Давлат молиявий назоратининг самарадорлиги ҳақида
Бюджет кодексига мувофиқ Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва унга қарашли ваколатли органлар давлат молиявий назорати органлари ҳисобланади. “Давлат молиявий назорати Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари даромадлари қисмида тақдим этилган ваколатлар доирасида давлат солиқ ҳизмати органлари томонидан амалга оширилади”.
Бу орада, давлат муассасалари ва корпорациялари (унитар корхоналар)нинг бюджетлари (баланс моддаси) деярли молиявий назорат зонасидан ташқари қолади ва фақат прокуратура органларига тақдим этилган шикоятлар ёки ОАВга чиқиб кетган қандайдир бир маълумотлар асосида текширилади.
Ушбу амалиётнинг бир нечта камчилиги бор:
- Унитар корхоналар ва давлат корпорацияларидаги давлат бойлигини талон-тарож қилиш ҳолатлари бўйича прокуратура органларига ёки ОАВга ҳар доим ҳам шикоятлар туўавермайди. Кўп ҳолларда бу хабарлар “бебаҳра” қолган ходимнинг (асосан собиқ ходимнинг) ранж-алами билан “суғорилган” бўлади ва у ҳар доим ҳам ҳақиқий манзарага тўғри келмайди;
- Бундай “сигналлар бўйича” нотизимли текширувларда коррупция учун катта имконият очилади, чунки шикоятни “қисман тасдиқлаш” ёки тасдиқламаслик “хоҳиши” туғилади;
- Амалда бундай нотизимли текширувларга солиқ, молия, баъзида эса банк органларининг унчалик малакали бўлмаган кадрлари жалб этилишини кўрсатмоқда, бу ҳам текширувларнинг паст натижадорлигига ва сифатига олиб келади. Раҳбарларнинг ҳаммаси, бундай характердаги текширувларга жалб этиш ҳақида прокуратура ёки ДХХ сўрови тушганида, айнан кимни юбориш кераклигини жуда яхши билишади.
Агар давлат молиявий назорати шаклларининг самарадорлигига тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда улар бироз эскирган бўлиб, молиялаштириш ҳажмлари ва муддатларининг бажарилган ишлар натижаси билан ўзаро боғлиқлик талабларига жавоб бермайди. Хусусан, Бюджет кодексининг 173-моддасига мувофиқ, «Давлат молиявий назорати тафтиш, текшириш (шу жумладан бюджет тўғрисидаги қонунчиликнинг аввалги тафтишда ёки текширишда аниқланган бузилиши ҳолларини бартараф этиш юзасидан назорат тартибидаги текшириш) ва ўрганиш шаклида амалга оширилади.
Давлат молиявий назоратининг турлари қуйидаги:
– дастлабки назорат — молиявий операциялар бажарилгунига қадар ғазначилик бўлинмалари молия органлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириладиган;
– жорий назорат — молиявий операциялар бажарилиши жараёнида ғазначилик бўлинмалари, молия органлари ва давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга ошириладиган;
– якуний назорат — молиявий операциялар бажарилганидан сўнг давлат молиявий назорат органлари томонидан амалга ошириладиган назоратлардир».
Бошқача қилиб айтганда, қонунчилигимизда молиялаштириш шартлилигини натижадорликнинг муҳим индикаторлари кўринишидаги конкрет натижалар (KPI) билан олдиндан боғлайдиган давлат молиявий назоратининг нормалари белгиланмаган.
Тўғри, 2015 йил 24 апрелда қабул қилинган 4720-сонли “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 28 июлда қабул қилинган 207-сонли тегишли қарори бор. Бироқ улар фақат давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятларига тааллуқли. Амалда KPIни белгилаш бўйича жуда муҳим давлат вазифаси АЖларнинг кузатув кенгашларига юклатилган, улар эса асосан шу АЖ ходимларидан иборат. Ходим қандай қилиб ўз раҳбарига вазифалар қўйиши ва бунда уларнинг бажарилмагани учун ундан сўраши мумкин? Бу иш Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан мутлақо расман амалга оширилиши тушунарли, у ҳеч қандай ижобий натижага олиб келмайди.
