Ипакчилик: ислоҳотлар даври келадими?

Фото: Orient tm

2023 йил март ойида мен “Ўзбекистонда ипакчилик: самарасиз бюрократик бошқарув амалиётлари сақланиб қолмоқда” номли мақоламни эълон қилдим, унда “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форум” халқаро ташкилотининг ижтимоий сўровномалари натижаларига таянган ҳолда соҳанинг асосий муаммолари ҳақида тўхталган эдим.

Аслида Ўзбекистон ипакчилигининг бой анъаналари, қулай иқлим шароити, юқори даражадаги аҳоли зичлиги ва қишлоқ жойлардаги ортиқча меҳнат ресурслари ипакчилик соҳасини қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш ва даромад келтирувчи истиқболли тармоққа айлантириши керак эди. Бироқ “Ўзбек форуми” суҳбатлашган касаначилар (пилла боқувчилар) ва фермерлар пилла етиштиришни ўзлари учун фойдали бизнес деб ҳисобламайди ҳамда кўпчилик фермерлар бу фаолият тури билан ихтиёрий равишда шуғулланмайди.

Бунинг асосий сабаби ипакчилик соҳасининг бозор иқтисодиёти тамойилларига тўғри келмайдиган бошқарув усулларига бориб тақалади:

  • Пилла ҳосилини сотиб олиш учун умумий тартибда ўрнатилган нархлар бозорда эмас, мансабдор шахслар томонидан белгиланади. Бозордан ташқари нархларнинг сунъий равишда пастлиги касаначиларга машаққатли меҳнати учун, фермерларга эса ташкилий ишлари учун муносиб ҳақ олишига тўсқинлик қилмоқда. Бундан ташқари, фермерлар учун пилла етиштириш мажбурияти кўп ҳолларда моддий йўқотишларга олиб келади.
  • Ипакчилик кластерларига фермерлар томонидан пилла ҳосилини топшириш бўйича мажбурий режалаштирилган кўрсаткичлар сақланиб қолмоқда. Аксарият фермерларнинг ер ижараси шартномаларида пилла етиштиришга доир фаолият тури бўйича мажбурий талаблар бўлмаса-да, улар қонуний асосларсиз пилла боқишга мажбур бўлмоқда.
  • Бундан фойда йўқлигига қарамай пилла етиштиришга мажбурликдан рози бўлган фермерларга маъмурий босим қўлланилади. Акс ҳолда, уларга ерларини олиб қўйиш (қонун ва ижара шартномаларини бузган ҳолда, лэкин фермерлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун самарали ҳуқуқий воситаларга эга эмас), текширишлар билан боғлиқ бошқа жазо чоралари ва уларнинг фаолиятига аралашишнинг бошқа шакллари билан таҳдид қилинади.
  • Жазо чораларининг расмий асослари фермерларни пахта ва буғдой етиштиришга мажбурлаш билан боғлиқ “ҳуқуқбузарликлар”ни ўз ичига олиши мумкин. Бу экин турлари уларнинг аксар қисмига даромад келтирмагани ортидан пахта ва ғалла учун мўлжалланган ерларда бошқа даромадли экинлар етиштиришга мажбур бўлишмоқда.
  • Режалаштирилган кўрсаткичлар кўпинча ўзбошимчалик билан белгиланиб, қўшимча харажатларни туғдирувчи пилла етиштириш имкониятлари (тут барглари, бинолар, ишчи кучи таъминоти) ҳисобга олинмайди.
  • Касаначи ва фермерлар ўз маҳсулотларини сотиб олувчи ташкилотни танлаш имкониятига эга эмас. Бу эса уларни харидорга қарам ҳолатга келтириб, энг яхши меҳнат шароитлари (тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилиши, агроном билан маслаҳатлашув, дон сифати ва бошқалар)ни танлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш (масалан, топширилган пилла учун тўлов кечиктирилган ҳолларда) имкониятларини чеклайди.

Буларнинг барчаси тадбиркорлик эркинлигини чеклаб, рақобатнинг бозор механизмлари ва нарх белгилаш масалаларига имкон бермайди. Бозор ўрнини мансабдор шахсларнинг ихтиёрий қарорлари эгаллаб, бу ўз-ўзидан самарасиз ва қўшимча равишда коррупцияни келтириб чиқаради ва норасмий иқтисодиёт кўламини кенгайтиради. Хусусан, фермерлар режалаштирилган кўрсаткич ҳажмини қисқартириш, бажарилмаган режа “масаласини ёпиш” ёки шунчаки пилла етиштириш мажбуриятини четлаб ўтиш учун пора беришга мажбур бўлганида коррупция юзага келади. Амалдаги тизим пилла етиштиришнинг норасмий бозорини яратиб, унда пилла етказиб берувчилар белгиланган кўрсаткични амалга ошириш учун у ердан сотиб олишга мажбур бўлмоқда.

