Давлат бюджети даромадлари ва бизнес соҳасидаги кайфиятлар ҳақида

Давлат бюджети даромадлари ва бизнес соҳасидаги кайфиятлар ҳақида

Молия вазирлиги 2020 йилнинг биринчи ярми учун давлат бюджети бажарилиши ҳақида ҳисобот берди. Ҳисоботнинг илк сатрларидаёқ даромад ўтган йилнинг шу даврига қараганда 17,2% (6,8 трлн сўм) кўп экани қайд этилади. Аммо мазкур давр учун инфляция миқдори йиллик 11,7% ни ташкил қилгани ҳақида бирортаям сўз йўқ. Шу боис иқтисодий идорага ярашадиган тарзда, инфляцияга тузатишни ҳисобга олган ҳолда, абсолют эмас, балки солиштириладиган рақамлар ҳақида гапириш маъқул бўларди. Аммо давлат бюджетининг даромад қисми бажарилиши натижаларини бир томонлама талқин қилиш бу билан якунланмаган.

Кўрсаткичлар динамикасини нафақат ўтган йилги маълумотлар билан, балки 2020 йилнинг биринчи чорагидаги маълумотлар билан ҳам солиштириш яхши бўларди. Хусусан, 2020 йилнинг 1-чорагида Давлат бюджети даромадлари 28,5 трлн сўмни, 2-чоракда 29,7 трлн сўмни (ярим йилликдаги 58,2 трлн сўмдан) ташкил қилган, яъни 1-чоракка қараганда бироз кўпроқ. Буни тушуниш мумкин, чунки мамлакат иккинчи чоракнинг катта қисмини карантинда ўтказда ва бу аҳолининг иш фаоллигида, бюджет даромадларида ўз аксини топди.

Ҳозир Молия вазирлиги ярим йилликнинг иқтисодий якунларини таҳлил қилишга эътиборни жамлайдиган, карантин чораларининг солиқ тўловчилар хатти-ҳаракатига ва кайфиятига реал таъсирини аниқлайдиган, “давлат – солиқ тўловчи” муносабатларида урғуларни алмаштирадиган, пандемия даврида солиқ юкини баҳолайдиган, у кичик ва ўрта бизнесга қандай таъсир қилганини таҳлил қиладиган пайт келмадимикин? Бу иқтисодиёт ривожига янги туртки бериш учун 2021 йилга солиқ қонунчилигини таҳрир қилиш йўналишларини белгилаб олиш имконини берган бўларди.

Аммо, йўқ. Барча қабул қилинган чоралар самарали бўлганини ва мавжуд солиқ қонунчилиги иқтисодиёт ўсишини рағбатлантириш манфаатларига тўлиқ жавоб беришини кўрсатиш истаги ҳаммасидан устун келмоқда. Бироқ, ҳақиқатдан ҳам бу шундайми?

Асосли хавотирларни уйғотаётган фактлар ва тенденцияларга мурожаат қиламиз:

·         Даромадларнинг умумий тузилмасида ҚҚС ставкаси пасайганига қарамасдан, қўшимча солиқлар ва тўловлар улуши юқори бўлиб қолмоқда. Иккинчи чоракда даромадларнинг умумий тузилмасидаги ҚҚС улуши 25% ни ташкил қилганди, биринчи чоракда бу кўрсаткич 25,4% ни даражасида қайд этилди, бироқ умумий даромадлардаги қўшимча солиқлар улуши 37% гача ўсди (шу жумладан импортдан олинадиган ҚҚС ва бошқа айланма қўшимча солиқлар). Бунда тўғридан-тўғри солиқлардан олинадиган даромад улуши қисқармоқда (хусусан, фойда солиғи 22,1% эди, ҳозир 20,3% ни ташкил қилмоқда). Ҳолбуки базавий ставка 12% дан 15% гача ошган. Нега бу ёмон ва бу нима билан таҳдид солиши мумкин? Қўшимча солиқлар хўжалик фаолиятининг энг асосий натижаси – олинган фойдага боғлиқ эмас, бироқ бевосита нархни шакллантирувчи компонент ҳисобланади, у ишлаб чиқарувчининг рақобатбардошлилигини ва маҳсулотга бўлган тўлов қобилиятли талабни тушириб юборади. Қўшимча солиқларнинг солиштирма улуши қанча кўп бўлса, маҳсулот нархи шунчалик ошиб боради, иқтисодиёт кўпроқ ишлаб чиқаришга эмас, балки сервисга, солиқ “пуфаги”га йўналиш олади;

