Карантин. Фуқароларнинг кармонини қандай ҳимоялаш мумкин

Карантин. Фуқароларнинг кармонини қандай ҳимоялаш мумкин

Anhor.uz нашрининг иқтисодий шарҳловчиси Абдулла Абдуқодиров қабул қилинган қарорлар оқибатларининг карантин даврида Ўзбекистон иқтисодиётига, аниқроғи унинг энг заиф қисми – кичик ва ўрта бизнесга ҳамда минимал ва тасодифий даромадга эга кишиларга қандай таъсир қилиши ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
 
Воқеалар ривожига назар ташлаб, “Коронавирус кириши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш учун Республика махсус комиссияси”нинг ҳар бир чекловчи қадами аслида нимани билдиришини тушунишга уриниб кўрамиз.

Ўзбекистон фуқаросининг коронавирусга илк чалиниш ҳолати 2020 йил 14 мартда қайд этилиб, эълон қилинганди. Беш кундан кейин 19 мартда фавқулодда ваколатларга эга Коронавирус кириши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш учун идоралараро республика махсус комиссияси ташкил қилинди, иқтисодиёт ва бизнесни ҳимоя қилиш бўйича чоралар эълон қилинди.
 
Махсус комиссия қарорига кўра, 20 мартдан бошлаб автобуслар, автомобиллар, темир йўл ва ҳаво транспортида халқаро йўналишлар бўйича йўловчи ташувлари 40 кунга тўхтатилди.

Ушбу қарор хорижда ишлаётган ва яқинларига анча-мунча пул жўнатаётган юртдошларимиз учун чегара ёпилаётганига яққол сигнал бўлди. Чартер рейслар билан олиб чиқилган айрим “омадлилар”дан ташқари, уларнинг деярли ҳаммаси қонуний ёки ноқонуний равишда ўша мамлакатда қолмоқда. Албатта, хориж мамлакатларидан 7-8 млн кишини қисқа давр ичида олиб чиқиш – мутлақо бажариб бўлмайдиган вазифа.

Бироқ, ТИВ, ИИВ ва бошқа тузилмалар томонидан фуқароларимизнинг қонуний мақомидан қатъи назар шу мамлакатларда бўлиш шароитлари ҳақида келишиб олиш бўйича ишлар тегишли тарзда ўтказилмади. Натижада ваҳима бошланди ва кўп сонли ўзбекистонликлар бундай вазиятда нима қилиш кераклигини етарлича тушунмасдан бутун дунё бўйлаб аэропортлар ва вокзалларда тўпланиб олишди.

Улар бу вазиятдан чиқарган навбатдаги сабоқ – бу доим ҳар қандай вазиятга тайёр туриш, фақат ўз билим ва алоқаларига таяниш.

Менинг ҳисоб-китобларим бўйича иқтисодий натижа: мамлакатга юбориладиган ўтказмалар ҳажми 2-3 млрд АҚШ долларига қисқаради (чунки бу мамлакатларда ҳам иқтисодиётда улкан пасайиш кузатилади). Бундан ташқари, ҳозир яшаётган мамлакатида қўшилиш йўлларини излаётган собиқ юртдошларимиз сони 1,0-1,5 млн кишига ошади. Бошқача қилиб айтганда, мамлакат ушбу соғлом, конкрет мутахассисликларга эга меҳнат ресурсларини бир умрга йўқотади.
 
22 мартдан бошлаб Тошкентда жамоат транспортининг иши тўхтатилди. Пойтахтга кириш ва чиқишнинг чекланиши юк ташувларини ўз ичига олмади ва Тошкентга фақат шу ерда доим истиқомат қилувчи  (рўйхатга олинган – яна шу рўйхат) фуқаролар кириши мумкин эди. Барча ноозиқ-овқат дўконлари, бозорлари ёпилди.