Соҳани бошқариш тузилмаси самарасиз ҳамда ношаффоф амалга оширилиб, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ва “Ўзипаксаноат” уюшмаси ўртасидаги функцияларнинг такрорланиши кузатилмоқда. Бундан ташқари, Уюшма бир-бирига мос келмайдиган функцияларни бажаради: хўжалик юритувчи субъект, аъзоларининг манфаатларини ифодаловчи ва соҳани давлат томонидан тартибга солувчи тармоқ бирлашмаси. Бу аниқ манфаатлар тўқнашувини англатади.

Яна бир манфаатлар тўқнашуви шундаки, пилла етиштириш бўйича мажбурий вазифаларни фермерлар зиммасига юклашда ипакни қайта ишлаш корхоналари – тижорат нодавлат ташкилотлари иштирок этиб, бу хомашё нархини сунъий равишда пасайтириш ва мажбурий меҳнатни қўллаш орқали рақобатбардош устунликларга эга бўлиш имконини беради. Бундан ташқари, ҳукуматнинг барча даражаларидаги давлат амалдорлари, шунингдек, квази-давлат «жамоат ташкилотлари» ва маҳаллий ҳокимиятлар хусусий компанияларга рақобатбардош афзалликларни таъминлашга ёрдам беради.

Афсуски, фермерларни мажбурлаш амалиёти жорий 2024 йилда ҳам давом этмоқда. Интернетда бу масалада кўплаб далилларни топишингиз мумкин. Мисол тариқасида:

  • Сирдарё вилоятининг Оқолтин тумани фермерлари 2024 йилда пилла етиштириш бўйича (таъминот мажбуриятлари кўрсатилмасдан) бўш шартномани имзолашга мажбурланмоқда. «Айтганини қилмасак, фермер хўжалигимизни тугатиш билан таҳдид қилмоқда. Бўш қоғозга қўл қўйсак, ўзи хоҳлагандай, тонналаб пилла ёзиб, бизни қопқонга тушириши аниқ (31 январдаги хабар).
  • “Хоразм вилояти Тупроққалъа туманидан ёзмоқдамиз. Тумандаги барча йўналишдаги фермер хўжаликлари ипак қурти (пилла) боқиш учун шартнома тузишга мажбурланмоқда. Бунга қарши бўлган фермер хўжаликлари ерини тортиб олиш билан қўрқитилмоқда. Мутасадди ташкилотлар ҳолатни назоратга олишини сўраймиз” (1 февралдаги хабар).
  • “Қашқадарё вилояти Қамаши туманида буғдой ва пахтага ихтисослашган фермер хўжаликларига мажбурий равишда 13 қути (яъни, 13х60кг=780 кг) пилла топшириш мажбурияти юкланди. Бу ақлга сиғмайдиган қарорни туман ҳокими прокурор ва ИИБ бошлиғи орқали бермоқда. Аслида, 1 қути, яъни 60 кг пилла етиштириш учун 7 метрли 2 та хона керак бўлади. 13 қути (780 кг) учун 26 та хона керак. Майли, 2-3 қути берсин, тэкинга боқиб берамиз, лэкин 780 кг ақлга сиғмайди… Пиллани боқиш азоб. Режа тўлмаса, бажарилмаган ҳар кило учун 50-60 минг сўмдан пул йиғишади” (29 апрелдаги хабар).
  • Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидан ёзмоқдамиз. Фермерларни пилла етиштиришга мажбурлаш кузатилмоқда. Туман ҳокими топшириғи билан ИИБ бошлиғи пилла уруғи олмаганларни ИИБга чақириб босим ўтказмоқда (30 апрелдаги хабар).
  • Расул Кушербаев Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Сув хўжалиги ва мелиорация коллежи биносидаги хона пилла боқиш учун қайта жиҳозлангани ҳақида маълум қилди (22 майдаги хабар). Коллеж шу тариқа “пилла етказиб бериш режаси”ни амалга оширмоқда. Кушербаев: “Таълим муассасасига пилла боқиш режасини ким берган?” дея жуда ўринли саволни ўртага ташлади.

Ўтган йилнинг март ойида эълон қилинган мақоламда ҳам соҳадаги вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, бозор механизмларини жорий этиш ва ишлашини таъминлаш юзасидан ислоҳотлар ўтказилиши кераклиги тавсия қилинган эди.

Июль ойида “Ўзипаксаноат” уюшмаси мени маълумотни бузиб кўрсатишда айблаб, судга даъво аризаси киритди. Биринчи инстанция суди қарори билан мен Уюшманинг ишчанлик обрўсига путур етказишда айбдор деб топилдим. Хусусан, “Ўзипаксаноат” акциядорлик жамиятининг давлатга қарам эмаслиги, ушбу мутлақ “мустақил” ташкилот давлат томонидан қўллаб-қувватланмаслиги, ипакчилик кластерларининг ҳам давлат билан боғлиқлиги йўқлиги, фермерлар пилла етиштиришга мажбурланмаслиги, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаганлиги сабабли “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форум” халқаро ташкилоти томонидан ўтказилган сўровлар қонуний эмаслиги “аниқланди”.