Де-факто Ўзбекистон президентига ҳисобот берувчи Ўзбекистон Ҳисоб палатаси анча каттароқ ваколатларга эга. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги қонунга кўра қуйидагилар унинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- қабул қилинадиган давлат ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигини аудит қилиш;
- бюджетлар, бюджет тизими маблағлари ва давлат қарзлари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестицион лойиҳаларнинг мақсадга мувофиқлиги ва асосли эканини баҳолаш;
- мамлакат пул-кредит ва валюта сиёсатининг, Ўзбекистон активлари ва мажбуриятларининг ташқи аудитини ўтказиш, олтин-валюта захираларини ҳамда қимматбаҳо металлари ва қимматбаҳо тошлари билан амалга ошириладиган амалиётларини бошқариш.
Бироқ Ҳисоб палатаси ўзининг бутун фаолияти давомида биз бирор марта ҳам у томонидан ушбу йўналишларда амалга оширилган ишларнинг гувоҳига айланмадик.
Ҳисоб палатасининг аслида президент администрацияси томонидан бошқарилиши ушбу муҳим давлат молиявий назорати органининг конъюнктурали характерини белгилади. Бизга Ҳисоб палатасининг иш режаси ҳар доим ҳам коррупция эҳтимоли катта бўлган соҳалар ва тармоқларда унинг олдини олиш бўйича долзарб муаммоларни акс эттирмайдигандай кўринмоқда. Чунки қимматбаҳо ва каам самарали инвестиция лойиҳалари соҳасида қабул қилинадиган қарорларни тушунтиришимиз жуда қийин. Бу лойиҳалар:
- кўп ҳолларда тегишли давлат экспертизасисиз ва ТИАни тасдиқламасдан туриб;
- қонун ҳужжатларининг талабларига хид равишда ижрочилар ва молиялаштирувчи ташкилотларни саралаш бўйича давлат тенденларини ўтказмасдан амалга оширилмоқда.
Биз қабул қилинаётган давлат ва ҳудудий (шу жумладан, инвестицион) дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланмаганига, давлат органларининг бу дастурларни амалга оширишдаги муаммоларни ҳал қилиш борасидаги қарорлари ва ҳаракатлари мувофиқлаштирилмаганига кўплаб далилларни келтиришимиз мумкин. Бироқ, шунга қарамасдан, бизга Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган ҳолатлар бўйича прокуратура органларига тегишли тақдимномалар юборилган ҳолатлар номаълум.
Биз деярли ҳеч қачон Ҳисоб палатасининг таҳлилий материалларини кўрмаганмиз, Марказий банкнинг пул-кредит ва валюта сиёсатини амалга ошириш, мамлакат активлари ва мажбуриятларининг ҳолати, олтин-валюта захираларининг бошқарилиши бўйича ишларининг самарадорлиги ҳақида эшитмаганмиз. Бу фаолият тўлиқ Марказий банкка музд сифатида топширилган.
Шундай қилиб, давлат молиявий назорати соҳасидаги давлат сиёсатини ташкиллаштириш ва амалга оширишда жиддий камчиликлар бор:
- Давлат молиявий назоратини амалга оширувчи органлар учун манфаатлар тўқнашуви мавжуд. Хусусан, Молия вазирлиги бюджетни тақсимлаши, бюджет бирликлари бўйича маблағлар ажратиши ва ушбу маблағлардан тўғри фойдаланилаётганини ўзи назорат қилиши керак. Марказий банк пул-кредит ва валюта сиёсатининг параметрларини, активлар ва мажбуриятларнинг ҳолатини ўзи белгилаши, олтин-валюта захираларини бошқариши ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалиётларни ўтказиши лозим, Ҳисоб палатаси эса, манфаатдор давлат молиявий назорати органлари томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғри ва асосли эканига ишонч ҳосил қилиб ўтирмасдан, ҳеч қандай бегона аудиторларни ёлламаган ҳолда ҳисоботларни кўриб чиқиш билан чекланади.
