Бюджет инқирозини давлат харажатларини кескин қисқартирмасдан ва «солиқ бебошлиги»га барҳам бермасдан ҳал қилиб бўлмайди

Сумы
Фото: nova24

Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг бюджет танқислиги ва давлат қарзи ошиб бораётганлиги ҳақидаги хабарлар кўпайиб бормоқда:

  • 2023 йилда Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджет танқислиги рекорд 59 триллион сўмни (5 миллиард долларга яқин) ташкил қилди, шу билан бирга 2023 йил охирида ҳукумат парламент орқали бюджет танқислиги учун белгиланган чегаравий нормани оширди.
  • 2024 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 34,9 миллиард долларга етди, яъни бир йилда 5,7 миллиард долларга (режалаштирилган 2,9 миллиард доллар ўрнига) ошди. Олти йил ичида қарз 3 баравар ўсди. Шу билан бирга, 2023 йилда давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари кескин ошди.
  • 2024 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон давлат бюджетининг танқислиги яна бир рекорд кўрсаткичга – тахминан 2 миллиард долларга етди. Бу, жумладан, бюджет даромадлари ўсишининг секинлашиши натижасидир.
  • 21 май куни Лондон фонд биржасида Ўзбекистоннинг навбатдаги 1,5 миллиард долларлик суверен евроoблигациялари жойлаштирилди. Яъни, мамлакат давлат қарзини ошириб бормоқда.

Бюджет инқирози ўта кескин бўлиб, бюджет фалокатига олиб келиши мумкин.

Бюджет танқислиги ва давлат қарзининг ўсиши нимаси билан хавфли?

Аввало, бюджет танқислиги нима эканлигини аниқлаштирайлик. Бу давлат харажатлари билан даромадлари ўртасидаги фарқдир. Мазкур ҳолатда биз консолидациялашган бюджет билан иш кўрмоқдамиз, яъни фақат давлат бюджети эмас, балки турли хил бюджетдан ташқари жамғармалар ҳақида ҳам гап кетмоқда, улардан амалга ошириладиган харажатларни ҳам давлат харажатлари деб ҳисоблаш керак. Бюджет танқислиги – ана шундай харажатлар билан даромадлар ўртасидаги фарқдир.

Бюджет танқислигининг ёмон томони нимада? Энг аввало, ҳукумат даромадлари ва харажатларини нотўғри режалаштиради. Бу аллақачон ёмон, чунки бу самарасиз менежмент ҳақида далолат беради. Бундан ташқари, самарасиз бошқарув иқтисодиёт ишлайдиган қоидаларга беқарорлик келтиради: ўтган йилнинг охирида парламент бюджет танқислигининг чегаравий меъёрини оширишга рози бўлди. Қоидаларни белгилаб, уларни бунчалик осон ўзгартириб бўладиган бўлса, нимага қоидалар ўрнатилади? Ўз қоидаларини бажара олмайдиган давлатга қандай ишониш мумкин? Шундан сўнг давлат иқтисодиётнинг бошқа субъектларидан уларни бажаришни қандай талаб қилиши мумкин?

Аммо энг асосийси шундаки, бюджет танқислигини қоплаш усуллари ёмон. Қисқа муддатли даврда бунинг икки йўли бор. Биринчиси – пул қоғозларини «босиш» керак, яъни пул эмиссияси амалга оширилиши керак, бу инфляция хавфини келтириб чиқаради.

Иккинчи усул – қарз олиш. Давлат молия бозоридан қарз олади. Одатда бу Молия вазирлиги томонидан чиқариладиган давлат облигацияларини сотиш орқали амалга оширилади. Бу ҳам ёмон усул, чунки қарз олинган пулларни эрта-индин қайтариш ва улар учун фоизлар тўлаш керак бўлади. Иккинчидан, давлат пулларни хусусий сектордан тортиб олади. Шунинг учун молия бозорида пул камроқ қолади. Фоиз ставкалари, яъни пулнинг нархи ошади, бу эса бизнес учун молиявий ресурсларнинг қиммат эканлигини билдиради. Иқтисодчилар бундай ҳолатни сиқиб чиқариш самараси деб атайдилар. Давлат қанча кўп қарз олса, молия бозорида шунча кам пул қолади. Пуллар қиммат бўлганда эса бу бизнес харажатлари – корхоналар юқорироқ фоиз ставкалари билан кредитлар олишга мажбур бўладилар ёки пулларни топишнинг бошқа усулларидан фойдаланадилар, лекин бунинг учун ҳам кўпроқ тўлашга тўғри келади. Қиммат пуллар бизнес харажатларини ошириб, уни рақобатбардошсиз қилади. Бу эса иқтисодий ўсиш суръатларининг ва аҳоли даромадлари ўсишининг пасайишига олиб келади.