Аммо иккинчи инстанция (ноябрь ойида) Уюшманинг менга қарши даъволарини бемаъни деб ҳисоблаб, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилди.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми” ҳисоботлари, менинг мақолам, суд жараёни ва у билан боғлиқ муҳим ҳодисалар ипакчилик соҳаси муаммоларини очиб бериб, ислоҳотлар талабини яққол намоён қилди. Август ойида (биринчи инстанция судининг қарорига қадар) унинг амалдаги мутлақ “хўжайини”, бир вақтнинг ўзида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ҳамда “мустақил” “Ўзипаксаноат” уюшмасига раҳбарлик қилган (у 2023 йилда Уюшма раиси лавозимидан истеъфога чиққан бўлсада, бироқ уни бошқаришда давом етган), шунингдек, амалда бир нечта ипакчилик кластерларига эгалик қилган (шунга қарамасдан, “хўжайин” бу ҳолатда ҳеч қандай манфаатлар тўқнашувини мутлақо кўрмаган) Бахром Шарипов тармоқ бошқарувидан четлаштирилди. Қўмитанинг янги раҳбарияти мамлакат Президенти Администрацияси билан биргаликда соҳада зарур ўзгаришлар бўйича режалар ишлаб чиқишга киришди. Биринчи қадам – қўмитанинг Қишлоқ хўжалиги вазирлигига бўйсуниш масаласи (бундан олдин у тўғридан-тўғри Президент Администрациясига бўйсунган).

2024 йил февраль ойида давлат раҳбари соҳани икки босқичда бозор тамойилларига ўтказилиши ҳақидаги бўлажак ислоҳотларнинг айрим режаларини эълон қилди. Биринчи босқичда (2024 йилда) ипак қурти пилласини сотиб олиш нархини 25 фоизга ошириш, шунингдек, касаначилар учун солиқ имтиёзларини жорий этиш режалаштирилди. Иккинчи босқичда (2025 йилдан) нархларни давлат томонидан белгилаш ва пилла етказиб берувчиларни кластерларга бириктириш амалиёти бекор қилинади. Пилла шартнома асосида ёки биржа орқали сотилади.

2024 йил 3 майда президент “Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-72-сон фармонни имзолади.

Ҳужжат “Республикада пиллачилик ва ипакчилик соҳасида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хомашё базасини кенгайтириш…, аҳоли бандлигини ошириш…, шунингдек, бозор механизмларини жорий этиш бўйича ишларни жадаллаштиришга қаратилган”. Фармонга кўра, соҳани модернизация қилишнинг устувор йўналишлари қаторида қуйидагилар белгиланган:

  • “Ипак қурти етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор муносабатлари ва ҳалол рақобатни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш занжирининг барча иштирокчилари учун тенг имкониятлар ва имтиёзлар тизимини ўрнатиш”.
  • “Эркин ишбилармонлик муҳити, тадбиркорларнинг пиллачилик ва ипакчилик соҳасига кириши ва фаолияти учун очиқ қоидаларни қўллаш орқали ишлаб чиқариш занжирининг барча иштирокчилари учун тенг имкониятлар ва даромадли тизим яратиш”.
  • “Республикада пилла учун очиқ бозор ташкил этиш ва уни бозор нархларида сотиш орқали фермерлар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўз-ўзини иш билан таъминлайдиган шахсларни ипак қурти етиштиришга жалб этиш”.

Белгиланган мақсадларга эришиш учун 2024-2027 йилларда тутзорлар майдонини сезиларли даражада ошириш (тутзорлар ер майдони 160 минг гектарга, дала четларидаги якка қатор экилган тут дарахтлари сони 500 миллионга етказиш) режалаштирилган. Шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ипак хомашёсининг сифатини ошириш, уни қайта ишлаш даражасини 75 фоизга етказиш ҳам мақсад қилинган.

Авваламбор, тутзор учун ерлар електрон аукционлар орқали ижарага берилиши, шубҳасиз, давлат томонидан ер тақсимлаш жараёнларининг шаффоф ва маҳаллий ҳокимият органларидан мустақил бўлишини таъминлашнинг муҳим белгисидир.

2024 йил учун тирик пилланинг сотиб олиш нархи сентабргача пилла етказиб берувчилар билан мажбурий ҳисоб-китоб тартибида 25 фоизга оширилади. Пиллани қайта ишловчи ва пилла қурти тухуми ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳар бир қути ипак қурти уруғи учун 120 минг сўм миқдоридаги субсидия бекор қилинди.