- Давлат молиявий назорати органларининг ташкилий тузилмаси ва мақоми давлат маблағлари ва активларини сафарбар қилиш ва улардан фойдаланишнинг барча жиҳатларини қамраб олмаган. Масалан, давлат хўжалик юритувчи субъектларнинг (унитар корхоналар ва корпорациялар) ихтиёрига берилган маблағлар ва активларнинг катта қисми деярли давлат молиявий назорати органларининг назоратидан четда қолмоқда ва шу боис ҳам уларда давлат ва жамоатчилик нигоҳидан ташқарида коррупция ҳолатлари ва давлат активларини талон-тарож қилиш ҳолатлари содир бўлаётир.
- Давлат молиявий назорати органлари ўз фаолиятида коррупция ва давлат активларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатларининг юзага келиш сабаблари ва шароитларини жиддий ўрганишдан кўра, кўп ҳолларда кампаниячилик моҳиятига эга бўлган, юқоридан берилган кўпроқ жорий характердаги қандайдир тезкор вазифаларни ҳал қилмоқда.
Нималарни ўзгартириш мумкин бўларди:
- Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги базасида давлат молиявий назорати вазирлиги/департаментини ташкил қилиш ва унга Молия вазирлигининг бюджет бирликларини назорат қилиш ва солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағларнинг ҳосил бўлишини ва уларнинг барча давлат ҳокимияти органлари томонидан фойдаланилишини назорат қилиш қисмида назорат функцияларини бериш;
- Бошқа ижроия ҳокимияти органларидан фарқли ўлароқ ушбу вазирлик/департаментнинг иш режаси ҳамда ишлар режаси бажарилгани ҳақидаги ҳисобот олдин халқ томонидан кенг муҳокама қилиниб, сўнгра Вазирлар Маҳкамаси ва мамлакат парламентининг қўшма комиссияси томонидан тасдиқланиши лозим. Вазир эса президент, парламентнинг иккала палатаси тақдимоти билан тайинланиши керак;
- Ҳисоб палатаси функцияларининг бир қисми, хусусан, бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ва давлат қарзлари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестицион лойиҳаларнинг мақсадга мувофиқлиги ва асосли эканини баҳолаш; пул-кредит ва валюта сиёсатининг, активлар ва мажбуриятлар ҳолатининг ташқи аудитини ўтказиш, олтин-валюта захираларини ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалга ошириладиган амалиётларни бошқариш ишлари ҳам ушбу вазирлик/департаментга берилиши мумкин;
- Ушбу вазирлик/департаментнинг коррупция ҳолатлари, давлат маблағлари ва активларини самарасиз бошқариш ҳолатлари ҳақидаги тақдимномалари прокуратура ва бошқа назорат органлари томонидан биринчи навбатда кўриб чиқилиши керак;
- Бу вазирликда ўз фаолиятини амалга ошириш учун Марказий банкнинг, Молия вазирлигининг, солиқ ва божхона қўмиталарининг маълумотлар базасидан чекланмаган тарзда фойдаланиш имконияти бўлиши зарур;
- Вазирлик/департаментда тендер савдолари бўйича мавжуд нормаларга зид равишда амалга оширилган барча давлат харидларининг натижаларини бекор қилиш ҳуқуқи бўлиши шарт;
- Вазирлик/департамент президент аппарати ва парламент билан келишилган ҳолда бошқа барча вазирликлар ва идоралар, давлат корпорациялари ва банкларининг раҳбарларига KPI белгилаши, ушбу кўрсаткичлар бажарилишини назорат қилиши керак.
Абдулла Абдуқодиров,
иқтисодий шарҳловчи
Шарҳлар