Агар давлат ташқи бозорлардан қарз олса, бу ҳам катта харажатларга олиб келади. Чет эл валютасининг мамлакатга оқиб келиши сўмнинг алмашув курсини сунъий равишда юқори бўлишига олиб келади, бу эса экспортни қиммат, импортни эса арзон қилади. Натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар зарар кўради, чунки уларнинг маҳсулотлари рақобатбардош бўлмай қолади. Бундан ташқари, валюта қарзларини қайтариш зарурати туфайли мамлакатнинг молиявий органлари сўмнинг янада мустаҳкамланишига қизиқиш билдиради – шундай қилинса, валютадаги қарзларни қайтариш арзонроқ бўлади. Шунинг учун улар сўмнинг алмашув курсини сунъий равишда юқори ушлаб туриш сиёсатини олиб борадилар.

Узоқ муддатли истиқболда, агар катта миқдордаги қарзлар тўпланган бўлса, давлат уларни қоплаш учун иқтисодиётга солиқ юкини ошириши мумкин. Бунда ҳам яхши нарса йўқ, айниқса, Ўзбекистонда солиқ юки жуда юқори эканлигини ҳисобга олган ҳолда. Уни янада ошириш – бу бизнес харажатларининг яна ҳам ошиши, маҳсулот ва хизматларимизнинг рақобатбардошлигининг янада пасайиши ва иқтисодиёт ривожланишининг йўқотилишидир.

Бюджет танқислигининг сабаблари нимада?

Бюджет танқислиги ўсишининг энг асосий сабаби Ўзбекистонда давлат харажатлари жуда катта, яъни иқтисодиёт кўтара олмайдиган даражададир. Айни шу консолидациялашган бюджет танқислиги ҳақида гап кетяпти, у ЯИМнинг 35-36 фоизини ташкил этади. Консолидациялашган бюджетдан ташқари, давлат корхоналарининг квазифискал харажатлари ҳам мавжуд, яъни корхона фойдасидан ижтимоий эҳтиёжларга сарфланадиган харажатлар – масалан, корхонага кўприк қуриш ёки болалар боғчасини сақлаб туришни буюришади. Бундай харажатларни давлат молия манбаларидан амалга ошириш керак эди, лекин уларни давлат корхонаси амалга оширади. Консолидациялашган бюджетга давлат корхоналарининг квазифискал харажатларини қўшсак, бу ЯИМнинг 40 фоизидан кўпроқ бўлади. Агар хусусий корхоналарнинг квазифискал харажатларини ҳам қўшадиган бўлсак (афсуски, улар ҳисобга олинмаган), бу рақам яна ҳам юқори бўлади. Шунинг учун Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг камида 40 фоизидан кўпроғи давлат харажатлари орқали қайта тақсимланади, деб айтиш мумкин.

Нима учун бу рақамлар иқтисодиётимиз учун оғир юк дея айтяпман? Чунки ўзитмизни бошқа мамлакатлар билан солиштирадиган бўлсак, бундай юқори даражадаги давлат харажатларига фақат жуда бой Европа мамлакатлари йўл қўя олади. Ҳатто бой Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам давлат харажатлари даражаси, агар ЯИМга нисбатан фоизда ҳисоблайдиган бўлсак, Ўзбекистондагидан анча пастроқ. Бир ярим, икки-уч баравар паст. Шу билан бирга, умумий қонуниятга кўра, мамлакат қанчалик ривожланган бўлса, давлат харажатларининг ЯИМдаги улуши шунчалик юқори бўлади, яъни жамият давлатга қайта тақсимлаш учун шунчалик кўп бера олади. Қашшоқ иқтисодиётлар бунга йўл қўя олмайди, чунки давлат харажатларининг аксари томони ёки юқори солиқлар, ёки катта қарз юкидир. Булар иккаласи ҳам иқтисодиёт ривожланишига салбий таъсир қилади: бизнес харажатлари ошади, бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотининг рақобатбардошлигини пасайтиради.

Муаммо яна шундаки, давлат ўнгу сўлга солиқ имтиёзлари, субсидиялар, имтиёзли кредитлар ва бошқаларни беради. Биринчидан, бу бюджет юкини оширади, иккинчидан, бундай ёндашув мутлақо самарасиздир, чунки шундай имтиёзлар, пул беришлар коррупцияга олиб келиши, рақобатни бузиши мумкин. Чунки кимгадир имтиёз берилади, кимгадир йўқ, корхоналар тенг шароитларда қолмайди. Бу иқтисодиётга жуда катта зарар етказади.

Имтиёзлар беришнинг ўрнига хусусий секторга солиқ юкини камайтириш керак, шунда пуллар бизнесда қолади ва улар ўша пулларни амалдорлардан кўра яхшироқ сарфлай олади. Бу одамларнинг, тадбиркорларнинг ўз пуллари, улар уларни сарфлашнинг энг яхши йўлларини биладилар. Бизда эса нима бўляпти? Амалдорлар пул маблағларини иқтисодиётдан тортиб олиб, уларни ўша иқтисодий эҳтиёжларга сарфлашмоқда. Бозор иқтисодиёти нуқтаи назаридан бу мутлақо нотўғри, бу ресурслардан, ушбу ҳолатда пуллардан самарасиз фойдаланиш, ва айнан шу нарса иқтисодий ривожланишимизни секинлаштирмоқда.