Фармонда пилла етиштириш соҳасида мавсумий бандликни ошириш, жумладан, ўқув курсларини ташкил этиш, уйда тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни даромад солиғидан, касаначиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш учун ажратилган маблағларни ижтимоий солиқ тўлашдан озод этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди (солиқ имтиёзлари 2025 йил охиригача амал қилади). 2025 йил охиригача ипакчилик саноатида озуқа базаси сифатида фойдаланиладиган ер майдонларига ер солиғининг пасайтирилган ставкаси жорий этилади.

Фарғона ва Хоразм вилоятларида янги уруғчилик станциялари ташкил қилинади. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан “пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида амалга ошириладиган наслли уруғчилик станциялари ташкил этиш, ипак матоси ва ипак матосидан тайёр маҳсулот ҳамда ипак маҳсулотидан соҳага ноанъанавий бўлган дори-дармон, косметика каби тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини” молиялаштириш учун 30 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилиб, унинг доирасида 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга, йиллик 6 фоиз ставкада кредитлар берилади.

Ниҳоят, фармонга кўра, соҳани бозор тамойиллари асосида ривожлантиришнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ (бош вазир ўринбосари Ж.Хўжаев раҳбарлигида) тузилди. Гуруҳ томонидан таклиф қилинадиган ислоҳотлар 2025 йилдан амалга оширила бошланади.

Умид қиламизки, ислоҳотлар режаси ишлаб чиқилиб, қабул қилинади ва узоқ кутилган ўзгаришлар ниҳоят амалга ошади. Бундан ташқари, ипакчиликни ислоҳ қилиш аграр ислоҳотнинг бир қисмига айланиши керак, унинг йўналишлари аниқ:

  1. Мажбурий давлат буюртмалари, жумладан, бозор иқтисодиёти тамойилларига зид равишда, коррупция ва ердан норационал фойдаланиш манбаи бўлган “қишлоқ хўжалиги экинларини белгилаб бериш” амалиёти, ҳосилдорлик кўрсаткичларини стандартлаштириш ва фермерларни кластерлар билан шартнома тузишга мажбурлаш амалиётини қатъиян ман қилиш.
  2. Ҳозирги вақтда давлат буюртмаларига мувофиқ етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинлари ва давлат томонидан белгиланадиган нархлардан фарқли эркин бозорларни шакллантириш.
  3. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун ресурслар ва хизматларнинг эркин ва рақобатбардош бозорларини шакллантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш.
  4. Қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик ҳуқуқини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, шу жумладан, маҳаллий ҳокимият органларининг ерларни тақсимлаш ва қайта тақсимлашдаги ҳуқуқларини чеклаш.

Ипакчилик соҳасига нисбатан ислоҳотларнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • ипак қурти пилласини етиштиришда буюртмаларни мажбурий жойлаштириш амалиётидан воз кечиш;
  • пилланинг эркин бозорини шакллантириш ва пиллага марказлаштирилган нарх белгилашга чек қўйиш.

Ипакни қайта ишловчилар пиллани эркин бозордан эркин нархларда сотиб олишлари керак. Шунингдек, улар пилла етиштирувчилар билан ўзаро манфаатли шартлар асосида узоқ муддатли шартномалар тузишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, тут плантациялари учун ерларни тақсимлаш ва қайта тақсимлашнинг аниқ ва шаффоф қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Ер ижараси ҳуқуқи очиқ кимошди савдолари орқали сотиб олиниши керак, унда ипак ишлаб чиқарувчилар, фермерлар ва касаначилар ёки уларнинг уюшмалари (кооперативлари) иштирок этиши мумкин. Ипакни қайта ишлаш корхоналари ерни ижарага олган бўлса, улар бу ерларда етиштириладиган пиллани узоқ муддатга етказиб бериш шарти билан касаначиларга тут плантацияларини субижарага беришлари мумкин бўлади.

Ипакчилик тармоғи ҳам давлат сиёсати, давлат тартибга солувчи, тармоқ бирлашмаси ва хўжалик фаолияти функцияларини ажратишга қаратилган маъмурий ислоҳотга муҳтож. Бу функцияларнинг барчасини ўзида мужассам етган “Ўзипаксаноат” уюшмаси қайта тузилиши керак. Сиёсат вазифалари Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг вазифалари ҳисобланади. Тартибга солувчининг вазифалари Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасининг вазифалари ҳисобланади. Уюшма функцияларини давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган квази-давлат тузилмаси эмас, балки саноат ишлаб чиқарувчилари томонидан яратилган ташкилот бажариши керак. Ва, албатта, уюшмага аъзолик ихтиёрий бўлиши ва унинг аъзолари давлат томонидан белгиланган имтиёз ва қулайликлардан фойдаланмаслиги керак.

Юлий Юсупов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.