бу тендер савдоларини эълон қиладиган ташкилотларнинг виждонсиз ходимларига ғаразли мақсадларда ахборот билан спекуляция қилиш имконини беради, бу эса ўз навбатида,фақат коррупцияни кучайтиради, холос.  

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги давлат захираларини бошқариш қўмитаси бир миллион банка олий навли гўшт консерваларини харид қилишга тендер эълон қилди, унда ўнта даъвогар корхона қатнашди. Улардан иккитаси гўшт ишлаб чиқарувчилар, қолганлари эса чет элдан консерва сотиб олишга тайёр савдо тузилмалари.
 
Шу ерда бир муҳим жиҳатни қайд этиб ўтамиз: импорт маҳсулотларни етказиб берувчи савдо компаниялари томонидан мамлакат давлат захираси учун тушёнка харид қилиш ва етказиб бериш ишлари, одатда, биржа савдоларида харид қиилнадиган валютада амалга оширилади. Бу валюта эса мамлакат ва аҳоли учун ҳозирги мураккаб даврда тиббий мақсадларда фойдаланиладиган товарларни харид қилишга ёки субсидияларга йўналтирилиши мумкин эди.
 

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар гўшт нархидан, унинг таннархи ва ўз маржасининг қийматидан келиб чиқиб, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотга барча солиқларни ҳисобга олган ҳолда бир банкаси учун 18 600 ва 18 900 сўм нархни таклиф қилишди ва тендерда ютқазишди. Савдо ташкилотларидан бири эса чет элда ишлаб чиқарилган гўшт консерваларини бир банкаси учун 18 400 сўмдан таклиф қилиб энг паст нархни таклиф этган савдо иштирокчиси сифатида ғолиб бўлди.      
           
Гўёки ҳаммаси яхши ва адолатлидай бўлиб туюлиши мумкин, аммо, келинг, вазиятга сал кенгроқ назар ташлайлик:

Эълон қилинган натижаларга кўра, асосий фаолият тури «Овқатланишни ташкил қилишнинг бошқа турлари» бўлган Crackers Industry  масъулияти чекланган жамияти, маҳаллий ишлаб чиқарувчи Hilol Kohinur компаниясиникидан  200 сўм паст нархни таклиф қилган. Hilol Kohinur компанияси, нархни ғолибнинг нархигача тушириши шарти билан тендернинг захира ғолиби сифатида эълон қилинди.  Бу ерда 1,087% миқдоридаги фарқ муҳим ролни ўйнади ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи Давлат захирасига маҳсулот етказиб бериш имкониятидан маҳрум бўлди.

Бу ерда яна бир муҳим жиҳатни қайд этиш зарур: маҳаллий ишлаб чиқарувчилар гўштни Ўзбекистонда маҳаллий валютага харид қилади ва ундан консерва тайёрлайди, бунда улар Ўзбекистон бюджетига солиқ тўлайди, юзлаб ишчилар маош олади, ўз оиласини боқади ва республика бюджетига яна солиқ тўлайди. Бундан ташқари маҳаллий ишлаб чиқарувчи энергия билан таъминлайдиган ташкилотлар ва унга маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган товар ва хизматларни тақдим этувчи турдош корхоналарнинг хизматларидан фойдаланади – бу эса яна иш ўринлари, солиқлар, ўз мамлакатида пул ишлаб топаётган оила боқувчилари дегани. Маҳсулот чет элдан харид қилинганида, биз де-факто чет эл ишчилари учун иш ўринларини таъминлаймиз, улар эса ўз навбатида ўз давлатининг бюджетига солиқ ва мажбурий тўловларни тўлайди.
 
Конкрет ҳисоблаб чиқиш қийин албатта, аммо маҳаллий корхонадан ва у хизматларидан фойдаланадиган бошқа корхоналардан давлат бюджетига тушадиган маблағлар суммаси ўша 200 млн сўмни анча ошган бўларди.  
 
Тендер комиссияси, ҳукумат жорий ҳолатни инобатга олиши керак карантин чоралари амал қилаётган шароитларда кўплаб тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини ёпган ёки тўхтатган, уларнинг ишчилари ишсиз қолган, бу эса оила бюджетига ҳам катта зарба. Шундай экан, давлат стандарт схема бўйича ҳаракат қилмасдан, балки масъулиятли ижтимоий сиёсатга таянган ҳолда қабул қилинаётган қарорларнинг ижтимоий оқибатларини ҳам ҳисобга олиши керак. Бу ҳақда “давлат харидлари тўғрисида”ги ЎзР Қонунининг 13-моддасида ҳам сўз боради.

Бунинг устига “Хомашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар харид қилиш бўйича тендер савдолари ўтказиш тўғрисида”ги Низомнинг 55-банди олтинчи хатбошисида шундай дейилади:

«агар тендерда хорижий етказиб берувчилар билан бирга мамлакатимиз корхоналари-ишлаб чиқарувчилари иштирок этса, бу корхоналарга товарлар ва хизматлар давлат хариди, шунингдек давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар маблағлари ҳисобига харид қилиш доирасида амалга ошириладиган тендер савдоларида иштирок этганда 20 фоизгача миқдорда нарх имтиёзлари берилади».

18 400 сўм миқдоридаги энг кам таклиф қилинган нархнинг 20% эса 3680 сўм (!), яъни маҳаллий ишлаб чиқарувчининг бир банка тушёнкаси ҳатто 21 000 сўм бўлганида ҳам, у тендерда ғолиб чиқиши керак эди.  

Маҳаллий ишлаб чиқарувчини афзал кўришнинг яна бир ижобий томони шундаки, агар консервалар сифатсиз бўлиб чиқса, ишлаб чиқарувчи – мана у , шу ерда, Ўзбекистонда, уни жавобгарликка тортиш ҳам осон.

Ва, ниҳоят, коррупцияга умуман йўл қолдирмаслик учун тендер савдоларини ўтказиш тартибига битта жиддий тузатиш киритиш зарур – тендер ҳужжатларини расмийлаштиришда уларнинг нархи қисми иштирокчи томонидан биринчи босқичдаёқ тақдим этилмаслиги керак. Савдолар иштирокчиси уни тендер комиссиясининг якуний йиғилишида ташкилотнинг думалоқ муҳри билан тасдиқланган ёзма шаклда тақдим этиши лозим. Шунда инсайдерлик ахборотидан фойдаланиш ва бошқа виждонсизларча усулларни қўллаш ҳақида сўз бўлмайди.

Буларнинг барчаси, албатта, лоқайд бўлмаган кишининг фикр-мулоҳазалари бўлиб, у фақат ўз вазифасини бажараётган давлат органлари баъзида кенгроқ назар ташлашини ва қонунчиликни бизнес ва фуқаролик жамиятининг фикрини инобатга олган ҳолда такомиллаштиришини истайди, холос.  
Юқорида тилга олинган камчиликларни тузатиш учун эса тендер савдоларини ўтказиш тартибига аниқликлар киритиш ҳамда у ёки бу идора эмас, балки умуман давлат нимада ютишини ҳисоблаш тизимини ўзгартириш керак.
 
Икром Абдулла,
Anhor.uz учун

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.