Давлат амалдорлари томонидан ўз мулкларини декларациялаш ғояси тўғрисида
Аммо агар амалдорлар ёмон бўлса, ҳатто энг яхши қонунлар ҳам ёрдам бермайди»
Отто фон Бисмарк
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг директори Акмал Бурхонов 6 октябрь куни президентдан тортиб, то оддий давлат хизматчисигача бўлган барча давлат амалдорлари томонидан ўз даромадларини ва мулкини декларациялаш тизимини жорий этиш бўйича ўз изоҳларини чоп этди ва мулкни бундай декларациялаш тизими босқичма-босқич жорий этилиши кераклигини ҳамда у пастдан эмас, балки юқоридан бошланиши лозимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ушбу қадам “бутун бир тизим”ни яратишниталаб қилгани боис, бунга эҳтимол 5 йилгача вақт талаб қилиниши мумкин.
Агентлик раҳбарининг ушбу баёноти анчадан буён етилиб кнелаётган масаланинг фаол муҳокамасини келтириб чиқарди. Фуқароларнинг бу борада биринчи берган саволи ҳам қуйидагича бўлди – “нега бунча узоқ – 5 йил”? Нега беш ҳафта, беш ой, бир йил эмас? Бунинг устига Солиқ кодексига мувофиқ биттадан ортиқ даромад манбаига эга бўлган барча фуқаролар томонидан даромадларни мажбурий декларациялаш тизими жорий этилганига анча бўлган бўлса? Биз амалдорлар ва уларнинг оила аъзолари томонидан мулкни декларациялашда юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликларни таҳлил қилишга уриниб кўрдик.
Амалдорлар томонидан мулкни декларациялаш тизимини жорий этишдаги биринчи, аммо энг асосий бўлмаган қийинчилик шундан иборатки, амалдорлар мамлакатни бошқаришда муҳим ролни ўйнайди. Ва амалдорнинг нуфузига ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатига соя ташлайдиган ҳар қандай ташаббус унинг ўзи томонидан охиригача қаршиликка учрайди. Яққол кўриниб турган нарсани тан олиш керак: бир томондан, бошқарувчи элита вабошқа томондан, энг аввало, куч ишлатар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш блокининг амалдорлари ўртасида тузиладиган “ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий шартномасиз” (келишувсиз) ҳеч қандай давлат тузуми уч кун ҳам яшамайди.
Саройлар, амалдорларнинг мулки ва манфаатларини қўриқлашга, бошқарувчи элита манфаатлари ва мулкини ҳимоя қиладиган қонунларга амал қилинишини таъминлашга одам қолмайди, халқнинг манфаатлари ҳақида эса гапирмасаям бўлади. Яқинда Беларусда содир бўлган воқеалар ва Қирғизистонда бўлаётган воқеалар буни яққол кўрсатди. Беларусда бошқарувчи ҳокимият фақат куч ишлатар тузилмалар, давлат амалдорлари сабаблигина ўз курсисида қолди. Қирғизистонда эса аксинча, муросанинг ва юқорида тилга олинган “шартноманинг” йўқлиги оломон 2 кун ичида ҳокимиятни “супуриб ташлаб”, мамлакатда анархия ўрнатилишига олиб келди.
Қирғизистонда охирги йилларда содир бўлган инқилобларнинг барчаси сиёсий иқтисод нуқтаи назаридан шуни кўрсатмоқдаки, давлат ҳокимиятига даъвогарлик қилаётган кланлар уларни бирор-бир концепция, ғоя атрофида бирлаштирадиган приниципиал позицияга эга эмас, шунга мос равишда ушбу концепция ва ғояни ҳимоя қилишга қодир куч ишлатар тузилмаларнинг вакиллари ҳам улар билан келишувга эриша олмаяпти.
Беқарор, вақтинчалик иттифоқлар юзага келмоқда. Бу ўз атрофида унинг ҳокимиятини кафолатлашга қодир куч ишлатар тизим вакиллари, ҳарбийларни моддий ва бошқа ноз-неъматлар эвазига бирлаштира оладиган шахс пайдо бўлмагунга қадар давом этади. Бу ерда ҳуқуқни муҳоқаза қилиш, ҳуқуқни қўллаш, ўзаро муроса, кучлар мувозанатини ишлаб чиқиш ва келажак келашувларига амал қилиш масалалари муҳим аҳамият касб этади.