·         Жисмоний шахсларнинг даромади бўйича солиқ тўловчиларнинг умумий сонида даромади 1 млн сўмдан кам бўлган тўловчилар улуши 40% дан ортиқни ташкил қилмоқда (қарийб 1,8 млн киши). Бошқача қилиб айтганда, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ бўйича бюджетга тушумларни даромади қашшоқликнинг минимал чегараси даражаси билан солиштириб бўлмайдиган (кунига киши бошига 2 АҚШ доллари) фуқаролар томонидан таъминланмоқда. Бундай вазиятда солиққа тортишнинг ягона шкаласи қай даражада ўзини оқлаши, нега “солиққа тортилмайдиган даромад даражаси”тушунчасининг йўқлиги кишини ҳайрон қолдиради;

·         Молия вазирлиги “олдин аванс тўловларини тўлаган 2 200 дан ортиқ корхона аванс тўловлари бўйича “нолли”маълумотномаларни таыдим этди; 4 500 га яыин корхона 1-чорак якунлари бўйича тақдим этилган солиқ ҳисобдорлиги билан солиштиргандафойда ҳажми камайганини кўрсатувчи маълумотларни тақдим этди”. Албатта, шундай бўлиши тайин эди. Бироқ савол туғилади: агар корхоналар деярли зарарига илаётган бўлса ёки фойда сезиларли даражада қисқарган бўлса, унда вазирлик кўрсатишга уринаётган иқтисодиётни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларнинг ва 6.4 трлн сўм ҳажмидаги ҳаражатлари (1-ярим йиллик якунлари бўйича) самарадорлиги қаерда? Эҳтимол, молия вазирлиги иқтисодиётни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар, маблағлардан фойдаланилишини тегишли тарзда назорат қилмасдан, муҳим кўрсаткичлар параметрларини ўрнатмасдан туриб, монополиячи корхоналарга ва квазидавлат тузилмаларга кўп миллиардлик маблағларни ажратиш билан чекланмаслиги кераклигини энди англагандир?

·         Яна бир муҳим савол: Инқирозга қарши курашиш фонди Молия вазирлиги ҳузурида давлат бюджети таркибида ташкил қилинган, бироқ молия вазирлиги парламентда фақат давлат бюджетининг бир қисми бажарилиши бўйича ҳисобот бермоқда, холос. Унда Инқирозга қарши курашиш фондининг маблағлари тилга олинмаган. Балки бу хўжалик юритувчи субъектларга қарз маблағлари ҳисобидан бундай катта маблағларни ажратиш маблағлардан мақсадли фойдаланилиши ва вазиятни яхшилаш бўйича белгиланган параметрларга эришилиши устидан назорат механизмини яратишни кўзда тутар?
Бироқ бундай механизм яратилгани йўқ. Акс ҳолда бунчалик кўп ўғирлик, маблағлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш, кўчалар ва ҳовлиларни “хлорли эритма билан пуркаб”миллиардларни шамолга учириш, пандемия шароитларида соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлигини ошириш ва инсон қурбонларини минимумга етказиш каби асосий вазифани бажариш ўрнига маблағларни “ўзлаштиришга”ўтиб олган соғлиқни сақлаш тизими коллапсга учраганини қайд этиш ҳолатлари бўлмасди.

Шу йил якунида турли фармонлар билан тақдим этилган солиқлар бўйича имтиёзлар муддати тугайди. 1 октябрдан бошлаб тижорат банклари кредитларнинг барча фоизлари билан қайтарилишини фаол талаб қила бошлайди. Бироқ Ўзбекистон иқтисодиёти, айниқса икчик ва ўрта бизнес соҳаси, 2020 йил 15 августдан бошлаб, яъни карантин чораларининг аксарият қисми бекор қилинганидан сўнг, қай даражада тикланди? Бизнес соҳасида ушбу муқаррар харажатларни рўйирост кутиб оладиган даражада, деб ўйламайман. Демак, олдинда – янги даъволар, янги банкротлик ҳолатлари, ишдан бўшашлар, давлат ва бизнес ўртасидаги келишмовчиликлар.

Бунинг устига, ҳукуматнинг кичик бизнесга тўғридан-тўғри молиявий қуйилмалар билан ёрдам беришдан бош тортиши, кам таъминланганларга ёрдам бериш юкини фаолиятга рухсат бериш эвазига ўз зиммасига олишга бўлган чақириқлар, аҳолининг тор қисмини тўғридан-тўғри моддий қўллаб-қувватлаш бўйича самарасиз чора-тадбирлар бизнеснинг ҳукуматга бўлган ишончига анча путур етказди.

Бизнес соҳаси ушбу вазиятдан битта оддий ҳақиқатни олиб чиқди: “чўкаётганларни фақат уларнинг ўзи қутқариши мумкин”. Демак, бизнес ватанпарварлик шиорларига қарамасдан фақат ўзини қутқариш учун бор кучини ишга солади. Бошқача қилиб айтганда, бизнес ўзининг ҳақиқий даромадларини яшириш ва солиқдан қочиш учун ҳамма ишни қилади. Мана шу 2021 йилда ҳукуматга билдирилган асосий қаршиликка айланади.
 
Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.