Умуман олганда, бу қарорлар бутун шаҳар иқтисодиётини тўхтатди, чунки меҳнат ресурслари ҳаракатининг тўхтатилиши деярли ҳамма нарсанинг тўхташини билдиради. Иқтисодий натижа –  анча-мунча бизнеснинг банкротга учраши, деярли ишини ва даромад манбаини йўқотган бир неча миллион киши, бажарилмасдан қолиб кетган кўп сонли шартномалар – улар яқин келажакда худди шунча суд даъволарига олиб келиши мумкин. Олдиндан пул тўлаб қўйиб, товарни ололмаганлар зарар кўрди. Буларнинг барчаси стагнацияга олиб келиши тайин.

23 март куни одамлар ваҳима билан бозорлар ва супермаркетларга қараб чопди, ҳеч ким оқилона эҳтиёт чоралари ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмади. Деярли ҳамма маҳсулотларнинг нархи ошди. Фақат ҳокимликлар, прокуратура ва солиқ органларининг саъй-ҳаракати билангина  нархларнинг ошиб кетиши тўхтатилди ва маҳсулотлар билан таъминлаш тартибга солинди.

Агар йирик бизнес қандайдир бир айланма маблағларга эга бўлиб, унда таъминот ва сотиш бўйича кооперацион алоқалар турғунроқ бўлса,  кичик бизнеснинг асосий қисмида бу нарса йўқ. Кичик бизнеснинг айланма капитали узоғи билан бир ойга ва ҳатто фаолият тури ва мавсумий айланмаларга қараб ундан ҳам камга етиши мумкин.

27 мартдан бошлаб Махсус комиссия Ўзбекистон аҳолисига заруратсиз кўчага чиқмасликни белгилаб қўйди. “Уйни фақат озиқ-овқат маҳсулотлари ёки дори-дармон харид қилиш учунгина тарк этиш мумкин. Кўчага чиқадиганларнинг ҳаммаси ниқобда юриши керак, жамоат жойларида бир вақтнинг ўзида учдан ортиқ кишининг тўпланишига йўл қўйилмайди”, – дея хабар берди ИИВ матбуот хизмати. Қизиғи шундаки, бозорлар, супермаркетлар ва дорихоналар бундай жойларга киритилмаган, шу боис бу кўрсатмани бажариш жуда қийин бўлмоқда.
 
Ва ниҳоят, 30 март соат 6:00 дан бошлаб то 20 апрелгача Махсус комиссиянинг қарори билан Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида, шунингдек вилоятлар орасида, агар автомобилда рухсат берувчи стикер бўлмаса, автомобилларда юриш тақиқланди. Энди бюджет билан кафолатланганлардан ташқари ҳеч ким юзага келган вазиятда оиласи учун пул ишлаб тополмайди ва уни боқа олмайди.

Ушбу қарор одамларни ташиш, бир марталик ишларни бажариш билан шуғулланувчи шаҳарликлар учун энг қаттиқ зарбага айланди. Уч миллион аҳолига эга пойтахт ва вилоятлар марказларининг аҳолиси ўз фаолияти ҳисобидан оз бўлса-да даромад олишга бўлган охирги умидидан маҳрум бўлди.
 
Ҳамма, хўш, кейин нима бўлади, деган маънода жим қолди? Агар давлат аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича қатъий қарорларни қабул қилаётган бўлса, унда одамларга йўқотилган даромад манбаи ва даромаднинг ўзини компенсацияловчи чоралар эълон қилишини кутиш мантиқан тўғри бўларди.

Ким ва нима учун давлат ҳимоясига муҳтож

Марказий банк маълумотларига кўра, 2020 йил 1 март ҳолати бўйича аҳоли жамғармаларининг тижорат банкларидаги ҳажми 21437 млрд сўмни ёки аҳоли боши сонига 630,5 минг сўмни ташкил қилган. Биз бу ерда омонатларнинг бир қўлларда/оилаларда тўпланиш даражасидан четлашишга мажбурмиз, чунки бундай пуллар бизда умуман йўқ.
 