Жадал суръатлар билан жорий этилган амалдорлар томонидан мулкни декларациялашнинг шаффоф тизими бошқарувчи элита манфаатларига амал қилиш бўйича ёзилмаган қонунларни бузади, чунки у ким ҳалол, ким эса ҳаром яшаётганини яққол қилиб қўяди. Албатта, олий бўғин амалдорлари орасида ҳалол яшаётганлар камчилик бўлиб чиқади. Айнан шу боис норозилар сони кўп бўлади…
Мана шу ерда биз иккинчи аҳамиятли сабабга яқинлашамиз: нега тизимни босқичма-босқич ишлаб чиқиш ва жорий этишга бунча кўп вақт талаб қилиняпти? Давлат хизматида бўла туриб, катта бойликка эга бўлаётган шахслар барча келиб чиқувчи оқибатлари билан ўз мулкини декларациялаш фикрига кўникишлари учунми ёки бу мулкни Қонуннинг ўткир кўзидан яширишга улгуриши учунми? Балки вақт бу мулкни қайтариш кафолати билан садоқатли кишиларнинг номига расмийлаштириш учун керакдир? Акс ҳолда норозилик даражасининг шиддат билан ўсиши шубҳасиз, чунки ҳатто ноқонуний йўл билан орттирилган бўлса ҳам ўзининг мулкини беришни истамайдиганлар талайгина.
Шундай экан, «мулкка эга элитани муросага келтириш» масаласи мулкка эга бўлиш ва уни бошқариш шаклларига тааллуқли қатор қонунларни ишлаб чиқишни талаб қилади. Бу қонунлар мулк эгасининг реал мулкий-тасарруф ҳуқуқи сақланганида мулк эгасини расмий тарзда ўзгартириш имконини берган бўларди. Эҳтимол мулкни декларациялаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш таклифи, давлат тузилмалари, ўша давлат амалдорлари томонидан коррупцияга, давлат пулларини ўзлаштиришга қарши курашишни имитация қилиш шу билан изоҳланар.
Учинчи муҳим сабаб шундаки, давлат ўз хизматчиларига 10-15 йиллик давлат хизматида сўнг ҳеч бўлмаганда 40 ёшга етганда квартира, машина, қулай ҳаётни таъминлайдиган минимал жамғарма, болаларнинг таълимини молиялаштириш, турли саёҳатларга чиқишни кафолатлайдиган иш ҳақини таъминламайди. Яъни бизга ёқадими ёки йўқми давлат хизмати ҳозирча яқин келажакда хизматчилар учун “la Dolce Vita”ни кафолатламайди, жамият коррупция, давлат маблағларини ўзлаштириш, мансабни суиистеъмол қилиш йўли билан “зарарнинг қопланишига” чидашга мажбур. Эҳтимол давлат амалдорлари томонидан мулкни декларация қилиш имкони йўқлигининг энг асосий сабабидир.
Охиргиси. Яхши қонунларни ишлаб чиқиш ва уларнинг мавжудлиги давлат гуллаб-яшнаши учун етарли эмаслигини англаб етиш пайти келди. Жамиятнинг ўзи қатъий қонун доирасида ҳаракат қилишга тайёр эмас экан, қонунни четлаб ўтишни норма деб ҳисоблар экан, у элитани, давлат хизматчиларини қонунни бажаришга мажбур қилолмайди. Чунки коррупция ботқоғига ботган амалдор – бу ўша кечаши жамият аъзосининг ўзи.
Юқорида баён этилганларнинг ҳаммаси шахсий фикр бўлиб, у давлат амалдорлари томонидан мулкни декларациялаш тизимини жорий этишнинг мунтазам равишда кейинга сурилишини оқлашга қаратилмаган.
Қатъий сиёсий ирода ва жамиятда муайян муроса мавжуд бўлганида барча кўрсатилган омиллар ва тўсиқларни, уларнинг моҳиятини ва чуқур сабаб-оқибат алоқаларини тушунган ҳолда, осон енгиб ўтиш мумкин. Ҳозирча эса ҳаммамиз бу вазифани ҳал этишга босқичма-босқич ёндашиш муҳимлиги ҳақидаги на босқичларнинг ўзи, на моҳияти аниқ белгиланмаган ақлли нутқларни тинглашга мажбурмиз.
Абдулла Абдуқодиров, Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси
Шарҳлар