Бюджет танқислигининг бунчалик катта бўлишига ва кучайиб боришига олиб келадиган яна бир сабаб шундаки, мамлакатда ҳали ҳам бизнес муҳити жуда ёмон. Ҳа, 2017 йилдан кейин у сезиларли даражада валюта бозорини ва чегараларни эркинлаштириш, солиқ ислоҳоти, турли хил маъмурий тўсиқларни камайтириш, банк секторини ислоҳ қилиш ҳисобига яхшиланди. Лекин у шунга қарамай ёмон ҳолатда қолмоқда. Натижада инвестициялар жуда оз, бизнес кўпинча яширин иқтисодиётга ўтишга, даромадларини яширишга ёки ишлаб чиқариш ҳажмларини қисқартиришга мойил бўлади.

Бизнес муҳитидаги муаммолар нимада? Бунинг турли хил сабаблари, нозик томонлари бор. Бу хусусий мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг пастлиги, чунки судлар ёмон ишлайди, қонунчиликда ҳам барча нарса аниқ ёзилмаган. Бу бизнесга маъмурий тўсиқлар, ташқи савдога тўсиқлар ҳамон сақланиб қолгани, банк секторининг ислоҳ қилинмагани ва давлатнинг молия бозоридан кўп пул олиб қўйгани учун фоиз ставкаларининг юқорилигидир.

Бизнес муҳитининг яна бир муаммоси – солиқ маъмуриятчилиги муаммосидир. Бу муаммо давлатнинг ўз катта харажатларини қоплаш истагидан келиб чиқади ва у бизнесга босим ўтказа бошлайди, иқтисодиётдан пулларни турли йўллар билан олишга ҳаракат қилади. Лекин кўпинча бундай пул олиш усуллари самарасиз, бизнесга зарар етказади, иқтисодиёт ривожланишига путур етказади ва кўпинча ноқонуний ҳам бўлади. Охирги икки-уч йил ичида бизнинг молия органларимиз, айниқса Солиқ қўмитаси буни жуда фаол қўллади ва шу билан бизнес муҳитига зарар етказди, бизнесни яширин иқтисодиётга ҳайдади, расмий хусусий тадбиркорлик миқёсини қисқартирди. Бу эса солиққа тортиладиган базанинг камайишига олиб келади. Ана сизга бюджет танқислиги юзага келишининг яна бир сабаби.

Шунинг учун молия органларининг ёндашувини тубдан ўзгартириш керак. Улар яширин иқтисодиётга қарши курашишлари шарт, лекин буниси қурол кучини қаттиқроқ қўллаб эмас, аксинча, расмий бизнес юритиш харажатлари ва хавфларини камайтириш йўли билан амалга оширилиши керак. Афсуски, молиячиларимизда бунга тушуниш ҳам йўқлигини кўрмаяпман.

Бюджет танқислиги муаммосини ҳал қилиш учун қандай чоралар кўриш керак?

Давлатнинг иқтисодий харажатларини кескин қисқартириш керак. Улар ҳаддан ташқари катта. Умумий бюджет-солиқ юкини иқтисодиётга икки баробар камайтириш керак. Ҳукуматимиз буни қила олмаслигидан қўрқаман, лекин бюджет танқислиги ўсиши харажатларни қисқартиришга ундаши керак, бу қисқартириш радикал бўлиши шарт.

Буни амалга ошириш учун эса иқтисодий сиёсатни тубдан ўзгартириш керак – амалдорларни иқтисодиётдан четлаштириш зарур. Ҳа, бозор иқтисодиётида давлатнинг муайян функциялари бор. Лекин улар ёмон бажарилмоқда, чунки амалдорлар катта бюджет маблағларини тақсимлаш ва турли хил имтиёзлар бериш билан банд, бу эса, ўз навбатида, мамлакатдаги коррупциянинг асосий сабабидир. Яъни, давлат харажатларини ва амалдорларнинг иқтисодиётга аралашувини қисқартирсак, икки мушукни бир галдирма уриб, маҳсулотларимизни рақобатбардош қиламиз ва коррупция миқёсини камайтирамиз.

Бундан ташқари, солиқ маъмуриятчилиги ва яширин иқтисодиётга қарши курашишдаги ёндашувларни ҳам тубдан ўзгартириш керак. Қонуний секторда харажатлар ва хавфларни камайтириш керак, шунда бизнес яширин иқтисодиётдан қонуний секторга ўтади. Бунинг учун бизнесга нисбатан эркинлик сиёсатини юритиш зарур. Мавжуд давлат тартибга солиш амалиёти, жумладан солиқ маъмуриятчилиги, иқтисодиёт ва бюджет учун ҳалокатли эканини амалиёт кўрсатди. Иқтисодчилар эса буни йиллар бўйи такрор-такрор айтиб келишмоқда.

Юлий Юсупов

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.