Бизникига ўхшаш иқтисодий ва ижтимоий тузилмаларга эга (айрим истиснолари билан) қўшни давлатлар маълумотларига мурожаат қилишга уриниб кўрамиз. Шундай қилиб, Proeconomics телеграм каналининг ҳисоб-китобларига кўра, “россияликларнинг 60% дан ортиғи ҳеч қандай омонатга эга эмас. Кўпчиликнинг пули … кейинги маошгача ёки стипендиягача етади, холос. Ёшларнинг 20% уларга тез-тед “кўп миқдорда пул” етмаслигидан шикоят қилади. Пул етишмовчилигидай қийналадиган сал каттароқ ёшдагилар эса 40% ни ташкил қилади. Буни тушунса бўлади, уларнинг молиявий мажбуриятлари ҳам кўпроқ: ипотека, болалар, неваралар. Шу боис кўпчиликда қарз ва кредитлар бор. ВҚора кунига асраб қўйганларники ҳам узоғи билан ярим йилга етади. Бу ҳам агар дошираклар ва карам билан озиқланишга ўтиладиган бўлса… Аммо бунақалар камчиликни ташкил этади”.
 
Агар даромадлар ва омонатларнинг бундай тақсимланиши ҳисобга олинмайдиган бўлса, унда 3-4 болали оилада 1.9-2,5 млн сўм жамғарилган пул бўлиб, биз унга “хавфсизлик ёстиқчаси” сифатида қарашимиз мумкин.  Аммо бундай оилага бу пуллар “фақат 1 та бозорга” (2-3 ҳафтага) етади. Ҳозирча қайси тармоқлар кўпроқ, қайсилари эса камроқ жабрланганини аниқлашнинг имкони йўқ. озиқ овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ва санитария масулотларини ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилардан ташқари ҳамма жабрланди деб ўйлайман.

Ҳар дақиқада нима юз бераётганини ёритиб бораётган оммавий ахборот воситалари ҳам жиддий зарар кўрди – реклама бозори сезиларли даражада сусайди. Биз ҳар куни турли каналлар, телеканаллар, ОАВ ва web компанияларда рекламага чегирмалар ҳақидаги эълонларни кўрамиз. Ҳозир ким, ниманинг ҳисобидан ва қай тарзда бундай вазиятда жон сақлаши ва бу қанча давом этиши тушунарсиз.

Айнан шу боис  ҳозир ҳукуматнинг тинчлантирувчи, ҳаққоний ва манзилли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Халқ супермаркетлар ва бозорларга ёпирилган пайт – 2020 йил 16 мартдан бошлаб икки ҳафтадан ортиқ вақт ўтди. барча ҳисоб-китобларга ва шахсий кузатувларимга кўра, шаҳар аҳолисининг кўпчилигида энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларини (Тошкентда ҳозир 1 килоси 60-70 минг сўм турадиган гўшт ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади) харид қилишга пул қолмаслиги мумкин. Қишлоқ жойларда натурал хўжалик бундай вазиятларда ҳар доим ўзининг устунлигини кўрсатган.

Ўзбекистон Президенти 19 март куни тадбиркорлик ва бандликни қўллаб-қувватлаш мақсадларига, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга 2020 йилда қўшимча 5,7 трлн сўм (ойига тахминан 570 млрд сўм) йўналтирилишини эълон қилганди. Молия вазирининг сўзларига кўра, бу пуллар асосан тадбиркорлик субъектларига кредитлар тўлашни кейинга суришни субсидиялашга (миқдоридан қатъи назар) ва янги инвестицион лойиҳаларга (!) йўналтирилади. Вирусгача бўлган даврда кам таъминланганлар тоифасига кирмаган аҳолининг улкан қатламини ҳимоя қилишга доир эса ҳеч қандай аниқлик йўқ.
 
Орадан 2 ҳафта вақт ўтди, биз Молия вазирлиги 1 млрд АҚШ доллари миқдорида узоқ муддатли кредит ажратиш илтимоси билан Осиё тараққиёт банкига мурожаат қилганини эндигина билдик.

Фуқаролар ҳукуматнинг аҳолини ҳимоя қилиш бўйича режалари ҳақида деярли ҳеч нима билмайди, президент эълон қилган чоралардан ташқари, албатта. Аслида эса бугунги кунда даромад манбаини йўқотган аҳолининг барча қатламлари кўмакка муҳтож:

·         Барча тармоқларда фаолият кўрсатувчи кичик ва ўрта корхоналарнинг иш берувчилари ва ишчилари, озиқ-овқат ва дори маҳсулотлари импорти ва савдоси билан шуғулланувчи корхоналар бундан мустасно;
·         Патент асосида майда чакана ва улгуржи савдо билан шуғулланувчи барча микро тадбиркорлар, озиқ-овқат ва дори маҳсулотлари импорти ва савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар бундан мустасно;
·         Ишини йўқотган ва Меҳнат ва бандлик вазирлигининг бўлимларида вақтинчалик ишсиз сифатида ҳисобда турувчи барча фуқаролар;
·         Индивидуал ёлланиш асосида бир марталик тасодифий ишларни бажарган барча ишчилар (мардикорлар ва ўзини-ўзи банд қилувчилар);
·         Турли манбалардан, шу жумладан вазият туфайли ўз фаолиятини тўхтатган хайрия манбаларидан даромад оладиган кам таъминланган оилалар, ногиронлари бор оилалар;
·         Ишини йўқотган ва энди Ўзбекистонда қолган қариндошларини боқа олмайдиган юртдошларимизнинг оилалари;
·         Ногиронлиги бор, муайян яшаш жойи йўқ кишилар;
·         муҳим даромад манбаи йўқолиши муносабати билан оммавий тарзда тарзда таътилга чиқишга мажбур бўлган ОАВ ходимлари;
·         Ва, ниҳоят, таътилга чиқиш ҳақида ариза ва санаси очиқ маошни сақламаган ҳолда таътилга чиқиш ҳақидаги аризани ёзишни таклиф қилишган бюджет ходимлари (ўқитувчилар, муаллимлар ва шифокорларнинг айрим тоифалари).

Ҳукумат қуйидаги саволларга жавоб беришини истардик:

·         Биз юворида санаб ўтган фуқароларнинг қайси тоифалари ва қандай кўринишда, қайси маблағлар ҳисобидан моддий ҳимояланади?
·         Ҳукуматда ушбу мақсадлар учун қачон маблағ пайдо бўлади ва у қай тарзда ўз манзилига етказилади?
·         Эҳтиёжмандлар тўғри ҳисобга олиниши, маблағлар тақсимланиши ҳамда ҳар бир эҳтиёжманд маблағни олиши устидан жамоат ва давлат назорати қандай амалга оширилади?
·         Давлат яқин вақт ичида нималар қила олиши мумкин?

·         Эҳтимолий иқтисодий инқирозни енгиб ўтиш учун давлат қатор чораларни кўриши мумкин:
·         Кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) корхоналарини камида 3 лй муддатга солиқ мажбуриятларидан озод этиш;
·         КЎБга меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдоридан кам бўлмаган миқдорда мақсадли айланма маблағлар ҳамда ишлаб чиқаришни тиклаш учун хомашё харид қилиш / импорт қилишга ва такрор ишлаб чиқариш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишга маблағлар ажратиш;
·         КЎБ корхоналарига Ўзбекистон божхона ҳудудига келадиган барча маҳсулотларни 3 ой давомида божхона тўловларисиз (улар йил давомида тўланади) расмийлаштиришга рухсат бериш;
·         Барча оилаларга (кўнгилли равишда ёрдамни рад этувчи ёки объектив кўрсаткичларга кўра ёрдамга муҳтож бўлмаганлар бундан мустасно), ёшидан қатъи назар ҳар бир оила аъзосига ойига 700 минг сўм миқдорида пул маблағларини мақсадли ажратиш.
·         Фойдаланилаётган ресурслар (электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви) учун барча тўловларни 6 ойга кечиктириш.

Ҳукуматнинг айнан шундай чоралари вазиятдан келиб чиққан ҳолда оптимал бўларди. Кейин ҳар бир кун ҳисобда эканини ҳам инобатга олиш керак.

Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz нашрининг иқтисодий шарҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.